Катанец ўзбек футболини ҳал қилувчи босқичга олиб чиқа оладими?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимига Сречко Катанец тайинланди. ЎФА Вадим Абрамовни истеъфога чиқарганидан сўнг, унинг ўрнига кўплаб мутахассислар номзодларини ўрганиб чиқаётганди. Ниҳоят, словениялик мутахассис номзоди маъқулланди ва Катанец терма жамоамизнинг бош мураббийига айланди. Бу мутахассис қаерларда ишлаган ва қайси жиҳатлари учун терма жамоа бош мураббийи лавозимига маъқул деб топилди. Қуйида шулар борасида тўхталиб ўтамиз.

Қайси жамоаларда ишлаган?

Сречко Катанец 1963 йилда Словениянинг Любляна шаҳрида таваллуд топган. 1981-1994 йиллар давомида «Партизан», «Штутгарт», «Сампдория» каби жамоаларда тўп сурган. Футболчи сифатида ёрқин дамларини «Сампдория» сафида А-Серияда ўтказган. Бу жамоа билан  Италия кубогини қўлга киритган, УЕФА Чампионлар лигаси ва УЕФА Кубоги финал учрашувларида иштирок этган ҳамда Европа “Кубок эгалари” беллашувида зафар қучган.

Катанец ўз мураббийлик фаолиятини Словениянинг терма жамоасида бошлаган эди. Кейинчалик Македония, Бирлашган Араб Амирлиги, Словения ва Ироқ миллий терма жамоаларини бошқарган. Орада,  Грециянинг «Олимпиакос» клубида ҳам ишлаган. У эришган муваффақиятлардан бири Сречко Катанес тарихда илк бор Словения миллий терма жамоасини Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан мураббий ҳисобланади. У футболчи ҳамда мураббий сифатида Словенияда ном қозона олган кам сонли инсонлардан биридир.

Ироқ терма жамоасидан нега кетган?

Сречко Катанец Ироқ терма жамоасини 3 йил давомида бошқариб келди. Умуман олганда, унинг бошқаруви даврида ироқликлар анча муваффақиятли тарзда тўп сура бошлашди. ЖЧ-2022 саралаш ўйинларининг иккинчи раундида унинг шогирдлари кучли гуруҳда бўлишига қарамай, кейинги босқичга чиқишнинг уддасидан чиқишди. Ушбу жамоадан кетиши, яъни истеъфосини Катанец маош билан боғлиқ эканлигини айтиб ўтди. Маълум бўлишича, Ироқ футбол федерацияси мураббий билан тузилган шартнома бандларига амал қилмаган, мураббийга унинг беш ойлик маошини беришни истамаган.

Ўз навбатида Ироқ футболи мутасаддилари ҳам вазиятга жим қараб турмади ва Сречко борасида ўз фикрларини билдиришди.

Айтилишича, мураббийнинг барча ҳолатга жиддий қараши, талабчанлиги ва муроса қилиб бўлмас ҳарактери, шу билан бирга раҳбарият билан доимий тарзда тортишувларга киришгани туфайли Катанецга маош берилиши кечиктириб келинган. Қолаверса, раҳбарият словениялик мутахассиснинг барча маошлари тўлиқ тўланмаслигини ҳам қўшимча қилган. Вазият шу даражага етиб бордики, Катанец Ироқ терма жамоаси постини топширишга мажбур бўлди. Буни мураббий қуйидагича изоҳлайди.

“Мен профессионал мураббийман. Шартнома бўйича  ўз мажбуриятларимни бажардим. Олдимга қўйилган вазифани адо қилдим. Бироқ Ироқ футбол мутасаддилари ушбу натижаларимга нисбатан реакция кўрсатишмади. Агентларим билан маслаҳатлашган ҳолда, терма жамоадан кетишга аҳд қилдим”, — дея фикрни баён қилган Катанец.

Нега айнан Катанец?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралашининг 2 раундида муваффақиятсизликга учради. Вадим Абрамов билан тузилган шартнома муддатидан олдин бекор қилинди. Шундан сўнг ЎФА кўплаб мутахассислар билан музокараларга киришди. Биринчи навбатда Карлос Кейруш вариантига тўхталди. Кейруш Эрон билан Осиёда жуда катта ишларни бажаргани ва португалиялик мутахассиснинг билими юқори эканлиги асосий планга чиққанди. Бироқ Кейруш терма жамоамизга кела олмаслиги маълум бўлди. Украин матбуоти эса Андрей Шевченко номзоди ҳам бўлганлиги, ЎФА раҳбарияти собиқ футболчи билан музокарага боргани айтилди.

Шу орада Ироқ терма жамоасидан кетишга аҳд қилган Сречко Катанец вариантига тўхталди. 58 ёшли мутахассис ҳам Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришни лозим топди ва вазиятни ўз кўзи билан кўриш истагида Тошкентга ташриф буюрди. Ҳаммаси ижобий якунланганидан сўнг у билан 2025 йилгача бўлган шартнома имзоланди.

