Мактабга қайтинг, домлалар!

Сўнгги чорак аср вақт ўқувчини ҳам, ўқитувчини ҳами мактабдан совитиб юборган, ўқитувчилар шунчаки сабоқ бераётгани-ю, ўқувчиларнинг азбаройи давомат учунгина мактабга бораётгани ачинарли.

Сўнгги йилларда мактаб таълими тизими кўпчиликни қониқтирмаётгани хусусида бонг урувчилар сони кўпайиб кетди. Қозоғистон йўлида ҳалокатнинг сабабчиси ким? Устозлар. Кимдир Сурияда террористик оқимга кириб қолса, айбдор ким? Ўқитувчи. Ҳатто кимдир ишсизлиги-ю, кимнингдир ўғли ёки қизи бирор муаммога дуч келса ҳам ўқитувчи айбдор. Шу тўғрими?

Мана шу саволга узоқ жавоб изладим. Бошқаларни билмадим-у, аммо ўзим ҳам педагог бўлганим учун бу ҳолатга шунчаки қарай олмадим. Ва миллатимизнинг бош шиорига айланган ҳамма нарсага ўқитувчи сабабчи деган  иборани атрофлича таҳлил қилишга уриниб кўрдим.

Жамиятимизда бир қатор иллатлар кўзга кўриниб бораётгани, буларнинг аксарияти жамият аъзолари, анироғи улғайиб келаётган ёш авлод тарбиясида бўй кўрсатаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Сўнгги чорак аср вақт ўқувчини ҳам, ўқитувчини ҳами мактабдан совитиб юборгани, ўқитувчилар шунчаки сабоқ бераётгани-ю, ўқувчиларнинг азбаройи давомат учунгина мактабга бораётгани кузатилди. Тўғрида Ўқиб олим бўлармиди? Ўқиган олимлар, дипломи бор мардикорлар мактабни босиб ётибди-ку.

Ўтган асрнинг 90-йиллари мустақилликка эришганимиздан сўнг, мамлакат иқтисодиётини кўтаришга қаратилган чора-тадбирларнинг туб негизида қишлоқ хўжалиги бирламчи ўринга чиқди. Бу ҳолат ҳамма соҳа бирдай қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшишни тақозо қиларди. Дастлаб, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган мактаб ўқувчилари 21-асрга ўтиб, бу ишлардан озод қилиндию, расмиятчиликда таълим ўз иши билан шуғуллансада, аммо барибир таълимдан ташқари юмушларга сафарбар этилаверди.

Кам ойлик иш ҳақи, турли хил машмашалар шу соҳада ишловчи кўпчилик эркакларни бездирди, алалоқибат, таълим тизимининг 75-80 % қисми аёлларни ташкил этиб қолди.

Биламиз, аёллар ҳиссиётларга берилувчан, баъзан эса ҳақиқатдан меҳрни устун қўювчи, Аллоҳ томонидан ожиза қилиб яратилган махлуқот.

Бир неча минг йиллик тарихимизнинг гувоҳлик беришича, муаллим, устоз, пири комил сингари атамалар эркакларга нисбатан берилган. Бизга маълум бўлган манбалардан ҳам бирор бир аёл ўқитувчининг номи келтирилган эмас. Аниқроғи 17-18 асрларда Нодирабегимнинг устози Увайсий экани ёзилган. Баъзан атоқли номларнинг таржимаи ҳолида биринчи устози ота-оонаси экани қайд этилган ўринларга ҳам кўзимиз тушади. Бироқ қайсики аллома, даҳо ва файласуфларимизнинг устози манбаларда эркак номи билан тилга олинади. Кўринадики, қатъиятли қилиб тарбияланажак болагина келажакда ўз ўрнига эга бўлиши табиий.

Тарихдан бироз чекиниб, бугунги аёл муаллимлар тарбиялаган ўқувчи ҳақида мулоҳазалашайлик.

