Мусиқада ҳаётий қувват бор, куйлар орқали дунёни англаймиз, улар бизни ажойиботлар оламига етаклайди. Аммо оқ қоғозга битилган қора нуқталарни тилга киргизиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Биз сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган ёш дирижёр Асадбек Аюбжоновнинг қўлида дирижёрлик чўпи сеҳрли таёқчага айланади. У ёш бўлса-да аллақачон мусиқага жон ато этиб, бутун дунёдаги мухсислари қалбини забт эта олди.
Хўш, бу 13 яшар йигитчанинг қалбини компьютер ўйинлари, интернет олами ёки болалар билан кўча чангитиш ўрнига нега мусиқа ром этди? Қандай қилиб у мана неча йилки чет эл симфоник оркестрларида дирижёрлик қилмоқда, “Ғаройиб одамлар” мавзусидаги телекўрсатувларда тоошабинларни ҳайратга солмоқда.
6 ёшида 85 та шеърни ёд биларди
Онаси Моҳида Жумаева энди тили чиққан кунларданоқ унга шеърлар ёдлатганини эслайди:
–Оиламизда ота тарафдан ҳам, она тарафдан ҳам кучли мусиқага мойиллик бўлган. Бироқ ҳеч ким мусиқа йўналишидан кетмаган. Аммо бу талант Асадбекда ўз аксини топди.
Ўғлимнинг кичиклигидан хотираси жуда яхши эди. 2-3 ёшлик пайтида уйда иккимиз ёлғиз қолганимизда доим телевизорда симфоник куйларни қўйиб қўярдим. У 6 ёшида 85 та шеърни ёд ўқирди. Яна бу шеърлар ҳар бири бир эмас, бир неча куплетдан иборат. Айтиб юрган латифаларининг санаб саноғига етиб бўлмасди. Асадбек 7 ёшидан санъат мактабининг скрипка йўналишига қатнай бошлади. 8 ёшида уни Россиянинг “Дунё ёшлари урушга қарши” деб номланган мурувват акцияси доирасидаги концертга таклиф этишди. Ўшанда ўғлимнинг ғаройиб қобилиятини кўрган халқаро продюсерлар ҳар йили турли фестиваллар ва концертларга чақира бошлашди. Ўшанда ўғлим ва устозининг бориш-келиш харажатларини мезбонларнинг ўзлари тўлаб берарди. Россия телеканалларидаги “Ғаройиб одамлар” лойиҳасига, “Ҳаммадан кучли“ кўрсатувчига таклиф қилишганда ҳам “боланинг ўзи келса бўлди, барча маблағларни ўзимиз тўлаймиз” деб чақиришган.
2018 йилда Тольятти шаҳрида ўтган халқаро фестивалга борганимизда Маданият вазирлиги Асадбекнинг йўлкирасига ҳомийлик қилди. Кейин Италияга скрипкачилар танловига бориб келди. Ўшанда ҳам 1-ўринни эгаллади. Бунда Ўзбекистон маданият вазирлиги қошидаги истеъдларни қўллаб-қувватлаш фонди орқали у ёқда яшаш харажатлари қоплаб берилди. Бориш-келиш авиачиптасини эса Ўзбекистон “Ипак йўли” банки олиб берди.
Ўтган йили маданият вазиримиз Бахтиёр Сайфуллаев мени олдига чақириб “Биз истеъдодли ўғлингизни стипендия билан таъминламоқчимиз”, – деди ва бир йил мобайнида ойига 400 минг сўмдан Асадбекка стипендия берди.
Бу йил “Ямаха” корпорацияси раҳбарияти яқинда бўлиб ўтадиган фестивалда Асадбекнинг иштирокини таъминлаш, умуман келажакдаги халқаро концерт, фестиваль ва танловларга боришида доимий ҳомийлик қилиш ташаббуси билан чиқди. Барча саҳоватли инсонларга чин кўнгилдан ташаккур билдираман.
Аввало ўғлимнинг устози профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Владимир Борисович Неймерга катта раҳмат! Мана, бу йил ўғлимнинг устози 80 ёшга тўлдилар. Илоҳим умрлари узоқ бўлсин! Уларнинг таълим-тарбияси самарасида ўғлим бутун дунёга танилди.
“Журналистлардан ёрдам сўрадим”
– Бу йил кутилмаганда операция бўлиб қолдим. Шунинг учун Асадбекнинг фестивалга бориш-келиш чипталарига пул етказиб беролмадим. Шифохонада ётганимда таниш журналистга ҳомий топишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдим, – дейди Асадбекнинг онаси. – Ахир фестиваль афишаларида ўзбекистонлик таниқли ёш режиссёр Асадбек Аюбжонов иштирок этади, деб эълон қилинибди… Шундай имкониятни бой берсак ўғлимнинг кўнгли ўксийди, бунинг устига мухлисларни интиқ қилиш ҳам яхши эмас. Фестивалга эса бир неча кун қолди…
Ҳамкасбимиз – журналист Наргиза Усенбаева бу гапдан сўнг ўзининг фейсбукдаги саҳифасига мурожаат ёзди:“Наҳот дунёда биргина кичик дирижёрни халқаро фестивалга юбора олмасак!!!”
Шу зоҳоти бу постга жавобан “YAMAHA” корпорациясининг Тошкентдаги вакили Абдулла ака: “Биз ўзимиз Асадбекка ҳомийлик қиламиз!” дея изоҳ қолдирди. У ўз жамоаси раҳбарларига, шу жумладан «SHOWPRO» МЧЖ раҳбари Г.Сугуралиевага бу таклифни айтганида улар дарров ижобий фикр билдиришди.
Мазкур пост ижтимоий тармоққа қўйилгач, Маданият вазирлиги, “Ёшлар иттифоқи” томонидан ҳам “Асадбекнинг йўл харажатларини биз ўзимиз тўлаб берамиз!” деган таклифлар тушди. Хуллас, саҳоватпеша ҳомийлар росмана “талашиб” қолишди! Воқеалар бундай тус олишини кўрган Асадбекнинг онаси ҳам суюниб, тезда оёққа турди. Албатта, юртимизда истеъдодларни қўллаб-қувватлашга “мана мен” деб кўкрак кериб турган инсонлар кўплиги одамни қувонтиради.
Сеҳрли таёқча эгасининг истиқболи порлоқ
Онаси – Моҳида Жумаева Асадбекнинг қиёфасида таниқли чолғучини кўришни истаганди. Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги санъат мактабида ўқиш чоғида, кейинчалик В.Успенский номидаги Республика махсус мусиқа академик лицейида таълим олганида, сўнгра мусиқа ўқитувчисининг маслаҳати билан Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, таниқли дирижёр Владимир Борисович Неймерга шогирд тушган вақтларида ёш дирижёрнинг истеъдоди мунтазам сайқал топиб борди.
–Биз ёзни халқаро симфоник оркестрда ўтказиш учун Волга бўйига сафарга отланяпмиз. У ерда турли давлатлардан келган дирижёрлар, чолғучилар йиғилади, – дейди профессор В.Б.Неймер. – Асадбек оркестрга дирижёрлик қилади. Мен эса у ёқда мусиқа ихлосмандларига дирижёрлик маҳорат дарсларини ўтаман. Хорижда Асадбекнинг мухлислари жуда кўп, улар бизни кутишмоқда.
Дирижёр – мусиқанинг юраги
Асадбек ҳатто таътил кунларида ҳам қалбларга жонбахш мусиқа улашишдан тўхтамайди. Уни ё концертда, ё фестивалда, ёхуд мурувват акциясида кўрамиз. Шу кунгача кўплаб халқаро мусиқа танловларида, фестивалларда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олган.
– Композитор куйни яратади, мусиқачи уни чалади, дирижёр эса мусиқанинг характерини, унинг маромини, авжини кўрсатиб беради. Шу билан чолғучи ва композитордан фарқ қилади.
Мени 8 ёшимда қишги таътил кунларида устозим – Владимир Борисовичнинг олдига олиб боришди, – деб эслайди Асадбек. – Олдин менга унча эътибор қилмадилар, 2-3 кундан кейин эса олдиларига чақириб: “Бўлди, сени ўзим ўқитаман!” дедилар. Устозим билан шуғулланишни бошлаганимиздан 3 ой ўтиб, илк концертимга дирижёрлик қилдим.
Энг катта ютуқларимдан бири – Россиянинг “Москва дўстларни қаршилайди” фестивалида қатнашганим. ҳаётимдаги бахтли воқеалардан яна бири – бу йил 5 вгустда устозим Владимир Борисович билан “Ҳудуд билмас мусиқа” фестивалига жўнаб кетяпмиз. Бу фестиваль деярли бир ой давом этади. У бизга турли мамлакатлардан келган санъаткорлар билан бир жамоада ишлаш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.
–Биз бу оила билан таниқли дирижёр Вадим Борисович орқали танишдик. Умуман Вадим Борисовичнинг шогирдлари ҳаммаси истеъдодли, уларни ҳамма танийди, дунёнинг бир қатор мамлакатлари оркестрларида фаолият олиб боришади, – дейди “YAMAHA” корпорацияси ҳудудий мутахассиси Артур Хонсаверов. – Корпорациямиз узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келади. Ўзбекистонда фаолият бошлаганимизга энди бир ярим йил бўлди. Аммо маҳсулотимиз республикадаги мусиқа олами вакилларининг эътиборини қозонишга улгурди. Бизнинг мақсадимиз ёш мусиқачилар тўғри ривожлансин, улар мукаммал мусиқа асбобларида ҳақиқий товушлар жарангини ҳис қилсин, ўз имкониятларини ишга солиб, улкан ютуқларни қўлга киритишсин. Биз уларни технология томонидан ҳам, моддий ва маънавий томондан ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Суҳбатимизнинг сўнгида Асадбекнинг онасидан истеъдодлар тарбияси борасида ота-оналарга нима маслаҳат берасиз, деб сўрадик.
–Аввало телефонни қўлдан қўйишсин! – дейди Моҳида опа. – Бугун автобусда бир аёлни кўрдим. 2-3 яшар боласи бир қўлида вафли, бир қўлида бутилкадаги сувнинг қопқоғини очолмай, онасига қараяпти. Она эса қўлидаги телефондан бош кўтармаяпти… Бошига бир урсанг!..
Афсуски, мана шу тарзда қўплаб истеъдодларни ўз ҳолига ташлаб, уларни бой беряпмиз! Фарзандларимизнинг хотираси, онги ривожланадиган мурғак ёшида уларга эмас, телефонга меҳр беряпмиз. Аслида ҳар бир фарзанд қалбида қандайдир қобилият мудраб ётади. Уни уйғотиш ота-онага боғлиқ.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли