Қаҳрамонимизнинг исми Лазизбек Эргашев, у атиги 19 ёшда ва уни IT соҳасидаги анча тажрибали фрилансер деб аташ мумкин. Лазизбек — бухоролик. Айтганча, у ҳозирги кунда ўз мутахассислиги бўйича фаолият олиб бормоқда. Тошкент ахборот технологиялари университетининг иккинчи босқичида ўқиши баробарида уч йилдан бери веб-дастурлаш соҳаси бўйича «фрилансерлик» қилиб келмоқда. Бу соҳада етарли тажриба тўплаган ва бугунги кунда яхшигина даромад топмоқда. Унинг ахборот технологияларини ўзлаштириш ва муваффақиятга эришиш борасидаги маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Тарихга назар
«Ҳаммаси ёшлигимдан бошланди. У пайтларда мен жуда кўп компютер ўйинларини ўйнардим ва куни бўйи компютер олдида ўтирардим. Менга Warcraft III, Call of Duty ва шу каби ўйинларни ўйнаш жуда ёқарди. Тўғрисини айтсам, компютер ўйналарини ўйнаш орқали вақтимни беҳуда ўтказардим, лекин улар менга ўз ўрнида компютерни яхшироқ тушунишга ёрдам берди десам ҳам бўлади. Сабаби ўйнаш жараёнида сиз тармоқ ўйинларининг функцияларини, уларнинг қандай ишлаши ва шу каби қизиқарли нарсаларни тушунишни бошлайсиз. Кейинчалик ўзимга «бу ўйинлар қандай яратилади» деган саволни беришни бошладим», – дейди Лазизбек.
Шу вақтдан бошлаб Лазизбек интернетда «серфинг» қилишни ва форумларни ўқишни бошлади. Лазизбек ўз ўйинларини яратишни ҳам бошлаган эди, лекин уларни ривожлантириш учун овозли продюсерлар, график дизайнерлари ва шу каби бошқа мутахассислардан шаклланган катта гуруҳ кераклигини тушуниб етгач, шахтидан қайтди.
Бироқ охир-оқибат қаҳрамонимиз веб-дастурлашга қизиқиб қолди. Бу эса унинг HTML ва CSSни ўрганишига туртки бўлди. Ўша пайтларда у 6-7 синфларда таҳсил олаётган эди.
«Менга дастурлашни чуқурроқ тушунишимга кўмаклашган акамга ҳамда компютер сотиб олиб берган ва уйга интернет ўрнатиб, барча керакли шарт-шароитларни яратиб берган онажонимга миннатдорлигимни бирдираман. 2014 йилда ҳамма оилада ҳам Wi-Fi мавжуд эмас эди», –таъкидлайди Лазизбек.
Лазизбекнинг айтишича, яхши ишлайдиган интернет ва инглиз тилини билиш фриланс ва дастурлашда катта аҳамият касб этади. Сабаби, маълумотларнинг аксарияти интернетдан топилади ва улар кўпинча инглиз тилида бўлади.
«Кейинчалик мен Fronend билан ишлаш учун Javascriptni, Backend учун PHP ва маълумот базалари учун MySQLни ўргандим. 8-синфда ўқиб юрган пайтимда, болалар учун энг яхши веб-сайтни яратиш бўйича республика чемпионатида қатнашдим ва у ерда учинчи ўринни эгалладим», — эслайди у.
Фрилансликка қизиқишнинг пайдо бўлиши
Лазизбек фриланс билан шуғулланишни 16 ёшидан бошлаган. Сабаби, у катта талабга эга мутахассис бўлишни ва тажриба орттиришни хоҳларди. Қолаверса, ўша пайтда у жуда ёш эди ва маҳаллий компанияларда ишлай олмаслиги сабабли фрилансер бўлишга қизиқади.
Биринчи буюртма
«Мен биринчи буюртмани weblancer.net сайтида ишни бошлаганимдан сўнг бир ҳафта ўтиб олдим. Биринчи мижозим Латвия унверситети талабаси эди ва менга ишни бажариш учун жуда кам муҳлат берди. Ўша пайтда мен унинг университетига тегишли бўлган саволларга жавоб бера оладиган AI чатбот яратишим керак эди. Энг қизиғи, буюртмани олган вақтимда мен AI ва чатбот ҳақида ҳеч нима билмас эдим. Жуда ҳаяжонландим, сабаби агар ўша топшириқни бажара олмаганимда, фрилансерлик фаолиятимни тўхтатар эдим. Аммо бироз изланишлардан сўнг интернетдан осонгина чатбот яратиш ва уни платформага бириктириш мумкин бўлган «Google Dialogflow» номли бепул сервисни топдим. Кейинчалик ушбу чатботни бирлаштириш мумкин бўлган сайт яратдим. Ушбу 4 кун давомида ишлаган лойиҳам учун $350 миқдорида пул ишладим. У вақтда бу мен учун жуда катта миқдордаги пул эди. Лойиҳа фриланс биринчи қарашда туюлгандек қўрқинчли эмаслигини тушуниб етишимга ёрдам берди. Агар мен буни 1 марта қила олган бўлсам, иккинчи марта ҳам қилишим мумкинлигини тушундим», — дейди Лазизбек.
