– Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40-50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар? – деди Шавкат Мирзиёев раҳбарларга.
Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги қиймати 144 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошланган.
– Вилоятда долзарб бўлган яна бир муаммо экология билан боғлиқ. Тошкент шаҳридаги маиший чиқиндилар ташланадиган Оҳангарон туманидаги полигон 98 фоизга тўлган. Шунинг учун бу полигонни ёпиб, янгисини қуриш керак. Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала, – деди Президент.
Экология инсон саломатлиги учун муҳимлиги ҳисобга олинса, чиқиндиларни ташлаш жойлари, уларни қайта ишлаш каби жараёнлар халққа безарар ташкил этилиши лозим. Президент чиқиндилар масаласида 2018 йил июн ойида алоҳида қарорни ҳам имзолаган. Шу қарор билан 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва уларнинг 174 та филиали ташкил этилган. Бу корхоналар балансига 1372 та махсус техника, 1000 та чиқинди тўплаш майдончаси, 5800 та контейнер ва 172 та полигон ўтказилган. Яна қўшимча 305 та чиқинди тўплаш майдончаси қурилиб, уларга 2 мингдан зиёд контейнер ўрнатилган.
Маълумот учун: Ҳозирда республика бўйича жами 295 та полигон тўлиқ хатловдан ўтказилган бўлиб, 97 та чиқинди полигони тартибга келтирилган. Лекин барча полигонлар ҳам қониқарли ишлаётгани йўқ. Масалан, Шаҳрисабз ва Бўстонлиқ туманлари, Олмалиқ шаҳридаги 3 та чиқинди полигони фаолияти тўхтатилган. 2018 йилда Ангор, Термиз тумани ва шаҳри, Урганч, Қўшкўпир, Пахтаобод, Дўстлик, Зарбдор, Пахтакор ва Сирдарё туманларидаги 10 та полигон фаолияти тўхтатилган эди.