Текширувчи магистр (ҳажвия)

Ўтган ҳафтада қоровулни жамоат ишига юборганимда мактаб ёнидаги симёғочни ўмариб кетишибди…

Мактаб директори Карвонов қабулхонаси эшиги олдида қўлида хатжилд ушлаганча турган қизил бўйинбоғли йигитни кўриб, ичидан зил кетди. Бехос хаёлига келгани шу: “Оббо, яна текширувчи юборишибди! Яна атай мактабдаги бугунги ҳолатни билишгандай!”

У тез юриб, негадир ҳаяжонданми бир ерда туролмай, даҳлизни қадамлаб “ўлчаётган” йигит билан қўш-қўллаб кўришди ва ичкарига мулозамат билан таклиф қилди. Қабулхонада ўтирган котибасига: “Иккита қайноққина қаҳва тайёрланг!” деганча кабинети эшигини очиб, ҳалиям ҳаяжондан ўзини босолмаган турган йигитни ўзидан олдин киришга мажбурлади.

…Хонадаги юмшоқ диванда ноқулайгина ўтирган йигит директорнинг маъноли қарашлари олдида довдираб, қўлидаги хатжилдни ғижимлаётганини сезмасди.

Карвонов ўзича ҳисоб берган бўлди: “Соат саккиз… йўқ етти яримда мактабга келаман. Илк ўқувчиниям, ўқитувчиниям ўзим кутиб оламан. Бу ёқда фаррошларнинг  ишларини кўздан кечираман. Биринчи қиладиган ишим –“йўқлама”. Бусиз мумкинмас! Ўқувчилар тўлиқ дарсларга қатнашса, ўқитувчилар ишига масъулият сезишса… шунда самара бўлади. Мана ўтган ўқув йилида…”

Шу пайт Карвоновнинг қўл телефони овоз бериб қолди. У телефондаги рақамга кўз югуртирди-ю юзи буришди:

–Эшитаман, оқсоқол! Мен борини… яна беш кишими? Қайдан топай? Ким? Ҳалиям икки синфдаги болаларни тинчлантириб ўтиришни фаррошларга топширдим! Йўқ, йўқ қоровулни юборолмайман. Биласиз, ўтган ҳафтада қоровулни жамоат ишига юборганимда мактаб ёнидаги симёғочни ўмариб кетишди. Қайдан топаман, арралаб, ўчоққа ўтин қилишгандир! Кўрамиз, кўрамиз!

Карвонов телефонини столга қўяркан, бош чайқади.

–Шу-да! Сенинг давоматинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу ёқда “Давомат жойидамас!” деб мудир дағдаға қилади. Ука… иним шундай гаплар!

У қўлларини ёзганча, ўзида айб йўқлигини тушунтирмоқчи бўлди.

Карвонов йигитнинг қўлидаги хатжилдга қараб-қараб қўяр, нима гаплигини сўрашга журъати етмасди. Энди сўрашга лаб жуфтлаганда эшик очилиб, ўринбосари Саломов кирди.

–Яна нима гап?

Саломов ҳансираб гапирди:

–Еттинчи синф ўқувчилари кўчада юришган экан. Зўрға синфга қамадим. Бирортани топиб, «танаффусгача қараб ўтир» демаса…

Карвонов жеркиб берди:

–Кимни топай? Ўзинг кириб ўтир!

Чиқиб кетаётган ўринбосари ортидан бақирди:

–Анов синфга… қоровулга айт, танаффусгача кириб, болаларни тинчитиб ўтирсин!

***

Карвонов ниҳоят ҳалиям ҳаяжонда ўтирган йигитдан сўрашга журъат топди:

–Иним, нима юмуш… топшириқ билан юборишди сизни?

Йигит хатжилдни очди, бир варақ қоғозни олиб, директорга узатди. Карвоновнинг кўзи аввалида қоғоздаги каттагина муҳрга тушди, хаёлидан: “Тафтиш қилишга буйруқ бўлмасин!” деган фикрлар ўтди.

У қоғозни икки карра ўқиди.

–Хўш, хўш! Нима хизмат биздан?

Йигит бармоғи билан қоғозни кўрсатди:

–Университетни битказдим… Шунга сизларда иш борми деб…

Карвоновнинг юзи ёришди, қоғозни айлантириб кўрди, бепарво оҳангда сўради:

–Мутахассислигингиз нима, ўртоқ Ботиров?

Йигит томоғи қуриганидан яна қоғозни имлади:

–Ана…ана шу ерда ёзилган…

Карвонов яна қоғозни кўзига яқин келтирди ва бош чайқади:

–Магистр! Демак, магистрсиз?

Йигит бош чайқади:

–Ҳа, ҳа!

Карвонов қоғозни йигитга қайтариб берди:

–Бизда, укам “магистр фани” ўқитилмайди. Сен яхшиси анов техникумга бор. Шу ёқда шунақа фан ўқитилса керак!

Йигит нимадир демоқчи бўлган вақт котиба чиройли патнусда иккита қаҳва, ширинликлар кўтариб кирди. Келтирганларини столга қўяётганида Карвонов бақириб берди:

–Бу нима?”

–Қаҳва! Ўзингиз…

Карвонов яна овозини баландлатди:

–Қаҳва?! Ҳозир қаҳва ичадиган вақтми? Ишим бошимдан ошиб ётибди. Тўрт одам топиб, гузарда қурилаётган чойхонага ҳашарга боришим керак. Кўтар, қаҳвангни!

Рўзимбой ҲАСАН.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: