ЯНГИ ТИЗИМ АЛЛЕРГЕНЛАРДАН ОГОҲ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил топганига бир йил бўлди. Ўтган вақт ичида вазирлик қандай ишларни амалга оширди? Хусусан тиббиётга оид қандай инновацияларни жорий этишга улгурди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил топганига бир йил бўлди. Ўтган вақт ичида вазирлик қандай ишларни амалга оширди? Хусусан тиббиётга оид қандай инновацияларни жорий этишга улгурди. Шу ҳақда билиш учун вазирликнинг Тадқиқотлар, таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, доцент Бахтинур Худанов билан суҳбатлашдик.

 –Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Халқаро молекуляр аллергология марказининг ташкил этилишидан қандай мақсадлар кўзланади? Мазкур марказнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика илмийихтисослашган аллергология марказидан фарқи нимада?

– Халқаро молекуляр аллергология маркази ишлаб чиқариш соҳасида инновацияларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Марказ аэробиологик хизмат, рекомбинант аллерген молекулалар, маҳаллий диагностик тестлар, вакциналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда экстрактлардаги аллергенларни текшириш ва стандартлаштириш халқаро лабораторияларидан иборат. Бу эса нафақат тиббиёт ходимлари балки ботаника соҳасидаги мутахассислар, молекуляр биологлар, технологлар, олимлар, статистлар, ахборот-коммуникациялар соҳасидаги мутахассислардан иборат жамоа фаолият юритишини тақозо этади. Республика илмий-ихтисослашган аллергология марказидаги ходимлар клиник шифокорлар бўлгани боис улар молекуляр аллергология ва биология соҳасида етарли билим ва малакага эга эмаслар. Шу муносабат билан ҳам вазирлигимиз даволаш-диагностика жараёнларининг самарадорлигини ошириш мақсадида марказга юқори малакали халқаро мутахассисларни жалб қилди. Хусусан, Молекуляр аллергология ва иммунология бўйича халқаро университетлар тармоғи вице-президенти Виктория Гариб ушбу марказни бошқариш ва фаолиятини мувофиқлаштириш учун жалб этилди. Вена тиббиёт университетининг профессори Уве Бергер юртимиз аҳолиси орасида аллергик касалликлар диагностикасини моделлаштириш ва мувофиқлаштириш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, вазирлигимиздаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзолигига таниқли грузиялик олим, профессор Майя Готуа ҳам кирган.

НИМАДАН АЛЛЕРГИЯНГИЗ БОР?

– Тошкентда бўлиб ўтган InnoWeek халқаро инновацион ҳафталиги доирасида кўплаб инновацион ишланмалар, замонавий технологиялар намойиш этилди. Ярмаркага келганлар янги услубдаги тестдан ўтиш имконига эга бўлишди. Шу ҳақдаям тўхталсангиз. 

– Айни пайтда дунё аҳолисининг 30 фоизи аллергиядан азият чекмоқда. Беморлар нима учун бу касалликка чалинганию, айнан нимадан аллергияси борлигини аниқлагунча анчагина вақт, пул сарфлашяпти. Сиз тилга олган ALEX тести аллергия диагностикасининг янги тизими бўлиб, унда одамнинг аллергияга мойиллиги молекуляр даражада текширилди. Аниқроғи бу бир марталик ишлатишга мўлжалланган картриж асосидаги тест тизимидир. Картриж ўсимлик чанги, уй чанги, ёнғоқ, мевалар каби 282 та аллергик манбаларининг оқсилларига эга. Текшириш давомида мижоз зардобидаги аллерген-специфик IgE-антижисмлар тегишли оқсилларга боғланиб, кимёвий реакция ҳосил бўлади. Мана шу реакция Macro Array Diagnostics компанияси томонидан ишлаб чиқилган таҳлилий асбоб ёрдамида ўлчанади.

– Бу тестнинг ўзимизда мавжуд бошқа таҳлиллардан фарқи ва афзалликлари нимада?

–ALEX тести Австриянинг Macro Array Diagnostics GmbH илмий-тадқиқот компанияси томонидан тақдим этилган бўлиб, у оз миқдордаги қондан аллергия ривожланишининг 282 та потенциал триггер факторини бир марталик текширув натижасида аниқлаш имконини беради. Мазкур тестни оддий лабораторияларда ҳам ўтказиш мумкин. Бунда лабораториялар қимматбаҳо ускуналар билан жиҳозланиши шарт эмас. Бу тестдан бугунги кунда кўплаб мамлакатларда самарали фойдаланиб келинмоқда. Инновацион Ривожланиш вазирлиги мана шу янги технология асосида аҳолининг аллергик паспортини жорий қилиш, шу асосда касалликнинг олдини олиш ёки осон ва тез даволашга эришишни режалаштирган.

ЧАНГ ҚОПҚОНЛАРИ НИМА?

–  Шу йил куз ойида пойтахтимизнинг иккита туманига илк бора чанг қопқонлари ўрнатилди. Шулар тўғрисида ҳам маълумот берсангиз.

– Тўғри, Тошкент шаҳрида 2 та энг сўнгги авлод VPPS 2010 чанг қопқонлари ўрнатилди. Бу билан янги йилдан бошлаб пойтахтимиз аҳолисида мавсумий аллергияларни назорат қилиш имконияти пайдо бўлади. Бунда ҳозирча шаҳримизнинг икки нуқтасига ўрнатилган чанг мониторинги станциялари ёрдам беради. Ушбу ускуналар ёрдамида ҳаводаги аллергенлар концентрациясини аниқлаш, даврийлиги ва тарқалиш дислокацияси ҳақида аҳолига ҳамда хорижий меҳмонларга интернет тармоғи орқали олдиндан маълумотларни етказиш мумкин. Айни кунларда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган DMC инновацион клиникаси ҳамда Олмазор туманидаги Илғор технологиялар марказига ўрнатилган ушбу қопқонлар гуллаган ўсимликларнинг чанглари, ҳаводаги замбуруғ ва чангларга бўлган аллергияни назорат қилиш имконини беради.

Аллергиядан азият чекувчиларда касаллик турли кўринишларда – тумов, конъюнктивит, тери қичишиши ва қизариши, хатто бронхиал астма кўринишида намоён бўлиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам шаҳарлардаги аллергик вазиятни назорат қилиш ва аллергенлар ҳужуми тўғрисида аҳолини огоҳ қилиш муҳим аҳамиятга эга.

– Демак, ҳамшаҳарларимиз ҳаво чангланганини аллергия аломатлари пайдо бўлмасидан аввал билиб олишаркан-да?

– Албатта. Чанг мониторинги аллергия мавсумининг бошланишини олдиндан айтиб беради. Бу эса ўз навбатида касаллик аломатлари авж олишининг олдини олишга ёрдам беради. Қопқонларда йиғилган чанглар лаборатория шароитида кучли микроскоплар орқали текширилади ва текширув натижалари ўпкамизга тушиши мумкин бўлган чанглар ҳақида тўлиқ ахборот олиш имконини беради. Таҳлиллар натижалари 2019 йилдан бошлаб махсус сайтда эълон қилиб борилади. Бу билан беморларни текшириш ва даволашга камроқ вақт ҳамда маблағ сарфланишига, тез ва аниқ ташхис қўйишга имкон яратади.

«ТЕЗ ЁРДАМ» ЧАҚИРМАСАНГИЗ ҲАМ ЕТИБ КЕЛАДИ

– Юртимиз тиббиёти соҳасига яна қандай ислоҳотлар олиб кириш режалаштирилган?

– Қиладиган ишларимиз жуда кўп. Ҳозирда тажрибали мутахассислар иштирокида энг муҳим, таъсирчан механизмлар устида иш олиб боряпмиз. Мисол учун, Соғлиқни сақлаш ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида «Ақлли тиббиёт» концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Яъни, телефонингизга махсус чип ўрнатилади ва асосий базага уланади. Эрталаб уйқудан туриб, қўл телефонингизни олишингиз билан унда умумий аҳволингиз: қон босими, юрак уруши, тана ҳарорати ҳақидаги маълумотлар марказга етиб боради.

Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, айрим давлатларда кишилардаги инсульт олди ҳолатлари марказга сигнал орқали етиб боргач, шифокорлар зудлик билан бемор олдига етиб келиб, инсультнинг олди олинган.

Бизда эса шунинг осон ва қулай жиҳати ёрдамга муҳтож инсонларга қаратилади. Бундан ташқари, эшитиш ёки гапиришда муаммоси бўлган кишиларга махсус диспетчерлик хизматини таклиф қиляпмиз. Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, республикамиз бўйича эшитмайдиган фуқаролар сони 21 558 тани, кар ва оғир эшитувчи болалар мактаблари 14 тани ташкил қилади. Хўш, биз таклиф қилаётган дитспетчерлик хизмати қандай ишлайди?

Бу тизим уларга биринчи ёрдам хизматларига жуда оддий усулда хабар беришга кўмаклашади. Эшитишда муаммоси бўлган шахс ўз соғлиғидан шикоят қилишда аввало мобил илова ёки СМС орқали диспетчерга мурожаат қилади. Диспетчер манзилни автоматик равишда аниқлайди ва маълумотни тез ёрдам хизматига узатади. Бу тизим 101, 102, 104, 1050 рақамли хизматларга ҳам маълумот узатади. Бу билан кўмакка муҳтож кишиларга ғамхўрлик қилиш назарда тутилган.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: