Карим Баҳриев: «Мен нега Шавкат Мирзиёевга овоз бераман?»

Сайловда номзод сифатида иштирок этувчилар тўлиқ маълум бўлди. Ва бугун шу воқеликдан – айнан ана шу номзодлар орасидан бирини танлаш имконимиздан келиб чиқиб, айтаманки, уларни таққослаганда Шавкат Миромонович Мирзиёев қатор кўрсаткич ва фазилатлари, тажрибаси ва мақсад сари қатъияти билан афзалликка эгадир. Сайловда иштирок этаётган томонларнинг реал салоҳиятидан келиб чиқиб, кимгадир овоз берадиган инсоннинг ўз сабаблари ва аргументлари бўлади. Менда ҳам бу танлов учун сиёсий, ижтимоий ва ҳатто шахсий сабаблар ҳам бор.

ТАРИХИЙ АДОЛАТ ТАНТАНАСИ

Мен Ургутнинг тоғли Ғўс қишлоғида туғилиб, аста-секин эсимни таний бошлаганимдан, кўча-кўйда отамни “Ҳаким босмачи” дейишларига ҳайрон қараганман. 1990 йилда Олий кенгаш депутатлигига номзодим қўйилганда ғайир одамлар “Бу босмачининг невараси, совет парламентига қандоқ сайлаш мумкин?!”, деб очиқчасига ташланганди. Кейинчалик отамнинг бобоси Ибодулла қўрбоши бўлгани ва отилганини, бобомнинг отаси ҳам қизил аскарлар томонидан Испанза йўлида ўлдирилганини билганман. Менда отамнинг онаси — Зулфия ­момом айтиб берган хотиралар, уларнинг биттагина сурати сақланган. Зулфия момом отамнинг онаси, Ибодулла қўрбошининг қизи эди.

СССР даврида Қодирий, Чўлпон чала оқланди. Кейинчалик Горбачёв пайти жадидларни оқлашга яна бир уриниш бўлди. Мустақиллик даврида шиддат билан бошланган жадидларни оқлаш ва Шаҳидлар хотираси музейи тиклангани ҳолда, уларни оқлаб бўлмайди, бу оқим “мураккаб ва чигал”, деган баҳонада яна архивлар ёпилди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига асосан муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳи тузилди. Олий судга 2021 йил 24 февралда 115 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, улар ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди.

Мазкур жиноят ишларида суд мажлиси баённомаси ёки суд ҳужжатлари (ҳукм ёки бошқача қарор) мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина Бирлашган давлат сиёсий бошқармасининг учлик мажлиси баённомасидан кўчирма борлиги аниқланган.

2021 йил 25 август куни жиноят ишлари Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилиб, келтирилган протестлар қаноатлантирилди. ЖПКнинг 83-моддасига асосан жами 6 жиноят иши бўйича 115 нафар шахс оқланди. Суд жараёнида ишлар бўйича ҳимоячи сифатида иштирок этаётган Маъруф Алиев ишлари кўриб чиқилаётган шахслар “босмачи” тамғаси билан қамалгани, отилгани аянчли иш бўлганини қайд этди. “Улар ўз Ватанида яшаб қандай босмачи бўлсин, ахир босмачи четдан кириб келган бўлиши керак эмасми”, дея таъкидлади у.

Мустақилликкача ва кейинги 25 йилда “босмачилар”ни оқлашга журъат қилинмади. Фақат Шавкат Мирзиёевгина бу ишга мардона қўл урди. Мен шунинг учун ҳам унга овоз бераман ва ислоҳотларини давом эттиришини хоҳлайман.     

 АДАБИЁТГА ЭҲТИРОМ

Эсимда бир замонлар Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчасидаги ­тарихий биноси тортиб олиниб, кейинчалик қайсидир банк ихтиёрига бериб юборилди. Шундай нуфузли ижодкорлар ташкилоти қайлардадир кўчиб юрди ва ҳозирги “Ҳумо арена”си рўпарасидаги Шароф Рашидов ёзувчилар учун тиклай бошлаган бино ҳам алалоқибат Миллий банкка берилди.

Фақат Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан кейингина ёзувчи-ижодкорлар учун янги бино қуриб берилди, бошпанасиз ижодкорларга имтиёзли кредит асосида уйлар ажратилди, муҳташам Адиблар хиёбони барпо этилди, ёнида кутубхона қурилди, айниқса, Дўрмон ижод уйидаги шароитлар яхшиланди, Зоминда ва Паркентда ижод уйлари қуриб, фойдаланишга топширилди. Очиғи, уюшма аъзолари учун яратилган имкониятлардан беҳад хурсандман.

Яқиндагина “Абдулла Қодирийнинг уй-музейи борми?”, “Қодирий ҳовлиси

жойлашган “Самарқанд дарвоза” ­маҳалласи бузилиш арафасида…”, дея матбуот, ижтимоий тармоқларда бонг ургандик. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла ҳам ўз жойида қолди, Қодирий бобомизнинг музейи ҳам боғда очилди, улуғ адибимизга ҳайкаллар қўйилди, Қодирий ижод мактаби яратилди. Бу ишлар ҳам минг йилдан буён бордай, ёдимиздан чиқди…

Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлар эканман, адабиётимиз, маънавиятимиз учун қилган ана шундай беқиёс хизматлари учун овоз бераман! 

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ҲАҚИДА СЎЗ

Шу кунларда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру юртимизда бўлиб, учрашувлар ва анжуманлар ўтказмоқда. Бу сўз эркинлиги тақдири учун катта ҳодисадир.

Биламизки, БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси, қочқинлар масаласи бўйича комиссари, дин масалалари бўйича маърузачиси каби халқаро институтлар ҳам мавжуд. Ўзбекистон БМТ аъзоси ва унинг халқаро мажбуриятлари бор. БМТ ва ЕХҲТ вакиллари ва маърузачилари ана шу ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилишни сўроқлаш учун келади. Халқаро ҳуқуқнинг устуворлигини Конституциямиз эътироф этади. Лекин неча ўн йиллар мобайнида бирорта маърузачи, шу жумладан, сўз эркинлиги бўйича маърузачи Ўзбекистонга киритилганини шахсан мен эслолмайман. Ва фақат Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангандан сўнггина ушбу нуфузли ташкилотларнинг вакиллари ва маърузачилари Ўзбекистонга ташриф буюра бошлади. Хатоларимизни  ва камчиликларимизни тан оляпмиз, биргаликда тузатиш йўлларини излаяпмиз. Сўз эркинлигида собитлик янги сиёсатнинг асосий таркибий қисми ва асосий ютуқларидан биридир.

Аёнки, ислоҳотлар оғир ва машаққатли кечмоқда. Консерватив кучлар ҳам осонликча ён бермайди, коррупцияни йўқотиш қийин бўлмоқда, маъмурий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларнинг залворли қисми олдинда турибди. Муаммолар ҳақида мен ҳам тинимсиз ёзиб келяпман. “Даракчи”да бир йилда элликта танқидий мақолам чиқди. Яна ёзамиз, ё насиб.

Мен охирги йилларда ўнлаб романлар ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгирдим. Улар орасида, турк ошиқ шеърияти, жаҳон шеърияти антологияси, Сенека, Платон, Вольтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарлари, жаҳон халқлари ҳикматлари, Генри Форднинг “Менинг ҳаётим”, Жорж Оруэлнинг “1984” ва “Молхона” романлари ҳамда Малколм Гладуэлнинг “Даҳолар ва уддабуронлар” асарлари бор. Мен ўзимга сўз учун йўл очилгани билан бирга, таржима қилган асарларим ҳам узоқ вақт тақиқда бўлганини биламан. Ахир, дейлик, Оруэлнинг “1984” романи совет даврида уч нусхада Сиёсий бюро учун тайёрланган, халқдан сир сақланган. У янги Ўзбекистонда чоп этилди ва уч йил ичида беш марта қайта нашр қилинди.  Шунингдек, Муссолини даврига тааллуқлилиги учун аввал чоп этилмаган итальян модернистлари Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури ҳикояларини таржима қилдим. Охирги йиллар ичида “ОАВ қонунчилиги тўғрисидаги 156 саволга 156 жавоб”, “Журналистика ҳуқуқи” сингари дарслик ва қўлланмаларим нашр этилди.

Бугун медиаюрист, медиаэксперт, шоир ва таржимон сифатида бемалол ишлаяпман. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раисиман, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва ахлоқи, коррупция ва матбуот сингари фанлардан дарс бераман. Буларнинг бари янги даврнинг шарофати ва буни инкор эта олмаймиз.

Шавкат Мирзиёев сўз эркинлиги имкониятини кенгайтиргани баробарида қатор сиёсий маҳбусларни, йигирма йиллаб қамоқда ўтирган раҳматли Мамадали Маҳмудов сингари адибларимизни оқлади, уларга уй-жой берди, Аллоҳ раҳмат қилсин, Гулчеҳра Нуруллаевани Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тиклади. Албатта, бу инсонлар тикланишга ҳақли, ноҳақ жабрланган эди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган O‘zLiDeP съездида яна бир бор айтиб ўтди: “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади”…

Мен, гарчанд чидаш осон бўлмаса-да, танқидларга тоқат қилинаётгани, айрим мансабдорларнинг норозилигига қарамай, Шавкат Мирзиёев сўз эркинлиги масаласида собитлиги учун ҳам  унга овоз бераман!  

ИСЛОҲОТЛАР МАШАҚҚАТИ ВА ҚАРОРДА СОБИТЛИК

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Президентликка номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевга осон эмас. Мамлакатдаги барча ижобий ишларни унинг номи билан ҳақли боғлаймиз. Лекин, табиийки, ислоҳотларнинг олға силжишига халақит қилаётган омилларни, бошқа кўзга ташланадиган камчиликларнинг масъулиятини ҳам унинг сиёсатига боғлашлар бор. Лекин у халқни эзгу мақсадда ҳамкорликка чорлаяпти ва   “келажак учун масъулият барчанинг зиммасида эканини” бежиз алоҳида таъкидламаяпти.

Шавкат Мирзиёев буни сайлов билан боғлади: “Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи — сизнинг қўлингизда”, деди. Яъниким, номзодни танлар эканмиз, унинг дастурини ҳам танлаган бўламиз ва бу ислоҳотларни ўтказишда барчанинг нафақат хайрихоҳлиги, балки шахсий иштироки ва амали зарур бўлади.

Мен пахта теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни мониторинг қиладиган кўплаб халқаро лойиҳаларда иштирок этганман. Шавкат Мирзиёев: “Яқин-яқингача 6-7 миллион аҳолимиз, айниқса болалар пахта теримига “ихтиёрий-мажбурий” сафарбар этиларди”, дея эътироф этди. Болаларнинг пахта теришига барҳам берилди. Бу катта ютуқдир. Қаршимизда аграр ислоҳотлар турибди, ер ўз эгасига берилиши, унинг соҳиби фойдали экин экиши ва ўз маҳсулотига ўзи эгалик қилиши керак. Мўлжал аниқ ва адолатли, асосийси, шу йўлда собитлик мавжуддир.

Ўзбекистонда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди. Мамлакатнинг обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” ишлаб чиқилди.

Ниятлар янада кўламли: “Ўзбекистонда 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилиши режалаштирилмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шаҳардаги ўнта бойнинг бойлигини шу шаҳардаги бутун аҳоли сонига тақсимласа, осонгина 4 минг доллардан ўртача рақам чиқариш мумкин. Лекин ниятимиз бу даромад ҳар бир инсонга тегишли бўлган жамиятдир.

