(Ўзбекистонда хизмат курсатган маданият ходими Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбат)
Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ: 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида (Тошкент давлат санъат ва маданият институти), кейин Тошкент Давлат юридик институтида (Тошкент давлат юридик университети) таҳсил олган. 1978 йилдан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида суҳандон бўлиб эфирга чиқа бошлаган. Оилали, бешта фарзанднинг отаси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Турон” Фанлар академияси академиги, шеърий ва публицистик жанрларда ўндан ортиқ китоблар муаллифи.
—Муслимбек ака, шу соҳада узоқ йиллар хизмат қилган мутахассис сифатида айтингчи, сизнингча интернет телевидениега рақобатчи бўла оладими? Яъни, телевидение пайдо бўлганда одамлар театр, китоб мутолааси кабилардан чалғиб, телевизион муҳит ишқибозига айланди. Ҳозир интернет билан ҳам шундай ҳолат рўй бермоқда…
—Интернет телевидениени буткул суриб чиқармаслиги учун, телевидение ўз позицияларини бериб қўймаслиги муҳим. Чўкиб кетмаслик — сувда чўкаётган одамнинг ўзига боғлиқ. Ўзи ҳаракат қилмаса ғойибдан мадад тилаш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳам замон билан ҳамнафас бўлиш камлик қилади. Телевидение бир қадам олдинда бўлишга мажбур.
Илгарилари гап-гаштакларга борсак, ҳамма бир-бири билан гаплашиб ўтирарди. Бугун гапга борсангиз, ҳамманинг қўзи қўлидаги Айфонида! Уч-тўртта бўлиб олиб, бир балоларни кўриб, хо-холаб кулиб ўтиришади. Ёшлар ҳам шундай. Телевизорда яхши кўрсатув бўлиб турса ҳам, телефондан бош кўтаришмайди. Қаранг, одамларимиз жудаям енгил елпи, оний лаззатларга берилиб кетишяпти. Академик асарларимиз, классик фильмларимиз, саҳна асарларимиз эътибордан тушиб қоляпти. Бу инқироздан бошқа эмас. Вақтида эсимизни йиғиб олмасак, кейин кеч бўлиши мумкин.
—Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида қисқача маълумот. Бола тарбиясидаги услубларингиз. Тарбияда қаттиққўллик, калтак билан тарбиялашга муносабатингиз?
—Уч ўғил, икки қизим бор. Икки ўғлим Техника университетини, катта қизим Шарқшунослик институтини тамомлаган. Кичикларим ҳам олий ўқув юртига киришга ҳаракат қилишяпти.
Ўзимни оилапарвар, болажон деб айта оламан. Фарзанд тарбияси ҳар бир инсон қилиши керак бўлган асосий вазифадир. Бошқа ҳар кандай масала иккиламчи, учламчи, бешламчи… Аммо тарбия экан деб, уриб, туртиб, ҳақорат килиб, шафқатсизларча жазолаб тарбиялаш тарафдори эмасман. Айниқса, боласини урадиган, карғайдиган аёлларни кўрсам жуда жаҳлим чиқади. Ўзим ҳам болаларни урмасдан, тушунтириб, қалбига йўл топиб тарбиялашни яхши кўраман. Ўғил болалар билан сал қаттиққўлроқ бўлиш лозим. Унда ҳам ҳадеб қўл югуртириравериш яхшиликка олиб келмайди. Аслида, фарзанд билан тил топишиб олишдан тўғрироқ йўл йўқ.
“Ман калтаклаб тарбия берганман-да, мана, болаларим “гаҳ” десам қўлимга қўнади, ҳурматимни ўрнига қўяди, деганларга раҳмим келади. Бу уларнинг ақли пастлигини билдиради холос. Аслида, болалар туғилганида ҳамма нарса пешанасига мухрланган бўлади. Фақат, тўғри йўлга солиб юбориш керак холос. Ўзингизга боғлиқ, ё уларни ўзингизга дўст қиласиз — бемалол очилиб гаплашадиган, сендан кочмайдиган бўлиб ўсади. Ё ўзингизга муте қилиб оласиз — чакирсанг келади, бошқа пайт нарироқда юришни афзал билади.
—Дўстлик ҳақидаги мулоҳазаларингиз… Дўст “ачитиб” гапириши керакми?
—Дўстлик ҳақида биздан аввал ўтган салафларимиз, машойихларимиз асло қадрини йўқотмайдиган асл ҳақиқатларни айтиб кетишган. Мен улардан ошириб нимани ҳам айта олишим мумкин. Лекин ўзим шу пайтгача одамнинг чўнтагидаги пулига қараб дўст тутинмадим. Гапи гапимга мос тушиб, қизиқишларимиз бир чиқиб қолса дўст бўлиб кетаверганмиз.
Ёшлигимда баъзан дўстларим билан юриб, уйим эсимдан чиқиб кетарди. Шундай дамларда онам: “Одам деган юравермайди, “пошнасини ошна қилиб”, “Тўйлининг тўйи ўтар, тўйсизнинг куни ўтар»… дейишган. Оилага, бола чақагаям караш керак!»– дердилар. Худо раҳмат қилсин, онам дўстларимни “сортировка” қилиб турардилар. Кўзига қараб туриб: “Буниси бўлади, буниси бўлмайди” дердилар. Аммо мен ҳаммасини бирдай кўриб юраверардим. Баъзан дўст танлашда янглишганман. Лекин, ҳозир шукур қиламан, саноқли бўлса-да, садоқатли дўстларим бор.
