Бугунги кунда аёллар жинсий хасталиклари ичида тухумдон кистаси ҳам бирмунча кенг тарқалган муаммолардан саналади. Бу дард ўтказиб юборилган ҳолатларда аёл саломатлигидаги хавфли ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Ушбу касалликнинг келиб чиқиши, аломатлари ва асоратлари ҳамда унинг олдини олиш чоралари борасида онкогинеколог Эркиной Эргашева батафсил маълумот берди.
–Тухумдон кистаси тухумдон юзасида ҳосил бўлувчи ҳосила бўлиб, ичи суюқликка тўла бўлади. Ўлчовлари бир неча см.дан 15-20 см.гача бўлиши мумкин. Бундай киста кичик бўлса аёл соғлиғи учун айтарли хавф туғдирмайди. Баъзан бир нечта ҳайз циклидан сўнг ўзи сўрилиб кетади. Камдан кам ҳолларда тухумдон кистаси кистанинг ёрилиши ёки қон кетиши билан асоратланади. Айрим ҳолларда киста ўз «оёғи»да ўралиб қолиши, ёндош аъзоларни босиши мумкин. Бу ҳолларда шошилинч жарроҳлик ёрдами кўрсатиш талаб этилади.
Қандай пайдо бўлади?
Аёлларда ҳар бир тухумдоннинг ўлчами ёнғоқ катталигида бўлади. Ҳайз цикли ўртасида тухумдонлардан тухум ҳужайралар етилиб, бачадон бўшлиғига тушади. Улар етилгунча фолликула ичида бўлади. Фолликула ёрилиши овуляция дейилади. Бачадон бўшлиғига тушган тухум ҳужайра сперматозоид билан бирлашиб, ҳомиладорликка олиб келади.
Фолликула ёрилмаса, бир неча ой давомида сақланиб қолади. Аста-секин киста ўлчами кичиклашади ва йўқолиб кетади. Фолликула ёрилгандан сўнг фолликула ўрнида қолган сариқ танада ҳам киста ривожланиши мумкин. Бу сариқ тана кистаси деб аталади. Баъзида киста ичида қон тўпланади. Бу ҳолда киста геморрагик киста деб номланади.
Жинсий аъзоларда сурункали яллиғланиш (шамоллаш) касалликлари тўлиқ даволанмаса ҳам киста юзага келади. Баъзан турли инфекциялар сабаб бачадон шиллиқ қавати, тухумдон ва бачадон найларининг атрофи яллиғланади. Оқибатда эса шиллиқ қават зарарланиб, бунинг ҳисобига ўша ерда суюқлик йиғилади. Бу эса киста пуфагини ҳосил қилиши мумкин.
Баъзи таҳминларга кўра, ҳайз цикли тартибсизлиги, қаттиқ асабийлашиш, зарарли одатлар ҳам киста ҳавфини юзага келтиради.
Хавф омиллари нимадан иборат?
- Ҳайз цикли мунтазам бўлмаслиги;
- Танада ортиқча ёғ тўпланиши;
- Семизлик;
- Ҳайз цикли эрта бошланиши (11 ёш ва ундан барвақт);
- Бепуштлик;
- Гипотиреоз ва бошқа гормонал бузилишлар;
- Кўкрак бези саратони.
Қандай белгилар кузатилади?
Одатда тухумдон кистасида яққол белгилар кузатилмайди. УТТ текширувида ташхис қўйилади. Айрим ҳолларда қуйидагилар кузатилади:
- Қорин пастки қисмида кучли оғриқлар;
- Ҳайз циклининг бузилиши;
- Қорин пастки қисмида оғирлик ҳисси;
- Ҳайз даврида қорин пастида кучли оғриқлар;
- жисмоний меҳнат вақтида ёки жинсий муносабат чоғида қорин пастида тўсатдан оғриқ пайдо бўлиши;
- Ичак ва сийдик пуфаги бўшалишида қорин пастида оғриқ;
- Даврий равишда кўнгил айниши ва қусиш;
- Қин соҳасида оғриқлар ва қиндан қонли ажралма ажралиши;
- Бепуштлик.
Қайси ҳолларда шифокорга мурожаат этамиз?
Қуйидагилар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим:
- Тана ҳароратнинг 38,5 С дан баланд бўлса;
- Қорин соҳасида ва чаноқ соҳасида оғриқ бўлса;
- Кўнгил айниши ва қусишда;
- Ҳолсизлик, бош айланиши ва ҳушдан кетиш;
- Тери ранги оқариши;
- Ҳайз вақтида кўп қон келиши, узоқ давом этиши;
- Қорин соҳасининг сабабсиз катталашиши;
- Юзда тукларнинг кўпайиши;
- Қон босими ўйнаб туриши;
- Ташналик кузатилиши;
- Сийдик ажралишининг тезлашуви;
- Вазн камайиши;
- Қорин соҳасида қўл билан пайпасланадиган қаттиқлик бўлиши.
Тухумдон кистасини даволаш
Айрим ҳолларда контрацептив дори воситалар ёрдамида тухумдон кистасини даволаш мумкин. Агар тухумдонда киста ривожланишига мойиллик бўлса, шифокор тавсияси билан ҳомиладорликдан сақловчи препаратларни қабул қилиш мумкин. Бундай гормонал воситалар овуляцияни секинлаштириб, киста ривожланиш хавфини пасайтиради, мавжуд кистани кичрайтиришга ҳам ёрдам беради.
Тухумдон кистаси гормонал ўзгаришлар натижасида келиб чиққанлиги боис тезкор даво қилинмайди, одатда назорат қилинади. 10 см. дан катта бўлган ҳолда ва 3 ой давомида ўз ўзидан сўрилмаса хирургик даволанади. Киста асорат берганда (кистанинг ёрилиши, кистанинг ўралиб қолиши, ёндош аъзоларни босиши) зудлик билан оператив даво ўтказилади.
Тухумдон кистаси кўпинча туғиш ёшидаги аёлларда келиб чиқади. Ҳайз цикли кузатилмайдиган менопауза ёшидаги аёлларда кам учрайди. Уларда аксарият ҳолларда хавфли ўсмалар хавфи бор. Шу боис, менопаузада 2-5 см. дан катта киста аниқланса жарроҳлик йўли билан олиб ташланади.
Беморларга маслаҳатлар:
- Тухумдон кистаси касаллиги мавжуд аёлларга жисмоний фаоллик қисман чекланади. Кескин ҳаракатлар, сакраш, мураккаб машқлар мумкин эмас.
- Киста кучли оғриқ берганда оғриқ қолдирувчи дорилар буюрилади. Баъзан мушакларни бўшаштирувчи илиқ ванна ёки грелка ҳам ёрдам беради.
- Бундай киста кўп ҳолларда ҳомиладорликка ва бола кўриш фаолиятига тўсқинлик қилмайди. Тухумдон кистаси билан ҳомиладорлик кузатилса киста сўрилиб кетиши кузатилади.
- Вақтида аниқланмаган ва аниқланса ҳам ўз вақтида даволанмаган, назорат қилинмаган кисталар саратонга олиб келиши мумкин.
- Турмушга чиқмаган қизларда киста аниқланса ўлчамига ва хусусиятига қараб даволанади. 8 см гача бўлган кисталар сўрилиш эҳтимоли бор. Ундан катта кисталар лапороскопик ёки очиқ жарроҳлик йўли билан даволаш тавсия қилинади.
Олдини олиш бўйича тавсиялар
- Жинсий аъзоларда яллиғланиш ҳолатларига йўл қўйманг;
- Безовталиклар, ҳайз оғриқлари, тана вазнига эътиборли бўлинг;
- Қиндаги ажралма ранги, қачон ва қандай келишига эътибор беринг;
- Бир йилда 1-2 марта гинеколог кўригидан ўтинг. Шунда нафақат тухумдон кистаси балки бошқа аёллар касалликларидан ҳам узоқ бўласиз.
Шаҳризода ОТАБОЕВА тайёрлади.