Эҳтиёт бўлинг, «рулда» аёллар!

ЁХУД АЁЛ КИШИ РАҲБАР БЎЛА ОЛМАЙДИМИ?

Наргис ҚОСИМОВА, журналист

Гулнора Раҳимова молия вазирининг ўринбосари этиб тайинланганда ижтимоий тармоқларда кимдир ҳавас билан табриклаган бўлса, кимдир “аёл киши экан” деган изоҳлар қолдирди. Минг йиллар давомида  жамиятимизда аёлнинг ўрни ўчоқ бошида, вазифаси – бола тарбияси, оила аъзолари ва қариндошларига хизмат қилиш, деган фикр устивор бўлиб келди. ХХI асрга келиб ҳам аксарият юртдошларимиз мазкур фикрни қўллаб-қувватлашмоқда.

Аёл киши раҳбар бўла олмайдими? Бирор соҳани бошқаришга қурби етмайдими? Ўзи гендер тенглик жамиятга нима беради? Аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар асосида фаолият юритиши мамлакатнинг ривожланишига ҳисса қўшадими?

Гендер тенглик аввало  аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имтиёзлар асосида фаолиятини олиб боришида кўринади. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда гендер тенглиги сиёсати муваффақиятли амалга ошира бошланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди.  Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.

2020 йили илк маротаба биринчи маротаба Феруза Махмудова Исроил давлатига элчи қилиб тайинланди. Айни пайтда Ўзбекистонда 170 нафар туман ва 25 нафар (вилоят ва республика бўйсинувидаги) шаҳар ҳокими орасида фақат 6 нафар аёл фаолият юритмоқда. 2020 йил 20 январь куни ўтган Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев туман ҳокими лавозимига аёлларни қидираётгани, муносиб номзодларни амалда синаб кўриши ҳақида айтганди.

«Нима учун? Аёлларимиз муаммоларни чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўла олади деб такрор-такрор айтмоқчиман», — дея таъкидлаганди давлат раҳбари. Шундан сўнг илк аёл-ҳоким  Дилфуза Уралова Сирдарёнинг Боёвут туманига раҳбар этиб, Бухоронинг Олот туманига Наргиза Неъматова, Андижоннинг Бўстон туманига Садбархон Мамитова, Қашқадарёнинг Қарши туманига Мақсуда Мустафоева, Наманганнинг Тўрақўрғон туманига  Зулайҳо Маҳкамова ва Самарқанднинг Каттақўрғон туманига Гавҳар Алимова ҳоким этиб тайинланди.

Эркаклар ҳукмронлик қилиб келган Ўзбекистон

Ўзбекистонда ягона Яккасарой туман прокуратураси раҳбари Нилуфар Аллаберганова, ягона Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева  ишлаб келмоқда. Албатта, бу жуда кам ва кўриб турганингиздек бирорта вилоят миқёсида ҳоким этиб аёл  тайинлангани йўқ. Вазирларларнику айтмаса ҳам бўлаверади. Уларнинг ичида фақатгина бир дона аёл вазир ва энг қувонарлиси Сенат раиси Танзила Норбоева. Албатта, бу  доимо эркаклар ҳукмронлик қилиб келган Ўзбекистон учун катта ютуқдир.

Нигоҳимизни шу мавзу юзасидан ғарб ёки  шарққа қаратадиган бўлсак, дунёдаги 22 та давлатни, хусусан Грузия, Тайвань (қисман тан олинган давлат) Непал, Молдова, Сингапур, Эфиопия, Греция, Словакия Тринидад ва Тобаго давлатларини бугун аёллар бошқармоқда.  16та давлатнинг бош вазирлари аёллардир. Исроилда 27 нафар вазирдан 9 таси аеллардир. Норвегия, Швейцария, Нидерландия, Босния, Франция, Габон, ЖАР, Кения, Эфиопияда мудофаа вазирлари аёллардир.

