Ватан – сизу биз туғилиб ўсган жой, онгу шуъримиз шаклланган, қадриятларимиз қадр топган, ваҳолангки зуваламиз қорилган муқаддас тупроқдир. Мустақиллик тушунчаси эса Ватанга ҳамоҳанг бўлиб, ана шу замин эркинлиги ва ҳурлигини таъминлаётган улуғ неъмат саналади.
Она диёримизнинг шаҳру қишлоқларида эрта саҳардан элас-элас эсган шамол орқали қулоққа гўдакларнинг ширингина йиғиси чалинганда беихтиёр оиласи ва яқинлари ардоғида бешикда тинчгина ором олиб, она алласидан масрурланиб Ватан сўзини ёд олишга, елкасига “папка” осиб, обод манзил йўлакларидан мактабга боришни орзу қилаётган, бўлғуси Алишер-у, Қодирийлар, Увайсий-у Нодиралар хаёлимизга келади.
Ҳа, худди шундай тинч ва фаровон замонда алла эшитиб, меҳр ила улғаяётган жажжи ўғил-қизлар – Ватаннинг энг бахтиёр авлоди. Улар учун яратилаётган имкониятлар эса истиқлол шарофати туфайлидир.
Истиқлол берган имкониятлар менинг ҳам тақдирим мазмуни аслида. Шундай экан, ўз олдимга қўйган мақсадим — Янги Ўзбекистонда янгича фикрлайдиган, юксак маънавиятли, илм-маърифатли баркамол авлодни вояга етказиш. Зеро, соғлом ва баркамол авлод юрт келажагидир.
Сўзим исботи сифатида шуни фахр ила айтишим мумкинки, кейинги йилларда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, таълим тизимига эътибор қаратиш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди.
Мен кўп йиллардан буён Хива шаҳридаги 4-сон умумтаълим мактабида ўқитувчилик қиламан. Лекин эслолмайманки, бугунгидек ўқитувчи-мураббийларга катта эътибор қаратилган эмас. Бугун юртбошимиз ўқитувчи мавқеини янада кўтариб қўйгани, бизга фаолиятимизда юз карра масъулият юклади. Президентимизнинг бундай ғамхўрлигини теран англаш, ўғил-қизлар қалбида она-Ватанга садоқат туйғуларини шакллантириш, уларни юртга даҳлдорлик ҳисси билан яшашларида устоз-мураббийларнинг ўрни беқиёс.
Тинч ва осойишта юртда яшаб, бундай юксак эътибордан баҳраманд бўлаётганимиз учун ҳар қанча шукрона айтсак кам. Мустақиллик иншоотлари — замонавий мактаб биноларига қараб туриб, ўзимнинг болалик даврим ва бугунги авлодга яратиб берилаётган шарт-шароитларни ўзаро таққослаб, “во ажаб, биз эрта туғилдикми, ёки замон зайлими”, дейман ўзимга ўзим.
Ҳар гал кундуз мактабда, кечки пайт оила даврасида йиғилганимизда, кун давомида амалга оширган ишларимиз хусусида фикрлашамиз. Фарзандларимнинг ўқишдаги ютуқларидан бир томондан қувонсам, жамоамиз эришган муваффақиятлардан икки ҳисса дилим яйрайди.
Мактабимизда гарчан ўқувчилар контингенти бошқа мактабларга қараганда бироз оз бўлса-да, таълим сифати самарадорлиги биринчи галдаги вазифага айланган. Кўп йиллик педагогик тажрибага эга устоз-мураббийлар замонавий ўқув технологияларга таянган ҳолда дарс бераётган ўғил-қизлар кенг ва ёруғ хоналарда ўтириб, барча спорт анжомлари билан таъминланган спорт зал ва очиқ спорт майдончаларида мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланиб, IT соҳасини мукаммал эгаллаш борасида эса ахборот технологиялари хонасида компьютер сабоқларини пухта эгаллашмоқда.
2020-2021 ўқув йили учун мактабимиз жорий таъмирланиб, янгича қиёфа касб этди, кўрган инсоннинг ҳаваси келар даражада қучоқ очаётган маскан Янги Ўзбекистоннинг янги мактабларидан бирига айланди.
Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги арафасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрилгани юртимизда таълимга эътибор беқиёслигидан далолат. Айниқса истиқлол йилларида юртимиз янада ривожланяпти, мустақиллигимиз эса мустаҳкамланиб бормоқда. Яна бу даврда ёшларимизнинг илмга чанқоқлиги ошиб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишга бўлган интилишлари, шак-шубҳасиз Давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Биргина Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг таълим соҳасига кенг жорий этилгани ўқувчи-ёшлар иқтидорини юзага чиқаришда қўл келмоқда. Бу эса уларнинг турли танлов ва мусобақаларда ўз маҳоратларини намоён қилиб, фахрли ўринларни қўлга киритишларига сабаб бўлмоқда.
Сўнги сўз ўрнида Шуни айтиш жоизки, биз педагоглар ҳам инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, эҳтиёжлари ва манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиш, жамиятимизнинг барча қатламларини “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси атрофида бирлаштирган ҳолда юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш борасидаги амалга оширилаётган улкан ишларга муносиб ҳисса қўшишни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйишимиз лозим. Шундагина илгари қилган барча орзуларимиз Янги ўзбекистонда амалга ошиб, буюк воқеаликка айланади.
Жасурбек ИБРАГИМОВ, Хива шаҳридаги 4-мактабнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли