Истеъдод туғма бўлади дейишади. Аммо туғма иқтидорни рўёбга чиқариш ҳам игна билан қудуқ қазигандай гап. Агар мурғак қалбдаги қобилият эрта аниқланиб ривожлантирилмаса, имкон тополмай сўниб қолиши ҳам мумкин. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар ота-она ва устозлардан катта маҳорат, фидойилик талаб этади.
Ёш рассом Азиза Шоймуродованинг ҳам тасвирий санъатга бўлган қизиқиши болалик чоғларидан бошланган. Унинг беғуборлик билан дафтар саҳифалари ёки уй деворларига чизган ноаниқ қалам излари бора-бора нафис, гўзал тасвирларга кўчди. У гоҳ дарахтларнинг сарғайган япроқларига жон киритишга, гоҳида шамолларнинг овозини ранглар орқали ифода этишга интиларди. Табиатнинг ҳамма ҳам илғай олмаган гўзалликларини ҳайрат ила оқ қоғозга кўчирарди. Доимий ҳамроҳи қалам-қоғоз бўлган ёш қизалоқнинг ота-онаси барча умидларини унинг орзу-ҳаваслари билан боғлашди. Қимматбаҳо мўйқалам ҳамда мойбўёқлардан маблағ аяшмади. Фарзандини айнан уни қизиқтирган йўналишдаги таълим муассасига ўқишга беришди. Қизалоқнинг умидли ижод намуналарини кўриб, кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Юртимизда ўтказилган қатор танловларда ишлари объектив баҳоланган ёш ижодкорнинг қўли келишиб, ижоди сайқал топа бошлади, имкониятлари ҳамда руҳияти юксалиб борди.
Ҳозирда Азиза Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 11-синфида ўқийди. У чизган тасвирлар, рамзлар, ишораларда гўзал бир самимиятни, беғуборликни кўрасиз. У тирикликнинг руҳи ва нафасини дадил ифодалайди. Рассомнинг “Куз хаёллари” суратида шамолларда титраётган сариқ япроқлар ва олис манзиллар сари хорғин қадам ташлаётган аёл тимсоли акс эттирилган. Ушбу ҳолатлар орқали у олтин фаслнинг бор фалсафасини ўзига хос тарзда тасвирга кўчирган.
“Ажиб оҳанглар” суратида эса сумбул сочларини сув узра ёйиб, нималарнидир шивирлаётган мажнунтол, нилуфаргулларнинг сувда жимирлаб турган акси, енгилгина шабада таъсиридаги япроқлар титроғи ифодаланган. Ижодкорнинг тоза қалбидан дарак берувчи “Қиш қадамлари”, “Ёзги ошхона”, “Эски ҳовли”, “Қадимги буюмлар” картиналаридаги илиқ ранглар ҳам юракларга ўзгача тафт беради.
Азиза республикамиз ва чет эллардаги кўрик танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Тасвирий санъатнинг ўзига хос сирларини англашда унга устозлари Жамол Халилов, Зафар Зуфаров, Муродилла Акрамовлар яқиндан ёрдам беришмоқда. Ундаги ижодга меҳр, гўзалликка ошуфталик, ҳиссиётга тўла қалб аввало журналист онасидан ўтган бўлса керак. Азизанинг отаси эса тадбиркор. У нафис санъатга кўнгил қўйган фарзанди ўз иқтидорини намоён этиши учун моддий ва маънавий томондан доим қўллаб-қувватлайди. Даромадининг асосий қисмини икки фарзанднинг таълим-тарбияси йўлида сарфлайди.
Мана, санъатсевар оила дарғаларининг орзулари рўёбга чиқмоқда. Азиза ҳали ёш бўлишига қарамай куюнчак ота-она ҳамда талабчан устозларнинг ишончини оқлашга улгурди. Ўтган йили “Ранглар жилоси” Республика танловида 2-ўринни, “Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танловида 3-ўринни эгаллади. Ўтган 2018 йил хотимасида Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Тошкентда ўтказилган ижодий танловда “Гран при”ни қўлга киритди. Шу билан Италиянинг Римини шаҳрида ўтказиладиган «Italian break» халқаро ёш рассомлар фестивалига йўлланма олди. Фестивалда ўндан ортиқ мамлакатлардан келган иқтидорли ёш рассомлар билан маҳорат синашди. Бу танловда ҳам унга фахрли биринчи ўрин насиб этди. Азизанинг “Қишлоқда тўй олдидан” картинаси танлов ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
–Леонардо да Винчи, Рафаэль, Микеланжело каби машҳур рассомлар ватани бўлмиш Италияга бориш орзуим эди. Ўзбекистондаги Италия элчихонаси томонидан ташкил этилган танловда ғолиб бўлиб, бу имкониятни қўлга киритдим. Италия саёҳатидан катта таассуротлар билан биринчиликни қўлга киритиб қайтдим. Рассомлик ва архитектура санъатига бешик бўлган мамлакатнинг гўзал қиёфаси мендаги илҳомбахш туйғуларга сабаб бўлди. Кўрганларимни янги картиналаримда акс эттиришга ҳаракат қиламан, – дейди Азиза Шоймуродова.
Ёш рассомнинг ижод олами кенг, орзулари бир дунё. Табиатдаги гўзалликлар, ранглар ҳамда ҳолатлар уйғунлигини ўзига хос тарзда ифода этишга ошиқади. Унинг она Ватанга муҳаббат ва миллий руҳ уфуриб турган картиналари яна бир истеъдодли мўйқалам устаси етишиб чиқаётганидан далолат бермоқда. Азизанинг орзулари кенг қанот ёйсин. Юртимиздаги барча иқтидор соҳиблари учун янги йил омадли, катта ютуқларга бой бўлишини тилаб қоламиз.
Шаҳризода АТАБАЕВА, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети талабаси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли