Ҳақиқат… Биргина шу сўзнинг таърифида 1000-1500 бет ёзиш ёки йиллаб ёхуд бир умр мулоҳаза юритиш мумкин. Ҳақ, ҳақиқат, ҳаққоният, рост истилоҳлари доимо бизни ўйлантиради ва, айниқса, ноҳақлик, ёлғон, риё билан юзма-юз келганда, инсон ҳақнинг талабгорига айланади.
Ҳақнинг ҳақиқати ва банданинг ҳақиқати деярли айричадир. Яратганнинг ҳақиқати мутлоқ ҳақиқат ва яратилганларнинг ҳақиқати нисбийдир. Биз учун ҳаётда ҳақиқат – уни англашга бўлган уринишларимиз кучайгани сари назаримизда олислашаётган, янги бир ҳаёт сабоқлари қаршисида кеча ҳақиқат билганимиз бугун янада чуқур қарама-қаршиликларга дуч келаётган бўлади ва янги ҳақиқатлар юз очаётган, тўғрироғи бизнинг жаҳолатимиз пардаси ортидан ғира-шира кўринаётган бўлади. Яна биз уларнинг ортидан мангу ошиқ каби узун ва саргардон йўлга тушамиз.
Аслида биз учун ҳақиқат фанонинг ибтидосидаёқ мужассам бўлган, ҳақ эса – Аллоҳдир. Яратганга рост сўзлаган ҳамда шунга амал қилиб яшаган ҳолда қайтмоқ ва боқийликка қовушмоқ орзудаги манзилимиздир, ҳар биримиз бу йўлда у ёки бу тарзда ва суръатда ҳаракат қиламиз, интиламиз, уринамиз. Бу йўлдаги айрим ўзимиз учун кашф этган ҳақиқатларимиз – мутлоқ ҳақиқат йўлидаги нисбий ҳақиқатлардир.
Ҳақиқат – тафаккурнинг бирор-бир нарсага ёки ҳодисага нисбатан фалсафий-гноссеологик тавсифидир. Фикр агар нарса ёки ҳодисага мувофиқ келса, бандалар уни ҳақиқат деб ҳисоблайдилар.
Масалан, олмани ушлаб бу “олма” демоқ ҳақиқатни айтмоқдир, нокни ёки шафтолини ушлаб, бу “олма” демоқ ёлғондир. Ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳодисалар борасидаги ҳақиқатлар эса бу қадар осон ва жўн эмас ҳамда уларни аввало англаш учун қаттиқ тафаккур қилишга тўғри келади, англагандан сўнг… “оқни – оқ, қорани – қора” демоқ мураккаб ва кўпинча хавфли-хатарлидир. Бу томони энди сўз эркинлигига бориб қадалади. Сўз эркинлиги эса мавжуд сиёсий иродага ва фуқароларнинг онгига боғлиқ бўлиб, жамиятнинг орзуси ҳамда тафаккур аҳлининг нияти даражасида қолмоқда.
Мутлоқ ҳақиқат ва нисбий ҳақиқат Холиқнинг икроми ва халқнинг синовидир.
Фалсафада ҳақиқат фикрнинг ҳаққоний ҳолатга монандлигига, илоҳий иродага мувофиқлиги ёки номувофиқлигига қараб, рост ва ёлғонни ажратадиган тушунчадир.
Мантиқда ҳақиқатнинг мезони мантиқий тўғрилик, ўрганилаётган нарса ё ҳодиса ҳақидаги фикрлар ва хулосаларнинг тўлалиги ва қрама-қаршиликлардан холилигидир.
Илмдаги ҳақиқат, бир томондан, илмий англашнинг мақсади ва, иккинчи томондан, илмий билимнинг объектив реалликка, мавжудликка мослигини таъминлайдиган қадриятдир.
“Ҳақ” ва “ҳақиқат” ажратиладиган бўлса, ҳақиқат (лотинча iustitia — ростлик, одиллик, одил судлов) ваҳақ (лотинча veritas) борасида қадимий китобларда айтилгани каби: “Ҳақиқат ердан униб чиқади, Ҳақ кўкдан тушиб келади”.
Бу заминда, фоний дунёда ҳақиқатнинг илк тарифини Арасту ифодалашга уринган дейилади: “Veritas est adaequatio rei et intellectus”, яъни ҳақиқат –ҳодиса ва у ҳақда интеллектуал фикрнинг мувофиқлигидир. Арасту, Суқрот, Демокрит, Эпикур, Лукреций. Ибн Рушд, Ибн Сино ва Фаробийгача келганмумтоз тавсифга кейинги авлодлар — Фома Аквинский, Гегел ва бошқалар қўшилдилар.
Турли динларнинг ҳақиқатга ўз қарашлари мавжуддир.
Будда динида ҳақиқат уни англаш ҳолатига амалда эришиш боғланади. Будда Шакямунининг ўзи буни таърифлаган: азоб бор; азобнинг сабаби бор — нафс; азобдан холос бўлиш — нирвана, яъни дунёдан ҳеч нима истамаслик; азобдан қутулиш йўли, — тариқат.
Даосизмнинг ҳақиқатини Лао-цзи ифодалаган:«Ифода этилган ҳақиқат йўқдир, зеро у ҳаққоният они билан алоқани узгандир». «Биладиганлар гапирмайди, гапираётганлар билмайди».
Ҳиндуизмга кўра ҳақиқат англашнинг бутун, яхлит тажрибаси орқали юзага чиқади. Ҳақиқат кўпқирралидир ва уни яхлит ифодалаб бўлмайди.
Насронийларга кўра, онгли мавжудотларнинг эркин иродасига кўра танлаган йўли иккига бўлинади: биринчиси – ҳақиқат ва у орқали эришиладиган абадий фароғат йўли, иккинчиси – ёлғон ва у орқали бориладиган абадий уқубат ва йўқлик йўлидир.
Исломда ҳақиқат Ҳақнинг каломидир ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидадир — фоний дунёда унга мувофиқ яшаш боқий дунёдаги жаннатга олиб борувчи йўлдир. Каломуллоҳ ва суннатга зид яшаш – ёлғондир ва дўзахга олиб борадиган амалдир.
Одатда ҳақиқатни мутлоқ ҳақиқат ва нисбий ҳақиқатга бўладилар.
Мутлоқ ҳақиқат – билимнинг реал объектларга ва ҳодисаларга батамом мувофиқлигидир. Унинг мезони – ўзгармаслигидир. Ҳаққоний билимни инкор этиш иложсиздир. Масалан, Аллоҳ ва у яратган дунёнинг воқелиги. Мутлоқ ҳақиқатни билиб бўлмайди дейилади. Албатта, фано ва бақо, ҳаёт ва ўлим сингари мангу саволларнинг мутлоқ жавобини топиш қийин. Аммо инсон англаш жараёнида ҳақиқатнинг парчаларини англайди ва топади. Дейлик, “кундузга қараганда кеча қоронғуроқ” экани, “туғилган куннинг йилда бир марта бўлиши”, “ернинг қуёш атрофида айланиши” мутлоқ ҳақиқатлардир. Инсон бошқача фикрлагани билан Ер доимо Қуёш атрофида айланаверади.