Атрофимдаги танишларим: «Бахтлисиз-а, мана шунақа дўстларингиз бор!» деб эътироф этишган пайтлар ҳам бўлган. Ана шанақа дамлар учун ҳам бир умр “дўсти содиқ” қидириб ўтсангиз арзийди.
Агар дўстингиз бўлса-ю, ҳар хил кунларингизда нарироқдан томошабин бўлиб тураверса, у дўст эмас-да… Камчилигингизни айтмаса, нотўғри йўлингиздан қайтармаса, кўзингиз, қулоғингиз бўлиб орқаворотдан ҳам шаънингизни ҳимоя қилмаса… Ундан кўра вокзалда тасодифан учратиб қолган ҳамсуҳбат афзалроқ. Чунки сиздан, сиз ундан хеч нарса кутмайсиз. Дўст, агар дўст бўлса, тергайди, қайтаради, маслаҳат солади…
—Эркак киши учун ҳам ташқи қиёфага, қоматга эътибор бериш керакми? Бу борада ўзингиз нималарга аҳамият қаратасиз? Муҳлисларимизга ибрат бўла оладиган фикр ва тавсияларингиз…
—Албатта! Эркак авваламбор, оила бошлиғи! Шуни унутмаслигимиз керак. Мен отасининг кийимидан уяладиган, дўсту ёрлари орасида отасининг чиройли ва ораста кийиниб юришини истаб, топган пулига отасига энг зўр кийимлардан олиб берадиган йигитларни биламан.
Қолаверса, биз йигирма биринчи асрда яшаяпмиз. Дунё жуда тезлашиб кетган. Жаҳон маданияти билан ёнма-ён нафас олаяпмиз. Шунинг учун ҳам эркаклар ўзларига қарашлари, танани, уст-бошларини, керак бўлса руҳларини ҳам доим парвариш қилиб туришлари шарт! Эркакларга чиройли бўлиб юриш жуда осон. Улар сартарошхоналарга, соч турмаклашга кўп вакт ва маблағ сарфламайдилар. Битта хушбичим костюм, битта ярақлаган пойафзал бўлса бўлди.
Баъзан тўй-тадбирларда одамларни кузатаман. Тўй эгалари роса ҳаракат қилиб эсда қоладиган, чиройли бир тантана қилмоқчи бўладилар. Лекин баъзи одамлар атоқли ресторанларга ҳам, эгнида спорт кийими, оёғида шиппак кийиб келишади. Шуям ишми? Лекин менимча ўзинг учун кийинмасанг ҳам, атрофдагилар учун, уларнинг кўзига тушишингни ўйлаб ҳам ораста кийиниш, соч-соқолни тарашлаб юриш керак.
Ўзим болаликдан ораста кийинишга ўрганганман. Бувим раҳматли чевар эдилар. Энг чиройли шим, куйлакларни тикиб берардилар. Отам эса театрда актёр эдилар. Болаликдан этика ва эстетика асосларини қулоғимизга сингдирганлар. Онам ҳам доим бир гапни такрорлардилар: “Эшакка – тўқим, одамга – либос!» Ҳар доим чиройли кийиниб юрларинг, қиммат бўлмасин, лекин ярашиб турсин, дердилар.
— Саломатлигингизни асрайсизми? Масалан, мазангиз бўлмай қолди ёки шамоллаб қолдингиз, дейлик. Режаларни бажаришни ўйлайсизми ёки шифокорга учрашишними?
—Шу масалада сал чатоқроқман… Соғлиқни ўйлайман-у, жуда касалпарвармасман. Олдин ишлар, ташвишлар, кейин шифокор кўриги. Лекин ўзим сезиб, билиб тураман — соғлик биринчи ўринда туриши керак. Аммо бу дунёнинг майда чуйда ишлари шунчалик кўпки, «панжасидан чиқиб» қочиш қийин бўлиб қолади. Лекин кечки пайт 4-5 километр пиёда юришга ҳаракат қиламан. Бир ўзим пиёда шеърларимни ёддан айтиб кетавераман.
—Ичкилик ичиш ва чекишга муносабатингиз…
—Бир вақтлар ичганмиз, чекканмиз ҳам. Аммо бу иллатлардан аллақачон қутулиб олганман. Шартта ташлаганман ва қутулганман. Аммо спиртли ичимлик ичиб, сигарета чекаётганлар билсалар эди, уларни қанақанги харом нарсалардан тайёрлашларини, шунчалар жирканч, димоғлари бадбўй бўлиб кетишини, болалари, аёллари бурниларини жийиришларини, ўзларини четдан бир кўрсалар эди… Ҳар бир кун ғанимат. Чиройли бошланган ҳар бир кун бу чиркин одатлардан қутулиш учун имкониятдир.
Тилагим, ҳамма инсонлар соғ бўлишсин, кулиб, очилиб юришсин. Кўпроқ яхши одамлар суҳбатида бўлишсин. Бу ҳам киши пайқамаган лекин жуда кучли муолажалардан. Чунки кўп иллатни айнан бемаъни, бемаза одамлардан юқтириб оламиз. Ишонмасангиз, охирги пайтларда нима китоб ўқиганингиз, қайси бир илмли, зиёли одам билан бафуржа суҳбат қурганингиз, қайси театр ёки ҳиёбонга оёқ билан эмас, чин дилдан чопиб борганингизни эслаб кўринг. Омон бўлинг!
Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.