Маънавият тарғиботи доирасида Қашқадарё вилоятининг деярли 200 мингга яқин ўрта мактаб ўқувчилари “Менинг кино қаҳрамоним” мавзусидаги иншолар танловида иштирок этяпти. Хусусан вилоятдаги 1200 та мактабда “Менинг киноқаҳрамоним” мавзусида иншолар танлови ташкил этилди.
Ҳудуддаги мактабларнинг 200 мингга яқин 8-10-синф ўқувчилари классик ва замонавий миллий фильмлар билан танишиб, улар ҳақидаги таассуротларини ўз иншоларида акс эттиришга киришдилар. Ўқувчиларга намойиш этиш учун Абдулла Қодирий асари асосида суратга олинган “Ўткан кунлар” (1969), Ўзбекистон Президенти топшириғи билан режиссёр Фурқат Усмонов томонидан суратга олинган “Абдулла Орипов” (2020), Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган «Илҳак» (2021) ва режиссёр Илҳом Хайдаров тоионидан суратга олинган “Матонат мактаби” (2022) фильмлари танлаб олинган.
– Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов вилоятимизнинг Косон туманида туғилганлигидан фаҳрланаман, маълумки унинг 7 нафар ака-ука ва опа-сингиллари бор эди, – дейди Қарши туманидаги 10-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Нурматов Қувонч. — Менга фильм жуда ёқди. Абдулла Орипов доно, вазмин, билимли инсон. Унинг тажрибаси биз учун катта сабоқ бўлади. Унинг шеърлари мактаб ўқув дастурига киритилган бўлиб, адабиёт ривожига катта ҳисса қўшганини биламиз. Унинг ҳайкали Тошкентдаги Ёзувчилар хиёбонига ўрнатилган, биз уни кўриш учун албатта борамиз.
– Зулфия Зокированинг ҳикояси мени жуда ҳам таъсирлантирди. У ҳеч бир она чидай олмайдиган фожиага бардош берди, — дейди 10-мактаб ўқувчиси Раҳматуллаева Чарос. — Фильмни кўриб ҳаммамиз йиғладик. Бу қўрқинчли, лекин айни пайтда жуда таъсирли ва муҳим ҳикоя. Унда Ватанга садоқат, халқимизнинг буюк жасорати ҳақида сўз боради.
– Биз “Матонат мактаби” фильмини томоша қилдик. Токио Олимпиадасида ғолиб бўлган паралимпиячи спортчимиз Элбек Султоновнинг матонати мени жуда ҳам руҳлантирди. Биз, ёшлар ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун Президентимиз томонидан жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда, биз ҳам шунга яраша билимларимизни оширишимиз, ўқиб ўрганиш учун бор кучимизни ишга солишимиз лозим, – дейди 10-мактабнинг 9-А синф ўқувчиси Авлиёқулов Озод.
– Биз тўртта фильм намойишини ташкил этдик ва ушбу ташаббус болаларни қанчалик илҳомлантираётганига, улар образ ва персонажлар билан ишлаётганига гувоҳ бўляпмиз. Улар иншо устида ишлашга пухта тайёргарлик кўришмоқда ва масъулият билан ёндашмоқда, – дейди Қарши туманидаги 10-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хафиза Худойбердиева.
– Бугун мактабларда иншолар кўрик-танлови бўлиб ўтмоқда, кейинроқ туман босқичи бўлиб ўтади, 15 та туманнинг энг яхши ўқувчилари эса вилоят босқичида ғолиблик учун кураш олиб боради. Иншолар танлови 17 майга қадар давом этади, – дейди Қарши вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Каримов Тўлқин Турсунович.
– Мақсадимиз болаларнинг миллий кинога бўлган меҳрини уйғотиш, шунингдек, реал ҳаётда учраши мумкин бўлган қаҳрамонларнинг турли характерларини кўрсатишдан иборат. Ўтказилаётган акция ёшларнинг маънавиятини шакллантиришга, яхшилик ва ёмонлик, садоқат ва хиёнат нима эканлиги ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида маълумот беришга ёрдам беради, натижада ёшлар ҳаётда тўғри йўлни танлашга ўрганади, – деб фикр билдирди Кинематография агентлиги бош директори Ф. Абдухолиқов.