Нисбий ҳақиқат – билимнинг воқеликка тўла, тугал мос эмаслигидир. Бундай билим вақт ўтиши билан тўлдирилиши, рад этилиши ёки бошқаси билан алмаштирилиши мумкин. «Моддалар молекулалардан иборат» деган фикр ҳақиқатдир, аммо тугал эмас, чунки, маълум бўлдики, молекулалар – атомларга, атомлар электронларга бўлинар экан, улардан кейин яна нималарга бўлиниши Яратувчига аёндир.
Ҳақиқат яна инсон онгидан кечишига боғлиқ ҳолда объектив ва субъектив бўлади.
Масалан, “ишхонамизга Гулшана исмли гўзал аёл келди” деган гапни олайлик. Гулшана аёл экани объектив ҳақиқат, келгани – объектив ҳақиқат, аммо гўзал экани субъектив ҳақиқатдир, чунки у айтаётган инсоннинг онги орқали ўтгандир. Объектив воқелик нуқтаи назаридан гўзаллик деган нарса йўқдир. Дейлик, у аёл кўпчиликнинг наздида гўзал бўлиши мумкин, лекин кимгадир озғин аёл ёқади, бошқасига – тўла аёллар мақбул ва учинчисига хипчабел аёл гўзал туюлади. Эркакларга гўзал туюлган аёл, ишхонадаги аёллар учун, ички рашк туфайлими,“тасқара” бўлиши мумкин.
Шунинг учун “ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор”, — дейишади.
Илм аҳли объектив, мутлоқ ва нисбий ҳақиқатни ажратишади. Ҳақиқат бирданига яхлит мияга қуйиб қўйиладиган ҳодиса эмас, у тинимсиз изланадиган ва тўлдириладиган жараёндир. Объектив ҳақиқат – инсонга ҳам, инсониятга ҳам боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд илмдир. Мутлоқ ҳақиқат – табиат, инсон ва жамият ҳақидаги мутлоқ илм бўлиб, уни инкор этиб бўлмайди. Нисбий ҳақиқат – мутлоқ ва тугал бўлмаган, муайян инсон ва муайян жамиятнинг мазкур тараққиёт даражасига мос бўлган билимдаридир.
Бизнинг ҳақиқатимиз шу тариқа нисбий ҳақиқатдир.
Биз кўзимиз кўрган нарса ва ҳодисаларга истаганча баҳо беришимиз мумкин. Бир нарса ёки ҳодиса ҳақида ўн киши ўн хил фикру баҳо беради, бу баҳоларда ҳақиқат қайда аслида?! Шунинг учун Яҳудонинг бешинчи прокуратори Понтий Пилат “Ҳақиқат нимада?” деб савол беради, аммо жавобини эшитишни истамайди. Унинг учун умуман ҳақиқат йўқ. Лекин у хато қилади, чунки унинг қалб кўзи очилмагани учун, ҳақиқатни кўра олмайди, Машрабнинг дорга амр этилгани каби, Исони хочга буюради.
Михаил Булгаковнинг романида Ийсо Пилатнинг саволига жавоб беради: «Ҳозирги, шу ондаги ҳақиқат шундаки, сенинг бошинг оғрияпти, шу қадар қаттиқ оғрияптики, сен ожизлигингдан ўлим ҳақида ўйлаяпсан».
Ёдимизга бу Будданинг ҳақиқатнинг “азоб” орқали англаниши ҳақидаги фикри ва Рауф Парфининг “Абдулкарим Баҳриддин” деган шеъридаги “Изтироб – шоирнинг онаси, ахир” сатрлари келади.
Бизнинг бандалик ҳаётимизда ҳамма нарсага ҳам ҳақиқат, ростлик ёки ёлғонлик нуқтаи назаридан баҳо бериб бўлмайди. Масалан, тарихий ҳодисаларга ёки санъат асарига турлича қарашлар мавжуддир.
“Ҳақиқатни истайдиган ҳар қандай одам даҳшатли даражада кучлидир” – деб ёзади ўз кундаликларида Ф.Достоевский. Нега бундай, бир қарашда ҳақиқатни ҳамма истайди? Буюк ёзувчи аслида маънавий, руҳоний кўрликни назарда тутмоқда, чунки Ийсо Масиҳ айтган – «…Кўзларингиз бор – кўрмайсиз, қулоқларингиз бор — эшитмайсиз». Шу аснода Жалолиддин Румийнинг: “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил”, — деганлари ёдга тушади. Жисмоний кўзларингиз очиқ, аммо қалб кўзларингиз юмилгандир, дунё ҳақиқатини англашга уринасиз, аммо дунё ҳақиқатини кўра олишга дил кўзингиз юмуқлиги имкон бермайди, азалий ҳақиқатни – Тангри таолонинг ҳақиқатини, ўлимни ва ундан кейиннинг ҳақиқатини, дунёнинг интиҳоси ва ибтидосини, қазои қадарни, ҳисоб кунини англасангизгина бу дунёнинг ҳақиқати аёнлашади, бу дунёнинг қадри қанчалик экани у дунё билан ўлчанади ва унинг нархи арзон, ўзи ўткинчилиги маълум бўлади.Шунинг учун Бобораҳим Машраб: “Дунёнинг кетига шаппатилаб ўтдим”, — дейди. Машраб Достоевский айтган Ҳақнинг “ҳақиқатини истайдиган”, шу туфайли “даҳшатли даражада кучли” бўлиб кетган инсон эди, шунинг учун у дорга тортилди.
Инсонийлик деган тушунча, сўз ва амал бирлиги ҳақида…
“Ҳақиқат нима?” деган савол сингари “инсон ким”, “нега дунёга келди” ва “нима учун яшайди” сингари саволлар устида минглаб йиллар мобайнида инсониятнинг асл ақллари бош қотириб келади, бу саволлар фалсафанинг бош саволларидир. Одам нима деган саволни ашаддий тарзда кескин қўйган инсон Имом Ғаззолий эдилар: “Совуқ есанг – устингни ёпасан, қорнинг оч қолса – овқат топиб ейсан, ҳирсинг тошса, жуфтингни топиб, ҳирсингни қондирасан… Бу ишларни чоҳорполар – тўртоёқли ҳайвонлар ҳам қилади. Сен инсонсан. Инсон бўлсанг, нега дунёга келдинг, нима учун яшаяпсан. Шуни бил, ўзингни сўроқла, ўзингни топ!”Ёки Навоий: “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам?!” Ёхуд Нодирабегим: “Мақсад на эди жаҳона келдинг? Кайфиятингни баён этиб кет!” Буларнинг бари инсонликнинг фундаментал асосларидир. Инсоний қадр-қимматга соҳиблик, дилозорликдан ҳаё қилиш, ўзини топиш ва ҳақиқатини баён этиш, сўз эркинлиги…
“Ўз оғриғингни ҳис қилдингми – демак, тириксан, бировнинг оғриғини ҳис қилдингми – демак, инсонсан”, – деган авлиёлар. Демакки, ана шу шафиқлик, раҳмдиллик, ҳаё ва муҳаббат – инсоннинг белгиларидир, бешафқатлик, адоват, разолат ёввойи жониворликнинг белгиларидир.
