Ҳозирда бу даргоҳда мингдан ошиқ талабалар, шу жумладан, чет эллик ёшлар ҳам таҳсил олмоқда. Уларнинг чуқур билим олишлари учун барча шарт-шароит ва эркинликлар яратилган.
Сир эмас, сал аввал интернетда таълим масканидаги рўмолни тақиқлаш хатти-ҳаракатлари бўйича хабар ва муҳокамалар эълон қилинган эди. Уларда асоссиз фикрлар ҳам йўқ эмас. Лекин айримлар тушунмай бирёқлама хулоса чиқаришди. Бу бахс ва эътирозларга сабаб бўлди.
Тадбирга борганимизда аудиторияларга кириб, дарс жараёнлари билан танишдик, талаба қизларнинг рўмолда ўтирганига гувоҳ бўлдик.
“ШУ КУНГАЧА ҲЕЧ КИМ ОДОБ-АҲЛОҚ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНИ УЧУН ТАЛАБАЛАР САФИДАН ЧИҚАРИЛМАГАН”
Шуҳрат Ёвқочев, Академия ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор:
«Кейинги пайтларда турли хорижий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда академияда кийиниш талаблари бузилгани учун баъзи талабалар ўқишдан ҳайдалаётгани ҳақидаги гап-сўзлар урчиб кетди. Бу миш-мишлар Ўзбекистондаги йирик ислом маърифий маскани – Халқаро ислом академияси обрўсига путур етказишга уринаётган кимсаларнинг уйдирмаларидан бошқа нарса эмас. Мевали дарахтга тош отилади, дейишади-ку. Биласиз, ҳар битта ўқув муассасасининг одоб-ахлоқ қоидалари мавжуд. Биз ўқув жараёнини ташкил қилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бўйсунамиз. Ўқишга кирган талабалар билан икки томонлама шартнома тузилади. Шартномалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабларига зид бўлмаслиги керак.
Халқаро ислом академияси, дейилганда, кўпчилик наздида илоҳиётдан ёки фақат диний таълим берадиган таълим даргоҳи гавдаланади. Йўқ, ундай эмас. Биз авваламбор, диний ва дунёвий илмларни чуқур биладиган, жадал ривожланиб бораётган ҳозирги давр масалаларига тўлиқ жавоб бера оладиган, дунёқараши кенг мутахассисларни тайёрлаймиз.
Шуни айтишим мумкин-ки, шу кунгача бирорта ҳам талаба одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун академияда талабалар сафидан четлаштирилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарорида олий таълим муассасалари талабаларини ўқишдан четлатиш тартиблари кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида жорий ўқув йилида ўн нафарга яқин талаба ўз хоҳиши билан, ўқиш учун белгиланган тўловни ўз вақтида амалга оширмагани учун ёки бир семестр давомида 74 соатдан ортиқ сабабсиз дарс қолдиргани туфайли талабалар сафидан чиқарилган.
«АКАДЕМИЯ ШАЪНИ УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ»
Зоҳир Тошхўжаев, халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи:
“Халқаро миқёсда фаолият юрита бошлаганимиздан буён дунёнинг барча қитъалари – Америка, Осиё, Европа, Африка, Австралиядан делегациялар ташриф буюриб шароитларимизни ўрганиб кетишди. Дастлабки йили Россия ва қўшни давлатлар фуқароларидан академияда таҳсил олиш борасида таклифлар тушган бўлса, энди Малайзия ва Индонезия каби давлатлар ёшлари ҳам жиддий қизиқиш билдиришмоқда.
Саудия Арабистони, Иордания, Туркия, Озарбайжон каби давлатлар университетлари ва илмий тадқиқот марказлари биз билан ҳамкорлик ришталарини ривожлантирмоқчи. Октябрь ойида минг йиллик тарихга эга Ал-Азҳар университети билан меморандум туздик, куздан бошлаб талабалар Мисрга боришади. У ёқдаги ёшлар бизнинг даргоҳга келишади. Академиямизнинг манбалар хазинасида XIII-XIX асрларга мансуб 2 мингдан ортиқ қадимий қўлёзмалар, 10 мингга яқин замонавий адабиётлар мавжуд. Уларни ўқиб талаба-ёшлар ўз билими ва дунёқарашини бойитиши мумкин”.
Абдухолиқ Ташанов, Исломшунослик факультети декани: фото
“Биз ҳақиқий соф манбалар орқали исломий ҳақиқатни, эътиқодни ва билимларни чуқур ўрганадиган мутахассис-кадрлар тайёрлашни, шу орқали халқимизга илмни яна қайтаришни мақсад қилиб олганмиз. Албатта, бугун ислом дунёси мураккаб вазиятни бошдан кечирмоқда. Ҳозир манфаатлар, маданиятлар тўқнашмоқда. Шундай экан, Ислом моҳиятини, унинг замирида вужудга келган цивилизацияни, тараққиётни ҳазм қилолмайдиган кучлар бўлиши табиий. Исломни қўрқинчли салтанатга айлантиришга уринаётган кимсалар шуни билиши керакки, ислом ҳеч қачон ёвузликка чорламаган. Бу дин бағрикенглик, тинчлик ва саломатлик дини. Унинг моҳияти дунёни обод қилишдир”.
Манзура БЕКЖОНОВА
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли