Донолар «Билимли одам қуролланган бўлади» дейишганда шубҳасиз ҳақ бўлишган. Бу нима дегани? Агар сиз гигиена, соғлом турмуш тарзи, турли касалликларнинг келиб чиқиши ва олдини олиш чораларини билсангиз, онгли равишда ўз саломатлигингиз хавфсизлигини таъминлай оласиз. Хўш, бугунги кунда дунё аҳолиси саломатлигига хавф солиб турган янги турдаги коронавирус ҳақида қанчалик хабардормиз? Янги коронавирус ҳақида кўпроқ маълумот олишни истайсизми? Унда қуйидагиларни охиригача ўқинг.
Коронавирус нима ўзи?
Коронавируслар оиласига 40 турдаги РНК сақловчи вируслар киради. Вирус қобиғидаги ўсиқчалар тож шаклида бўлганлиги сабабли коронавирус деб юритилади.
Бу вирус кеча пайдо бўлгани йўқ. Илк марта бу оилага мансуб вирус 1965 йилда ўткир респиратор инфекция билан оғриган беморда аниқланган. Кейинчалик бу вирус «унутилди». 2002-2003 йилга келиб Хитойда оғир кечувчи ўткир респиратор синдром айнан шу вируслар сабабли ривожланганида, у яна эсга тушди. Хитойдан ташқари Яқин Шарқда, Жанубий Кореяда ушбу вирус сабабли пневмония тарқалган даврлар бўлган.
Вирус бемор одам ёки ҳайвондан юқади. Юқиш йўллари эса ҳаво-томчи, ҳаво-чанглар, фекал-орал, контакт усулидадир. Ўткир респиратор инфекция билан ётқизилган беморларнинг таҳминан 12% қисмида ушбу вирусни аниқлаш мумкин. Бу вирус билан касаллангандан сўнгги иммунитет узоқ муддат сақланиб қолмайди. Шу сабабли бу вирус юқиши натижасида қайта касалланиш эҳтимоли мавжуд. Вирусга қарши маҳсус антитаналарни умумий аҳолининг таҳминан 80% қисмида аниқланиши, ушбу вирусларни кенг тарқалганлигини билдиради.
Қанчалик кучли вирус бу?
Вирус қуритилган ҳолатда (4 даража ҳароратда) ва музлаган ҳолатда (-70 даражагача) узоқ йиллар юқумлилигини сақлаб қолади. Ультрабинафша нурланиш 15 дақиқада вируснинг фаоллигини йўқотади. Органик ёғли эритувчиларда ва детергентларда бир неча дақиқада вирус нобуд бўлади. Ташқи ҳарорат +33 даража атрофида бўлса 16 соатдан сўнг, +56 даража ва ундан ортиқ бўлса, 10 дақиқада фаоллигини йўқотади. Вирус аэрозол таркибида 8-10 соат, сувда эса 9 суткагача сақланиб туради.
Кўпгина вируслар, жумладан коронавирус ҳам дезинфекцияловчи эритмаларда ўлади. Шу сабабли артишга қарши кўрсатма бўлмаган буюмлар ва мебелларингизни, эшик тутқичларини хлорли эритма билан артиб туринг. Шахсий гигиена борасида эса қуйидагиларга амал қилинг:
1. Қўлларингизни тез-тез ювинг. Доимий фойдаланадиган буюмларингизни ҳам тоза сақланг. Вирусни нафақат ҳаво-томчи, балки контакт усулида ҳам юқишини ҳисобга олсак, қўлларга дезинфекцияловчи, спиртли эритмалар билан ишлов бериш ҳам яхши самара беради. Телефон, клавиатура, эшик тутқичлари, лифт тугмалари, магазинлардаги аравалар тутқичлари эпидемиологик жиҳатдан ҳавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун иложи борича уларни ушламасликка ҳаракат қилинг. Ушласангиз қўлингизни спиртли гель билан тозаланг, совунлаб ювинг.
2. Юз-кўзингизга ювилмаган қўлларингизни теккизишдан сақланинг. Чунки вирус нафақат бурун ёки оғиз, балки кўз шиллиқ пардалари орқали ҳам юқади.
3. Тиббий ниқобдан фойдаланинг. Бу, албатта, вирусдан 100% ҳимоя қилолмайди. Лекин сезиларли самарага эга. Ниқобларни ҳам вақти-вақти билан алмаштириб туринг. Ишлатилган ниқобни ечгач, қўлларни ювишни унутманг.
4. Аксириш ёки йўталиш вақтида оғизни қўл билан эмас, бир марталик салфетка билан ёпинг. Йўталаётган ва аксираётган кишилардан узоқроқда бўлганингиз маъқул.
5. Болаларга шахсий гигиена тўғрисида маълумот беринг ва бунга ўргатинг. Имкон қадар тиш чўткаси, сочиқ каби шаҳсий гигиена воситаларини ҳар бир киши учун алоҳида қилинг.
6. Қўл бериб сўрашиш ва қучоқлаб кўришишдан чекланинг.
7. Эпидемиологик вазият ўнгланмагунга қадар меҳмондорчиликка, бошқа вилоятга ёки туманга бормай туринг.
8. Имкон қадар умумий идишдан овқатланманг. Шунингдек, умумий овқатланиш ёки кўнгилочар жойларда чипслар, кириешки каби егуликларни умумий идишдан истеъмол қилманг.
Тиббий ниқобни қандай тақишни биласизми?
- Агар сиз касалликдан ҳимояланиш учун тақмоқчи бўлсангиз рангли тарафи билан тақасиз!
- Агар касалланган бўлсангиз ва бошқаларга юқтиришни хоҳламасангиз рангсиз тарафи билан тақасиз.
- Агар ниқобни қорасидан олган бўлсангиз боғичи ёпиштирилган тарафини ташқарида қолдириб тақсангиз атрофингиздагиларни ҳимоя қилган бўласиз аксинча бўлса ўзингизни.
- Қорасидан олган бўлсангиз ҳам кирланиб, ҳаво ўтмай қолгунча тақманг! Қораси ҳам бир марталик, шунинг учун 2 соатдан алмаштиринг. Ҳеч бўлмаса тез-тез ювиб дазмоллаб ишлатинг.
@OnlineDoctorUz манбаси асосида Гулшан тайёрлади.