Менинг Гатчинда бир ҳақиқий дўстим бор эди — ҳайвонот боғи хўжайини. Ҳайвонот боғига кириш катталар учун 30, болалар учун 15 тийин.
Ҳайвон уйида бор йўғи биргина танбал, сурункали қабзиятдан қийналувчи хаста жонивор бўлган. Ҳозирда деворимда дўстимдан эсдалик бўлиб қолган бир ярим метрлик бўйра осиғлиқ турибди. Бу ҳайвон ўргатувчи менга томошалар орасидаги танаффусларда, томошадан чиқиб қаҳвахонада ўтирганимизда, бильярд ўйнаганимизда ва менинг уйимга келганида ўз саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилиб берарди.
У менга Гамбургда Гагенбек ёнида денгиз мушуклари, шерлар, филлар ва жайраларни қандай қўлга ўргатишгани ҳақида гапириб берарди. У ҳар қандай сичқон лабни чўччайтириб талаффуз қилинган ингичка товушга қулоқ солишини айтарди. Таъкидлашича сичқонлар йўлбошчиси қўл остидагилари диққат қаратиши учун шундай товуш чиқарар экан.
Шу билан бирга ҳафта давомида чайналадиган инглиз тамакисидан оз-оз бериб, филни ҳам қўлга ўргатиш мумкин дерди. Бу тансиқ егуликни филлар ҳеч қачон унутишмайди. Улар шундан берсангиз сизни беш йилдан кейин ҳам танийди ва йўлингизга “карнай” чалиб пешвоз чиқади.
Кунларнинг бирида биз циркчи дўстим билан саҳна ортидаги томошалар ҳақида суҳбатлашдик.
— …Ҳа, ҳа, ҳа, — деди у ўйга чўмиб. — Мен ҳам цирк ҳаёти ҳақидаги ҳикояларни кўп ўқиганман. Аммо буларнинг бари ёлғон. Ёзувчиларнинг цирк борасидаги энг севимли мавзуси, ташлаб кетилган аёллар ва унинг қасоси: симлар арраланади, бевақт чироқ ўчиб қолади, отлар заҳарланади ва ҳоказо…
Албатта, бу нотўғри. Биз – цирк ходимларида ўзаро ҳасад туйғуси йўқ. Тушуняпсизми? Ҳайвон тишлаб олиши, ногирон бўлиб қолишдан қўрқиш нималигини биласизми? — Бу қўрқув барча ҳасадни йўқ қилади. Агар мен сизга ёрдам бермасам, сиз ҳам менга ёрдам бермайсан… Бизнинг аёллар эса оқила она ва ажойиб рафиқалардир. Ҳа, бошқа нима ҳам дейишим мумкин… Ахир ҳар кунги машғулотлар… кечки пайт манежга чиқиш, доимий зўриқишлар, терлашлар, томоша пайтидаги елвизаклар, профессионал бўғим оғриқлари, бу ерда қандай эҳтирос ҳақида гап бўлиши мумкин?
Масхарабозлар-чи, айнан актёрларга ўхшагани учун уларда оз-моз рашкка ўхшаган туйғу бўлиши мумкин. Курашчиларда ҳам — албатта. Аммо биз бундай ишлардан нафратланамиз. Санъатда ҳам шундай бўладими? Тушуняпсизми?!
Бироқ шундай ҳолатлар бўладики… Саломат бўлинг! Шундай бўладики, инсоннинг 2-3 дақиқада сочлари оқариб кетади. Бироқ ҳаммаси яхшиликка!
Менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Айиқ билан ишлардим. Унинг олдида яна битта одам ҳам бўлиши керак эди.
Яшка. Жуда қобилиятли йигит, агар ароқхўр бўлмаганида ундан яхши ҳайвон ўргатувчи чиқарди. Мавсум сўнгида унга яхши ҳақ тўлашимни биларди. Отхонадагилар Яшка менга қарши нимадир тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантиришди. Аммо мен бунга эътибор бермадим. Ҳайвонларимни доим ўзим овқатлантирардим.
Бу аблаҳ нима қилганини тасаввур қила оласизми? Кечга яқин, чиқишим олдидан айиқ қафасига – Михал Потапичнинг олдига ҳозиргина сўйилган, боғланган оёқлари билан ҳалиям типирчилаб ётган каптарни улоқтирган.
Ҳар доимгидай айиғимни аренага олиб чиқдим. Кўзлари қип-қизил эди, негадир инжиқланарди, бирон ҳаракатни бажаришни хоҳламасди. Қонли емиш татиб кўрган… Томошабинларчи?
Томошабинлар нима қилишини биласизми? Айнан қалтис чиқиш пайтида улар қарсак чалишади, агар суст томоша кўрсатсанг улар қичқириб хуштак чала бошлашади. Ўша дақиқаларда мен Михал Потапичга сўзимни ўтказа олмай қолдим, ва одамлар менга қараб хуштак чала бошлашди. Табиийки, мен асабийлашдим. Айиқ орқа оёқларида тик турган ҳолатда қичқирарди, айиқларда бу қандай бўлишини биласизми? Даҳшат… Айиқ менга ўнг ёки чап панжаси билан тарсаки туширадигандай ҳаракат қиларди. Бу эса ҳолим хароб дегани. Томошабинлар эса ҳаммаси шундай бўлиши керак деб ўйлашарди. Шу пайт ўтирганлар орасида бир бола бақириб йиғлаб юборди. Болалар — биласизми — улар ҳам ҳайвончаларга ўхшайди. Улар ҳам қалби билан ҳис қилади — онги билан эмас. Шундан кейин ҳамма ёқ остин-устун бўлиб кетди…
Албатта, айиқ ҳеч кимга зиён етказмасди: фақат кимнидир босиши, тимдалаши мумкин эди… бироқ асил жабрдийда мен бўлиб қолардим. Мен шу дақиқада тушундимки, айни дақиқада ур-йиқит бошланади, одамлар тартибсиз тўполон кўтаради.
