Таркибида организм учун фойдали кўплаб моддалар бўлган қаҳва ҳаракат фаоллигини ошириши, моддалар алмашинувини тезлаштириши сабабли ёшлик эликсирлари қаторига киритилган. Таркибидаги кофеин туфайли у кишига тетиклаштирувчи куч бағишлайди. Бу ичимлик инсон миясининг тиниқ ишлашига ижобий таъсир кўрсатади. Кунига 1-2 финжон қаҳва кундалик меъёр ҳисобланади. Шу меъёрдан ошмаса меҳнат қобилиятини кучайтиради, хотира ва диққат-эътиборни теранлаштиради. Қон босими тушишидан пайдо бўлган бош оғриғида ва тумовда, шамоллашдаги ҳолсизликларни енгишга ёрдам беради.
Кунига 1 финжон қаҳва ичган кишиларда депрессия хавфи 80 фоизга камаяди. Шунингдек Альцгеймер, Паркинсон касалликлари ва кексаликдаги ақлий ноқисликдан сақлайди.
Тез-тез пешоб ҳайдаши туфайли буйракни фаол ишлашга ундайди, шу тариқа танадаги шишларни камайтиради.
Қаҳва жинсий фаолликни оширади, умуман простата бези билан боғлиқ муаммолардан сақлайди.
Мева ва сабзавотларни кам ейдиган одамлар антиоксидантларни қаҳвадан олиши мумкин.
Қаҳванинг кундалик меъёри
Аччиқ қаҳва қон босимини оширади. Гипотонияда фойда, аммо гипертонияда уни меъёридан кўп истеъмол қилиш ярамайди.
Ҳаддан ташқари кўп қаҳва ичиш асабийлик, жиззакилик, уйқусизликка сабаб бўлиши мумкин. Унга ўрганиб қолиш ва бирдан воз кечиш депрессияга олиб келади. Оч қоринга ичилган қаҳванинг организмга фойдаси йўқ.
Соғлом одам учун кофеиннинг кундалик дозаси – 300-500 мг.
Бир стакан ичимликда 120-150 мг кофеин мавжуд. Агар шоколад ва бошқа кофеин сақловчи маҳсулотлар истеъмол қилмасангиз, кунига 2 чашка қаҳва меъёр ҳисобланади.
Оч қоринга қаҳва ичиш тавсия этилмайди. Қаҳва учун энг маъқул вақт соат 9.00-10.00 оралиғи ҳисобланади. кечки пайт ичилган қаҳва уйқуни қочиради.
Бир финжон қаҳва организм учун зарур бўлган кундалик В2 витаминининг 11 фоизини, В5 витаминининг 6 фоизини, калийнинг 3 фоизини ҳамда магнийнинг 2 фоизини беради.
Қаҳвахўр хонимларда ортиқча вазн бўлмайди. Чунки бу ичимлик организмда моддалар алмашинувини 3 фоиздан 11 фоизгача тезлаштиради.
Жисмоний машқларни бошлашдан аввал бир финжон қаҳва ичиб олсангиз, организмда адреналин миқдори ортиб, ёғ тўқималаридаги ёғ кислоталари тозаланади.
Тетиклашиш учун қора оз шакарли қаҳва, шунчаки мазали ичимлик ўрнида эса сутли қаҳва маъқул.
Шаҳризода Атабаева тайёрлади.