Сен энди қидирмайсан, сени ўзлари топишади
«Нимага эканлигини билмадим, лекин мен ҳеч қачон маҳаллий мижозлар билан ишламаган эканман. Мен учун Европа ёки Осиёдаги бошқа мамлакатлардан мижоз топиш анча осон эди. Бошида рейтингим паст бўлганлиги сабабли мижозларни топишда қийналардим. Мен бу соҳада янги бўлганим сабабли, кўпчилик менга лойиҳаларини ишонишмасди. Аммо рейтингим ўсишни бошлаши билан буюртма олишим осонлашди. Натижада, рейтингим юқори бўлганда, мижозларга ёзишнинг ҳожати ҳам қолмади, сабаби улар мени ўзлари топишарди. Бирданига 3-4 та таклиф келиб тушган вақтлар ҳам бўлди», — таъкидлайди ёш дастурчи.
Биринчи хорижий шартнома
«18 ёшимда менга Германиядаги бир компаниядан катта таклиф келиб тушди. Улар мен билан боғланишди ҳамда масофадан туриб ишлашга таклиф қилишди. Натижада, мен улар билан бир неча йилга катта шартнома имзоладим ва ҳозирги кунгача улар билан ишлаб келмоқдаман. 18 ёшимда менинг фрилансер сифатидаги ойлик даромадим 1000 евродан ортиқ маблағни ташкил этарди», — деди қаҳрамонимиз.
Фриланс Лазизбек учун асосий даромад манбаи ҳисобланади.
У университетдан бўш вақтларида ишлайди. Шунингдек, акаси Адизбек билан биргаликда вақт топиб, дастурлашни ўргатадиган сайт ишлаб чиқди. Сайт robocontest.uz деб номланади ва ҳозирги кунда унинг 1 000 дан ортиқ фаол фойдаланувчилари мавжуд. У ерда улар муаммоларни ечиши, бошқа дастурчилар ўртасида ўтказиладиган танловларда иштирок этиши ҳамда бошқа кўп нарсаларни ўрганишлари мумкин.
IT соҳасида фрилансер бўлиш учун қанча вақт керак?
Лазизбекнинг айтишича, баъзи дастурлаш тилларини ўрганиш орқали маҳсулотни бир ҳафта ичида яратиш мумкин. Аммо одамларга ёқадиган аниқ бир арзийдиган нарсаларни яратиш учун кўп йиллик тажриба талаб этилади. Лазизбек, бошқа соҳалар сингари дастурлашда ҳам ҳеч қачон ҳамма нарсани охиригача ўргана олмайсиз, деб ҳисоблайди. Сиз янги нарсаларни ўрганганингиздан сўнг ҳам ҳали ўрганмаган кўплаб янгиликлар борлигини тушуна бошлайсиз.
«Дастурчилар — умр бўйи янги нарсаларни ўрганиб боради. Сабаби улар ҳар куни янги технологиялар, ўзгаришларга дуч келишади. Бозорда катта талабга эга дастурчи бўлиш учун барча янгиланишлар ва «фишка»лардан хабардор бўлишингиз керак. Балки ҳаммасини эмас, ҳеч бўлмаганда ишингизда сизга керак бўладиган нарсаларни ўрганишингиз шарт», — дея қўшимча қилди Лазизбек.
Ёш дастурчи бўлишни истаганлар учун
Лазизбекнинг сўзларига кўра, ёш дастурчиси бўлиш учун камида дастурлаш тиллари бўйича бошланғич билимларга эга бўлиш керак. Уларни ўрганишга тахминан 4-8 ой кетади.
«Аммо бу рақамлар холос, аслида ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Фрилансер бўлиш учун, эҳтимол кўпроқ вақт талаб этилар, чунки фриланс нафақат профессионал IT кўникмаларини, балки маркетинг кўникмаларини ҳам ўз ичига олади, сабаби яхши иш топиш учун сиз ўз хизматларингизни сотишни ҳам билишингиз керак, акс ҳолда қийин бўлади, — қўшимча қилади у.
Лазизбекнинг бўлажак фрилансерларга берадиган 4 та маслаҳати:
1. Инглиз тилини ўрган ва уни онанг сингари ҳурмат қил.
Фрилансда талаб қилинадиган профессионал кўникмалардан ташқари, инглиз тилини билишингиз шарт.
2. Сабр-тоқатли бўл, соатлаб коддаги хатоларни излашга тайёр тур.
Дастлаб дастурлаш зерикарли бўлиб туюлиши мумкин, чунки кодда хатоларни қидириб, соатлаб компютерда ўтиришга тўғри келади. Дастурлаш интровертларга кўпроқ мос келади, аммо агар сиз жуда кўп гапирадиган одам бўлсангиз, унда соатлаб ҳеч ким билан гаплашмасликка тайёр бўлинг, айниқса масофадан туриб ишлаганда.
- Ҳозир бошла, кейинга қолдирма.
Бошлаш учун ҳозирдан яхши вақт йўқ. Лойиҳалар устида ушлаш орқали, ўсиб борасиз.
- Мижозингизни умидлантириб қўйманг. Агар қила олмасангиз, қила олмаслигингизни айтинг.
Агар сиз буюртма олган бўлгандан сўнг ва уни бажара олмаслигингизни тушунсангиз, дарҳол мижозга қўлингиздан келмаслигини айтинг. Мижоз хафа бўлмайди, аксинча вақтини беҳуда ўтказмагани учун хурсанд бўлади. Сиз ҳам бундан ҳеч нарсани йўқотмайсиз.
Лазизбекдан дастурлаш ва фрилансни ўрганишга мўлжалланган платформалар тўплами:
– freelance.ru;
Айни пайтда Лазизбек фрилансер сифатида муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Яқинда Лазизбек устахонадаги бошқа ҳамкасблари қатори Бухоро шаҳридаги IT Парк филиалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Учрашув уни янада кўпроқ ишлашга ва келган жойида тўхтаб қолмасликка илҳомлантирди.