Аёлларнинг юқори, бошқарув лавозимларига  тайинланишлари жамиятга, мамлакатга нима беради? Аввало аёл – она. Она эса  доимо ўз фарзандлари, яқинларини муҳофаза қилиш, асраш, уларнинг фаровонлигини таъминлашга интилади. Давлат бошқарувида бўлган аёллар аввало тинчлик, ижтимоий заиф қатламни ҳимоялаш, давлатнинг иқтисодий -ижтимоий барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қилишади. Буни  жаҳон тажрибасидан ҳам кўрса бўлади.

Масалан, Янги Зеландиянинг бош вазири Ардерн Жасинда ҳукумат тепасига келгач, ишини  аввало камбағалликни бартараф этиш, юз минглаб бошпанасиз аҳолига давлат томонидан бериладиган уйлар қуриш, мамлакат экологиясини яхшилаш ва кўкаламзорлаштириш, ис газларининг атмосферага чиқаришини камайтириш, оналарга бола нафақасининг ҳажмини кўпайтириш, таълимни ислоҳ қилишдан бошлади.

Бангладеш бош вазири Шейх Хасины Вазед эса  камбағал оилаларни бошпана билан таъминлашдан ташқари, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, таълим билан барча  қатламдаги аҳолини қамраб олишга, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашга бел боғлади. Унинг асосий ютуғи мамлакатдаги  ислом фундаментализми ва сепаратизмни бартараф этиш бўлди.

Литвани 10 йил давомида (2009-2019 йй.) бошқарган Даля Грибаускайте  қисқа муддатда мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини тиклаб, давлат харажатларини қисқартиришга, экспортни оширишга, кичик бизнес вакиллари учун қатор имтиёзлар яратишга, суд тизими ва сеймга сайловлар тизимини шаффоф қилишга, мамлакатдаги экологик муаммоларни бартараф қилишга эришди.

Автомобилларини сотиб, пулини давлат ғазнасига қайтарган президент аёл

Хорватиянинг 2015-2020 йилларда бошқарган Колинда Грабар-Китарович эса президентлик даврида Жинслар тенглиги миллий-сиёсий бешинчи дастурни ишлаб чиқиб, унга кўра аёлларинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб қувватлади, ижтимоий жиҳатдан заиф қатламга иш ўринлари яратди. У Президент самолёти ва 35 та ҳукуматга тегишли қиммат автомобилларни сотувга қўйиб, пулини давлат ғазнасига қайтарган ва Президент (яъни ўзининг маошини) ва вазирлар маошини 50%га, консул ва элчиларникини 60% га қисқартириб, мамлакатдаги энг кам иш ҳақини 20%га оширган. Таълим ва тиббиёт соҳаларига ажратиладиган пулларни икки баробарга кўпайтирган.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, аёл-раҳбар аввало ўз фаолиятини  тинчлик ва фаровонликка, мамлакат иқтисодиётини кўтариш, ижтимоий заиф қатламни қўллаб- қувватлашга, аҳолининг соғлиғини тиклаш, таълим билан қамраб олиш, табиатни асраш, яратувчанликка, мамлакатга таҳдид солаётган кучларни бартараф этишга йўналтиради.

«Бир инсон эга бўлган ҳуқуқни иккинчисига ҳам таъминлаш керак, акс ҳолда камситиш бўлади»

Венера Эрметова, гендер тенглиги мавзуси бўйича медиатренер:

-Гендер тенглик — бу жинс асосида истисноларсиз хуқуқ ва имкониятлар тенглиги, яъни эркак ва аёлнинг ҳуқуқ ва имкониятларининг тенглиги. Гендер тенглиги деганда фақат хотин-қизлар ҳуқуқлари назарда тутилмайди, асло. Гендер тенглиги — бу аёлларнинг тенг ҳуқуқлари дейиш унчалик тўғри эмас. Гендер тенглик ва жинсга асосланиб камситилмаслик (дискриминация қилмаслик) инсон ҳуқуқларининг асоси ҳисобланади. У барқарор ривожланиш билан узвий боғлиқ ва инсон ҳуқуқларини ҳамма учун тенг равишда амалга оширишни таъминлашда жуда муҳимдир.