Инсонни инсон қиладиган – унинг инсоний фитратидир, шафиқ ва раҳмли қалбидир. Инсонни инсон қиладиган нарса фикрлаши ва кўнгилчанлигидир, қалбсиз ва фикрсиз одамнинг ариқ бўйида ўсиб ётган қамишдан фарқи йўқ, деган эди Блез Паскал.
Сўз ва амалнинг бирлиги ҳам инсонликнинг бир таркибий қисмидир. Сўзнинг ҳаддан зиёд жозибалилиги ва унга амалнинг йўқлиги, сўз ва амал орасидаги жарликнинг юҳодай ҳувиллаб ётган дашти – замонамизнинг катта фожеасидир.
Ижодкорнинг позицияси…
Жуда кўп эркин, зулмга итоат қилолмайдиган сўз аҳллари совет давлатидан эмиграцияга кетганларида, Анна Ахматова, қувғину қатағонга учраса-да, мамлакатда қолган ва бир байтни ёзганди: “К счастью, я была там, где, к несчастью, мой народ страдал”, яъни бахтсиз халқнинг ёнида бўлганим, бечоралар тарафидалигим бахтимдир. Эсимизга бу ўринда дарҳол Шавкат Раҳмоннинг: “Бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ”, – деган сатри тушади. Ҳақиқий ижодкор халқининг аксарияти оғир аҳволда турганда, бахтиёрлик, шодумонлик ҳақида шеър ёзишга уялади, катта ё кичик адолатсизлик кўрса, бонг уради ва бу адолатсизликнинг жабрдийдалари томонида туради. Шу билан бирга Пушкин: “Ҳукмдорга қарамлик билан халққа қарамликнинг ижодкор учун фарқи йўқ!” – деган. Агар, ҳатто халқ ҳам оммавий адашиш йўлида бўлса, ижодкор ҳақиқат томонида бўлиши ҳамда халққа қарши ҳам ростини айтиши ва ёзиши керак.
Журналист учун энг зарур фазилат, менинг назаримда, ростгўйликдир. Ростгўйлик жасоратни талаб қилади. Ёлғон сўзлаш учун жасорат шарт эмас. Файласуфлар: “Ёлғонни равон айтсанг, ўзини фош қилади”, — деганлар. Гап шундаки, ёлғон фош бўлмаслик учун турли-туман либосга бурканади, шунинг учун ёлғон қулоққа осон қуйилади ва кўпчиликка хуш ёқади. Рост сўз эса очиқ-ойдин бўлади, шунинг учун қаттиқ ботади. Аммо инсон ҳам, инсоният ҳам, миллату уммат ҳам рост сўзга кўникиши керак.
Рост гапириш инсоннинг бошқа инсонлар олдидаги биринчи мажбуриятидир. Ҳеч кимнинг бошқа бировни алдашга ҳаққи йўқ. Бировни алдаш, кўзни лўқ қилиб, ёлғон сўзлаш унга нисбатан ҳурматсизликдир. Умуман олганда, муайян одамни алдаганингизни билиб қолса, қаттиқ хафа бўлади: “Мени алдадинг, бола кўрдинг, бефаҳмга йўйдинг!” – дейди. Зеро сўзланган ёлғон ёлғон сўзланаётган инсонга нисбатан ҳурматсизликдир. Бутун бир халққа ёлғон сўзлашни айтмаса ҳам бўлади. Бир кишига айтилган ёлғон кечирилмас экан, бутун бир халқни тинимсиз алдаш мумкинми?! Бу — нафақат халққа нисбатан нописандлик, барчани қадр-қимматда тенг қилиб Яратганнинг қошида ҳам гуноҳдир. Зеро, муқаддас китобларда айтилганидай, Аллоҳ рост гапирганларни севади.
Ҳақиқат барибир ошкор бўлади. Кеча шўро тоталитаризми даврида айтилмаган гаплар бугун айтилмоқда, ошкор этилмоқда. Бугун айтилмаётган гаплар эртага айтилади. Авраам Линкольн айтганидай: “Бир ҳовуч муайян одамларни бир умр алдаб юриш мумкин, бутун халқни муайян вақт давомида алдаб юриш мумкин, аммо бутун халқни ҳамиша алдаб юришнинг иложи йўқ”.
Ёлғон бир куни келиб фош бўлади, ҳақиқат эса фош бўлиш хавфидан холидир, чунки у очиқдир. Ёлғон айтилган пайтида фойда келтириши мумкин, аммо перспективада – келажакда барибир аён зарар келтиради. Ҳақиқат эса айтилган пайти зарарли туюлиши, айтган одамнинг бошига калтак синдириши мумкин, аммо истиқболда барибир халққа ва жамиятга фойда келтиради.
Ёлғоннинг тагида таъма ётади, ҳақиқат эса таъмасиз айтилади. Зеро боболаримиз киноя билан: “Гапирганим учун кўп пушаймон бўлдим, аммо гапирмаганим, жим ўтирганим учун ҳеч пушаймон бўлмадим”, — дея истеҳзо қилганлар.
Ёлғон лаганбардорликнинг воситасидир. Хушомад — тиз чўкибқилинган ҳужум, эгилиб қилинган қароқчилик, дейдилар. Бир одам иккинчи одамни ёлғондан мақтар экан, унинг нимадандир таъмаси бор. У нимагадир эришмоқчи, ненидир олмоқчидир.
Ҳақиқат бекорга айтилиши мумкин, аммо ёлғон бекорга айтилмайди. Хушомад қилаётган одам мақталаётган одамга муҳтождир, мақталаётган одам эса унга муҳтож эмас. Шунинг учун хушомад энг аввало хушомад қилинаётган одамниҳақорат қилади.
Жамиятда муносабатлар хушомадга қурилса, бу миллат учун жиддий фожеадир.
“Каттага гап қайтарма, бетгачопарлик қилма!” – деган насиҳатлар ҳали суяги қотмаган болага қилинганда, эҳтимол, тушунарлидир. Аммо у ўзини тутиб олган халқнинг ҳаёт тарзига айланмаслиги керак.
“Рост сўзни даб-дурустдан айтсанг, халқ издан чиқиб кетади. Тўполон бўлади. жанжал қўзғалади…” – деган гаплар халққа нисбатан адолатсизликдир. Бу, биринчидан, халқни ўз фикрига эга бўлмаган, биров бир нарса деса, эргашиб кетаверадиган аморф бир гўдак сифатида фаҳмлашдан келиб чиқади. Иккинчидан, бунинг оқибатида халқни озод инсонларга хос ҳурфикрликдан мосуво этиш юртни орқага, таназзулга судрайди. Учинчидан, айнан рост сўзлаш, ростлик қўзғолиши мумкин бўлган жанжаллардан сақлайди. Зеро, тўполону фитна рост сўздан эмас, ҳамиша айнан ёлғон сўзларнинг, маккорлик ва айёрликнинг натижасида юзага келади.
Бугун рост сўз айтилмагани натижасида яширилган иллатлар эртага тўпланиб, йиғилиб, улканлашиб, катта бир буҳронни юзага келтирадики, унинг эртанги муқаррар зарбаси бугун рост сўз айтилса, келадиган зарбадан юз бор, минг бора даҳшатлидир. Муаммоларни орқага суриб, ўзини овутишдан кўра, уларни ошкор этиш ва ечишга киришиш керак. Тошчалар йиғилиб, бир куни тоғ ўлароқ эл бошига тушади.
Энди, ростини айтганда, ҳақиқатдан қўрқаман, дея ўзини ёлғон билан овутиш бир одам учун ҳам уятли бўлганидай, бутун бир жамият учун айниқса шармандалидир.
Тўғрисўзлик — одамнинг бошқа одам олдидаги, халқи ва миллати олидидаги бурчидир.
Карим Баҳриев 16 йил (менимча) матбуотларда кўриниш бермади, аммо мана шу даврда қайси китобларни таржима қилди, нималар ёзди, нашр эттирди, яна қандай асарлар нашрга тайёр? Яқинда нашрдан чиққан “1984” нинг мазмуни ҳақида қисқача…
Ўзи ҳаётимизни жамласак, шу бир хатбошига жо бўлади. Мана: 1962 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида туғилганман. Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети ўрис филологияси факультетида ва Михаил Ломоносов номидаги Москва Давлат университети журналистика факультетида олий таҳсил олганман. «Ўзбекистон адабиёти ва саньати» газетасида катта мухбир, «Маьрифат» газетасида бош муҳаррир ўринбосари, «Хўжалик ва ҳуқуқ» ва “Migratiom, labor and security” журналларида ҳамда «Ҳуррият» газетасида Бош муҳаррир, “Жаҳон адабиёти” журналида бўлим мудири лавозимларида ишлаганман. 1990-1995 йилларда Ўзбекистон халқ депутати сифатида мамлакат парламентида фаолият юритганман.Айни пайтда “Олтин мерос” халқаро жамғармаси «Меросньюс» ахборот хизмати раҳбари ва “Дугоналар” журнали веб-муҳарририман.
«Сабр косасининг синиқлари», “Томчидил” шеьрий китобларининг, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масьулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» номли ўзбек тилидаги илмий-оммабоп китобларининг, “ОАВ ва сайловлар” ҳамда “СМИ и выборы” номли ўзбек ва рус тилидаги қўлланманинг, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги сиёсий-ижтимоий китобнинг, қатор танқидий-таҳлилий мақолаларнинг муаллифиман.
Сенека, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқлари ҳикматларини, Жорж Оруэл ва Малколм Гладуэл романларини, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентуриҳикояларини, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китобини, озар шоири Ромиз Равшаннинг шеьрлари ва достонини, А.Авторхоновнинг «Кремл салтанати» китобини таржима қилганман. Менинг таржимамда немис, малай, африкаликлар, австралияликлар, озарбойжон, турк, олмон, юнон, фаранг, араб, инглиз, испан, америка, эрон, япон, вьетнамликлар, корейс, ҳинд, годлланд, даниялик, исландиялик ва бошқа кўплаб мамлакатлар шоирлари ва носирларининг насри, шеърлари ва балладалари чоп этилган ва чоп этилишини кутиб турибди.
Яқинда Анна Ахматова таржимасида корейс шоирлари шеърларининг бутун бир китобини ўқиб қолдим. Рус шеъриятида қарасангиз, хориж адабиётидан энг гўзал таржималарни Борис Пастернак, Анна Ахматова қилган. Гап шундаки, улар норасмий таъқиқда бўлганлар ва ўз ижодлари узоқ босилмаган, лекин таржималари босилган. Ғайриихтиёрий тарзда таржимонликка берилганлар. Мен ҳам узоқ таъқиқ йилларида кўпроқ таржима қилдим ва мен чиқишидан бирор-бир умидсиз қилган таржималарнинг ҳажми ўз ижодимдан ўн баробар ортиб кетди. Чиқишидан ва қалам ҳақидан умид бўлмагани учун фақат ўз қалбимга яқинларини таржима қилдим. Таржималаримнинг ҳеч бир сатридан ҳижолатлик эмасман.
Ёмон журналист эмасман ва уч томга яқин мақолаларим тўпланиб турибди. Публицистик мақолалардан ташқари, адабиёт, санъат ва фалсафа соҳасида мақолаларим бор. Муҳаммад Юсуф ҳарбийдан қайтиб, шоир сифатида чиқарган биринчи китобига тақриз ёзганман, у мени “менинг илк танқидчим” деб айтарди ҳамиша. Аҳмад Аъзам, Олим Отахонов ва қатор шоиру носирларнинг асарларини адабиёт газетасида “Икки фикр” рукнида таҳлил қилганмиз. Навоий ижоди ҳақида бешта мақола ёзганман, Нақшбанд, Сенека, Румий, Паскал, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф, Эмили Дикинсон, Афорика шеърияти, Бернар Буа Дадье, Шавкат Раҳмон ва бошқа ижодкорлар ҳақида мақолаларим бор. Шукрулло, Ҳалима Худойбердиева, Иброҳим Ғофуров каби устозлар билан қилинган ўнлаб адабий суҳбатларимиз бор.
“Зулм технологияси” сиёсий китобимиз, икки томлик публицистик асарларимиз, бир жилдда адабий мақолаларимиз ва суҳбатларимиз, уч томлик таржималаримиз, “Ахборот ҳуқуқи”, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари ўзбек йўли”, “Дорулбақога – қизимга мактублар” китобларимиз, янги шеърлар китобимиз чоп этилмаган. Бир неча китоблар ёзилмоқда.
Охирги олти ой ичида бешта дунёнинг энг машҳур китобларини таржима қилдим ва тўрттаси босилиб чиқди. Бу таржималар ҳақида миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари жуда яхши фикрлар билдиришди. Улар Жорж Оруэллнинг ғайрихаёлий «1984» романи ва «Молхона» ривоят-қиссаси, Малколм Гладуэлнинг “Зукколар ва ландовурлар” китоби, Генри Форднинг “Менинг ҳаётим ва мувафаққиятларим” асаридир.
Жорж Оруэлл (инглизчаси George Orwell, ҳақиқий исми-шарифи Эрик Артур Блэр) — инглиз ёзувчиси бўлиб,антиутопик йўналишда ёзилган «1984» романи дунёнинг энг машҳур асарлари рўйхатининг юқорисига киритилган. Асар ўзбек тилида ҳам нашр қилингандан сўнг ўзбек китобхонлари орасида тезда машҳур бўлиб кетди, асарни мутолаа қилиш, у ҳақида фикр билдириш ҳақиқий чэлленжга айланди.
«1984» асарида ўтган асрнинг 80-йилларида Уммония (Англия, Шимолий ва Жанубий Америка, Австралия, Океания, Жанубий Африканинг умумий номи) мамлакатида ҳукм сурган сиёсий тузум ҳақида сўз боради. Китобда тасвирланган ҳолатлар тарихий далиллар билан солиштириб кўрилганда эса реал макон собиқ Совет иттифоқи бўлгани, инглиз социализми тушунчаси остида совет коммунофашизми назарда тутилгани, «1984» эса тоталитар тузум авж олган палла — 1948 йил экани (шунчаки рақамларнинг ўрни алмаштирилган) ҳақида тахмин пайдо бўлади.
Дастлаб асарнинг ишчи номи «Европадаги охирги инсон» бўлган. Бутун элни бахтли ва тенг қилиш умидида бошланган социалистик инқилоб, юксак чўққисига кўтарилгани сари инсоннинг ўзлигини, тарихий хотирасини, фикрлаш қобилиятини йўқ қиладиган жамиятда хотираси, онги, ҳиссиётларини сақлаб қолишга интилган бош қаҳрамон одамсимон махлуққа айланишга ички қаршиликқилади.
Уммонияда ягона партия ҳукмрон, бошқарувчи ҳокимият санам даражасига кўтарилган “доҳий”да жамланган. Асарнинг ўзбек тилидаги илк ўқувчиларидан бири ёзади: “Партиянинг ғоялари математик аксиомага ўхшайди, уни қандай бўлса, шундай қабул қилишга мажбурсан, нега ва қандай қилиб деган «ўринсиз» саволларга исбот талаб қилинмайди. Партияга шахс эмас, индивид, онгсиз индивид керак… Зоҳиран ҳаммада ва ҳар жойда тузумдан розилик, ҳаётдан мамнунлик намоён. Бошқа чора ҳам йўқ, ҳар қадамда телеэкран ва микрофонлар таъқиб қилади, «Катта Оға сени кузатиб турибди» — унинг нигоҳларидан пана жой йўқ, «бош чаноғингнинг ичидаги бир неча сантиметр куб хаёлдан бошқа нарса сенга тегишли эмас». Бундан бошқа чора йўқ: йироқда томлар орасида полиция гуруҳи вертолёти, ҳаммасидан ўтадиган Фикрлар полицияси фуқароларни тўлиқ назорат қилади”.
Давлат халқдан нафақат итоатни талаб қилади, ҳурфикрлиларни йўқотади, балким фикрнинг ўзи пайдо бўлмаслигини истайди. Бунинг учун у инсонларнинг фикрни ифода қиладиган забонини назорат қилишдан ташқари, унинг онгини назорат қилиш чорасини излайди. Нафақат мухолиф фикр айтилмаслиги ва тарқалмаслиги керак, бундай фикр юзага ҳам келмаслиги лозим. Умуман халқ яхши ҳам, ёмон ҳам фикрламасин – у умуман фикрламаслиги керак ва фақат итоат қилиши лозим. Фикр сўзларда ифодаланади, шунинг учун сўзларни имкон қадар йўқотиш керак, бунинг учун “янги тил” яратилади ва бу тилнинг луғати янги сўзлар билан бойимайди, аксинча, йилдан-йилга қисқаради. Охирига келиб, ҳокимиятни мадҳ этадиган тўрт-беш сўз қолиши керак, мабодо инсон фикрламоқчи бўлса ҳам, сўз тополмай қолади шу тариқа… Халқни доимий итоатда сақлаш учун ички ва ташқи “халқ душмани” ўйлаб топилади ва душманга “нафрат ҳафталиклари” ўтказилади, ишхоналарда “нафрат соатлари” бўлади. Муҳаббат бўлиши мумкин эмас, оилалар фақат давлат учун фуқаро бўладиган бола қолдириш учун қурилади, севгидан роҳат олиш мумкинмас, бу бир “клизмадай ёқимсиз жараён” деб қабул қилиниши ва фақат “армияга аскар етиштириш” учунгина амалга оширилиши керак.
Китобни мутолаа қилаётган инсонда ҳар қадамда бир фикр уйғонади: бизни ҳозир худди шундай алдашмаяптими?
«Молхона» (ингл. Animal Farm: A Fairy Story) илк бор 1945 йилда чоп этилган. Оруэлл аллегорияда инқилобий тамойиллар ва дастурларнинг эврилиши, умумий тенглик ва фаровонлик ғоясининг диктатура ва тотализмга айланиши жараёнини акс эттирган.
Жорж Оруэлл асарни 1943 йил ноябридан то 1944 йил февралигача ёзган ва 1945 йил августида эълон қилган. Китобни ҳар бир инсон ўқиши ва мулоҳаза қилиши лозим: нега бу дунёмиз шундай, у аслида қандай бўлиши керак… Китобда даҳшатли дунё акс этган, бу дунёда оддий халқ “қатъий ташкиллаштирилган тизим”нинг қулига айлангани кўрсатилган.
“Молхона”ни ўқир экансиз, жуда таниш ҳодисаларни ўқиётгандай бир ҳис қамраб олади сизни – сотқинлик, воқеаларни ва фактларни сохталаштириш, ўз мақсадлари учун тарихни ўзгартиришга уриниш инсонлар жамиятининг ҳам одатий ҳолати, барининг остида ҳокимиятга интилиш ҳисси ётади. Ҳокимиятга интилиш ҳирси озодликка интилиш ниқобига ўранади, инсоннинг ҳокимиятидан қутулган, тенглик ва озодликка асосланган молхона қуришга жонланган жониворлар яна диктатурани — бир тоифа ҳайвонларнинг бошқа тоифа ҳайвонлар устидан ҳукмронлигини барпо этадилар.
Бу китоб “алал-оқибат ҳамма бахтиёр бўлиб, муродига етди” деб тугайдиган асарлар тоифасидан эмас, у ҳаётнинг даҳшатли, асл башарасини кўрсатади. Ва энди сиз дунёга бошқача, янгича қарай бошлайсиз.
Макдауэлнинг “Зукколар ва ландовурлар” асари ҳақида шуни айтиш мумкин: бу фоний дунё ҳаётини адолатли деб бўлмайди. Пул, ҳокимият, шон-шуҳрат ва омад одамларнинг барчасига тенг тақсимланган эмас. Нега айрим одамларнинг ҳамма нарсаси бор, бошқа одамларда ҳеч вақо йўқ? Омаднинг сабабларини фақат инсоннинг табиат инъом этган шахсий фазилатлари билан боғлаш тўғримикин?Малколм Гладуэлл ҳар доим мутлоқо тасодиф ҳисоблаб келинган муваффақиятларнинг замирида ётган яширин қонуниятларни топган биринчи инсондир. Бу қонуниятлар нега буюк хоккейчилар, қоида тариқасида, январда туғилган бўлишини ва ҳеч қачон октябрда туғилмаслигини; нима учун математикани осиёлик талабалар бошқалардан кўра осон ўзлаштиришини; нега Нью-Йоркнинг энг обрўли адвокати бўлиш учун албатта яҳудий бўлиш лозимлигини тушунтириб беради. Корея авиакомпаниялари самолётлари тез-тез ҳалокатга учрашига асосий сабаблар об-ҳаво шароитлари ёки самолет носозликлари эмас, миллий менталитет экани исботлаб берилади. Бу китоб Билл Гейтс, «Битлз» ва Моцартни нима боғлаб туришини ҳамда улар нега тенгдошларидан ўзиб кетганлигини кўрсатади.«Зукколар ва ландовурлар» — «қандай қилиб муваффақиятли инсон бўлиш» бўйича қўлланма эмас. Бу сиз ўзингизга фойдали тарзда фойдаланишингиз мумкин бўлган ҳаёт қонуниятлари оламига завқли бир саёҳатдир.
Ўзбекистонда икки йилдан бери бошланиши кутилаётган ислоҳотлардан умидворлик асносида яна ижтимоий-сиёсий мақолалар ёзишни бошладим. Аммо ўзи мавзу берган ва илк ёзган мақоламни ўқиган бир яқин муҳаррир дўстимиз: “Бу мақолани шу ҳолда чоп этсак, нашримиз ёпилади – рухсат берсангиз, уни сал қисқартириб, ўзгартирсак”, — деди. “Иродангиз кўтарадиганча қисмини чоп этаверин!” – дедим. Зеро, хавф қанақа даражада эканини улар билади.
Фақат ёдимга СССРнинг охирги йилларига оид бир ривоят тушди. Михаил Горбачёв ҳарбийга ихтисослашган совет иқтисодини одамбашара қилиш илинжида “конверсия” деган жараённи бошлади, яъни ҳарбий аслаҳалар, қуроллар чиқарадиган заводларнинг ускуналарини қайта қуриб, тинчликка хизмат қиладиган ишлаб чиқаришни жорий этди. Шу аснода “калашников” ўқотар автоматини чиқарадиган заводни болалар аравачаси чиқарадиган заводга айлантиришибди. Совет ишчиси, маош оиласига етса-етмаса, ишхонадан қўлига илинган бир нимани беркитиб олиб чиқарди. Бир одам болалар аравачасининг ҳамма қисмларини битта-битта олиб келиб, уйида йиғса, аравача эмас, барибир автомат чиқармиш… Биз ҳам шу, қанақа ислоҳотлар бўлмасин, мақоламиз “автомат” чиқади. Бошқача ёзолмасак, нима қилайлик.
Бугунги кун журналистикаси… Чет эл журналистикаси билан солиштирган ҳолда, бу соҳада нималар қилиш керак. Адашмасам, соҳамизга оид бир неча китобларингиз бор ва уларнинг айримлари чет тилларида ҳам босилган.
Бугунги кун журналистикаси … Кечагина Австриядан, Венадан учиб келдим. У ерда Европа Хавсизлик ва Ҳамкорлик Кенгаши ташаббуси билан дунёнинг энг кучли 100 журналисти ва экспертлари жамланди ҳамда сўз эркинлиги ҳимояси, ҳақиқатни айтганларнинг ҳимояси, сўз эркинлигининг аҳволи, журналистларнинг хавфсиз фаолият юритиши учун шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Хофбург саройида ЕХҲТ сўз эркинлиги бўйича вакили Ҳарлем Дезир бошчилигида ўтган муҳокамалардан маълум бўлишича, дунёда ҳақиқат излаган, топган ва айтишга уринаётган ҳаққоний журналистларга осон бўлмаган ва осон бўлаётгани йўқ.
Кечирасиз, ўша Европада тўпланган дунёнинг “зўр журналистлари” кимлар экан?
Албатта, биздай сокин бир журналистнинг Ўзбекистондан кучли журналист сифатида чорланишига нисбатан истеҳзони тушунаман, эҳтимол сўз эркинлиги учун стратегияни ишлаб чиқишда асқотадиган медиа соҳаси эксперти мақоми тош босгандир.
Бу журналистлар – дунё ва ўз мамлакатлари учун энг муҳим ҳақиқатларни айтган ҳамда шунинг учун ўлимга ва азобга тик борганлардир. Бу Россияда бўлаётган сиёсий зулмни тинимсиз фош этаётган адолатпарвар “Новая газета”нинг ўлдирилган журналисти Анна Политковскаянинг издошларидан, газета ижрочи муҳаррири Надежда Прусенкова ҳамда “Эхо Москвы” радиосининг бевосита эфир пайти пичоқланган гўзал ва жасур журналисти Татьяна Фелгенҳауэр, Украинада ўлдирилган журналист Павел Шереметнинг ҳамкори Катерина Горчинская, Словакияда ўлдирилган журналист Жан Кучуакнинг Бош муҳаррири Петер Барди, Сербиядаги коррупцияни фош этган “Песчаник” онлайн-портали Бош муҳаррири Светлана Лукич, олмониялик журналист Инна Диппман, Қирғизистонда автоҳалокатда автофалокатга учраган журналист Инга Сикорякая кабилардир. Дарвоқе, Инганинг автоҳалокатига сабаб бўлган ҳайдовчи таксопаркка бир кун олдин ишга қабул қилинган ва бир кундан кейин бўшаб кетган. Сафимизда Босния-Ҳерцовинанинг тележурналисти Владимир Коважевич, Туркиялик эркин журналист Элиф Оқгул, Озарбойжондан келган, эри қамоқда қолаётган Лайло Мустафоева, Черногорялик журналист Оливьера Лакич ҳам ва ҳатто журналистлари ҳалок бўлган “Шарл Эбдо”нинг бош муҳаррири ҳам бор эди. Дунёдаги ҳақ сўз айтгани учун азобларга дучор бўлган, бошини дорга тик қадаб турганларнинг кўргуликларидан маҳзун бўлдик. Аммо уларнинг қатъияти бизга ҳам куч берди, дунёда ёлғиз эмаслигимизни, зарур бўлганда бизни ҳам ҳимоя қилишларини сездик.
Италиядан келган журналист Паоло Беруцци ватанида қаттиқ қўриқланади. У неонацистларга қарши мақолалар ёзган ва ёзади, шунинг учун бир неча суиқасдлардан сўнг уни давлат ҳимоясига олган, уйида ҳам қўриқланади, ишга ҳам тўрт тансоқчи кузатувида боради.
Буюк давлатларнинг инсониятга ва ўз халқларига қарши жиноятларини очган Жулиан Ассанж, мана, яна қамоққа олинди.
Биласизки, глобаллашув асри дунё халқларини бир-бирига яқинлаштиргани баробарида жиноятчи ва коррупционерларни ҳам глобаллаштирди. Дейлик, бир давлатдаги, масалан, Ўзбекистондаги порахўр, коррупционер топган ҳаром пулларига Швейцария ва Англиядан уй сотиб олади, Малтада ва Дубайда офшор зоналарига пул жойлаштиради. Ватанида вазирнинг ойлиги 300 доллар бўлгани ҳолда, 300 миллион долларлик заводни сотиб олса ёки қурса ёхуд 600 миллион долларга “Сити”лар барпо этса, халқ бойликнинг манбасини сўраши мумкин. Шунинг учун у Англияда фирма очади, пулни аввал у ерга ҳайдайди ва кейин “тендер”да ютган “хорижлик сармоядор” сифатида ўз юртидаги завод-фабрикаларни сотиб ола бошлайди. Топган фойдасини олис ороллардаги офшор зоналарга беркитади. Буни фош қилмоқчи бўлган ўзбек журналисти мамлакатма-мамлакат юриб, бу жиноятларни очишга вақти, имкони ва маблағи бўлмайди. Шунинг учун журналистларнинг коррупцияга қарши давлатлараро уюшмалари, текширувчи гуруҳлари ташкил топди. Мана, “Панама ёзишмалари” деган ҳодисадан хабарингиз бор – дунёда амалдла турган кўплаб амалдорлар, президентлар, вазирлар, бойларнинг маблағлари яширинган манзилларни ошкор қилди. Бу фош этилган исму шарифлар ичида Ўзбекистонликлари ҳам бор. Бу фош этувчи гуруҳда турли мамлакатларнинг журналистлари бирлашган ва улар бир иш бўйича барча мамлакатларда бир вақтнинг ўзида фаолият юритади.
Венадаги йиғинда ана шу гуруҳда коррупцияни фош этган ва ўлдирилган малталик журналист Анна Гаруана Галициянинг ўғли, журналист Метью Гаруана Галиция иштирок этди. Шунингдек, журналистларни ҳимоялашнинг халқаро механизмлари борасида мулоҳаза юритилди.
Ана шундай жасур ва ўктам журналистика билан ўзбек журналистикасини солиштирганда… нима дейиш мумкин. Иссиқ-совуқ сув муаммосини ёки қайнона-келин муаммосини ёзиш даражасида турган, ҳали катта муаммоларни кўндаланг қўйишга юраги дов бермаётган журналистикамизни кўтаришнинг қатор йўллари бор – булар ОАВ ҳуқуқий асосларини чинакам такомиллаштириш, қонунларни амал қилишига эришиш, мустақил ва ҳалол суд тизимини барпо этиш, ОАВ бизнесидаги чекловларни либераллаштириш, халқаро ташкилотларни Ўзбекистонга қайтариш, сўз эркинлиги билан бирга сўз айтганларнинг эркинлигини ҳимоя қилиш лозимдир. Энг муҳими сиёсий ирода керак.
Мустақиллик бизга нима берди? 27 ёшли депутат ўша пайтлариёқ давлат суверенитетидан шахс суверенитетига йўл узоқлигини қандай кўра олган?
Бу савол кўпинча 1990 йил 20 июнда битилган “Мустақиллик декларацияси” деган шеърим туфайли берилади. Унда шундай сатрлар бор эди:
Нега сен қувониб, шод яшамайсан?
Яна дилинг ўксик, ўзинг оввора.
Энди сен Московга пул ташимайсан,
Энди сен Тошкандга таширсан пора.
Нечун қувонмадинг, тошмадинг жўшиб,
Ахир мустақиллик келди ўлкангга –
Ўрис амалдори елкангдан тушиб,
Ўз амалдоринг минди елкангга…
Шеърнинг охирида: Мана, озод бўлди буюк давлатинг, Бечора халқинг ҳам бўлсайди озод”, — деган якуни бор. Афсуски, бу таҳлика асоссиз эмас экан, яна 26 йил давомида зулм ҳам, эрксизлик ҳам яшаб келди ва ҳатто такомиллашди. Мана, икки йилдирки, ислоҳотлар эълон қилинди, умидлар пайдо бўлди.
Мен ўшанда бу шеър билан чекланмай ўша пайти айнан шу дилемма ҳақида мақолалар ҳам ёзганман. Уларнинг бири русчада “От государственного суверенитета к суверенитету личности” деб аталганди. Бошқа бир мақоламда: “СССР – ўн беш камерали улкан маҳбусхона эди, у турли камераларга бўлиниб кетди, аммо энди бу митти маҳбусхоналарнинг эшик-деразаларини очиш керак, тоза ҳаво киритиш керак. Инсон қамоқни ва қамоқхонани сева олмайди, энди бу ерни инсон яшайдиган, севадиган ватанга айлантирайлик”, — деб ёзганман.
Сўз эркинлиги… Очилмаган истеьдодлар, жамиятнининг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маьнавий ҳаётига доир фикрларга эга бўлганлар халқимиз орасида кўп. Ҳамма соҳада. Сўз эркинлиги амалга ошса, бу фикрлар айтилса, муҳокама қилинса, иқтисод ҳам ривожланади, маьнавият ҳам ўсади, ижтимоий ҳаёт ҳам яхшиланади. Сўз эркинлиги мавжуд мамлакатлар бой эканига эьтибор беринг. Бу Япония, АҚШ, Англия, Корея, Франция, Швейцария ва ҳоказо. Уларнинг ҳеч бирида Ироқникидай кўп нефть, Туркманистонникидай мўл газ, Ўзбекистонникидай олтин, Қозоғистонникидай ер ости бойликлари йўқ. Шунча бойликлари бўлса-да, Ироқ, Туркманистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларида аҳоли қашшоқ ҳолатга тушиб бормоқда. Бу бежиз эмас. Сўз эркинлигисиз бой бўлган давлат йўқ. Ҳамма демократик давлатлар фаровондир, ва ҳамма нодемократик давлатларда, улкан бойликлари ва имкониятларига қарамасдан, халқ қашшоқдир. Сўз эркинлигисиз коррупцияни, гиёванд моддалар сотувчи нарокартелларни енгиш имконсиздир.
Кейинчалик “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” деган китобим ўзбек, рус ва инглиз тилларида хорижда чоп этилди-ю, таъқиқ ва қувғинлар остида қолдим. Ҳолбуки, бу китоб ҳам муаммолар айтилмаса, муҳокама этилмаса ва ечимлар изланмаса, коррупция авжига чиқади, рост гапириш имконини беринг, сўз эркинлигисиз дунёдан ортда қоламиз, таназзулга учраймиз, деган бир даъват эди.
Мана, бир-икки иқтибос келтирай. Бу гаплар бундан 18-20 йил аввал 1999-2002 йилларда ёзилган ва айтилганди: “Тарихдаги ҳеч бир хон (президент, шаханшоҳ, монарх) бир ўзи бюрократияни енга олган эмас. Улкан минглаган мансабдорлар организми ўзининг ички қонуниятларига кўра яшайди ва урчийди. Инсоният тарихи ва амалиёти шуни яққол кўрсатадики, мансабдорлар тўдаси ва бюрократиянинг ҳокимиятига фақат фуқаролик жамияти ва унинг институтлари, жумладан эркин ва қўрқмас журнилистика мувозанат ўлароқ қарши тура олади. Бу – ҳалол ва эркин сайланган парламент, мустақил судлар, эркин матбуот, мухолифат партиялар, маҳаллий ўзини бошқариш идораларидир. Ижтимоий демократик институтларнинг ривожланишига йўл қўймайдиган шаханшоҳ ўзини бюрократиянинг асирига айлантиради ва мансабдорларнинг ҳокимияти таьсирига тушади, натижада у халқ манфаатларини истаганида ҳам ҳимоя қила олмайди. Бизнинг жамиятимизда вазиятнинг шунга боғлиқ эканини тушуниш етишмайди. Бунинг ўрнига, мансабдорларнинг қулоғига хуш ёқадиган ғайридемократик афсоналар тарқатилади, гўё ҳали демократия шароитида яшаб кўрмаган, тажрибасиз халқни «демократия туфайли» бебошлик, талотўп ва «анархия» ўз домига тортиб кетар эмиш.«Демократия – анархия эмас, сўз эркинлиги – бебошдоқлик эмас» — дейишади. Бу даьво ишончли жаранглайди. Аммо ундан қандай ва нима мақсадда фойдаланишмоқда?! Ўйлайсизки, бу ҳақиқатан ҳам анархиянинг, бебошликнинг олдини олиш учун ишлатилмоқдами?! Йўқ! Агар кимдир иқтисоддаги, ҳарбий соҳадаги аҳволни танқид қила бошласа, маҳаллий амалдорларнинг провинциал аҳоли устидан зўравонлигини фош этишга киришса – мансабдорлар ва ҳокимиятдан таьмадор ёзувчилар ҳамлани бошлашади: «Бу ер сизга – Америка эмас, бу ер – Шарқ, катталарни ҳурмат қилиш лозим». «Катталар» — бу мансабдорлардир… Ўзбек амалдорлари ўзлари ҳақида мақтовни жон деб эшитишга тайёрлар, аммо жиндаккина танқидга ёш боладай астойдил хафа бўладилар. Анархия (талотўп) ҳамиша монархиянинг (зулмкорликнинг) жинояткорона ҳаракатларига жавоб ўлароқ юзага келган, демократия туфайли ҳеч қачон тўпалон чиққан эмас. Қаранг, дунёнинг ҳамма барқарор давлатлари – демократик давлатлар, ҳамма беқарор давлатлар – нодемократик давлатлардир”.
Мана, бугун ҳақиқат ва адолат даври келди, деган умидворликлар билдирилмоқда. Ҳеч бўлмаса, шу “маънан эскирган” китобимизни – “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китобини қайта нашр эттира оладими шу умидворлар?!.
Муҳаммад Юсуф:“Андижонда қад тикламасмиди Тожмаҳал”, — деб ёзган, Абдулла Орипов: “Нега бу тупроқ деб йиғлади Фурқат, О, Қашқар тупроғи қашшоқмидинг сен?” – деб айтган яна бир юртга сиғмаган шоиримиз Фурқат ҳақида ҳақида… Қодирийни ёзувчиларимиз ва шоирларимиз сотган. Бизда ҳақиқий истеъдодларни юзага чиқаришмайдими ёки халқ ҳақиқий истеъдодни тан олишга тайёр эмасми?
Гап халқда ва ҳатто ўзбекчиликда ҳам эмас. Бу минг йиллар мобайнида келаётган жараён, у ҳақгўйлик ва ҳасаднинг, рост ва ёлғоннинг, эзгулик ва ёвузликнинг, сиёсий ирода ва нафсу ҳирснинг кесимида кечади. Ҳақ сўз ҳамма ерда ҳокимиятга ёқмайди, бироқ қайдадир бу масала кескин тарзда қўйилган, қайдадир бағрикенглик қилинади, қай бир маконда сўз эркинлигининг реал қонуний ҳимояси бор, уларнинг ҳукмдорларига ҳам рост гап ёқмаса-да, чидайди.
Биз нега бунақа халқмиз, деб ўртанмаслигимиз керак. Умуман олганда халқ рост билан ёлғонни яхши ажратади. Жордано Брунони ёки Жанна Д”Аркни гулханда ёққанлар ўзбеклар эмасди, маданий Европада эди. Ё Насимийни товонидан сўйганлар, Галилейни ўлдирганлар…
Умуман олганда, халқ ҳамма нарсани билади. Болалигимда эслайман, масжидимиз ёнида Гулмурод бобо бўлардилар, одамлар Гулбек ҳам дейишарди. Меҳнаткаш, умри кетмон билан ўтган инсон. Шу одамлар бирорта китоб ўқиган деб ўйламайман. Ҳаёт уларни доно қилган, донишманд айлаган. Қарашлари жуда кескин эди. Бир куни мактабда комсомол (ўша замоннинг “коммунистик ёшлар иттифоқи”) фаолларидан бўлиб ишлаётган ёш ўқитувчи коммунистик партияга аъзо бўлганини унга айтишади: “Гулбек бобо, жўрангиз Сормон бобонинг ўғли комсомол эди, партияга ўтибди, коммунист бўлибди, эшитдингизми?!” Гулбек бобо: “Эҳ-ҳе, ҳа, илон эди ўзи, аждарҳо бўлибди-да”, — дедилар. Бу ўша замондаги коррупция ва кўзбўямачиликлара берилган баҳо эди. Халқ кўрмаслиги мумкин, лекин сезади, дейдилар. Бугунги халқ ҳам ҳаммасини кўриб турибди.
Ёки Рауф Парфини олинг. Ҳамма шоирман деганлар радио ва телевидениедан тушмаган, ҳар йили китоблар чоп эттирган, “халқ шоири”, “халқ ёзувчиси” бўлиб, кўкрагига шақир-шуқур темирчаларни силкитиб таққанча, мажбурлаб йиғиб келинган, сақич чайнаган “зулфиячи” қизларга шиғирларини ўқиб юрган, ҳукуматдан ажратилган уйларида қаймоқ ялаб, тизма тизган узундан-узоқ йилларда ҳеч ерга рухсат этилмаган, уйсиз, оч-наҳор кўчаларда юрган, тинимсиз қувғин қилинган Рауф Парфи адабиётнинг абадиятига қовушди. Рауф Парфи деган исмни тилга олган заҳоти исталган ўқувчи жойида бир қалқиб тушади, шоир пок ва ҳокисор бўлгани ҳолда инсоний мақомини ҳамиша баланд тутганини билади. Унга кун бермаганларнинг шеърларини бугун биров ўқиётгани ҳам, ўзларини эслаётгани ҳам йўқ.
Ёхуд Қодирийни эсланг. Уни сотганлар, душман қўлига айбнома битиб тутганлар бир муддат халқ кўзига даҳо бўлиб кўринишга уринди, том-том китоблар чоп этди, “академик шоир”, “давлат мукофоти лауреати” ва ҳоказо бўлди. Гарчанд то бугунгача бу сотқинларнинг авлодлари ва шогирдлари Қодирийнинг музейи очилишига ёки ҳайкали қўйилишига қаршилик қилиб келсалар-да, исталган ўқувчидан ва ҳатто ҳаққоний илм аҳлидан сўранг: «Ўзбекнинг биринчи рақамли ёзувчиси ким?” деб, “Қодирий!” – деб жавоб беради. “Ўзбек адабиётининг энг буюк романи қайси?” – деб сўрасангиз, ҳамма “Ўтган кунлар романи!” – дейди. Шунча жабр-ситам, қатағону қувғин, таъқибнинг қўлидан нима келди.
Шунинг учун, ўйлайманки, зулм машинаси ва шунча ташқиқот машинаси узоқ истиқболда, салмоқли перспективада бор истеъдодни йўқотолмайди ва йўқ истеъдодни ҳар куни ойнаи жаҳондан тиқиштириб, унвонлар қалаштириб, халқ дилига ўрнаштира олмайди. Навқирон йигитлигидаёқ оттириб юборилган Қодирий адабиётда ғолиб бўлиб абадий қолаверади. Умрида бирор-бир амалу мансабга минмаган Рауф Парфи юксакда эди ва шу юксакжа турибди. Қашқарга қувиб юборилган Фурқат, юртига сиғмай, Ҳиндистонда қўним топган Бобур, дорга тортилган Машраб барибир абадий адабиёт юксаклигидадир.
Ана шундай ҳақ ошиқлари ва ҳақиқат талабгорлари бизни ўзига тортадиган нурлардир.
Барно Султонова суҳбатлашди.