Хитой фуқароси 100 ёшли Эдрин Лининг маслаҳатлари:
Ҳар доим олдинга қараб юринг ва ҳеч қачон ҳеч нимага ва ҳеч кимга таслим бўлманг.
Кўпроқ табиат қўйнида бўлинг.
Қайнатилган сув — ўлик сув. Тиндирилган аммо қайнатилмаган сувни кўпроқ ичинг.
Орзу ва умид билан яшанг. Ҳеч қачон ҳаётдан ноумид бўлманг.
Бир неча ўн йилдан буён пилатес (мушаклар ва танани соғломлаштирувчи жисмоний машқлар мажмуи) билан шуғулланувчи 92 ёшли америкалик Рут исмли аёл шундай дейди:
Мен ҳеч қачон календарга қарамайман. Ҳар бир кунни байрамдек кутиб оламан.
Ҳар доим сифатли нарсаларни сотиб оламан. Улар ҳеч қачон урфдан чиқмайди.
Ишим бўлмаса ҳам ҳар куни кўчага айлангани чиқаман. Ёшлик сири — ҳаракатда.
Халқ табобати ёрдамида одамларни даволаган 100 ёшли инглиз шифокори Жозефнинг деганлари:
Ўйлайманки, инсон учун оғир спорт турлари билан шуғулланиш умуман керак эмас.
Сунъий витаминлар қабул қилишнинг ҳам ҳожати йўқ. Улар табиат неъматларида бисёр.
Маслаҳатим севинг ва севилинг! Бўйдоқлар тезроқ уйланинг. Ёлғизлик инсонни таназзулга элтади.
Ҳеч қачон кек сақламанг. Кечиримли ва эҳтиросли бўлинг. Агар кимдандир жаҳлингиз чиқса ҳам адоватингизни ичингизда сақланг, атрофдагиларнинг дилини оғритманг.
Ҳеч кимга ўзингизни бошқаришга изн берманг.
Вақти келса йиғлашдан уялманг.
Ёшликда романтик саёҳатлардан ўзингизни чекламанг. Пулни ўйламанг. Ҳаётий тажриба ҳар қандай пулдан аҳамиятли.
Ўзингизни бировлар билан солиштирманг. Акс ҳолда ҳеч қачон бахтли бўлолмайсиз.
Ҳар куни ўз-ўзингизни сизга ёқадиган бирон нарса билан сийланг.
Хасислик қилманг.
Ўзингизга ёқадиган машғулотни аниқлаб олинг ва у билан кўпроқ машғул бўлинг.
Сиқилманг, кўп муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.
Ҳамма нарса ўз қўлингизда. Ўйлаб тўғри қарор қабул қилинг. Фақатгина ота-онани танлаб бўлмайди.
Уй ҳайвонларини боқиб олинг. Бу одамни баъзи-баъзида ўзини ёлғиз ҳис қилиш азобидан узоқлаштиради.
Ҳар қандай шароитга мослашишни ўрганинг.
Йўқотилган нарсаларга кўп ачинманг.
100 ёш кўрган француз ўқитувчисининг деганлари:
Ҳаёт — бу қувонч. Уни қандай яшаб ўтиш ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ. Тақдирингиздан рози бўлинг. Ҳар доим ҳар бир лаҳзада бахтли бўлиш шарт эмас.
Ҳаммамиз инсонмиз. Инсонларни — ўз қавмингизни севинг ва қадрланг.
Яхши таълим олинг ва етарли малакага эга бўлинг. Бу салоҳиятни сиздан ҳеч ким тортиб ололмайди.
92 ёшли Дона Мария Жилиодан 10 та фойдали маслаҳат:
Америкалик Дона Мария Джилио 92 яшар кичик жуссали аммо жуда ораста аёл. Уни кўрган киши ҳайратга тушмасдан иложи йўқ. Бу аёл ҳар куни эрта уйқудан туради ва соат 8.00 да аллақачон бежирим кийинган, сочлари турмакланган, камтарин макияж ила ўзига оро берган ҳолда бўлади. Кўз равшанлиги унчалик яхши бўлмаса-да у сал кам юз ёш остонасида ўз ҳолатини бошқаларга ибрат бўла оладиган даражада бенуқсон сақлай олган. У одамларнинг: “Қандай қилиб узоқ яшаш ва ёшликни сақлаш мумкин” деган саволларига қуйидагича жавоб беради:
Аҳамиятсиз бўлган рақамлар ҳақида кўп ўйламаслик керак. Булар одамнинг ёши, тана вазни ва бўйи билан боғлиқ. Майли, булар ҳақида шифокорлар бош қотираверишсин!
Фақат қувноқ дўстлар билан мулоқот қилинг. Доимо бир нимадан норози бўлиб юрадиганлар ва кўп танбеҳ берадиганлар сизни “орқага судрайди” (ўзингиз ҳам улардан бири бўлиб қолманг!).
Ўқишни давом эттиринг. Катта ёшдаман деманг, компьютерда ишлашни, турли ҳунарларни ўрганинг. Миянгизнинг дангасалик қилишига йўл қўйманг. Байрамона кайфиятдаги мия Альцгеймер деб аталувчи немиснинг “бостириб келишига” тўсқинлик қилади!
Ҳар бир майда-чуйдани қадрлашни билинг. Сизни севувчи инсонлар, сизга бахт улашувчи лаҳзалар, сизнинг узоқ умр кўришингизга ҳисса қўшувчи, сиз ҳатто аҳамиятсиз деб ўйлайдиган нарсаларнинг ҳам қадрига етинг.
Кўпроқ кулинг, узоқ ва бор овозингиз билан. Нафасингиз тутилиб қолгунча кулинг. Агар сизни кулишга мажбур қилувчи дўстингиз бўлса у билан вақтингизни кўпроқ ўтказишга ҳаракат қилинг.
Кўз ёшлар ҳам бўлиб туради. Йўқотганларингиз учун қайғуринг, мотам тутинг аммо ўзингизни қийнаб қўйманг. Сиз билан сўнгги йўлгача бирга борадиган одам бу — сиз. Тирик экансиз, яшашда давом этинг.
Атрофингизга ўзингиз севган нарсаларни тўпланг. Бу сизнинг оилангиз, жониворларингиз, ўсимликларингиз, иштиёқларингиз ва бошқалар бўлиши мумкин. Уйингиз — сизни ёқимсиз одамлар ва ҳолатлардан асровчи қўрғонингиз. Ундан узоқлашманг.
Саломатлигингиз ҳақида қайғуринг. Агар соғлигингиз яхши бўлса, уни сақлаб қолинг. Агар у ўзгарувчан бўлса, яхшилашга ҳаракат қилинг. Агар ўзингиз уни яхшилай олмасангиз, ёрдам сўраб шифокорга мурожаат қилинг.
Қайда ўзингизни айбдор ҳис қилган бўлсангиз, ўша ерга қайтиб борманг. Таъбингиз бузилган ердан чиқиб кетинг, кўча кезинг, магазинларни айланинг. Ишингиз ёқмаса бошқа ишга ўтинг, ҳаво етишмаса бошқа иқлимга, ҳатто бошқа мамлакатга кетинг. Аммо сизга айблов қўйилган жойга қайта бора кўрманг.
Севимли инсонларингизга севишингизни баралла айтишдан тортинманг. Улар буни ҳис қилишсин. Улар билан бирга бўлиш учун барча имкониятларни ишга солинг.
Гулшан тайёрлади.