Иззатхон ва Раҳматилла Тошкент пропискалик бўлиб олган бўлсалар ҳам асли узоқ вилоятлик эдилар. Пойтахтга бирон иш билан келган қариндош, қўшни ё таниш-билиш борки уларнинг уйида тез-тез меҳмон бўлиб турарди.
Янги квартирага кўчиб чиққанларида меҳмонжонлар роса кўп келарди. Лекин бир келгани қайта келишга ҳижолат бўларди. Негаки уйлари кичкинагина икки хоналик бўлиб, мебел ва жиҳозлар билан яна ҳам тиқилинч бўлиб қолган. Аксига олиб, меҳмонлар яккам-дуккам эмас, гала-гала бўлиб келишарди. Ҳатто битта қовун кўтариб 10 киши кириб келган пайтлар ҳам бўлган. Келганларни бир неча кун меҳмон қилиш, амаллаб жойлаштириш мумкин, аммо етарли шарт-шароит бўлмаганидан қимтиниб, эри иккаласининг елкалари қисилиб кетарди. 70 йилларда қурилган кўп қаватли уй ёзда дим, қишда эса яхши исимасди. Дастлабки вақтларда келганларга ёстиқ-кўрпа етмаганидан пальтоларини ёпиниб ётишларига тўғри келган.
Меҳмонжонлар ўзлари келиб-кетишса ҳам майли. “Тошканни билмаймиз, вокзалдан кутиб олинг!”, “Сумкамиз оғир, кузатиб юборинг!”, “Биз етиб боргунча жой топиб қўйинг!” “Арзандамиз ўқишни тамомлади, фалон лавозимга ишга жойлаб беринг!” “Ипподром”га бориб келайлик!” “Россияга кетмоқчимиз. Бугун кутиб олиб, эртага кузатиб қўйинг!” “Йўл-из билмаймиз, фалон шифохонага олиб боринг!” “Пулимиз тугаб қолди, пул топиб беринг…” Ўзининг ишига танишларини овора қилишга ҳадди сиғмаган эр-хотин, меҳмонларнинг муаммоларини ҳал қилишга киришиб кетишарди.
Меҳмонжонларнинг кўнглига қарайман деб Раҳматилла доим ишга кеч келар, ҳар сафар “қишлоқдан меҳмон келди” деса бошлиғи “Оббо… янами?” деб ўшқирарди. Иззатхон эса ишдагилар доимий “узрли сабаблари”дан безиб, эътироз қилишмаслиги учун гоҳ лочира, гоҳ мозорбосди “чақ-чуқлар”дан олиб келларди.
Гап меҳмонлар мавзусига тақалса шаҳарга улардан олдин кўчиб келган ҳамкасблари ўз тажрибалари борасида «маҳорат дарси» ўтишарди.
Пандемия қутқуси билан ўтган бир неча ой ушбу хонадондагиларга ҳам, келиб-кетувчиларга ҳам дам берди.
Ва ниҳоят ёз чилласида меҳмонжонлар яна ёпирилди. Эр-хотин зерикиб қолишган экан. Ўқишга ҳужжат топширган жиянлар, собиқ қўшнилар, дўстлар, уларнинг қўни-қўшнилари… Булар ҳам уларга қўшилиб пойтахтдаги “Сити-пити”ларни айланишди. Қойил-эй, ҳатто шу ерда яшаб, ўзлари кўрмаган масканларни кўришди. Буларнинг билгани “Мустақиллик майдони” ва Ғафур Ғулом парки… булар янги барпо этилган сайилгоҳларнинг олдида «ип эшолмас» экан. “Вой Сити” дейдимией, “Мужик Сити” дейдими-ей… Бу жойлар чўнтакдаги пулнинг шўри экан… Уларнинг ёшлиги ўтган сўлим Анҳор бўйлари, ажиб расмлар ёйилган хиёбонларда айланиш теп-текин эди-я…
Меҳмонжонлар Тошкентга келиб, метрони кўрганда оғизлари қандай очилиб қолган бўлса, Иззатхоннинг ҳам янги “Сити”лардаги нархни кўриб, оғзи шундай очилиб қолди.
Ёзнинг сўнгги ҳафтасида эса ўқишга кирган ёшлар ота-оналари билан ташриф буюришди. Энди уларнинг қувончига шерик бўлмай илож йўқ. Бу бахтга эришгунча қанча меҳнат қилишган, энди мазза қилиб шаҳарни айланишга ҳаққи бор. Аммо меҳмонларни айтган жойига олиб бориш, битмаган ишини битказиб бериш яна буларнинг зиммасига тушдида… Чўнтак ҳам қуруқ, чақалар “чилдирма чалиб” турганда… Шу сафар ойлик ҳам чўзилиб кетгандай бўлди.
Бу сафар қудасининг қўшниси қизини етаклаб келган экан. “Болагина” кирган ўқишидан ётоқхона ололмай қолибди. Иззатхонни “юринг, сиз ўзингиз гаплашиб беринг” деб роса ундашди. Аксига олиб, бошлиғидан рухсат сўраса, сабри шу жойга келганда пуфакдек ёрилдими: “Боринг, ўша қўшниларингиз билан санғиб юраверинг. Ишлаб нима қиласиз, “Тўрт томонингиз қибла!” деб бақирди.
Иззатхон меҳмон аёлга телефон қилиб, боролмаслигини айтди.
–Қизингиз ётоқхона ололмаган бўлса, бизникида яшайверсин. Икки қизимга йўлдош бўлади…
Ҳали эрининг 2 нафар, ўзининг 1 нафар жиянлари шу йил ўқишга кирган. Улар ҳам ижарага уй топгунча уларникида яшаб туради…
Ҳуллас, қариндош ва қўшниларнинг ётоқсиз қолган барча фарзандлари уларникида жойлашадиган бўлди. Бу ҳам бир савоб ахир. Яшасин бағри кенг мезбонжонлар!
Аччиқтош ЎТБОСАРОВ.