Мен оломонда ўзини аҳмоқона тутиб, фаҳмсизларча тўрт томонга йўрғалайдиган одамдан бошқа жонзотни билмайман. Худо ҳаққи, отлар ҳам бу борада ақллироқ!
Буларнинг барчасини бир дақиқада таҳлил қилиб кўрдим. Орқамга қарасам – ёрдамчиларим ҳам, бошқа ходимлар ҳам йўқ. Энди нима қиламан? Мен бор кучим билан айиқнинг тумшуғига қамчи билан ура бошладим. Ўзим ҳеч қачон жониворларни урмайман, Михал Потапичга эса умуман қўлимни ҳам теккизмаганман: у жуда ақлли, ўз қадрини биладиган, шу билан бирга ҳамма нарсани эслаб қоладиган ҳайвон эди. Тўғри, кейинчалик уни отиб ташлашга тўғри келди.
Ҳамон у орқа оёқларида туриб ҳамла қиларди. Мен ҳам уни қалтаклардим. Шу пайт миямга бир фикр келди: уни манеждан халойиқни қўрқитмасдан ичкари йўлакка алдаб олиб кириш керак. Шу аснода ҳайвонни қамчин билан урган ҳолда ортга тисарилиб келяпман, ҳар бир дақиқада у менга ташланиши мумкинлигини ҳис қиляпман. Отхонага кирганимизда у мени йиқитди ва устимдан босди. Ҳушимдан кетиб қолибман, қандай қилиб уни устимдан олишганини билмайман. Аммо шукурки мен уни манеждан олиб чиқиб кетдим.
Шунақа ҳолатлар жуда кўп бўлади бизда. Мувозанатни йўқотиш, кутилмаганда қўлингиз лат ейиши, муваффақиятсиз бурилиш, ҳайвонларнинг кутилмаганда инжиқланиб қолиши… ҳатто сакраш чоғида ҳам оёққа нотўғри таяниш оқибатида пайлар узилиб кетиши мумкин. Мана сенга! Натижада инсон бир умрга мажруҳ бўлиб қолиши, қаҳвахоналарнинг доимий мижозига айланиши, ўлгунча оиласига юк бўлиши ҳеч гапмас. — Циркда ҳаммаси болалар тўппончасидан отилган ўқ каби кутилмаганда содир бўлади.
Мана шундай, баъзан мен арзимаган нарсаларга ҳам ҳақиқий даҳшатни кўргандай асабийлашаман.
Бу ҳақда ҳозир сўзлаб бераман…
Менинг Антонио исмли масхарабоз дўстим бўларди. Ўша куни биз жуда кўп ичимлик ичдик. Ўша мавсумда биз Зенид циркида унинг шерлари билан фаолият олиб борганмиз. Кеча жуда муваффақиятли ўтди: қувноқ ва кулгили чиқишларга тўла. Томошабинлар тарқалгач биз Антонио билан ўтирдик ва қандайдир кучли коньяк ичдик. Циркдаги чироқлар аллақачон ўчган эди.
Бу сизга қанчалик кулгили туюлмасин, — ҳожатхонадан чиққач даҳлизда адашиб қолдик. Бир эшикни очсак – ҳожатхона, яна бир эшикни очсак – омборхона, учинчисини очсак – яна ҳожатхона. Қоронғи, пайпаслаб йўл топаяпмиз, шу ўринда жуда хурсандмиз ва мастмиз.
Куламиз. Ваниҳоят қандайдир эшик тутқичини ушладим. Кирдик. Бурнимга хом гўшт ва ҳайвон аҳлатининг ҳиди урилди. Пайпасласам — гир айлана қафас. Негадир миямизга полга ўтирволиш керак деган ўй келди.
Ўтирибмиз, менга 2-3 қадам нарида ёниб турган икки кўз кўринди. зеленых горящих глаз. Кейин кимнингдир юмшоқ панжалар билан ҳавотирли қадам босгани ва думи билан қафас панжараларига ургани эшитилди. Биз қоронғига ўрганиб қолгач иккаламиз ҳам бир вақтда Зениданинг ҳайвонлари сақланадиган қафасга кириб қолганимизни англадик. Улар бизга тегишмади. Лунатикларни, болаларни ва довдирларни асровчи жинлар борлиги аввалдан маълум. Бироқ биз бир дақиқада хушёр тортдик ва тан олиш керак қафасдан тўрт оёқда орқага юриб чиқиб кетдик. Антонио эшикни тезда ёпди, эртаси куни эса бу воқеа ҳақида эслашга ҳам юраги дов бермади.
Мен эса ўша аста босилган момиқ қадамларни, ёнгинамда пишиллаган ҳайбатли нафасни, қоронғида ёниб турган фосфорли нигоҳни ва айниган хом гўшт ҳидини ҳеч қачон унутолмасам керак. Лекин ўша лаҳзада менда ҳам, антониода ҳам қўрқув ҳисси бўлмаган. Фақат эртаси куни мен ўша саргузаштимизни эслаганимда каравотда ётганча титраганим ва терга ботганим эсимда. Сиз буни тушуняпсизми?
Рустилидан Манзура БЕКЖОНОВА таржимаси.