Ҳақиқий ҳаёт 60дан ўтганда бошланадими?

Етуклик ёшига етганда, айниқса, нафақага чиққандан сўнг инсоннинг дунёни англашга, ўз иштиёқи ва қизиқишлари доирасидаги ишлар билан шуғулланишга, масалан, китоб ўқиш, сайру саёҳатга чиқиш, спорт машғулотларига вақти етарли бўлади.

 

Саёҳат, фаол турмуш тарзи бир томондан инсон саломатлиги учун фойдали бўлса, бошқа томондан жамият учун ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан ҳам барокатлидир. Чунки кексаликни тан олмаган инсонлар вақтини фойдали меҳнат қилишга сарфлаб, ўз иқтисодий муаммоларини ўзлари ҳал қилишади ва шу билан бирга, ижтимоий фаол кишиларни зерикиш, стресс, ҳаракатсизлик билан боғлиқ касалликлар ҳам четлаб ўтади.

Юртимизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар орасида нафақа ёшидаги кишилар кўплигига эътибор қилганмисиз? Европа ва Осиё давлатлари фуқаролари кексайгач янада серҳаракат бўлиб, дунёга чиқишга, ахборот технологиялари, видео ва фото имкониятларидан унумли фойдаланишга, оламни ўрганишга ҳаракат қилишади. Айримлари ижод қилишга, илмий изланишларга ўзини бағишлайди.

Биласизми, тош асрида одамларнинг ўртача умр кўриши 25 ёш бўлган экан. Қадимги Рим империясида 35 ёш… ўрта асрларда эса 45-47 ёш бўлган. Ҳозирги вақтда юртимизда инсонларнинг ўртача умри 72 ёшга етди, дея эътироф этилмоқда. Шу вақтнинг ўзида 60 ёш юбилейини нишонлаб, ҳамон севган касбида ишлаб келаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳатто 90-100 ёш билан юзлашганлар сони ҳам ортиб боряпти. Демак 60 ёшдаги инсонни қария эмас, бемалол ўрта ёшли десак бўлади. Конфуцийдек буюк файласуф: “Олтмишдан сўнг яхши ёмоннинг фарқига етдим” деган экан.

Айрим ёшлар қариганда ақлий юксалиш, ҳаётга интилиш тўхтайди, деб ҳисоблашади. Аммо аслида ёши қирқдан ошганлар ҳаёт энди бошланганини, қирққа кирганлар ҳали ҳаммаси олдинда эканини, 50-60 дан ҳатлаганлар эса тани-жони саломат бўлса ҳали кўп нарсага улгуришини англаб етадилар. Баъзи шифокорлар кексайган сари мия суст ишлай бошлайди, деб таъкидлашади. Аммо олимлар шуни аниқлашдики, кекса одамнинг мияси ёшларникига нисбатан кўпроқ ахборотни қабул қилиш ва сақлаш имкониятига эга экан. Яъни, мия фаолиятининг сусайишига ёш улғайиши эмас, бир қатор сурункали касалликлар айбдор экан. Ўз саломатлигига эътибор қаратиб, турли хасталикларга чап берган қарияларда диққат-эътибор ҳамда ахборот қабул қилиш имконияти йиллар ўтган сайин кенгайиб боради.

Бунга мисоллар ҳаётда жуда кўп. Масалан, итальян композитори Жозеппе Верди ўзининг энг яхши асарларини 70 ёшдан ошганда яратган. Умри давомида бошқа касбда ишлаб, пенсияга чиққанидан сўнг илк шеърий китобини чоп этдириб адабиёт оламида яхшигина обрў қозонган, кексалик остонасида ўзидаги истеъдод қирраларини рўёбга чиқарган шоирларни ҳам эшитганмиз.

Кексаликни енгган машҳурлар

Россиялик рассом Елена Волкова ўзининг биринчи картинасини 65 ёшида яратган эди. Унинг илк шахсий кўргазмаси 90 ёшида Третьяков галереясида намойиш этилди ва кўпчилик томошабинларни ҳайратга солди.

Франциялик Жанна Кольмани 85 ёшида қиличбозлик спортига қизиқиб қолди. У бир неча йил шу спорт тури билан шуғулланди. 100 ёшига етганда эса велоспорт бўйича мусобақаларда қатнашди. Ва ниҳоят 121 ёшда ўзининг реп-фольклор қўшиқлари ёзилган дискини сотувга чиқарди. У вафотидан олдин жуда бахтиёр эканлигини, ҳатто ўйламаган орзулари ҳам амалга ошганини таъкидлади.

Австралиялик Филис Тёрнер кексайганда Аделанда университетига ўқишга кирди. У 94 ёшида ўқишни тамомлаб антропология (инсоният эволюциясини ўрганувчи фан) магистри даражасига эга бўлди. Ундан: “Қариганда сизга диплом нимага керак бўлди?” деб сўрашганида, ёшликда ўқиш учун имконияти етарли бўлмагани, бунга имкон топиилиши билан ундан унумли фойдаланганини айтади.