Дискриминация, яъни камситиш, кам тутиш, фарқлашга асосланади, масалан, ирқи бўйича: битта ирқ вакилининг яшашга, меҳнат қилишга ҳуқуқи бўлса-ю, бошқа ирқ вакили (фақат танаси қорароқ бўлгани учун) бундай ҳуқуқдан махрум қилинса. Ёки миллат, бир миллат вакилига даволаниш ҳуқуқи бўлсада, бошқа миллат вакили бундай ҳуқуқдан фақат миллати бошқа бўлганлиги учун махрум қилинса. Ёки дейлик биримиз тошкентда туғилиб ўсганмиз, биримиз эса вилоятда, ва, нимагадир тошкентлик вилоятдан келганни камситса…

Жинс ҳам худди шундай. Бир жинс вакилига берилган инсон ҳуқуқи, иккинчиси ҳам фойдаланишини таъминлашку, акс ҳолда камситиш бўлади.

Гендер тенглик — бу аёлларнинг ҳуқуқлари ҳақида эмас, бу эркак ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш бўйича сиёсат. Гендер тенглиги дегани — аёл тўртта коса ювса, эркак ҳам тўртта коса ювсин дегани эмас, ахир. Тенг дегани — бир хил дегани эмас.

Эркаклар ва аёллар инсон ҳуқуқларидан (яшаш, таълим олиш, меҳнат қилиш, соғлиғини тиклаш ва сақлаш, дам олиш, сайлаш ва сайланиш ва ш.к.)тенг фойдаланиши назарда тутилади. Яъни фақат жинси эркак бўлганлиги учун дам олмасдан доим ишлаш — тенгсизлик, ёки жинси аёл бўлганлиги учун таълим олиш ҳуқуқидан махрум қилиш — тенгсизлик, шу ҳуқуқларини жинсидан қатъи назар таъминлаш — тенглик.

Гендер — эркак ва аёлларнинг турли соҳалардаги муносабатларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат маъносини англатади. Демак, гендер тенглик ўз гендерига (зотига) (эркак ва аёл гендери фарқ қилади) мувофиқ инсон ҳуқуқларининг давлат томонидан таъминланиши. Масалан, аёл ёш боласи бўла туриб, моддий жиҳатдан фаровонлигини таъминлаши, турмуш ўртоғи билан рўзғорга фойда келтириш учун ишламоқчи бўлса, давлат мактабгача таълим муассасаларини яратиб қўйиши керак. Шунда эркакка ҳам енгилроқ. У ҳам оила боқаман деб кечгача ишламасдан, фарзандлари билан мулоқот қилиши, яъни оталик ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин бўлади. Ўғиллари учун эркакча гендерни сингдириш учун намуна бўлишга вақт топади. Чунки ўғил бола ижтимоий муносабатларда эркак бўлиб шаклланиши учун онадан бу хусусиятларни ўргана олмайди. Чунки аёл эркакдан фарқ қилади.

Тўғри, тарбияда жинсидан қатъи назар, аввало инсоний фазилатларни шакллантириш лозим, лекин гендер хусусиятларини ҳам инобатга олиш керак.

Гендер тенглигини таъминлаш деганда жамиятда қабул қилинаётган қарорлар, қурилаётган объектлар ҳам эркакка, ҳам аёлга уларнинг ўзига хосликларини эътиборга олган ҳолда фойдали ва қулай бўлишини назарда тутади. Бунда мен хеч қандай зиддият ва манфаатлар тўқнашувини кўрмаяпман. Ахир иккала жинс ҳақида гап кетяптику.

Сандиқда чанг босиб ётган дипломлар…

Шаҳноза АЛИЕВА, ЎзДЖТУ медиа ва коммуникация факультети ўқитувчиси:

-Юртимизда гендер тенгликнинг таъминланиши мамлакатимизнинг ривожланишига  туртки бўлади. Масалан, аёлларга нисбатан зўравонлик, саводсизлик ва ишсизликни бартараф этишда, келин ва бола боқиш таътилидаги аёлларимизниг сандиқларида чанг босиб ётган дипломларини ниҳоят ишга туширишда қўл келади.

Бугунги кунда минглаб хотин-қизлар жамиятда ўз ўрнини топа олмай, олий таълим муассасаларига кира олмай, қонунларнинг ишламаслигига дуч келишмоқда. Чунки улар ўз ҳуқуқларини билишмайди. Давлат ҳимоясига олишига ишонишмайди, энг асосийси жамият томонидан қораланишдан қўрқишади.

Ҳукумат юзлаб аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунлар чиқариши мумкин, аммо ёнимиздаги инсонлар аёлларни ақлий, имконият, салоҳият жиҳатдан ўзларига тенг кўришмас экан, мазкур қонуний ҳужжатлар ишламайди. Албатта, сўнгги йилларда мазкур йўналишда анчагина ижобий ишлар қилинмоқда, аммо аёлларни таҳқирлаш, камситиш, уларга нисбатан жисмоний, жинсий, иқтисодий, руҳий зўравонлик ҳолатлари, афсуски, камайгани йўқ.

Биргина мисол хонанда Жасур Умиров эндиликда хотини бўлган аёл қариндошларининг кўрсатмаларини, ёхуд андижонлик келинни ҳеч ким зўрламаганлиги ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларни олайлик. Бу кулгили эмасми? Аёлга нисбатан босимни ҳамма жойда кўриш мумкин: оилада, маҳаллада, ўқув муассасаларида, ишда. У ўзи истагандек кийина олмайди, унинг хатти-ҳаракатларини доимо одамлар кузатишади. Аёлдан бошқа барча унинг ҳаётига баҳо бера олса, қандай тенглик ҳақида гапириш мумкин?!

«Эҳтиёт бўлинг, рулда аёллар!»

Зебо ҲАЙДАРОВА, «Нотариус маслаҳати» газетаси бош муҳаррири:

–Жамиятда аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада тенглиги демократиянинг икки асосидан бири бўлиб қолади. Ҳеч бир демократик жамиятда аёллар ва болалар хўрланишига қонун йўл қўймайди. Демак, аёллар тенг ҳуқуқли жамиятда қонунлар ишлайди, сиёсий соҳада тенглик Ўзбекистон аёллари орасидан ҳақиқий лидерлар (танланганлар эмас!) отилиб чиқишига йўл очади. Яъни, орамиздан Анхела Меркель, Тереза Мэй каби сиёсатчилар етишиб чиқиши мумкин. Ҳеч бир аёл фарзандлари иқтисодий қашшоқ мамлакатда ўсишини истамайди, демак, етук иқтисодчи аёллар (вазирлар) мамлакат иқтисодиётини кўтариш, қашшоқликни камайтириш борасида ўз дастурларини таклиф қила оладилар. Аёллар қонунан тенг ҳуқуқли бўлиб, жамиятда паст назар билан қараш давом этса (Эҳтиёт бўлинг, рулда аёллар!) каби иқтидорли аёлларнинг четга чиқиб кетишига сабаб бўлади. Тесла компаниясига ишга кирган синглимиз, АҚШ Колумбия университетида профессор синглимиз каби.

Аёл сиёсатчиларниям, эркак сиёсатчиларниям халқ сайласа, янада ижобий натижаларга эришиш мумкин…

Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики,  жамиятда гендер тенгликни таъминлаш эса аввало аёлдаги яратувчанлик, тинчликка интилиш, ҳимоя қилиш, асраш каби ҳиссий фазилатларнинг намоён бўлиши, мамлакатнинг турли соҳаларида ривожланишнинг таъминланиши, аҳоли фаровонлигининг ўсиши, соҳалардаги мавжуд камчилик ва муаммоларнинг бартараф этилишига олиб келиши шубҳасиз.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: