Унинг отаси прокурор Қудратлиев шунчалик қудратли бўлганки – айтгани айтган-дегани деган экан. Бу ҳурматли инсон саккиз қиздан кейин кўрган яккаю ёлғиз ўғлига Шукуржон деб исм қўйганди. Катта бўлганида уни каттароқ олийгоҳга ўқишга “киргизиб” қўйди. Шу тариқа эркатой ўғил ўқишни коридорда тугатди деб шуни айтса ҳам бўлади. Хушига ёқса дарсга боради, ёқмаса умуман бормайди. Отасининг “кўмаги” билан курсдан курсга сакрайди.
Хуллас олийгоҳни тамомлагандан сўнг отаси уни уйлантириб, узоқ бир қишлоққа раис этиб ишга жойлади. Аммо бечора ўғил деҳқончиликнинг “Д” ҳарфидан ҳам бехабар эди…
Ғўзалар гулга кириб энди кўсаклай бошлаганда хўжаликка юқоридан комиссия келди. Раис меҳмонларни тўғри “тайёр бўлиб турган” бригадирнинг даласига бошлади. Ғўзалар қийғос гуллаб турган далага етгунча йўл-йўлакай ўзини билимдон кўрсатиб, турли мавзуда пойинтар-сойинтар сўзлаб борди.
-Бу йил ғўзаларимиз жуда баравж. Мана қаранг, ҳаммаси қийғос гуллади. Бу йил ҳосил яхши бўлади худо хохласа, — деди бошини шляпанинг тагига тиқиб, пайкал оралаётган комиссия аъзоларига қараб. Хўжаликка комиссия келишини эшитиб, раис бригадирга анчадан буён пайкал олдирмай, суғортирмай қўйган эди. Ғўзалар сувсизликдан чанқаб, гуллари сўлиб ётар, “тадбиркор” раис эса вилоятдан келганларга ёппасига гуллаган ғўзаларни кўрсатиб, бир ҳайратга солмоқчи эди…
Вилоятдан келган вакиллардан бири бошини чайқаб:
-Раис, ғўзани қуруқ гуллатиб юборибсизку, -деди гули устига чиқиб сувсизликдан ғунчаларини тўкаётган ғўзаларга ачиниб.
-Албатта, ғўза шундай гулласа яхши ҳосил беради-да, ака.
Вилоятдан келганлар мийиғида кулиб, унга бошдан оёқ разм солишди. Сал каттароғининг жаҳли чиқди:
– Ғўзани расво қилибсизлар-ку! Дарров эгат олиб, сув қўйинглар!
Қовун туширганини сезган раис бригадирга қараб ўшқирди. У эса бир нима деёлмай елкасини қисиб тураверди…
ххх
Яна бир куни раис катта ариқ ёқалаб машинада кетаётса, ариқда сув тўлиб оқиб турган экан. “Шунча сув қаерга оқаётган экан-а? Бунга сарфланаётган ҳаражатларни ким тўлайди? Кечқурун йиғилишда шу ҳақда гапираман” кўнглига тугиб қўйди у.
Кечқурун барча бригадиру, табелчи фаолларни йиғилишга чақирди.
-Бугун катта ариқ бўйидан ўтдим, шунча сув бекорга оқиб ётибди! Бу сувни чиқариш учун насосларга қанча сарф-ҳаражат кетадику. Раис жиғибийрони чиқиб гапирар, ёнида ўтирган агроном эса уни тўхтатишга ҳаракат қиларди. Одамлар бир-бири билан шивир-шивир қила бошлашди. Раис сўзини тамом қилгач залдаги ёши улуғ фаоллардан бири ўрнидан туриб:
-Раисимиз ҳали янги, бизнинг ариқларга сув шундоққина “сооружение”дан оқиб келишини билмайдилар. Ҳурматли раис, биз сув чиқаришда насосдан фойдаланмаймиз, – деди.
Шукуржон яна қовун туширганини сезиб, гапни дарҳол бошқа ёққа буриб юборди.
Шу-шу одамлар раиснинг савиясини билиб олишди. Унга орқаравотдан “Хошимжон” деб лақаб ҳам қўйишди.
ххх
Куз ойлари эди. Хошимжон раис яна дала айланишга чиқди. Кўл этагидаги бригадада машинадан тушгач бошоқлаб турган шолизор олдида кекса бригадирга қараб:
-Хой бригадир бува, шунча буғдойни сувга бостирибсизку, Нега қарамадингиз? -деб ўшқирди қўлини пахса қилди. Бригадир гапириш учун оғиз жуфтлаганди, раис ҳатто гапиришга ҳам қўймади.
Охири сабри тугаган кекса бригадир:
-Ҳурматли раис, бу буғдой эмас шоли-ку. Ўзи сув ичида ўсади ахир!..
Шунда қовун туширган раис:
-Вой товба, ҳали бу шолими? Экин ҳам бир-бирига ўхшаш бўладими… – деган экан.
Шукуржон раис колхозда уч йил ишлагач, уни батта қўнғироқ билан туман ҳокимига ўринбосар қилиб қўйди. Аммо ўғли у ерда ҳам узоқ ишлай олмади. Пойтахтдан келган катталар олдида қовун тушириб, яна ишдан бўшади.
Ана шунақа гаплар. Ўрни келганда айтиб қўйиш керак. Афсуски, ҳозир ҳам Хошимжонга ўхшаган “қовунчи” мансабдорлар учраб турибди. Ўқишга пулга кириб, пулга битирган “эркатойлар” ҳозирда меҳнат фаолиятини бошлаган, огоҳ бўлайлик…
Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН.