Экология қўмитаси вакили дарахт кесиш мавзуси газеталарда кам ёритилаётган бўлса ҳам ижтимоий тармоқларда асосан журналистлар ва аҳоли вакиллари томонидан кенг муҳокама этилаётганини айтиб ўтди.
Албатта, қалтис мақолаларни газетада ёритишда муаммолар юзага келиши мумкин. Баъзан чиқмай қолиши ёки керак жойи олиб ташланиши эҳтимоли бор. Интернетда эса ҳаётий реаллик шаффофроқ ва тезкорликда акс этаётир. Ижтимоий тармоқлар баъзан ОАВ учун ахборот манбаси бўлиб хизмат қиляпти.
Бўлиб ўтган тадбирда шаҳардаги ариқ ва зовурлар кўмилиб кетаётгани, ёғингарчилик бўлса кўчалар тошқинда қолаётганлиги ҳақида ҳам саволлар берилди. Бироқ аксарият савол-жавоблар дарахтларни кесиш масаласига бориб тақалди. Хўш, нега пойтахтдаги баланд, серсоя дарахтлар кесилиб кетаяпти, кўплаб қушлар уя қурган азим чинорлар нега каллакланиб, пальма шаклига келтириляпти, нега қурилиш ва ободонлаштиришни баҳона қилиб, яшил дўстларимиздан воз кечиляпти?
Бино кўриниши учунмиди?..
Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Навоий кўчаси 30-уй олдидаги баланд дарахтларнинг “қўл-оёғи” нега кесилди, Янги йилда “ялтироқ кўйлак” кийдириш учунми, пиёдалар доим гавжум йўлакнинг “соябони”ни олиб ташлашдан мақсад нима эди, умуман шаҳар микроиқлимини мўътадиллаштиришга ҳисса қўшувчи беминнат “соқчилар” нега шохлари қирқилиб, фақат танаси қолдириляпти, дарахтларга шакл беришда асосан қандай меъёрларга амал қилинади каби саволларга қониқарли жавоб бера олмади. Унинг айтишича Навоий-30 нинг олдидаги дарахтларнинг “қўл-оёғи” чиройли бино кўриниб туриши учун кесилган экан… Кесилмаса қуриган шохлар одамлар устига қулаб тушиши мумкин экан (аслида қуриган шохлар қолиб, соғлари кесилган)…
Хуллас, ходимнинг айтишича у бор йўғи икки ой олдин ишга келган эмиш, бунинг устига тадбирга яхши тайёргарлик кўрмабди… Навоий-30 олдидаги дарахтлар нимага қирқилганидан бехабар экан… Нега унда тадбирга “осмондан тушган” одамни юборишади?!
Матбуот анжуманига ички ишлар бўлими вакили ҳам чақирилган бўлиб, журналистлар унга ҳам бир нечта саволлар беришди. Ҳозирда дарахтларнинг ким томонидан кесилиб, қаерга олиб кетилаётгани ҳақида маълумотлар борми, умуман бундай тартиббузарликлар очиладими, суриштирув қилинадими ёки масъуллар аҳолидан мурожаат тушишини кутиб қараб турадими каби саволларга у конкрет эмас, атрофлича жавоб бериб ўтди.
Иштирок этган мутахассисларнинг айтишича дарахт кесилаётгани ҳақида кимдир маълум қилса воқеа жойига бориб, айбдорларни топиш, жазолаш, жаримага тортиш ишлари бажарилади. Яқинда Паркент туманидаги ҳолатда юзлаб дарахтларни водий томонлардан кимдир келиб кесиб кетгани аниқланибди… Бошқа бир қанча ҳолатларнинг ҳам айбдорлари топилибди. Ҳозир эконазоратчилар қаерда, ким томонидан дарахт кесилаётганини кузатиб юришар экан. Аммо улар ким ўзи? Фақат чиройли кабинетларда ўтиришибдими, нега биз уларни ҳеч кўрмаймиз? Дарвоқе, уларнинг сонини ошириш бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилаётгани айтилди…
Аҳоли қарши бўлса дарахтлар кесилмайди
Дунё мамлакатларида оддий одамлар қарши бўлса дарахтлар кесилмайди. Масалан, Хитойда 30-40 қаватлик бинолар қурилганда ҳам яқин орадаги дарахтлар атрофи махсус панжара билан ўраб ҳимояга олинади. Ҳатто шамолда ва сув тошқинида ағанаб кетмаслиги учун тиркагичлар билан мустаҳкамлаб қўйилади, қуриётган дарахтлар илдизидан дори бериб ҳаётга қайтарилади.
Ички ишлар бўлими вакили Россиянинг қайсидир вилоятида бўлганида йўл қурилиши билан боғлиқ бир зиддиятнинг гувоҳи бўлган экан. Шу воқеани ҳикоя қилиб берди. Ҳудуд аҳолиси йўл қурилаётган ўрмондаги дарахтларнинг кесилишига жон-жаҳди билан қарши чиқибди. Жанжални тўхтатиш учун қурувчилар йўлни уч километр жойдан айлантириб келишибди. Шу тариқа фуқароларнинг аралашуви билан 300 метрлик ўрмон ҳудудидаги юзлаб дарахтлар кесишдан асраб қолинган экан!
Ҳозир бизнинг юртдошларимиз ҳам анча фаол бўлиб қолишган, дарахтларнинг кесилишига ошкора норозилик билдиришяпти, кесилган чинорлар ва воқеа иштирокчиларининг расмларини ижтимоий тармоқларга жойлашяпти, оғриқли муаммоларга масъуллар эътиборини қаратишяпти.
Лекин афсуски, кўп ҳолларда дарахтларни кесишгандан кейин билиб қоляпмиз. Уйимиз олдида ва ишга борадиган йўлимиздаги бугун барқ уриб турган дарахт эртага йўқ бўлиб қолиши ёки ундан сўппайган тана қолишига чидаб бўладими? Биз булар ҳақида ёзиб дод-вой соляпмиз, қўлимиздан келгани шу… Аммо бўлар иш бўлгандан кейин дод-фарёд қилишнинг қанчалик фойдаси бор? Бу ишларнинг одини олиш учун нима қилиш керак?
Ўнтаси экилиб, биттаси кесилса майлими?
“Битта кесилган дарахт ўрнига 10 та кўчат экиляпти”, дейишмоқда. Аммо бу ниҳоллар ўсиб, бошимизга соябон бўлгунча неча йиллар ўтади? Улар қаддини ростлагунча бир авлод умри ўтиб кетмайдими?! Бобомерос дарахтларни борида асрашга хизмат қилувчи муросасиз чора-тадбирлар ўйлаб топишнинг вақти келмадими? Балки барча корхона, ташкилотлар атрофидаги дарахтларни, домларнинг олдидагиларини ҳам ҳисобга олиб, ўша хўжалик ва жамоалар раҳбарларига, домкомларга топшириб, жавобгарлигини бўйнига қўйиш керакдир?
Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг айтишича, шаҳарда фақат ободонлаштириш тизими ходимларига дарахт кесиш ёки шакл беришга рухсат берилади. Улар ҳам махсус руҳсатнома билан бу ишни қила олади. Умуман агар ким дарахт кесмоқчи бўлса ободонлаштириш бошқармаси орқали “Ягона дарча” дейилувчи ташкилотга руҳсат сўраб чиқиши керак. Аммо ўзбошимчалик билан дарахт кесиш ҳоллари ҳам учраётган экан. Булар ҳозир қаттиқ назоратга олинибди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра 2018 йил 18 июндаги буйруққа асосан Тошкент шаҳрида Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишда руҳсатномаларни расмийлаштириш учун тақдим этиладиган хулосалар Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилиши белгиланган.
Маҳаллалардаги дарахтларни ҳатто қурилиш учун бўлса ҳам фуқароларнинг розилиги билан кесиш керак аслида. Чунки шу ҳудудда яшовчилар билади уларнинг қадрини. Ёш болалари билан сайрга чиққанда офтобдан асровчи, баҳорда гул очиб, шохида булбуллар сайраб турадиган дарахтларнинг аёвсиз кесилишига улар чидай олишмайди.
Яна бир афсусланарли ҳолат: ободонлаштириш тизимидаги дарахтларга шакл берувчи мутахассисларнинг билими етишмаётган эмиш; улар қайси турдаги дарахт қай тарзда буталишини яхши билишмасмиш; шу боис қуриган шох қолиб, соғлом шохларни кесишаётганмиш. Қизиқ, уларни ким ишга олган? Билишмаса ўргатиб қўйишсин, “cаллани ол, деса каллани” олиб кетаверадими?
Дарвоқе
Тадбирнинг пресс-релизида 2018 йил 27 июндан 31 декабргача қилинган ишлар ҳақида ахборот берилибди. Унга кўра масъулларга 10260 туп дарахтни кесиш ҳолати бўйича мурожаат келиб тушган. Шулардан бор йўғи 3201 та дарахт сақлаб қолинган. Аммо 1899 туп дарахт “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-қисмига асосан тўловсиз кесиб ташланган… 388 туп дарахт давлат аҳамиятига молик бўлган объектлар қурилиши муносабати билан кесилибди. 3840 та дарахт 1 044 908 436 сўмлик тўлов пули эвазига жисмоний шахсларнинг мурожаатига кўра қирқилибди… Бу фақат олти ойда биргина шаҳардан олинган маълумот. Яна, катталарнинг диққат марказида бўлган пойтахт статистикаси! Унда вилоятларда аҳвол қандай экан?!
Қандай сабаб рўкач қилиб кўрсатилса ҳам минглаган туп дарахтларнинг кесилиши ҳақидаги ҳисоботни шунчаки келтириб ўтиш ачинарли. Ахир битта-иккитага юрак сиқиляпти-ку, бу ҳисоботларда минглар ҳақида гап кетмоқда…
Ушбу муаммоларни оқилона ҳал қилишда янги экологик партиянинг ёрдамида айбдорларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилишига, назоратнинг самарали тизими ишлаб чиқилишига умид қилиб қоламиз.
Манзура БЕКЖОНОВА