Метро тўлови қачон автомат тизимга ўтказилади?

Метро тўлови ҳам қачондир автомат тизимга ўтказиладими? Ахир битталаб жетон санаб, терминалнинг «ўйланишини» кутиб, ҳамма ишга, ўқишга кеч қоляпти…

Фото: М.Бекжонова

Октябр ойининг илк кунлари пойтахт талабалари учун ташвишга бой бўлди. Ҳар ой ортиғи билан киоска ва метро кассаси пештахталарида турадиган «проездной»лар бу сафар нима учундир кўпчиликка етмай қолди. Бу бир парча қоғоз биз – катталар учун кўп нарсани ҳал қилмайди аммо талаба халқи учун, айниқса стипендиясиз контрактда ўқишга маҳкум бўлган, ҳали қўлидаги пул-маблағини оқилона тақсимлашни ўрганмаган ёшлар учун жуда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Аммо негадир «Метрополитен» ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» ташкилотлари масъуллари бу йил квоталар кўп бўлганини, талаба «проездной»ларига кўз тикиб, умид билан кутаётган йигит-қизларни унутиб қўйишди.

Бунинг устига бу бир парча қоғоз уларнинг вақти ва нақдини ҳам тежаб-тергаш учун қулай восита эди-да. Негаки ҳар сафар жетонга навбат кутиш, терминал ишламай қолса ва нақд пул бўлмаса банкоматга югуриш ҳолатлари бўлиб туради, автобусга чиққанда эса майда йўқ, деб паттачилар ҳар сафар 100 сўмни «еб» қўйишади…

Рассом: Фарангиз Атабаева

Хуллас, «проездной» йўқ, терминал яхши ишламайди, метродаги жетон сотувчилар улгуролмаяпти…
Бу ҳолат яна қанча давом этади?

Умуман бизда метро тўлови ҳам қачондир автомат тизимга ўтказиладими? Ахир битталаб жетон санаб, терминалнинг «ўйланишини» кутиб, ҳамма ишга, ўқишга кеч қоляпти-ку?!

Наҳотки XI асрда майда пулларни қўлини ҳўллаб, гербли томонига айлантириб, эринмай санайдиган қўпол кассирлар ўрнига янгича автоматлаштирилган тизимни ўйлаб топиш шунчалик қийин бўлса?!

Афсус… юртимизда таълим тизимини ривожлантириш учун қанча ҳаракатлар қилиняпти. Дарс соатларини давомат текширишга сарфламаслик учун таълим муассасаларига кеч қолиб келувчиларни қайд қилувчи автомат турникетлар ўрнатилмоқда, аммо транспорт тизимидаги муаммолар буларнинг барчасини йўққа чиқаряпти… Бу масалада тегишли идоралар жиддий ўйлаб, статистика маълумотларга асосланган ҳолда уловсиз хизматчилар ва талабалар қатнов шароитларини яхшилашни назарда тутувчи чора-тадбирлар жорий қилишига умид қилиб қоламиз.

Манзура Бекжонова.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: