Ёш улғайиши билан юзга ажин тушиши, соч оқариши, қувват кетиши ва бошқалар одатий ҳол. Биз табиий жараённи тўхтата олмаймиз, лекин турли чоралар ёрдамида қаришни секинлаштира оламиз. Қандай қилиб дейсизми? Бунинг учун қуйидаги хато ва камчиликларга йўл қўйишдан эҳтиёт бўлинг.
Юзни ювишга эриниш
Биз ҳар куни эрталаб туриб юзимизни ювамиз. Аммо кечқурун шу даражада чарчаймизки, юздаги макияжни — кун давомида суртилган упа-эликларни артиб олмасдан ухлашга ётамиз. Бу тери учун жуда зарарли.
Юз ювишга бор йўғи бир неча дақиқа кетади. Юзни эрталаб ва кечқурун ювиш нафақат ажин тушишининг, балки юз терисидаги тешикчалар тиқилиб қолиши ва тошма чиқишининг олдини олдини олишга ёрдам беради.
Бўйин ва қўл терисини парвариш қилмаслик
Биз юзимизга озиқлантирувчи крем ва маскалар суртишни унутмаймиз. Аммо қўл ва бўйинни парвариш қилишни кўп ҳолларда эсдан чиқарамиз. Юзингиз ёш кўриниши мумкин. Аммо сиздан ранжиган бўйин ва қўлларингиз асл ёшингизни “сотиб қўяди”. Шунинг учун уларга ҳам эътибрли бўлинг. Масалан, бўйнингиз, қўлингиз ва елкаларингизни уйқудан олдин намлаб артинг. Кундузи эса қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланинг. Ва, албатта, қўл териси тонусини ошириш учун махсус машқларни бажариб туринг.
Қуёш тиғи остида узоқ бўлиш
Тўғри, D витаминини қабул қилиб олиш учун қуёш нури ҳам керак. Қиш ва куз фаслларида офтоб нурининг зиёни йўқ, аммо баҳор ва ёзда қуёшда кўп юриш юз териси қуриши, қорайиши ва унда ажин пайдо бўлишига олиб келади. Иссиқ мавсумда ҳар куни махсус ультрабинафша нурлардан сақловчи крем суртиб кўчага чиқиш керак. Бундан ташқари, қуёш нурлари тиккага келганда кўзойнак тақиб юриш кўз атрофидаги мимик ажинлардан сақланишга ёрдам беради.
Кўп ёки кам ухлаш
Уйқунинг кўпи ҳам, ками ҳам ёмон. Масалан, кундалик уйқу 8,5 соатдан кўп бўлса, меъёр бузилган ҳисобланади. 6 соатдан кам уйқу эса тўлақонли ҳаётий фаолият учун камлик қилади. Кунига 7-8 соатдан кам ва кўп уйқу ҳам терига салбий таъсир кўрсатади. Албатта, кун бўйи ишлаб чарчагандан сўнг эрталабгача тана ўз кучини тиклаб олиши керак. Терида эрта ажин пайдо бўлмаслиги учун тўлақонли, соғлом уйқу режимига амал қилинг. Шу ўринда унутманг, уйқуга соат 23.00 дан аввалроқ ётиш керак. Негаки энг фойдали уйқу соат 23.00-24.00 орасида. Ухлаш ҳолати ҳам тери гўзаллигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Кўпроқ чалқанча ётиб ухлашга одатланинг. Қоринни пастга қаратиб ва ёнбошлаб ухлаганда юз ёстиққа қаттиқ ботиши натижасида ажин пайдо бўлиши мумкин.
Мева ва сабзавотларни кам истеъмол қилиш
Албатта, ишга берилиб мева-чеваларни кам истеъмол қиламиз. Ҳатто пишиқчилик пайти ёз ва куз мавсумида ҳам хўл мева, хом сабзавотларни енгил тамадди қилишга хафсала этмаймиз. Кўпинча шошилиб таом ва ширинликлар билан қоринни алдаб қўя қоламиз. Етар, ўз рационингизни антиоксидантларга бой маҳсулотлар билан тўлдиринг. Улар танадан тери учун зарарли бўлган эркин радикалларни чиқариб юборишга ёрдам беради ва эрта қаришнинг олдини олади. Энг фойдали антиоксидантларга реза мевалар, дуккаклилар, олма, сабзи, қизил узум, ёнғоқ ва олхўри киради.
Зарарли одатлардан воз кечолмаслик
Чекиш ва спиртли ичимликлар асабни бироз бўшаштириши, кайфиятни кўтариши, муаммоларни унутишга ёрдам бериши мумкин. Лекин сизни кексаликка етаклайди. Чекиш юзни, тишларни сарғайтиради, терини бужмайтиради. Бу ерда гап организмнинг умумий ҳолати ҳақида эмас, ичкилик ҳамда тамакининг терида қандай акс этиши ҳақида бораяпти. Уларнинг соғлиққа қандай зиёни борлигини ҳамма билади. Улар оқибатида тери доимий тарзда сувсизланиб, қуруқшаб боради. Бу ҳолат эса эластиклик хусусияти йўқолиб тери осилишига олиб келади.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.