Авваллари бошланғич синфларда ҳам, фанларнинг деярли барчасида 70 % ортиқроғи эркак ўқитувчиларни ташкил этарди. Аммо бугунчи? Нега эркак ўқитувчилар мактаблардан кетиб қолди.

Биринчидан, мактабдан олинадиган ойлик маош эркакнинг бир ойлик оилавий ҳаражатини қопламайди. (аксарият бугунги кундаги эркак ўқитувчиларнинг оилавий бизнеси, боғи, деҳқончилиги ёки тадбиркорлиги бор. Мактабдан ташқари тирикчилик билан шуғулланаётган эркак ўқитувчига таълим билан эркин ва ҳотиржам шуғулланишга вақти борми).

Иккинчидан таълим тизимида эркак ўқитувчилар учун ҳеч бир имконият йўқ. Масалан, имтиёзли кредит, ўқувчиси олий ўқув юртига кирган ўқитувчи учун қандайдир устама, ва ҳ.к.

Эркак ўқитувчиларнинг ёзув-чизув билан андармон бўлиб қолиши.

Мактабларда домлаларнинг етишмаслги жуда кўп салбий муносабатларни юзага келтиради.

Бир куни бир ўқувчимнинг онаси қўнғироқ қилиб, ўғлиинг менга бўлган муносабати ҳақида гапирди.

“Ўғлим сизни жуда яхши кўради. Сиз айтган гапларни кўп айтади, баъзан менга ҳам танбеҳ бериб, сиз айтган нарсаларни қилишга ундайди. Бирор нарсада қулоқ солмаса, оянг айтдилар деб, йўлга соламан”.

Бу онанинг гапларидан ўйланиб қолдим, бугунги кунда мактабда ўқувчининг идеали домла эмас муаллима.

Сўнг мушоҳада қила бошладим.

Баъзи бир, аниқроғи барча(15-20 та, баъзи мактабларда 4-5 та) домлаларнинг хонасига кирсангиз, кўргазма етарли эмас, баъзан хона бетартиб, мободо мактабга комиссия келса, ишлаб чиқариш йиғилишида дакки эшитадиган эркак ўқитувчи. Жуда кўп кузатганим, нега болани уришасан, хонага қарамайсан, кўргазмаларинг стол устида турмайдими? Сингари танбеҳлар домлаларга берилади. Энди аёл ўқитувчиларнинг хонасига кириб кўринг, кўргазмани кўплигидан бошингиз айланади. Санъант галереясига кириб қолганга ўхшайсиз. Ҳужжатлар жойида. Мактабни ялтироқ қоғозга ўраб кўргазмалар виставкасига айлантиришдан кўра, бироз қаттиққўл, қўрс бўлса-да таълимга эркак ўқитувчиларни қайтариш ва уларга таълим беришида етарли шарт-шароитларни яратиш керак эмасмикан?!

Мен бу гапим билан аёл ўқитувчиларнинг шахсиятига тегмоқчи эмасман, аммо бугунги кун ўқувчиси(қизларку майли, ҳатто ўқувчи йигитлар)учун идеал фақатгина аёл киши бўлиб қолаётгани мени ташвишга солаяпти.

Биз келажак учун Тўмарис, Нодирабегим, Қурбонжон додҳо сингари идеаллларни етиштириб бериш билан бир қаторда, Широқ, Маҳмуд Таробий, Мангуберди сингари ватанпарварлар билан бир қаторда Беруний, Хоразмий, Навоий, Ибн Сино, Бобур, Фарғоний, Бухорий, Машраб, Фитрат, Чўлпон, Қодирий каби даҳоларни ҳам етиштиришимиз керак. Бунинг учун бугунги таълим тизимининг юқорида муҳокамага ташлаган кичик кемтигини тўлидиришимиз ҳам керак. Балки ана шунда сифатли таълим деган бино учун яна бир ғишт қўйилган бўлармиди?!

Хуршида НИШОНОВА,

Наманган шаҳридаги 43-мактаб ўқитувчиси

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: