Ўзининг “Бағримга кир – бағримга”, “Ёр меники”, “Юзимга қара, юзимга” каби “жилвагар” рақслари билан ўнлаб телеканалларни забт этган Нозлихон Карашмаева бугун “Юлдузлар” газетасининг меҳмони.
— Нозлихон, нега айнан раққосаликни танладингиз?
— Менинг раққоса бўламан деган ниятим йўқ эди. Телевизорда бир раққосанинг ўйинини кўриб қолдим. У қўлини у ёққа, бу ёққа ташлайверди. Икки қадам олдинга, кейин яна икки қадам орқага ташлаб қўлларини осмонга қайта-қайта кўтараверди. Раққосаликнинг ҳеч қийин томони йўқ экан деб, мен ҳам ўргана бошладим.
— Илк устозингиз…
— Устозим йўқ, раққосаликни телевизордан ўрганганман дедим-ку!
— Раққоса бўлишингизга ота-онангиз қаршилик кўрсатишмадими?
— Йўқ. Отам раҳматлик ўтиб кетганлар. Онам етим ўсган, ўксимасин, деб хоҳиш билдирдилар.
— Мухлислар “назари”га тушишингиз сира нимада деб ўйлайсиз?
— Рақсга тушишингизда кўз сузилмаса, бармоқ лабга тегмаса, бор баданингиз қимирлаб, ноз-карашма қилинмаса томошабин назарига туша олмайсиз.
— “Яқинда “сув юзида” деган янги рақсингиз клипга олинибди?
— Ҳа, “Қора денгиз”да ўйнаб рақсга тушгандим. Шу пайтгача ҳеч ким сувда рақсга тушмаган. Кичкина қайиқчада туриб ўйнаш жуда қийин бўлди. Мени чўкиб кетмасин деб қутқарувчилар ҳам шай туришди. Худога шукур эпладим. Рақсим “хит”га айланиши шубҳасиз. Ана ундан кейин тўйларга буюртмалар кўпаяди. Пулни хазондек супуриб улгуролмай қоламиз.
— Сизни ҳалиям турмушга чиқмаган дейишади?
— Ёлғон! Ота “пот-пот”га турмушга чиққанман. “Кимнинг тўйида эдинг, қайси қўшиқчи билан бординг? Тегажоқлик қилишмадими”, деявериб жонимга тегиб кетди…
— Шу сабаб ажрашдингизми?
— Йўқ! Ундан тракторнинг мойи синга бошлади. Тўйлардаги экстремал рақслари “хит”га айланган раққосадан мой ҳиди анқиб турса яхшими?
— Сизни “Сайроқи Булбулбоевга турмушга чиқаяпти” деган шов-шувлар юрибди?
— Ҳа уми, менга уйланмоқчи эди. Ана у етти эрдан чиққан Таннозхон яшшамагур илиб кетди. Сиздан илтимос, шахсий ҳаётимга даҳлдор саволлар берманг. Сиз мухбирларга ҳайронман. Нуқул одамни шарманда қиладиган бетайин саволлар берасиз.
— Тўйларга кўпроқ қайси хонанда билан борасиз?
— Танлаб ўтирмайман. Айтган пулимни беришса “либой” қўшиқчи билан кетавераман.
— Сизга тегажоқлик қилишса…
— Қани тегажоқлик қилишсин-чи. Иккита девдай хос соқчим бор, адабини бериб қўйишади.
— Либослар танлашга ҳам уста экансиз?
— “Машҳур” бўлишимда мен танлаган куйлакларнинг роли катта. Ҳамма жойингизни ўраб-чирмаб рақсга тушсангиз тўйга чақирмай қўйишади.
— Нозлихон яна турмушга чиқиш ниятингиз…
— Нима бало, ҳа деб эр-эр деб ёпишиб қолдингиз. Эрни бошимга ураманми? Ишимга ҳалақит беради. Бемаъни саволлар билан вақтимни ўғирлаяпсиз. Биласизми, вақт – бу пул! Сиз мени реклама қилиб бераман деганингизга вақт ажратиб келувдим. Сизнинг интервьюнгизни деб тўйни «отказ» қилдим. Агар шу кетган вақтимга тўйга борганимда ёки бирор қўшиқчининг қўшиғига клипга тушганимда икки юз доллар беришарди. Ҳали, мақолангизнинг қизиқарли чиқиши учун “Эрсиз қолган раққоса” деб сарлавҳа ҳам қўярсиз? Агар шунақа қилсангиз, таҳририятингизга “савсем” қадам босмайман. Эрсиз қолсам майли, тўйсиз қолмай!
Барди Жуманиёзов.