Синган тухум (фельетон)

Ботирбой тушки овқатдан кейин ухлолмади. Тушликка зиғир ошидан тўйганича егани бир ёну, шу пайтда телефонининг тинмагани бир  ён бўлди. Аслида, каратиндан ётган одам зерикади, қани телефон деган матоҳ тўхтовсиз сас бериб турса! Мулоқотдан вақт ўтганини билмайсан.

Аммо, телефон қилганлар айтмиш ташвишлар, ҳали ҳамон ошқозонида ҳазм бўлмаётган зиғир оши азобидан ҳам ошиб тушди-да!

Гоҳ ўнг томони, гоҳ чап томони билан ётиб, кўзини юмай деганида илк қўнғироқ келди. Телефонни ёқинқирамай олиб, экранига кўз ташласа –ўғлидан! “Тинчликмикан, ишқилиб?”

Ботирбой телефонни қулоғига тутибоқ сўради:

–Не гап, Собирбой?”

Ўғли озроқ жимлиқди, кейин бор гапни айтди:

–Дада… бу машинамни олиб қўйишди. Дорихонага бораяпман, десам-да қулоқ солишмади. Шунга…

–Ким олиб қўйди?

–Мелисалар!

–Қайси машинада юрувдинг?

–Каптивада.

Ботирбой ўрнидан туриб ўтирди. Овози зардалироқ эди:

–Шу… шу  неча марта айтаман сенларга, ҳозир замон нозик деб. Анов эски “Нексия”да кетсанг бўлардику!

Ўғлининг овозида аламзадалик сезилиб турарди:

– Ким билибди, дада! Кеча ҳеч ким йўлимни тўсмаганди, шунга…

–Ўзи не иш билан юрувдинг?”

–Бир ўртоғим базага бориб келайлик девди…

Ботирбой энди тутоқди:

–Ҳозир бировга яхшилик қиладиган вақтми?! База, деса югуриб кетаверасанми?

Ўғли бепарво жавоб қайтарди:

– Юз минг сўм бераман, девди, шунга…

Ботирбойнинг жаҳли босилди. Бир зум индамай турдию сўнг ўғлига таскин оҳангида гапирди:

–Майли, бирортасига айтарман. Битмайдиган иш борми?

Телефонни ёстиғи тагига қўйиб, энди ётиб эди… шу муштдек матоҳ яна жиринглаб қолса бўладими! Телефонни ёқмайроқ олди, экранига қараб: “Иш бошқарувчи” деган ёзувни кўриб, чеҳрасига сал нур энди.

–Ҳа, Карим! Нега гап?

Иш бошқарувчи Каим у ёқдан  ташвишли овозда гапирарди:

–Сиз айтган темир листларни келтиришди. Ҳужжатида тўрт минг икки юз метр деб ёзилган экан. Шу… хўжайин таъминотчиларга ишониб, бир пандимни еб ўтирибман…

–Нима гап? Кам чиқдими?

–Тўрт метр кам чиқди.

–Нега уларнинг ёнида ўлчамадинглар?

–Шошиб турган эканлар, яна участка нозири келиб қолиб, карантин вақтида бу не гап, демасин деб… ишонувдим…

Ботирбой дағдаға билан гапирдию телефонни ўчирди:

– Ишонган бўлсанг, шу тўрт метр пулини маошингдан чегириб қоламан. Билдингми?!

Яна ўринга чўзилди. Шу лаҳзада кўзи илиндию туш кўрса бўладими? Болалик вақтимиш, тенгқурлари билан ариқда сувга чўмилаётганмиш. Чўмилиб бўлиб, қирғоққа чиқай деса… кетидаги иштончаси йўқмиш. Уялганидан соҳилнинг саёзроқ жойида икки букилиб ўтирганмиш. Тенгқурлари кийиниб бўлиб “чиқ, кетамиз” дейишсада уятдан ўрнидан қўзғолмасмиш. Сўнг ноилож икки қўлини олдига тутиб, қирғоққа чиққан вақтда пахта ўтоқдан қайтаётган ёши каттароқ қўшни қизлар уни кўриб қолиб, ҳаммаси қўлларини бигиз қилганича кулишармиш.

У терлаб пишганича уйғониб кетди ва ҳушига келгач “ҳайрият тушим экан” деб қўйди.

Тавба, бирор эллик йил олдинги воқеа тушига кириб ўтирса! Ўшанда уйига боргани, онаси бечора сўкина-сўкина ундан бўшаган қоп матосидан кичкина иштонча тикиб берганди… Шундай замонлар эди, ойда бир марта қозонга гўшт тушса ҳақиқий байрамга айланарди.

Энди бошқа замонлар. Шаҳарга келиб ўқиди, қай идораларда ишлади, ниҳоят шу кичик корхонасини очиб, одамларга ўхшаб яшаётганига ўн йилдан ошди. Каттагина ишларга буюртма олганди, шу карантин ишнинг белига тепди-да! Бўлмаса… анов қурилаётган “Сити”дан квартира гаплашиб қўйувди…

Уйқуси қочди, аммо тургиси йўқ. Шу пайт сочлари тўзғиган хотини кириб, диван четига ўтирганча зорлана бошлади:

–Шу карантини жонга тегди. На салонга бориш бор, на тўйларга юриш. Бир ойки шу аҳвол. Ўтган йили бу пайтда Қора денгиз бўйида мазза қилиб дам олаётгандим-а! Суриштириб кўринг, балки сизга йўқ деймишмас?”

–Нимани?

–Зерикиб кетдим, бирор денгиз бўйидаги оромгоҳга йўлланма топиб беринг!

Ботирбой ўрнидан туриб ўтирди, хотинига зарда қилмоқчи бўлдию унинг мунғайиб ўтиргани жадалидан қайтарди. Фақат:

– Озгина сабр қилчи, кейин гаплашарман, – деб таскин берган бўлди. Хотини ҳақиқатдан зерикибди, шекилли, дийдиёсини яна бошлаганди… бахтига дарвозанинг қўнғироғи жиринглади. “Ким келди экан?”

У устига ҳаммомда киядиган халатини ташлаб, даҳлизга йўналаётаганда хотини эслатди:

–Кечқурунга грилга иккита товуқ буюрдим. Биринчисига келинлар суюқроқ бир нима қилишар?

Ботирбой розилик бергандай бош чайқаб, йўл йўлакай шиппагини оёғига илиб, дарвозани очса… уч киши турибди. Ҳаммасининг юзида ниқоб, оппоқ махсус кийимда. Сал нарида турган “Дамас”нинг орқа очқичи кўтариб қўйилган. Шу лаҳзада икки кун олдин, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга озиқ-овқат тарқатадиган марказга қўнғироқ қилгани ёдига тушди.

Саломлашгач, узун бўйли йигит қўлидаги каттагина дафтарнинг бир варағини очиб:

–Султонов Ботир сизмисиз? – деб сўради. Ботирбой “менман!” ишорасини бергач, икки қаватли ғиштин иморатга бир қарагач, эшик тепасидаги манзил белгисини ўқиди:

– Тўғри! “Фаровонлик” кўча, тўртинчи уй. Мана сизга ўн саккиз турдаги маҳсулотлар. Олганингиз тўғрисида бу ерга имзо қўйсангиз.

Ботирбой келганларнинг иккиси уч қутини дарвоза тагига қўйгач, эринмай қутиларни очиб кўрди ва дафтарга имзо қўяётиб:

–Ҳаммаси жойидами? Сизларга ишондим, – деди.

Келганларнинг каттаси бўлган йигит дафтарини ёпаркан:

– Ана, очинг, кўринг! Санаб олишингиз мумкин! –деди.

Ботирбой қутилардан бирини очган пайтда машинанинг қаттиқ сигналидан бошини  кўтарди. Қараса… ўртанча ўғли қайдандир келган, оқ рангли “Малибу”дан тушаяпти. Машинасини гаражга қўймоқчию “Дамас”нинг йўлни тўсиб турганидан норози…

“Дамас”дагилар кетгач, Ботирбой келинларини чақирди ва келтирилган нарсаларни кўриб, санаб олишни тайинлаб, ўзи ҳожатхона томонга йўналди…

Қайтиб келиб ошхонага мўралади. Қараса… хотини келинларга зарда қилиб ётибди:

–Обкелган матоҳларингдан ўргилдим! Булар одамни одам ўрнида кўришмайди. Барибир олаверади, деб ўйлашса керак-да!

Ботирбойни кўрган хотини эгилганча бир дона тухумни қўлига олиб, кўрсатди:

– Буни қаранг, бир тухумнинг пачоғи чиққан. Саҳоқат деган шундай бўладими? Сизам кўрмай олавергансиз.

Ботирбой бир хотинига, бир синган тухумга қараркан “Инсофсизлар” деб қўйди…

Рўзимбой ҲАСАН

Карикатура муаллифи: Ҳусан Содиқов

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: