- “Дудбўрон” ёнғиннинг олдини олиш жамияти туман бўлими раиси Саъдуллахўжаев эрталабдан ҳаммани ўз хонасига тўплади. (Аслида етти киши ишлайдиган бу идора икки қаватли “Супермаркет”нинг бир хонасида ижарада ўтирарди).
Саъдуллахўжаев чийилдоқ овозда гап бошлади:
-Ҳамманг эрталаб хонага бир бош суқиб… кейин қорангни кўрсатмайсанлар! Мана сен, Ҳамроев! Кеча олти хонадоннинг ёнғинга қарши ҳолати бўйича текшишув ўтказибсан. Иш вақти неча соат?
Ҳамроев дегани узун бўйли йигит мовийранг кўзлари билан бошлиққа пешанасини жийириб тикилиб турарди.
-…Иш вақти саккиз соат! Саккиз соатда олти хонадонга кириш… нима, йилинг тошбақами?
Кимдир бу сўзга “пиқ” этиб кулди. Бошлиқнинг жаҳли чиқди:
-Нега куласан, Назаров? Сен ҳам кеча осмондаги ойни олганинг йўқ. Кун бўйи қайлардадир санғиб, ўн бир хонадон кўриги ҳақидаги квитанцияни топширибсан.
Ҳамроев паст овозда тушунтирган бўлди:
-Кеча саккиз эмас, ўн соат уйма-уй юрдим. 68 хонадон эшигини қоқдим!
Бошлиқ унинг гапини бўлди:
-Эшик қоқиш эмас, ишлаш керак!
-28 хонадон умуман эшигини очмади. Ўн бир киши пули йўқлигини айтди. Бир фуқаро пенсия олса, бири ўғли Россиядан пул юборса тўлармиш. Шу топганим олти…
-Ўтир!!!
Х Х Х
Саъдуллахўжаевнинг овози мулойимлашди:
-Демак, гап бундай! Ҳамма бугун қайси маҳалланинг қайси кўчасига боришини яхши билади. Кечқурунгача ҳар бирингиз камида йигирма бештадан уйдан дудбўрони назоратдан ўтказилгани ҳақида далолат хати ва албатта, шу хизмат учун тўланган пулни олиб келиб, бош ҳисобчига топширасизлар! Мана, сенларнинг дангасалигингдан ўтган ой учун маошни ҳалиям ололмадик. Мингинчи марта айтаман – бизлар хўжалик ҳисобидаги идорамиз. Топсак – еймиз, топмасак… манов Ҳамроевга ўхшаб кўзимизни лўқ қилиб ўтираверамиз. Тушунарлими?
Идоранинг беш нафар назоратчиси бир овоздан “Тушунарли!” деб энди ўринларидан қўзғалаётганларида бошлиқ қўли билан “Шошманглар!” ишорасини берди.
Х Х Х
Бошлиқнинг қўлидаги жигарранг, чиройли чиптага ҳамма ажабланиб қаради.
-Кеча ҳокимликдан манови чиптани беришди. Ҳайрия концерти бўларкан. Патта шунга. Ҳозир қарайчи… Мана, ёзиб қўйибди. Соат 16.00. Туман маданият уйи. Чипта бепул экан, шунга кимдир бориши керак!
Назоратчилар барчаси бир овоздан: “Мен!” деб юборишди.
Ҳисобчи мийиғида кулиб қўйди…
Х Х Х
Саъдуллахўжаев чипта бепул бўлгани билан концерт ҳайрия тарзида ўтказилиши, шунга ҳар бир чипта эгаси беш юз минг сўм бериши кераклиги, пулни соат ўнга қадар ҳокимликка етказиб бериш шартлигини айтгач, ҳамманинг дами ичига тушди.
Ҳамроев ўрнидан туриб, кетмоқчи эди, уни бошлиқ тўхтатди:
-Қаёққа?
Ҳамроев елка қисди:
-Ўтган ой хотиним операция бўлганди. Ҳали ҳам одамлардан олган қарзимни қайтарганим йўқ…
Бошлиқ қўлидаги паттани силкитди:
-Ҳеч кимнинг чўнтагидан тошиб ётган пули йўқ, аммо ўша беш юзни бермасак…
Ҳамма ерга қаради.
Бошлиқ энг орқада жимгина ўтирган йигитга қаради:
-Аслида концерт-кинога бориш уйланмаган йигитларга ярашади. Шундайми?
Ҳамма уч ой олдин ҳарбий хизматдан қайтгач, идорага ишга кирган қоматдор йигитга қаради.
У дудуқланди:
-Мен, мен…
-Ҳа, айнан сен борасан! Шу баҳонада концертда бирор қиз билан танишсанг, ана унда биргаликда “Тўйлар муборак!”ни айтамиз-да!
Х Х Х
Анча тортишишди. Тойиров онасининг пенсиясидан уч юз минг сўм сўраб олишдан бошқа имкони йўқлигини қатъий такрорлайверди.
Саъдуллахўжаев чигал вазиятга ечим топди:
-Ҳайрия қилмоқ ҳар бир кишининг бурчи! Демак, Тойиров уч юз минг топади. Қолганини ҳаммамиз йиғамиз! Ҳозироқ! Тушунарлими?
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
Х Х Х
Чўнтак кавлаб, яна бир-биридан қарз олиб, икки юз ўттиз минг сўм тўплашди, қолган уч юз мингини Тойиров уйидан олиб келадиган бўлди.
Ҳа, ўша ортиқча ўттиз минг сўм Тойировнинг концертга киргунча парк айланиб, қизларга музқаймоқ олиб бериши учун эди. “Чўнтакка пул бермасанглар, концертга бормайман!” деб оёқ тираб туриб олган собиқ аскарни кўндириш осон бўлмади.
Бошлиқ Тойировга тезроқ уйига бориб қайтишни, яна яхшироқ кийиниб олишни, концертда каттаконлар қатнашиши мумкинлигини, идора шаънини сақлаш кераклигини айтиб узундан узоқ насиҳатлар берди. Бу вақтда ҳамма хонадан норози кайфиятда чиқиб кетганди…
Х Х Х
Ҳайрия учун пулни ҳокимликка ҳисобчи олиб кетди. Тойиров эса пўримгина кийинган, чанг кўчаларда уйма-уй юришдан қутулганидан бир томони хурсанд бўлса, бир томони онасидан турли баҳоналар қилиб уч юз минг сўм олганидан кўнгли ҳижил бўларди.
Х Х Х
Саъдуллахўжаев ҳаммани ишга жўнатиб, идора ҳужжатларини бир қур кўздан кечирди, сўнг уйига қайтди. Соат кечки олтиларда яна ишхонасига ўтиши, назоратчилар келтирган далолатномаларни санаб, қабул қилиши, пулини ҳисобчига бериши керак.
Аёли пиширган гўштли мантидан тўйиб еб, устидан кўк чойни ичиб, “пешин уйқуси”га ёнбошлади.
Қанча ухлади, билмайди, телефони овозидан кўзини очди. Телефондаги рақамни кўриб, кўрпачадан сапчиб турди.
Ҳоким ёрдамчиси қўнғироқ қилаётганди:
-Саъдуллахўжаев!
-А, лаббай?1
-Қаердасиз?
-Ишхонада… э йўғе назоратчиларни назорат қилиш учун маҳаллага чиққандим…
-Дарров ортга қайтинг!
-Тинчликми?
Ёрдамчи таъкидлаб тушунтирди:
-Сизнинг идорага берилган патта рақами “13” экан – биринчи қатор. Ҳозир маълум бўлди, Катта ҳам концертга бораяптилар. У кишининг патта рақами “12”, “14” рақамли патта эса туман прокурориники. Яхшилаб кийиниб, атирлар сепиб, концертга борасиз. Концерт вақтида одоб сақлаб…
Саъдуллахўжаевнинг қулоғига гап кирмас, хаёли биринчи қаторда оёқларини керганча ўтирган Тойировга кетарди.
У чуқур “уфф!” тортди ва…
Х Х Х
…Ҳайрия концертида нима томошалар бўлгани ҳақида унга айтишмади – туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига қон босими кескин ошиб кетгани учун олиб келинган, кетма-кет укол қилиниб, ниҳоят уйқу дори билан тинчлантирилган бандага бу гапларни айтиб бўлармиди?..
Х Х Х
Ўша куни ҳайрия концертида қатнашганлар кўп вақтгача кулиб, эслаб юришди. Аслида у ерда нима гаплар бўлганини кейин билди.
Чўнтагига берилган пулга спиртли ичимлик олиб ичган Тойиров олд қаторда оёқларини чалиштирганича ўтирган. Бир ёнида ҳоким, яна бир ёнида эса прокурор…
Ҳаммаси сочларини қизилга бўяб олган қиз саҳнага чиқиб қўшиқ айтганида бошланган.
Тойиров аввалида “Жонидан, қизил сочингдан сенинг!” деб бақирган, кейин рақсга тушган. Кўз олдида бўлаётган томошага қарамасликка уринган ҳоким ва прокурорни зўрлаб, рақсга тортган ва ҳатто прокурорни қучоқлаб олган…
Х Х Х
Булар ҳақида Саъдуллахўжаев “ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида” ариза ёзаётган вақтида эшитди.
Қани ҳозир Тойиров ёнида бўлсаю уни бўғиб ташласа. Бунинг эса ҳозир сира иложи йўқ эди – жамоат жойидаги ҳурмача қилиқлари учун Тойиров ўн беш суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаётганди…
Рўзимбой ҲАСАН, журналист
Карикатурачи рассом: Ҳасан СУЛТОНОВ.