Хусусан Франция ва Испания олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотда ўта қайта ишланган маҳсулотлар одамни ортиқча овқат истеъмол қилишга мажбурлаши айтилади.
Умуман айтганда ҳозирги вақтда дўконлар пештахтасини тўлдираётган товуқ гўшти турли семиртирувчи витаминлар ва гормонлар бериб боқилган товуқларники бўлиб, уларни мунтазам истеъмол қилганда одамларда ортиқча вазн тўпланишига, гормонлар меъёрининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳозирги вақтда қўй, қорамол ва балиқ гўштлари қиммат бўлганлиги сабабли фуқаролар кўпинча товуқ гўштини сотиб олмоқда. Бу организмда турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Унутманг, энг хавфли касалликлар гормонал фон издан чиқиши, семизлик ва носоғлом овқатланиш туфайли келиб чиқади.
Унда нима фойдали?
Қайта ишланмаган ёки кам даражада қайта ишланган маҳсулотларни истеъмол қилиш организмга зиён келтирмайди. Аксинча кам ишлов берилган ёки умуман ишлов берилмаган маҳсулотларда фойдали витаминлар ва микроэлементлар табиий ҳолда сақланиб қолади. Бундай озиқаларга қуйидагилар киради:
- мевалар
- сабзавотлар
- сут
- гўшт
- дуккаклилар
- гуруч
- тухум
Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналарида аксарият озиқ-овқат маҳсулотларига сақланиш муддатини узайтириш ва мазасини яхшилаш мақсадида, асосан, туз, ёғ, шакар, соя ва пальма ёғи кабиларни қўшиш орқали ишлов берилади.
Уларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:
- пишлоқ ва бошқа қадоқли сут маҳсулотлари
- колбаса маҳсулотлари
- нон маҳсулотлари
- консерваланган мева ва сабзавотлар
- дудланган балиқ
- пиво
Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Узоқ сақловчи, ширинлаштирувчи ва ранг берувчи моддалар қўшилган кўплаб озиқ-овқатлар, ҳозирги кунда, кенг истеъмол бозорини қамраб олган.
«Агар маҳсулот бештадан зиёд қўшимчани ўз ичига олган бўлса, уни ўта қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулоти, деб аташ мумкин,» изоҳлайди Наварра Университети профессори Майра Бес-Растролло.
Қуйидаги маҳсулотлар таркибида, одатда, бештадан кўп саноат қўшимчаси бўлади:
- колбаса ва шунга ўхшаш қайта ишланган гўшт маҳсулотлари
- магазинларда қадоқланган ҳолда сотилувчи ёрмалар
- тез тайёр бўладиган лапшали шўрвалар (ролтон)
- газланган ширин ичимликлар
- товуқ гўштидан тайёрланган наггетлар
- кекслар
- шоколад
- музқаймоқ
- фабрикада тайёрланган нон маҳсулотлари
Ўз соғлигини қайғурган одамлар ҳозирги вақтда асосан уй шароитида ўз қўллари билан етиштирган мева-сабзавотлар, таркиби озиқ-қўшимча ва ёғлар билан бойитилмаган сут-қатиқ ҳамда бошқа озиқларни истеъмол қилишмоқда. Шаҳар аҳолисига эса дўкондан маҳсулот харид қилмоқчи бўлишса унинг таркиби ва ишлов берилиш усули билан танишиб, организмга безарарини сотиб олишлари мақсадга мувофиқ.