“Таклифни ўйлаб кўриш ва уни қабул қилиш учун етарли вақт бўлди. Бу ерда иш бошлаганимдан жуда хурсандман. Умид қиламанки, натижаларимиз ҳам яхши бўлади. Жаҳон чемпионатига қадар ҳали вақт узоқ. Шу сабабли олдимизда турган мусобақага эътибор қаратайлик. Ўзбекистонда жуда кучли футболчилар бор”, — дея фикрларини билдирди Катанец.

Шу ўринда ЎФА словениялик  мураббий  штабида 5 нафар хорижлик мутахассис иш олиб боришини ҳам тасдиқлади. Унга кўра, Алеш Чех ва Владо Радманович ёрдамчи мураббий сифатида Сречко Катанецга кўмаклашади. Мартин Магистер жамоа аъзоларининг жисмоний тайёргарлигига жавобгар бўлади. Ниҳад Пейкович эса дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият олиб боради. Шунингдек, штабдан физиотерапевт Иан Катанец ҳам ўрин олган.

            Матбуот анжуманидан маълумотлар

Мураббий билан тўлиқ шартнома имзоланганидан сўнг Сречко матбуот анжуманида иштирок этди. Журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб бераркан, асосий мақсадларига алоҳида тўхталди.

Сречко КАТАНЕЦ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи:

–Бизнинг асосий  мақсадимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш. Аммо унга қадар қиладиган ишимиз кўп. Бу ерда ёш ва қувватга тўла жамоа тузишимиз керак. Шу ўринда матбуот вакилларининг ҳам ёрдами керак бўлади. Жамоа ютганида ҳам, ютқазганида ҳам қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламан», — дея фикр билдирди Катанец.

Ўзбекистон терма жамоаси деганда, хаёлимга яхши савиядаги футболчилар келади. Энди мана шу футболчилар бир жамоага айланиши керак. Олдинги мураббийлар қандай ишлаганини билмайман. Уларнинг ишига баҳо ҳам бера олмайман. Кўрдимки, Ўзбекистонда яхши футболчилар жуда тўп. Фақат уларни мослаштириш, терма жамоа деган номни бирлаштиришимиз лозим.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларга нисбатан ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам ўз фикрларини айтди. У терма жамоа бош мураббийининг олдига қўйилган аниқ мақсадлар борасида гапириб ўтди.

Равшан ЭРМАТОВ, ЎФА биринчи вице-президенти:

–Сречко олдига муҳим вазифа қўйилган. Яъни, Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш. Бироқ бу йўлда Осиё кубоги қурбон қилинмайди. Мураббийнинг ўзи ҳам айтиб ўтмоқда. У ҳар бир машғулотда ютишни истайди. Шундай экан, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз.

         Хорижлик мураббийлар нималарга эришган?

Шу вақтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоасида 8 нафар хориждан келган мутахассислар фаолият кўрсатган эди. Катанец  тўққизинчи мураббийга айланди. Биринчи марта бразилиялик Убиража Вега Да Силва терма жамоамизни бошқарган. У “Пахтакор”да самарали ишлаган. Ундан кейинги кўплаб чет эллик мутахассислар қисқа вақт ишлаганини кўриш мумкин. Эктор Купер ҳам бир йил давомида терма жамоани устози сифатида 17та ўйинда иштирок этганини таъкидлаб ўтиш лозим. Бироқ Катанецгача бўлган вақт давомида таклиф қилинган мутахассисларнинг кўрсаткичлари унчалик яхши эмас.

ХОРИЖЛИК МУРАББИЙЛАР

  Мураббийлар: Бошқарган йиллари: Кўрсаткичлари:
1 Убиража Вега Да Силва 1997-1998 8та ўйин. 4-2-2
2 Павел Садирин 2000 1та ўйин. 0-0-1
3 Владимир Сальков 2001 19та ўйин. 10-3-6
4 Леонид Остроушко 2001 1та ўйин. 1-0-0
5 Ханс Юрген Гёде 2005 3та ўйин. 0-1-2
6 Боб Хаутон 2005 3та ўйин. 1-2-0
7 Валерий Непомняший 2006 6та ўйин. 3-2-1
8 Эктор Купер 2018-2019 17та ўйин. 7-4-6

   Дарвоқе

Ўзбекистон терма жамоасининг янги мураббийи бизнинг футболга умуман бегона эмас. Катанец Ўзбекистон терма жамоаси билан 3 бор тўқнашган ва 100 фоизлик натижа қайд этиб турибди.

Дастлаб у 2010 йилнинг 3 мартида БАА терма жамоаси билан Тошкентга ташриф буюрган ва 1:0 ҳисобида ғалаба билан ортга қайтган. 2020 йилда Дубайда Ироқ ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувида ҳам ироқликлар зафар қучишган, — 2:1.

Шу йилнинг 29 март санасида эса Тошкентда кечган ироқликларга қарши навбатдаги беллашувда ҳам Сречконинг қўли баланд келган эди.

Иззат АБДУВАҲОБОВ тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: