26 январь куни бир қатор вазирлик ҳамда ташкилот раҳбарлари ва ҳашарчилар иштирок этган тадбирда қуриган денгиз тубидан ичимлик суви манбаси топилгани маълум қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон ахборот агентлиги.
Айни пайтда Оролнинг сув қайтган соҳилларига саксовул экиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан мингдан ортиқ ҳашарчилар етиб келган. Маълумки, саксовулзорлар қуриган Орол тубидан кўтариладиган туз бўронларининг олдини олади. Жорий йилда 500 минг гектар ерга саксовул экиш белгиланган бўлиб, ушбу чўл ўсимлигини экиш жараёни бир гуруҳ тадқиқотчи-мутахассислар бошчилигида олиб борилмоқда.
Кейинги пайтда ҳукуматимиз томонидан Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, 2017 йилда ҳам Мўйноқ туманига 101 километрдан ичимлик суви қувури тортиб келтирилган эди. Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси томонидан жорий йилда Мўйноқ туманида, 40 та табиий ичимлик суви манбаларини очиш режалаштирилган. Ҳозирда аҳолининг асосий қисми ичимлик сувини артезиан қудуқлари ёрдамида чиқариб олмоқда.
Оролбўйи дала гидрогеологик экспедицияси бошлиғи Шавкат Олимовнинг айтишича фойдаланишга яроқли ер ости сувлари Чимбой, Тахтакўпир, Қораўзак туманларидан ҳам мавжуд. Уларни махсус ускуналар ёрдамида чучуклантириб, ичимлик суви сифатида фойдаланса бўлади.
Янги топилган сув манбаси ҳудудда биринчи сув йўли бўлиб, бу ерда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади, тоза сув бўлса қушлар, ёввойи ҳайвонлар ҳам қайтиб келади, дейишмоқда мутахассислар.