Галереяларга ҳеч борганмисиз? Устахонагачи? Рассом устахонасига? Менимча, йўқ, тўғрими? Лекин Сиз Леонардо Да Винчининг “Жаконда”си ҳақида эшитгансиз, биласиз. Юртдош рассомлардан саноқли инсонларни айта оласиз. Демак, Сиз тасвирий санъат билан унча танишмассиз. Лекин бу олам қанчалар қизиқарли ва қанчалар завқли эканини билганингизда эди…
Мен Сизларни қорақалпоғистонлик рассом ва ҳайкалтарош Дарибай Таджимуратовнинг ижоди билан яқиндан таништиришни истадим. Келинг, унинг устахонасига виртуал саёҳат қиламиз. Ҳа, айтгандек, рассом анча таниқли. Салмоқли асарлар муаллифи бўлиб, айни пайтда ижодкорнинг ҳайкалтарошлик ва рангтасвир, график асарлари юртимизнинг нуфузли санъат музейларида, АҚШ, Англия, Франция, Япония, Германия ва бир қанча давлатлардан ташриф буюрган санъатсевар инсонларнинг шахсий коллекцияларида сақланмоқда. Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида мўъжаз устахонанинг эгаси саналади. Устахона доим меҳмонлар билан гавжум.
Ҳорижликлар ҳам Дарибай оғанинг ижодий ишлари билан танишиш мақсадида тез-тез ташриф буюриб туришади. Яқинда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби юксак мукофотига сазовар бўлди.
Интернет тармоғида “facebook” ва “instagramm” саҳифалари орқали Дарибай Таджимуратовнинг ижоди ҳақида мунтазам равишда кузатиб бориш имконияти ҳам мавжуд. Куни кеча, рассомнинг мато, мойбўёқда ишланган “Қўбизим” номли асари саҳифа ленталарида эътиборимни тортди. Мусиқа чолғу асбоби саналган қўбиз ва ёш жиров асарнинг бош композициясидан ўрин олган бўлиб, рамзий тимсолларга таянган ҳолда рассом ўз фалсафасини “Қўбизим”га жо этади.
Мусиқа чолғу асбоби мавзусидаги картиналар азал-азалдан рассомларнинг энг севимли мавзуси саналган. Қадимги давр Миср меъморчилигида деворий безаклар сифатида ҳам айнан мусиқа чолғу асбоблари билан ишланган кўплаб тасвирий санъат асарларини учратамиз. Уйғониш даври ва Ўрта асрларда мусиқий чолғу асбоблари билан ишланган кўплаб санъат асарлари рассомларнинг асосий тимсолларидан бири сифатида матоларни забт этди ва ноёб асарлар дунёга келди. Дарибай Таджимуратовнинг устахонасида яратилган навбатдаги “Қўбизим” асари ҳам мажозий зуҳурга эга.
Айтганча, девордаги суратдан оҳанграбо овоз таралганига ҳеч гувоҳ бўлганмисиз?! Тасвирий санъат вакиллари рангларни мусиқий оҳанглар билан уйғун ҳолда яратар эканлар.
Дарибай Таджимуратовнинг “Қўбизим” асарини кўрибоқ, қулоқларим остида қўбизнинг дардли оҳанги эшитила бошлади. Кўз олдимда эса халқ ботирларининг тинчлик ва озодлик учун курашаётган жанг палласи гавдаланди. Рассомга асарнинг яратилиши ҳақида баён сўраган эдим, гарчи германиялик меҳмонларни кутаётган бўлишига қарамасдан, қисқача гапириб берди:
–Қорақалпоқ миллий мусиқаси ҳақида сўз борганда, албатта, жиров ва бахшилар ҳақида фахрланиб гапирамиз. Қўбиз жировларнинг мусиқий чолғу асбоби. Қўбизнинг яратилиши жуда қадим замонларга бориб тақалар экан. Қўбиз тарихи қипчоқ қизидан туғилган Қорқит ота ҳақидаги афсонлар билан боғлиқ. Бир замонларда халқ жуда қийин аҳволда қолиб, босқинчилардан кўп азият чекишади. Шу вақтларда Қорқит ота бир дарахтнинг соясида ухлаб қолади. Ухлаётган кезида унга илоҳдан вахий келиб, шундай дейди: “Бир мусиқа асбобини яратгин. Бу чолғу асбоби менга одамзотнинг қайғу-қувончларини етказиб туради. Уни ясашда фақатгина жийда дарахти ва от ёлидан фойдалангин. Чунки от мен инсонларга туҳфа қилган етти мўъжизанинг бири. Бу чолғу асбобини чалган вақтингда, ерда шамол кўтарилади, момақалдироқ чалиб, ёмғир ёғади. Шунда билингларки, қўбиздан таралаётган оҳанг менга дардингизни етказаётган бўлади” .
Шу тариқа қўбиз дунёга келган, дейишади. Тўй, маросимлар достонларсиз ўтмайди. Жировларимиз ботирлик достонларини қўбиз чолғу асбобида мақомига етказиб куйлашади. Совет вақтида “Едиге” достони айтилиши таъқиқланиб қўйилган ҳам. Мустақиллик эълон қилинганидан сўнг, миллий тарихимиз ва анъаналаримиз қайтадан туғилди, бахши ва жировларга эътибор кучайди. Улар халқ оғзаки ижодиётини асрлар ошса ҳамки, авлоддан-авлодга етказиб келмоқдалар. Ўтган асрларда ёзма манбалар кам учрайди. Аммо қўбиз оҳанги ва жировлар кечаги кун, ўтмиш ҳақида ҳамон куйламоқдалар. Менинг мазкур асарим жировларга чексиз ҳурматим белгиси”.
Ҳар бир халқнинг келиб чиқиши, тарихи ва албатта, асрлар давомида сайқал топган миллий қадриятлари, анъаналари, маданияти ва санъати бўлгани каби қорақалпоқ халқининг ҳам тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирган буюк ўтмиши бор. Рассом асари ана шу ўтмишни фахр ила матога ранглар билан ифода этди. Асар нафақат тарих билан юзлаштирди, балки илоҳ томонидан ато этилган ноёб истеъдоди жировнинг мусиқий оҳангларида яратилишини исботлади. Асарда бир нечта деталлар эътиборингизни жалб этади: қўбиз ушлаган жиров юзини бир тарафга қаратиб турибди. Унинг бош қисми ойнинг ўн икки буржи тасвири билан ўралган. Умумий фон оқ ва кўк ранглар билан кўз олдингизда гирдобни вужудга келтиради. Кўк бу мусаффо осмон бўлса, оқ рангларда қушлар – эркинлик тимсолида рассом асарига янада жозиба бахш этади.
Энди асарни тўлиқ томоша қилинг. Яна ўша қўбиз оҳанги, қушларнинг парвози гирдобни ҳосил қиляпти. Жиров эса бир мақомда достон куйлаяпти. Бошингиз бироз айланди, тўғрими? Рассомнинг истеъдодими ёки таассуротларим шундай манзара акс эттирдими, мен асар ичида сониялар яшадим. Узоқлардан эшитилаётган тарих акс-садоси қўбизнинг майин ва дардли торларига қўшилиб кетди. Ёзяпману, яна қайтадан ёзгим келяпти. Асар ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри бордир. Қолган фикру-мулоҳазаларни Сизнинг эътиборингизга қолдирдим.
Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА, санъатшунос