Мамлакатимизнинг географик жойлашувига ҳавас қилмаса ҳам бўлади. Нафақат ўзи, ҳатто қўшнилари ҳам океанга чиқа олмайдиган дунёдаги икки мамлакатдан биримиз. Юртимиз ҳаёт-мамотини белгиловчи Аму ва Сирдарёлар ҳамда Зарафшон ҳам қўшни давлатлар ҳудудидани бошланади. Бир қатор вилоятларимизни сув билан таъминлайдиган насос станциялар ҳам Амударёнинг қардош мамлакатлардаги ирмоғида жойлашган. Сув ресурсларимиз учун муҳим бўлган Қайроққум, Чордара сув омборлари калити ҳам ўзгалар қўлида. Буларнинг барчаси минтақавий сиёсатда жуда вазминлик билан ҳаракат қилишни тақозо этади.
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган яна бир омил: глобал исиш кўрсаткичлари ошган сари дарёларимизга сув қуядиган музликлар эриб бормоқда. Орол денгизи чекиниши ортидан атмосферага туз ва чанглар кўтарилиб, ерларимизнинг мелеоратив ҳолати издан чиқмоқда. Натижада Ўзбекистонда кейинги вақтда чўлланиш даражаси ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси сувга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ.
Биз ҳар куни кундалик турмушда сув билан тўқнашамиз. Аммо унинг қадр-қиймати ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Сув устида жуда кўп тадқиқотлар ўтказилган, аммо унинг таркибий қисмлари ва имкониятлари ҳамон тўлалигича ўрганилгани йўқ. Ердаги кўп асрлик ҳаёт тамаддуни сув ҳаётнинг муқаддас асоси эканлигини, табиат ва инсоният сувсиз умуман яшай олмаслигини исботлади.
Сув турли шаклга ва таркибга эга. Унинг буғ кўринишидаги газсимон, суюқ, қаттиқ, тузли ва тузсиз, эркин ва боғланган турлари мавжуд. У ҳарорат таъсирида бир кўринишдан бошқа кўринишга ўта олади. Сайёрамизнинг 75 фоиздан кўпроғи океан ва денгизлар, 20 фоизи қаттиқ сув, яъни муз ва қордан иборат. Сув инсон организми учун муҳим бўлган кислороддан кейинги ўринда туради. Сув беқиёс иссиқлик ўтказувчанликка эга. Кундузи океан ва денгизлар суви қуёш энергиясини ютади, кечаси эса совиш жараёнида кундузи олган иссиқлигини теварак-атрофга тарқатиб, атмосферани иситади. Шу билан бирга буғ ёки булут кўринишига кириб, атмосферани фазовий совуқликдан сақлайди. Сувсизликдан азият чеккан чўлу саҳроларга ёмғир ёғдириб, тириклик билан хайрлашаётган ўсимлик ва ҳайвонларга ҳаёт бағишлайди.
Маълумки, инсон танасининг учдан икки қисмини сув ташкил қилади. Одам овқатланмасдан 4 ҳафта яшаши мумкин, аммо сувсиз 7 кундан ортиқ яшай олмайди. Танамиздаги сув балансини сақлаш учун кунига 2-3 литр суюқлик ичишимиз лозим.
Ҳаёт сув учун курашдан иборат
Кўпчилик олимлар инсониятнинг ҳаёти сув учун курашишдан иборат деб ҳисоблашади. “Танадаги сув унинг қартайиш даражасини белгилаб беради” деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Масалан, 1 ёшгача бўлган чақлоқ танасининг 80-85 фоизи сувдан иборат бўлади. У улғайиб 18 ёшга тўлганида организмидаги сув миқдори камаяди ва 65-70 фоизни ташкил қилади. Қариганда эса бу кўрсаткич 25 фоизга тушиб кетади. Шунинг учун мутахассислар моддалар алмашинувини меъёрида сақлаш учун организмни сифатли сув билан етарли таъминлаб туришнинг ўзи ёшликни сақлашнинг асосий омили дейишади. Ҳаётимиз сифати ичаётган сувимизнинг сифати билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳозирги вақтда сайёрамиз аҳолиси бир кеча-кундузда 7-8 млрд. тонна сув ичади. Олимларнинг таъкидлашича, режали ишлатилса, сув заҳиралари битмас-туганмасдир. Лекин айримлар сувни тежаб ишлатиш, уни турли иллатлардан асраш, тоза сақлашга бефарқлик билан қарайдилар. Ҳар йили корхоналар ва одамлар томонидан фойдаланилган, зарарланган оқава сувлар сув ҳавзаларига оқизиб юборилади. Бу сувлар дарё ва кўллар сувини булғатиб, уларда инсон саломатлиги учун хавфли бирикмалар, чўкиндилар тўпланишига сабаб бўлади.
Истеъмол қилинадиган сувда асосий тузларнинг бўлмаслиги организмда сув-туз балансининг бузилишига олиб келади.
Барча минерал сувлар таркибида кальций ва магний унсурлари мавжуд. Айнан кальций ва магний сувнинг қаттиқлигига сабаб бўлади. Ичиладиган сувда бу микроэлементларнинг кўп бўлиши, ошқозон-ичак, буйрак тоши ҳамда гипертония касалликларига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, таркибида тузлар кўп бўлган “қаттиқ” сувлар хўжаликдаги юмушлар, масалан кир ювиш, чўмилиш, соч ювиш учун ҳам ноқулайдир. Қаттиқ сувда кир ювганда совун ва кир ювиш кукунлари кўпроқ исроф бўлади. Бундай сувдан фойдаланганда кир ювиш машиналари, электр чойнак каби техникалар ҳам тез ишдан чиқиши мумкин. Шу жумладан, қаттиқ сув кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими учун ҳам яроқсиздир. Бундай сув иситиш тизимидаги қувурларнинг тез тиқилишига сабаб бўлади.
Сув ҳавзаларига завод ва фабрикалар тасарруфидан оқиб чиққан, таркиби оқсил, ёғлар, органик кислоталар, эфир, фенол ва нефт қодиқлари билан тўйинган сувлар, айниқса катта хавф туғдиради. Бундай сувларни тозалаш мақсадида сувни хлорлаш ишлари олиб борилади. Лекин бу жараён мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Негаки, ичимлик суви таркибида хлорнинг кўп бўлиши ҳам организмга салбий таъсир кўрсатади.
Ривоят
Ривоят қилишларича, бундан кўп асрлар муқаддам, улуғ олим Ибн Сино одамнинг мадорини кеткизиб, ўлимга олиб борадиган ришта вабосига қарши тадбир излаган экан. У бу эпидемияни йўқотмаса ҳам, лекин бир қадар енгиллаштирадиган дастлабки дори-дармонни топган. Бу чўлда ўсувчи гиёҳ бўлиб, уни етиштирмоқ учун чўл шароитида сув зарур экан. Сино туяга кажава ўрнатиб, Бухоро туманларини айланибди. Аммо саҳро иқлимида сув топилмабди. Кажавага юкланган кўзачалардаги сув ҳам тугабди. Энди Синонинг ўзи учун ҳам бир қултум сув ҳаёт масаласи бўлиб қолибди. Олим бепоён чўлда ўн хонадонча аҳолиси бор “қишлоқ”қа дуч келибди. Бу ерда бир авлод умр бўйи қудуқлар қазиб, сув излаб, дунёдан ўтган экан. Иккинчи бир авлод илгари қазилган қудуқларнинг биридан сув чиқаришга муваффақ бўлибди. Бу қудуқни қишлоқ мулкдори эгаллаб, сув тақсимлашни ўз ихтиёрига олибди. Олим ана шу мулкдорнинг пахса деворли ҳовлисига келиб, дарвозасини қоқибди. Ҳовли эгаси чиқибди. Олим унга бир коса узатиб, мусофир учун сув беришини сўрабди. Мулкдор косани бўш қайтариб дебди:
– Сенинг ҳолингга ачинаман, ўткинчи, лекин косангни қайтариб ол. Олтин тўлдириб берсанг, сув бераман. Aна шу шартимга кўнмасанг, тез ўтиб кет! “Тез-ғузар!” Йўқса, қишлоқ ўртасидаги биттаю битта қуруқ ёғочдек қақраб тўкиласан!
Албатта, қишлоқ одамлари Ибн Синони ташналикда қолдиришмабди. Олим у оғир сафардан Бухорога қайтгач, ўз танишига шундай деган экан:
– Олам ташна…
Олимнинг таниши бу луқманинг моҳиятига яхши тушуниб етмай, қайта сўрабди:
– Нимага ташна, Ҳакими бузрук?
Сино қисқа жавоб қайтарибди:
—Ҳаётга ташна…
Шундан буён сув “оби ҳаёт” дея улуғланади.
Олимлар огоҳлантиради
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда деярли бир ярим миллиард одам тоза ичимлик суви билан етарли таъминланмаган, миллионлаб одамлар зарарланган сувлардан ичиб, турли касалликларга учрамоқдалар. БМТ маълумотларига кўра 2025 йилга келиб, дунёдаги аҳолининг ярмидан кўпи тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезади, 2050 йилга келиб эса Ер юзи аҳолисининг 75 фоизи тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекиши мумкин. Сайёрамизда аҳоли сонининг ўсиб бориши, одамларнинг хўжасизларча сувни исроф қилиши, шу билан бирга қишлоқ хўжалигида чўл зоналарида янги экинзорларнинг барпо этилиши, уларнинг ҳаддан зиёд кўп суғорилиши натижасида сув ресурслари камайиб бормоқда. Шу боисдан бугунги кунда сувни иқтисод қилишга қаратилган усуллар ва технологиялар ишлаб чиқилаётир.
Сув чиндан ҳам тириклик асоси, ҳаёт мезонидир. У нафақат аъзоларимизни тетиклаштириб, танамизни яйратади, балки теварак-атрофни, уйимиз ва остонамизни чанг ва бошқа зарарли иллатлардан фориғ қилади, кийим-кечагимиз, чойшаб ва жиҳозларимизга поклик, кўрк бағишлайди.
Ана энди ўзингиз ўйлаб, фикр қилинг… Агар сув бўлмаса ёки аҳоли эҳтиёжига нисбатан кам бўлса-чи?.. Бунда инсон ичимлик сувини тежашга мажбур бўлади. Кир ювиш, уй тозалаш, кўчага сепиш, экин экиш… ва ҳоказо заруратларни сувдан бебаҳра қилиш эвазига ўз истеъмоли учун сув жамғаради. Демак сувнинг тирикликка даҳлдорлиги фақат уни истеъмол қилиш билан белгиланмайди.
Сувни исроф қилманг
Мамлакатимизда сув танқислигидан азият чекаётган ҳудудлар ва аҳоли қатламлари мавжудлиги бизнинг оғриқли нуқтамиздир. Юқоридаги тафсилотлардан келиб чиқадиган бўлсак, сув кам бўлган жойда тозалик ва саломатликка тўлиқ эришиб бўлмайди. Сувнинг камлиги кўкаламзорлаштириш ишларининг сустлашувига олиб келади. Натижада гармсел шамоллар тупроқда кўп йиллардан бери яшаб келаётган юқумли касалликлар микробларини ва тузларни ҳавога кўтаради. Улар атмосферани булғайди, бу ҳаво инсонлар ўпкасига кириб ўрнашади. Оқибатида турли сурункали касалликлар аҳоли орасида кенг тарқалади.
Шундай экан, нега биз баъзида эътиборсизлик билан водопровод жўмракларини беркитмасдан кетамиз ёки ёрилган қувурларни тузатмасдан тоза ичимлик суви оқиб кетишига йўл қўямиз? Нега сув йўлларига аҳлат чиқариб ташлаймиз? Биз исроф қилаётган бебаҳо неъматга зор бўлиб, Оролбўйи туманларидаги юртдошларимиз кран жўмрагига термулиб ўтирганини унутамиз?!
Сув билан “сизлаб” муомала қилсак, дардни аритиб, турмушни фаровон қилади, агар “ҳурматини жойига қўймасак” сув балосига айланиб тинчимизни бузади. Демак, ҳар биримиз бу неъматнинг соғлом ҳаётнинг ажралмас бўлаги эканлигини тушунишимиз ва асрашимиз зарур.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист