Умуртка чурраси нимаси билан хавфли?

Умуртқа орасидаги дискнинг яллиғланиши, сурилиши билан кечадиган бу ҳолат, инсон учун ғоят оғриқли. Шу пайтгача эркин бўлган барча ҳаракатлар чекланади. Касаллик исталган пайтда зўрайиши мумкин. Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак, оғриқ пайтида “биринчи ёрдам” қай тарзда кўрсатилади? Саволларнинг барига мутахассисдан жавоб оламиз.

Умуртқа орасидаги диск нима ўзи?

Чурра ҳақида гап очишдан аввал, умуртқа тузлишига назар солсак. Умуртқа диски узуксимон кўринишда, ичи юмшоқ, желесимон модда билан тўлган. Нега умуртқалар одам ҳаракатланганда бир-бирига ишқаланиб кетмайди. Чунки орасида “ёстиқча”дек асровчи диск бор. Унинг ички босими шунчалар баландки, машинанинг яхши дамланган ғилдирагига ўхшайди. Шу сабабли, қанча оғир ишлар бажармайлик, умуртқа орасидаги ана шу диск таянч аппаратимизни асраб туради. Лекин умуртқа диски ёмон кўрадиган ҳолатлар ҳам бор. Қоматнинг бузилиши (сколиоз), ортиқча вазн, бел соҳасига тушган нотўғри юклама, камҳаракатлилик туфайли  умуртқа анча азият чекиши мумкин. Шу пайт дискнинг озиқланиши тўхтаб, унинг қаватлари узила бошлайди. Аввалига ўзгаришлар дискнинг фақат ичида юз беради. Ҳолатнинг номи протрузия. Қани энди, умуртқадаги ўзгаришларнинг 99 фоизи айнан шу даврда аниқланиб, даволаш зудлик билан бошланса. Бахтга қарши, беморларнинг кўпчилиги умуртқа диски ичидаги ядро ташқарига чиққандагина шифокорга югурадилар. Афсус, бу ҳолатда шифокор : “Сизда умуртқа чурраси бор”, дейишдан бошқа чораси йўқ.

Бу муҳим! 

Умуртқа чурраси жароҳат ва урилишлар, ўтириб ишлаш, ортиқча вазн, мушакларнинг кучсизлиги, қомат бузилиши, ҳатто гимнастика билан шуғулланишдаги хатоликлар ортидан келувчи касаллик.

Умуртқа чуррасининг турлари кўп. Энг хавфлиси, орқа мияни қисиб қўядиган чурра ҳисобланади. Улар туфайли инсон бир умр ногирон бўлиб қолиши мумкин. Яна бир муаммоли тури – умуртқанинг алоҳида нервини зарарлаган умуртқа чурраси. Учинчи тури эса маълум бир нервни зарарламаса-да, умуртқа дискининг ўзига талофат етказган тури ҳисобланади. Агар бемор бу ҳолатда ҳам соғлиғини асрамай, аввалги ҳаёт тарзини давом эттираверса, умуртқа диски четга сурилиб, оғриқ кучайиб бораверади. Албатта, бу ҳолатда энг одилона қарор – тезроқ шифокорга бориш.

Касаллик умуртқанинг бўйин соҳасини зарарлаган бўлса, оғриқ белда ҳам сезилади. Беморнинг боши оғрийди, боши қаттиқ айланади. Қўл-оёқ мушаклари увишиб, қон босими кўтарилиб-тушиши мумкин.

Борди-ю, чурра умуртқанинг бел соҳасида бўлса, белдаги оғриқ ўта кескин, санчиқли бўлади. Оғрқ туфайли одам камроқ ҳаракатланишни истайди, оёқ терисининг сезувчанлиги йўқолади, қон айланиш бузилади.

Умуртқа чурраси кўкра соҳасида бўлса, оғриқ унчалик кучли эмас, аммо одам оғир иш бажаргандан кейин, акса урганда, йўталганда оғриқ кўкрадан қорингача етиб боради. Лекин касалликнинг бу тури нисбатан кам учрайди.

Нима мумкин эмас?

Агар сизда бу касаллик борлиги тасдиқланса, қуйидаги қоидаларга амал қилишингиз керак:

*3 кг дан ортиқ юк кўтармаслик;

* фақат шифокор буюрган уқалаш муолажасини қилдириш;

*сауна, иссиқ ҳаммомда тобланишдан эҳтиёт бўлитш;

*елвизак ва шамоллашдан сақланиш;

*иложи борича, бир жойда узоқ ўтирмаслик ёки турмаслик;

*чуррани мустақил равишда жойига киритмаслик;

*турникка осилиш;

*футбол ва баскетбол ўйнаш.

ПАРҲЕЗ МУҲИМ!

Овқатланишда тузли, шўр, аччиқ, қовурма, ёғли таом ва газаклар чекланади. Газли ичимликлар, ярим тайёр маҳсулотлар алкоголь ҳам мумкин эмас. Бу маҳсулотларнинг бари суяклардан кальций ювилиб кетишига олиб келади.

ОҒРИҚ ҲУРУЖИДА НИМА ҚИЛАМИЗ?

Иложи борича, усти қаттиқ, текис юзали жойга ётинг. Шифокор келгунга қадар оғриқсизлантирувчи дори қабул қилинг. Лекин у ҳам даволовчи шифокорингиз буюрган бўлиши керак. Оёқларни юқорига кўтариб, тизза остига ёстиқча қўйинг. Ёки ёнбошлаб ётишингиз ҳам мумкин. Асосийси, ётган ҳолат сиз учун қулай ва оғриқсиз бўлсин.

ҚАНДАЙ ДАВОЛАЙМИЗ?

Умуртқа чуррасини даволаш унинг турига, ташқи кўринишига боғлиқ. Агар у 7-9 мм атрофида бўлса, инсоннинг бемалол ҳаракат қилолмайди, белда оғриқ сезади. Бу ҳолатда тезроқ шифокорга кўриниш керак.

Касалликнинг енгил турида мануал терапия, даволовчи жисмоний машқлар, уқалаш муолажалари ёрдамидан фойдаланиш мумкин. Лекин асосий қарор даволовчи шифокор томонидан белгиланади. Ўзбошимчалик билан умуртқа чуррасини даволаш хавфнинг янада кучайтириши мумкин. Шифокор буюрган махсус бандаж ва корсетларни албатта тақиб юриш керак.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: