Медиация зиддиятларни бошқаришда дунё миқёсида энг кенг қўлланиладиган усуллардан ҳисобланади. Бу атама лотин тилидаги «mediation» – воситачи деган сўздан ясалган бўлиб, зиддиятли ҳолатлар билан боғлиқ суд-таҳлилий жараёнларда салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.
Медиация шундай жараёнки, унда учинчи томон (медиатор) бетараф позицияда бўлиб, икки томоннинг ихтиёрий розилиги асосида улар ўртасидаги зиддиятни бартараф қилишга ёрдам беради. Медиатор келишолмаётган томонларнинг позициясини чуқур тушунган ҳолда ўзаро тинч йўл билан келишувга, ҳар иккала томоннинг хоҳиш ҳамда истакларини инобатга олган ҳолда муаммонинг самарали ечимини топишга кўмаклашади.
Ҳозирги пайтда бизда ҳам турли низоларни бартараф этишда айнан медиацияга эҳтиёж сезилмоқда. Зиддиятларнинг тури ва сабаби жуда кўп. Биз кичик деб ўйлаган ўзаро келишмовчилик ҳам ўз вақтида одилона ечим топмаса катта жанжалга, хатто сиёсий ёки миллатлараро низоларни келтириб чиқарувчи муаммога айланиши мумкин. Нохуш оқибатларнинг олдини олишда хорижий тажрибаларга таянган ҳолда томонлар келишувини таъминлаш, бунда медиаторлар кўмагидан фойдаланиш яхши самара беради.
Медиациянинг моҳияти ва афзалликлари, бу борада чет эл тажрибаси ва ютуқлари ҳақида Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш халқаро фонди томонидан ташкил қилинган тренингда кенг маълумот бериб ўтилди. Унда Тошкент шаҳридаги бир қатор ОАВларда фаолият юритаётган журналистлар иштирок этиб, ўз билимларини оширишди.
Тан олиш керак, кўпчилигимиз ҳали медиация нималигини, қандай ҳолларда уни қўллашни, яраштирувчи медиаторнинг позицияси қандай бўлиши кераклигини аниқ билмаймиз. Бу борада устоз мутахассислар фикри билан қизиқдик.
Зебунисо АҲМЕДОВА, психолог:
–Биз аксарият ҳолларда бирон зиддиятли масалага ечим топишга ҳаракат қилар эканмиз, унинг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил қилмай, кўпинча бир томонлама ёндашамиз. Масалан, оилада эр ва хотин ўртасида келишмовчилик юзага келди, дейлик. Бу аёл ҳуқуқларининг камситилиши, зўравонлик ёки бошқа сабаблар туфайли келиб чиққан бўлиши мумкин. Қолаверса, бирдан пайдо бўлмаган, аввалдан пишиб, етилиб келаётган муаммодир бу. Бундай ҳолатда асосан маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси фаоллари, қариндошлар ва таниш-билишлар можаро судгача етиб бормаслиги ҳамда оилани сақлаб қолиш мақсадида уларни зўр бериб яраштиришга ҳаракат қилишади. Аммо икки томон ярашиб кетса зиддиятга нуқта қўйиладими? Ҳар иккаласининг ҳам ҳуқуқлари тенглиги, турмуш фаровонлиги, тинчлиги ва хавфсизлиги таъминланадими?..
Афсуски, ҳар доим ҳам шундай бўлмайди. Баъзан кимдир ўзини қурбон қилиши, оила бузилмаслиги учун иккинчи томоннинг азиятларига чидаши, яна маҳалла ва юқори ташкилотлар билиб қолмаслиги учун барига “миқ” этмай, барчасига кўниб яшашига тўғри келади. Бундай шароитда баъзан заиф томон ҳаётдан тўйиб кетиб, ўзи ёки фарзандларига нотўғри ҳукм чиқариши, қийинчиликларга дош беролмаслик ҳамда депрессия ҳолатларининг оқибати суицидларга етаклаши мумкин. Балки шундай аянчли вазиятларнинг олдини олиш, бундан ташқари, нотинч оилаларда руҳий жиҳатдан носоғлом фарзандлар кўпаймаслиги учун, ҳолатни ўрганган ҳолда, оилавий ажримларга келишилгани яхшироқдир?! Айнан шу вазиятда медиация ёрдамига таяниш энг тўғри йўл бўлади.
Бу ерда медиаторнинг вазифаси ҳар икки томоннинг арзини, талаб ва эътирозларини ўрганиб чиқиб, чуқур таҳлил қилиш, «қўйди-чиқди», уруш-жанжал қилаётган томонларнинг ҳар иккаласини ҳам рози қилган ҳолда тинч йўл билан бир қарорга келишга кўндиришдан иборат. Бу ўзаро жанжалларнинг кучайиши, руҳий изтиробларнинг олдини олиб, муаммони тез фурсатда тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради.
Нафақат жамиятдаги, турмушдаги ички зиддиятлар, балки турли йўналишдаги ташқи ва халқаро зиддиятларни ҳам медиация йўли билан осон ҳал қилиш мумкин.
Наргис ҚОСИМОВА, эксперт:
–Жаҳонда медиация усулида томонлар ўртасида битим тузишга ёрдам берувчи махсус мутахассислар – медиаторлар тайёрлиш тажрибаси йўлга қўйилган. Улар асосан қонунларни яхши биладиган касб эгалари, мантиқий фикрлаш қобилиятига эга, миллий менталитет, жамиятдаги тартиб-қоидалар, инсонийлик каби тушунчаларнинг туб моҳиятини чуқур англайдиган инсонлар бўлиши керак. Шу ўринда тъкидлаш жоизки, журналистика медиация вазифасини ўтайди аммо журналист медиатор бўла олмайди. Чунки у медиатор булса асосий вазифаларидан четга чиқиб, соҳа тамойилларига путур етказиши мумкин. Таҳлилий журналистиканинг вазифаси турли мутахассисларнинг воқеа-ходисаларга муносабати, зиддиятларни қонуний ҳал қилиш борасидаги асосли фикрлари ва таклифларини масъуллар эътиборига ҳавола этишдан иборат.
МЕДИАТОРЛАРГА ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР ҚЎЙИЛАДИ?
- Ҳиссиётга берилмаслик
Медиатор ўз ишини объектив, ҳолисона адо этиши керак. Тўғри, ўз қариндошлари, таниш-билишлари аралашган зиддиятлар ечимини топишда у ҳолис бўла олмайди. Ёки раҳми келиб муҳтожлар, ногиронлар, аёллар томонга ён босадиган бўлса объектив хулоса чиқаришга қийналади. У фақат кимларга ҳолис ва ҳаққоний бўла олса шуларга медиатор бўлиши мумкин. Томонлар зиддиятга ҳар томонлама фойдали ечимни изловчи медиаторнинг тамоман холислигига ишонгандагина медиация жараёни сифатли кечади.
Медиатор томонларнинг шахсий характеристикаси, ижтимоий аҳволи ва бошқалар ҳақидаги тарафкашликка сабаб бўлувчи маълумотларга эътибор бермаслиги керак.
Шунингдек, медиаторнинг зиддиятда ўз манфаати бўлса медиаторликдан воз кечиши ёки икки томоннинг розилиги билан иш бошлаши лозим. Медиация вақтида унинг холислигига томонларда шубҳа ёки норозилик туғилса жараён тўхталиши зарур.
- Сир сақлаш
Томонлар розилик бермаса ёки улар сирини ошкор қилиш қонунда тақиқланган бўлса медиатор жараён қандай кечаётгани, унинг натижалари, шунингдек, томонларнинг келишуви ҳамда қабул қилган қарорларини ошкор қилмаслиги шарт.
Бироқ бу чеклов медиация дастурлари самарасини ўрганиш учун махсус мониторинг ўтказиш ёки маълумотлар асосида илмий тадқиқотлар ўтказилишига тўсиқ бўлолмайди. Айрим ҳолатларда тадқиқотчиларга статистикани ўрганишга рухсат берилади ва томонларнинг розилиги билан улардан интервью олиш ҳам мумкин.
- Ихтиёрийлик
Медиация муолажаси – ўта ихтиёрий, эркин танлов асосида бажариладиган жараён. Яъни ҳеч ким томонларни медиациядан фойдаланишга мажбур қила олмайди. Агар бир томон рози бўлса, иккинчи томонни медиация ўтказишга зўрлаш ҳам мумкин эмас. Шу билан бир вақтда ҳар бир иштирокчи ўзи хоҳласа истаган босқичда жараённи тарк этиши мумкин.
Медиация натижаси, яъни ечимини тасдиқлаш ҳам ҳар бир томоннинг ихтиёрий розилиги билан бўладиган ишдир. Ҳар иккала томон ҳам медиациянинг қандай кечаётгани ва натижаларини таҳлил қилишга масъул ҳисобланади.
Хоҳлаган одам медиатор сифатида иштирок этиши мумкин. Бироқ ўз тоифасига кўра расман медиаторлар гуруҳига мансуб мутахассислар бўлиши керак. Улар давлатлараро ташкилотлар (БМТ), давлат ҳуқуқий институтлари (арбитраж суди, прокуратура), махсус давлат комиссиялари (масалан, зиддиятларни бошқарувчи), ҳуқуқни назорат қилувчи органлар вакиллари (маиший зиддиятларда участка инспектори), ходимлар орасидаги зиддиятларда уларнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари (касаба уюшмалари), профессионал медиатор-конфликтологлар бўлиши мумкин.
Норасмий медиаторлар сифатида билим ва малакаси ҳамда ҳаётий тажрибаси етарли бўлган кишилар, хусусан, диний ташкилотлар вакиллари, профессионал психологлар, ижтимоий педагоглар ёки ҳуқуқшуносларга мурожаат қилиш мумкин.
Манзура БЕКЧАНОВА тайёрлади.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли