Шунга ўхшаш саволларга Республика гидрометеорология хизмати бошлиғининг ўринбосари Ирина Борисовна ЗАЙЦЕВА жавоб берди.
–Кейинги пайтда ҳудудларимизда об-ҳаво, ёғин-сочинлар билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез содир бўляпти. Бундан фуқаролар ташвишга тушмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет нима дейди?
–Дарҳақиқат республикамизда кейинги вақтда, айнан июнь ойининг бошларида ноодатий об-ҳаво кузатилди. Айниқса Тошкент шаҳрида ёғин-сочинлар билан боғлиқ кутилмаган табиий ҳодисалар содир бўлди. Айрим туманларда момақалдироқ, кучли шамол бўлиб, бир неча жойда жала, дўл ёғди. Бу ҳолат Марказий Осиё иқлими учун ноодатий ҳол ҳисобланади. Аммо бизга етиб келган ахборотлардан маълум бўлишича жала ва дўлдан сўнг жиддий талофот етказадиган сув тошқинлари кузатилмади. Тошкент ва бошқа айрим шаҳарлар кўчаларида сув тошиши – бу бизнинг дренаж тизимимиз ишдан чиққанлиги оқибатидир.
Туманларда у қадар кучли сел кузатилмади, жала ҳам асосан қисқа муддатли бўлди. Аммо айрим жойларда асфальт ўпирилиши, темир йўл изи тагидан тупроқ ювилиб кетиши ҳолатлари қайд этилди. Бу қайсидир ишлар белгиланган тартибда бажарилмаганлиги оқибатидир балки… Аслида йўллар кучли ёмғир, сел бўлиши инобатга олиниб, мустаҳкам қилиб қурилиши керак. Шу ўринда одамлар ҳозир игнадай гапни туядай қилиб шов-шув тарқатишга берилган. Бу тарзда аҳолини ваҳимага солиш яхши эмас.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ёмғир ва дўл, бу ҳақдаги интернетда тарқалган видеолавҳалардан кейин ҳудудлардаги одамлар шу қадар даҳшатли табиат ходисаси бўлибди-да деб ўйлашлари мумкин. Ҳақиқатда пойтахтимиз туманларида ёғиб ўтган ёмғирни бизнинг ўлчовларда кучли деб айтиш мумкин. Бундай ёғингарчилик ёз фаслининг боши, июнь ойида аввал ҳам кузатилган.
Фақат Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларида ёғин миқдори 10-17 мм ли интенсив ёмғирлар кузатилди. 3 июнда, 6 июн кунлари ҳудудлардагига нисбатан кучлироқ ёғингарчиликлар, йирик дўл ёғиши Тошкент шаҳрида кузатилди. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бу икки сафарда 89 мм (Юнусобод туманининг телеминора жойлашган ҳудудида биринчи сафар 50 мм, бошқа сафаргисида 39 мм миқдорда) ёғин ёғди. Шаҳарнинг маркази, Олой бозори ҳудудларида 54 мм гача ёмғир бўлганлиги қайд этилди. Тўғри, Бу жуда кўп ҳисобланади. Тошкент абсерваторияси метеостанциясининг маълумотларига кўра бу билан ёғин миқдори 4 ойлик меъёрни (одатда ёғин-сочин меъёри 14 мм. ни ташкил қилади) бажарди. Бу ҳолатни фавқулодда вазият деб бўлмайди. Негаки бу даражадаги ёғингарчилик жуда кам бўлса-да ҳудудларимизда аввал ҳам кузатилган. Масалан июнь ойида шунга ўхшаш (25-36 мм) ёғингарчилик пойтахтда 5 марта (1901 йили 21 июнда, 1926 йили 3 июнда, 1998 йили 6 июнда, 1999 йили 24 июнда ва 2010 йили 3 июнда) содир бўлган.
– Бу йилги об ҳавонинг одатдагидан фарқли бўлишига иқлим ўзгариши сабабми?
–Иқлим ўзгариши ёғингарчилик ортишига бевосита таъсир қилмайди. Иқлим ўзгариши асосий омили – ҳавонинг исиб кетиши ҳисобланади. Бинобарин, иқлим ўзгариши билан боғлайдиган бўлсак, аксинча ёғин-сочин кам бўлиши керак эди. Шу ўринда олимларимиз таъкидлашича айнан табиатдаги аномал ходисалар ҳам иқлим ўзгаришининг белгиларидан саналади. Дарҳақиқат биз кейинги вақтда бундай ноодатий ҳолатларга тез-тез дуч келяпмиз. Масалан аномал иссиқ қиш, баҳорнинг одатдагидан фарқли равишда совуқ келиши, март ойида қор ёғиши… хабарингиз бор, бир неча йил кетма-кет қиш иссиқ келди.
–Ёмғир бўлиши олдиндан айтилади, дўл ҳақида эртадан билиб бўлмайдими?
–Бу жуда мураккаб масала. Чунки дўлнинг табиий ҳосил бўлиш табиати охиригача тадқиқ қилинмаган. Шу боис ҳозирги замонда дўлни олдиндан прогноз қилишнинг иложи йўқ. Негаки дўл атмосферанинг жуда юқори қатламларида ҳосил бўлади. Бундан ташқари ҳозирча бизда буни аниқлашга ёрдам берадиган кузатувлар олиб борилмайди. Биз дўлни фақат камдан-кам ҳолатларда айтиб бера оламиз. Фақат реал жараёнлар кутиладиган маълум ҳудудни ёки атмосфера ҳолатига қараб реал ходисани бирон соат аввал прогноз қилиш мумкин. Мас алан бизда дўл ёғиш частотаси юқори бўлган ҳудуд Фарғона водийси ҳисобланади. Тошкентда эса дўл ёғишини фақат 1,5-2 соат олдин айта оламиз. Қолаверса дўлнинг олдини олиш ҳам жуда қийин масала. Балки эшитгандирсиз, локатор орқали дўл булутини аниқлаб, ракета воситасида унга сунъий таъсир кўрсатиш мумкин. Тадқиқотчилар дўл ёғиши мумкин бўлган вақтда жараёнга тайёрланаётган булутга ракета отишади ва дўл ўрнига кучли ёмғир ёғади.
– Иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига зиён келтирувчи ёғинларнинг олдини олиш мумкинми? Бизда бундай имкониятлар борми?
–Бизда бу усул Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, Фарғона водийсида қўлланилади. Бундай ракеталардан қишлоқ хўжалиги экинларига дўл зиён етказишининг олдини олиш мақсадида фойдаланилади. Ҳозирда республикада жала ва дўлнинг олдини олиш чораларини кашф этиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бутун дунёда кучли ёмғир ёғдирувчи булутларга таъсир кўрсатиш борасида синовлар олиб борилади. Масалан кучли ёмғир булутлар ҳайдалиб, керак бўлган ҳудудга ёғдирилади. Баъзан байрамларда шаҳар устидаги ёмғирни тўхтатиб туриш ҳақида гап кетади. Олдин бизда ҳам байрамларда шундай амалиёт бажарилган. Аммо жуда қисқа вақт ёмғирни тўхтатиб туриш мумкин бўлади. Чунки кучли жараён шаклланаётганда, булутланиш кучли бўлса барибир ёғади, уни тўхтатиш мантиққа тўғри келмайди. Табиий жараёнга қаршилик қилинса ҳам у вужудга келаверади.
–Гидрометеорологлар кучли ёмғир ва дўлдан кейин қандай салбий оқибатлар бўлганига ҳам қизиқадими? Серёғин об-ҳавонинг атроф муҳитга, қишлоқ хўжалигига қандай салбий таъсири бор?
–Албатта, марказимизда қишлоқ хўжалиги ҳолати ва ривожланишини назорат қилувчи агрометеорология бўлими бор. Унда об-ҳаво ходисаларининг қишлоқ хўжалиги экинларига таъсири ўрганилади. Бизда июн ойининг бошида бўлган ёғин-сочинлар локал (ҳамма жойда эмас) аҳамиятга эга бўлиб, кучли ёмғир, дўл фақат Тошкент шаҳрида кузатилди. Улар қишлоқ хўжалигига деярли зиён етказмади. Қолаверса бизда иссиқ бўлгани учун ёмғирдан сўнг намгарчилик узоқ сақланиб қолмайди, тезда буғланиб кетади. Агар ёғингарчиликдан кейин намлик тупроқда кўп сақланиб турса оқибатда ўсимликларнинг илдизлари чириб кетиши мумкин. Мевали дарахтларга ҳам катта зиён етмайди. Уларнинг шохи, барглари узилиши ёки ер юмшаб, илдизи узилган катта дарахтлар оғирлигини кўтаролмай ағанаб тушиши мумкин. Тошкентда шундай ҳолатлар кузатилди, автомобиллар дарахт остида қолди. Асосийси бундай вақтда одамлар эҳтиёт бўлиши, автомобилларни дарахт остига қўймаслиги талаб этилади.
–Қум ва туз бўронлари ҳақида олдиндан маълум қилиб бўлмайдими? Масалан, яқинда Нукус шаҳрида шундай кучли шамол кўтарилиб, ҳатто уйларнинг томларини ҳам учириб кетди…
– Айнан туз ва қум бўронлари иқлим ўзгариши омилларидир. Ўзбекистонда, умуман Марказий Осиёда қум бўронлари тез-тез бўлиб турадиган ҳодиса. Кузатувларга кўра бундай ҳолат Оролбўйи ва бошқа қум зоналарида кузатилади. Бунинг сабаби тупроқдаги майда чанг ва қум зарралари ва уларни учирувчи 10-14 м/с тезликдаги шамоллардир. Асосан бундай бўронлар йилнинг иссиқ фаслига тўғри келади. Гидрометеорология хизмати шамол кучи ва тезлигини олдиндан айтиши мумкин, аммо қум ва туз бўрони бўлишини башорат қилолмайди. Уларнинг олдини олиш учун об-ҳаво маълумотини кузатиб бориш ва кучли шамол бўлиши айтилганда эҳтиёт чораларини кўриш шарт.
–Об-ҳаво ўзгариши, ёғин сочинлар вақтида аҳоли вакиллари томонидан кўриладиган эҳтиёт чоралари ҳақида қандай маслаҳатлар бера оласиз?
–Айтиб ўтганимдек, биринчи навбатда гидрометеорология хабарларини тинглаш керак. Кучли ёмғир, шамолнинг кучайиши ҳақида олдиндан айта оламиз, аммо айнан қай соатда, қайси нуқтада бўлиши аниқ бўлмайди. Ўз-ўзидан маълум бўладики, бу хабарни эшитиб кун бўйи уйдан чиқмай ўтириш мантиққа тўғри келмайди. Ҳамма аввало ўзига, ўз мулкига эҳтиёт бўлиши зарур. Бироқ осмонни булут қопласа биринчи навбатда кўчада юрган болаларни уйга олиб кириш лозим. Бу вақтда дарахтлар остига машиналарни қўймаслик, яшин уриши мумкин бўлган очиқ жойларга чиқмаслик, баланд миноралар, баннерлар остида турмаслик талаб этилади. Шаҳарда эса яшин уришидан қўрқмаса ҳам бўлади. Негаки баланд бинолар, миноралар яшинни тўсиб одамларни ҳимоя қилади.
Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.