Бу ниятларга эришиш осон бўлмайди, чунки эскича фикрловчилар, қаллоблар, порахўрлар, фирибгарлар ҳам осонликча жон бермайди. Муаммолар ҳам бўлади. Муҳими, уларга кўз юмилмайди, муаммоларни айтган оғизлар беркилмайди, давлат раҳбари ўз сўзида собит туради.

Шундай ишонч ва умидда собитлигимиз учун Шавкат Мирзиёевга овоз бераман! 

ОДАМГАРЧИЛИК

Онамнинг исми Қумри эди. Бу бир мусича монанд бир қушнинг исми эканини вояга етганимдан кейин билганман. Онам ростдан ҳам мусичадай беозор, хокисор инсон бўлган.

Албатта, кишига ўз онаси ҳаммадан яхши кўринса керак. Аммо бугун эсимни таниган кунларимдан буён ўтган тарихимизни ёдлар эканман, онамнинг бирор марта бақирганини ёки қўни-қўшни билан жанжаллашганини, овозини баланд кўтарганини эслай ­олмайман.

Умримнинг тўртдан учи бошқа шаҳарларда ўтди, ўтяпти. Бу она учун жуда оғир… Буни бугун тушунаман. Айниқса, ўша пайтлар ҳамма қишлоқда эди, ўқиган кам эди (Бугун ҳамма шаҳарда ё хорижда). Қўшни хотинлар: “Нима, шу ерда нон йўқми, шаҳарда ўқиб профессор бўлармиди?!” деб онамга кўп кесатган. Ўқишни тугатиб ҳам яна шаҳарда уйланиб, қолиб кетдим. Онамнинг умри йўл қараб ўтди. Онамни доим йўл қараб турган ҳолда тасаввур қиламан.

Холаларимнинг “Онанг йўлингга қарай-қарай оламдан ўтиб кетди”, деган дашномларини ич-ичдан тушунаман. Айбдорман. Энди, мана, ўзим болаларимнинг йўлига қарайман. Шу тахлит кун ўтади. Бир кун англаймизки, ўтган фурсат кун эмас, умр экан. Умр ўтиб кетибди…

Беморликда ёзган шеъримда ҳам: “Ўлгим келмаяпти, онажон!” деб ёзганман. “Ўлгим келмаяпти, Аллоҳим”, десам тўғри бўларди. Оғир кунда она эсга тушаркан. Энди эса Аллоҳдан онамизга жаннат боғларини сўраймиз.

Бугун буларни яна эслаганимнинг сабаби — онам вафот этганида, Ургутга, тоғ қишлоғига фотиҳага ўша пайтдаги Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов, Олий таълим вазири Оқил Салимов, Адлия вазири Алишер Мардиев билан бирга Шавкат Мирзиёев ҳам Илҳом исмли офицер йигит билан борган. Отамнинг кўнглини сўраган. Шавкат Мирзиёевда одамгарчилик жуда кучли ва барча даврда унга собит бўлган.

Бош вазирлик пайтлари буюк шоирамизнинг навқирон фарзандлари вафот этганида келиб ҳол сўраган ва қўярда-қўймай маросим харажатларига пул ташлаб кетганини кўрганман. Эркин Воҳидов вафот этганда тонг-саҳардан келди, ярим соатларча ичкарида ўтириб, кўзлари нам ҳолда чиқди. Бироздан кейин бутун маҳалла икки соат ичида янгидан асфальт қилинди. Чиқариш олдидан яна келиб ўтирди.

Бугун ҳам вафот этган таниқли инсонларнинг, Анвар қори Турсунов, муфтий ҳазратлари Усмонхон эшон бобо сингари уламоларнинг, тождор вирус туфайли ўлган ҳокимларнинг хонадонига шахсан бориб, фотиҳа қилаётганини кўряпмиз. Қачон, қайси юрт раҳбарида бундай одамгарчилик бўлган?!

Мен мана шу одамгарчилиги учун ҳам Шавкат Мирзиёевга овоз бераман ва унинг бу шарафли йўлда собитлигига ишонаман!

 Карим БАҲРИЕВ, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: