Учтепа туманида яшовчи 32 ёшли Ўктам Aҳмедовга аёли, 28 ёшли Фарангиз Аҳмедованинг жигаридан бир бўлаги кўчириб ўтказилди.
Операцияга бошчилик қилган хирург, профессор Миршавкат Акбаровнинг таъкидлашича, дастлабки текширувларда беморнинг акаси донорликка тайёрланаётган бўлган. Лекин текширувлар анатомик хусусиятлари туфайли унинг жигаридан ўнг бўлагини олиш мумкин эмаслигини кўрсатган. Кейин эса беморнинг турмуш ўртоғи текширилиб, жигарнинг ўнг бўлагини олиш учун барча кўрсаткичлар мос келган.
Операция техник қийинчиликлар билан 14 соат давом этган бўлишига қарамасдан, барча жараёнлар ижобий якунланган. Ҳозирги пайтда беморнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, донор эса палатага ўтказилган.
— Кўз олдингда турмуш ўртоғингнинг касалликдан сўлиб бораётганини, бундан фарзандларинг ҳам эзилаётганини кўриш аёл киши учун жуда оғир, — дейди донор Фарангиз АҲМЕДОВА. — Беш йилдирки, турмуш ўртоғим жигар хасталигидан азият чекади. Шу вақтгача жуда кўплаб шифохоналарда даволаниб, турли муолажалар олди, лекин фойдаси бўлмади.
Сўнг шифокорлар турмуш ўртоғимнинг касалликдан тўлиқ соғайиб кетиши учун жигар кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурлигини айтишди. Атрофдаги кўпчилик бунинг учун Ҳиндистонга бориш кераклигини ва амалиёт анча қиммат эканини айтди. Бундан тушкунликка тушгандик. Кейин эса мана шу шифохонада бундай амалиёт ўтказиш йўлга қўйилганидан, дастлаб бундай операцияни бошдан ўтказган беморларнинг аҳволи жуда яхши эканидан хабар топдик.
Шифохонага ордер орқали келганимиз учун маблағ масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ушбу муассасада турмуш ўртоғимга жигаримнинг бир бўлагини кўчириб ўтказишди. Операциядан яхши чиқдик. Ҳозирда аҳволимиз яхши. Ўзим юряпман, овқатланяпман.
Турмуш ўртоғимни ҳам бир-икки кунда палатага олишар экан. Шифокорлар жуда яхши қарашяпти. Фурсатдан фойдаланиб, уларга кўпдан-кўп раҳмат айтаман,- дейди беморнинг турмуш ўртоғи.