Британиялик Доротти де Лоу 55 ёшида стол тенниси машғулотларига қатнаб, бу спорт турини мукаммал эгаллади ва қатор мусобақаларда ғолибликка эришди. 1982 йилда у 79 ёшга тўлганида стол тенниси бўйича жаҳон турнирида нуронийлар ўртасида биринчи ўрин соҳибаси бўлди.

Яна бир британиялик аёл Лорна Пейджнинг илк триллер-романи 93 ёшида чоп этилди ва кўплаб мухлислар эътиборини қозонди. Кекса адиба ўз асарини Мурувват уйида ёзган эди. Ушбу роман сотилишидан тушган маблағга у шаҳар ташқарисидан катта ҳовли сотиб олиб, ўзи билан қариялар уйида бир хонада яшаган уч нафар дугонасини ҳам ўзи билан янги иморатда яшашга кўндирди.

Қизиқ фактлар

  • Инсон мияси 60 ёшдан кейин тўлиқ қувватда ишлай бошлайди.
  • 60 дан кейин бош миядаги нейронларга сигнал берадиган миелин моддаси миқдори ортиб боради. Бунинг натижасида инсондаги умумий интеллект (заковат) бир неча баробарга юксалади.
  • 50 ёшгача инсон бош миясининг ҳар иккала ярим шарлари ўртасида кескин чегараланиш мавжуд бўлади. Яъни улар маълумотларни алоҳида сақлайди ва ҳар бири мустақил фаолият кўрсатади. 60 ёшдан ўтган ҳар бир одам ўз миясининг ҳар иккала ярим шарини ҳам бир вақтда ишга солиш имкониятига эга бўлади. Бу эса энг мураккаб муаммоларни ечишда ҳам қулайлик яратади.
  • Қариялардаги ҳаётий тажриба ёшлардан фарқли равишда арзимаган нохуш ахборотдан зўриқиб ҳаяжонга тушишнинг олдини олади. Шу боис, улар мураккаб вазиятларда ҳам пухта ўйлаб тўғри ечим топа олишади. Айнан мана шунинг учун ҳам кексаларни ҳақли равишда донишманд деб атаймиз.

Ҳечдан кўра кеч яхши

Қўшнимиз Рустам ака 65 ёшда компьютер ва интернетдан фойдаланишни ўрганиб олибди. Айрим қариялар: “Эй мен интернетгаям, компьютергаям тушунмайман, қизиқмайман ҳам!” деб қўл силтайди. Қўшним ҳам шундай дер эди. Эсимда, бундан 2-3 ой олдин хорижда ўқийдиган неварасига электрон хат юборишда мендан ёрдам сўради. Хатни жўнатгач унга ўзингиз ҳам ўрганиб олсангиз бўлмайдими, дедим. Шунда Рустам ака: “Қирқдан ошганда сурнай чалишни ўргангандан нима фойда?!” деганди. Энди эса: “Раҳмат сизга, менга тўғри маслаҳат берган экансиз. Интернетни ўрганганимдан бери зерикишга вақт йўқ. Бош оғриқларим ҳам эсимдан чиқиб кетди. Барча хасталиклар асабдан дейишгани тўғри экан. Ҳозир Интернет орқали дунё хабарлари билан танишяпман, ўзим севган газеталарнинг электрон нусхасини ўқияпман, Германияда таҳсил олаётган неварам билан мулоқот қилиб турибман. Холангиз ҳам узоқ вилоятдаги дугонаси билан бемалол кўришиб, суҳбатлашиб ўтиради. Ўғлим ноутбукка “Скайп” ўрнатиб берди. Интернет дегани буюк мўъжиза экан!” дейди.

Узоқ умр мезони

Тан олиш керак, айрим жамоаларда катта ёшли мутахассисларга “сизнинг поездингиз ўтиб кетди” деган маънода тазйиқ, пичинг қилиш, ёш билан боғлиқ чекловлар қўйиш, психологик барьер яратиш ҳолатлари учраб туради. Бу пенсия ёшидаги инсонларнинг руҳиятига, саломатлигига, албатта, салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ҳар бир соҳада ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган катта инсонлар ёшлар билан бир сафда ишлаши, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, камчиликларни тўғри тушуниб, тажриба ўрганишда жуда муҳим аслида. Шунинг учун ҳам ҳозир юртимизда ишлашга хоҳиши бўлган юқори малакали мутахассислар иш ҳақи ҳамда пенсиясини тўлиқ сақлаган ҳолда меҳнат фаолиятига жалб этиляпти.

“Аслида ҳаёт олтмишдан ошганда бошланади” деган экан бир файласуф. Ватандошимиз буюк математик олим Ал Хоразмий эса: “Доимо ҳаракатда бўлинг, чунки ҳаракатдан тўхтаганнинг ўтиргиси, ўтирганнинг ётгиси, ётганнинг ухлагиси келади” дея таъкидлаган. Булардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, нафақага чиққан инсонлар учун ўз иқтидорининг янги қирраларини очиш, орзуларини рўёбга чиқариш, севимли машғулотини давом эттириш учун имконият эшиклари янада кенг очилади. Яхши кўрган иши билан машғул бўлган одамнинг умри ҳам узоқ бўлади.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: