Айни кунларда ушбу кинофестивалга Ўзбекистон Кинематография агентлиги жамоаси қизғин тараддуд кўрмоқда. Кинофестиваль ҳақида батафсил маълумот олиш учун ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нозим САФАРОВ билан суҳбатлашди.
– Очиғини айтсам, тадбирга бутун кучимиз билан тайёргарлик кўряпмиз. Негаки, кинофестиваль нафақат шу соҳа ижодкорлари учун, балки халқимиз учун ҳам қизиқарлидир. Бу тадбир орқали улар ўзларига қадрли бўлган қаҳрамонлари, яъни актёр ва актрисалар фаолияти билан янада яқиндан танишади. Унда ўзбек ижодкорлари қаторида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан таниқли актёрлар ва кино юлдузлари иштирок этади.
Ушбу кинофестиваль ўзининг тарихий ва афсонавийлиги билан ажралиб туради. Негаки, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали номи билан ҳам машҳур бўлган Тошкент халқаро кинофестивали 1968 йилдан 1997 йилга қадар Давлат кинематография қўмитаси ва Киноижодкорлар уюшмаси томонидан ўтказилиб келинган. Фестивалда ҳар йили машҳур режиссёрлар, актёрлар ва бошқа киноижодкорлар иштирок этиб келган. Ўша пайтда Раж Капур, Митхун Чакраборти каби ўз даврининг машҳурлари Тошкентга ташриф буюрган. Тошкент катта кинофестиваль байрамини уюштириб берган шаҳар сифатида уларнинг хотирасида муҳрланган. Шу сабабли, Ўзбекистон кино ижодкорлари хорижга қилган сафар чоғида хорижликлар улардан кўп бор кинофестивалнинг қачон қайта тикланишини сўрар эди.
Шу жиҳатдан ҳам, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланиши катта воқеа бўлди. “Ипак йўли дурдонаси” деб номланган афсонанинг қайта тикланиши нафақат вақт ўтиши билан содир бўлган трансформацияни, балки Ўзбекистон киноиндустриясида ҳам туб ўзгаришлар содир бўлганини англатади. Кинофестиваль давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланди. Бунда Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
– Шу кунларда ОАВларида кинофестиваль ўтказилиши ҳақида туркум хабарлар, суҳбатлар ва мақолалар кенг ёритилмоқда. Бундай тарғибот ишлари бевосита сизлар тайёрлаган пресс-релизлар, журналистлар билан ишлашни яхши йўлга қўйиш билан боғлиқ. Шу маънода, фестиваль ҳақида тайёрланган маълумотлар ҳафталик тадбирларни тўлиқ қамраб олган. Айтингчи, бу ишларга тайёргарлик қандай кечди?
–Ҳар бир ишнинг мақсадли якуни – жамоадаги аҳилликка боғлиқ. Қолаверса, бизга Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг медиа соҳасидаги тажрибаси катта ёрдам бермоқда.
Агентликнинг ахборот хизмати меҳнат қилаётган ходимлар бу нуфузли халқаро кинофестивални фаол тарғиб қилиш борасида барча зарур ва керакли маълумотларни тайёрлаш ва етказиб беришга ҳаракат қиляпти. Шунингдек, кинофестиваль тадбирларига тараддуд жараёнида бизга яқин бўлган бошқа ташкилотлар ахборот хизматлари ҳам ёрдам бермоқда. Кинофестивалга қарийб уч ой тайёргарлик кўрилган. ОАВлар ходимлари билан ишлаш ва уларнинг қизиқишлари бўйича ахборотлар тарқатилиши сабабли бугунги кунда журналистлар ва блогерлар бизнинг яқин ва ишончли ҳамкорларимизга айланган.
–Кинофестиваль доирасида ўтказиладиган энг муҳим тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 30 дан зиёд тадбир ўтказилади. Уларнинг ҳар бири муҳим ва катта аҳамиятга эга. Масалан, кинофестиваль 28 сентябрдан 3 октябрга қадар Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида, асосан, ёшларнинг истеъдодини намоён этишга қаратилган бўлиб, улар янги, ёрқин ва инновацион форматда ўтказилиши билан бир-биридан ажралиб туради.
“Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ташкил этиладиган кинофестивалнинг очилиш маросими Тошкент шаҳридаги реконструкция қилинган Кино саройида бўлиб ўтади. Шундан сўнг дастур бўйича тадбирлар ўтказилади. Дейлик, ёш ижодкорларнинг имкониятларини синаб кўришга туртки бўладиган тадбир – «5 кунлик кино» деб номланган. “5 кунлик кино” танловида дунёнинг 22 мамлакатидан ёш режиссерлар иштирок этади. Муҳими, танлов ғолибларини совғалар ва пул мукофотлари кутмоқда. Масалан, I ўрин ғолибларига $15 000, II ўринга — $10 000, III ўринга — $7 000 сўм топшириш режалаштирилган.
Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Шу тантана муносабати билан 1 октябрь куни Бутунроссия Давлат кинематография институтининг Тошкентдаги филиали очилади. Филиалда талабалар «драматургия» ва «продюсерлик» йўналишлари бўйича таҳсил олади. 50 фоиз давлат бюджети ҳисобидан ўқиш жорий этиладиган мазкур филиалнинг биноси Кинематография агентлиги ҳудудида қуриб берилади.
Кинофестивал доирасида “Жаҳон киноси кунлари” бўлиб ўтади. Унда 14 мамлакат, жумладан, Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Россия, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилиши кўзда тутилган.
“Жаҳон киноси кунлари” 29 сентябрдан бошлаб, фестивалнинг охирига қадар ўтазилиши кутилмоқда. Айни пайтга қадар кинофестивалга 150 дан ортиқ хорижий фильмлар қабул қилинган. Уларнинг асосий қисми ўзбек тилидаги субтитрлар билан намойиш қилинади.
Кинофестиваль доирасида Тошкентда ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида олтита кинотеатр фойдаланишга топширилади. Шунингдек, бу йилги кинофестиваль доирасида “Кино 5 кунда”, “Жаҳон киноси кунлари”, “Янги авлод киноси”, “Ҳужжатли кино кунлари”, “Марказий Осиё киноси” сингари фестиваллар, тақдимотлар, конференциялар, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ўтказилади. Кинофестивалнинг яна муҳим жиҳати шундаки, йирик кино анжумани доирасида Ўзбекистондаги ва хориждаги кинокомпаниялар иштирокида ўзаро манфаатлар келишувлар имзоланади.
–Тошкент халқаро кинофестивалида қандай янги миллий фильмлар намойиш этилади?
– Юқорида таъкидлаганимиздек, “Буюк ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивалида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 400 га яқин таниқли кинопродюсерлар, режиссёрлар, кино юлдузлари ва кино компаниялар вакиллари иштирок этади. Бу эса хорижлик ижодкорларга ўзбек киноси билан танишишга катта имконият яратади.
Улар кинофестиваль ва “Жаҳон кино кунлари” доирасида бир қатор миллий фильмларни томоша қилишга муяссар бўлади. Жумладан, «101-Рейс» (экшн, драма, реж.: А.Шохназаров), «Тутқунлик» (драма, Р.Маликов), «Самарқандда қовун таровати» (лирик драма, А.Ҳамроев), «Аёл қисмати» (драма, Д.Масаидов) каби фильмларнинг тақдимоти бўлиб ўтади.
Албатта, биз ҳар бир тадбир ва унинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб ўтишимиз мумкин. Лекин “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг ҳақиқий иштирокчиси бўлиб кузатиш барча учун янада қизиқарли ва катта завқ улашади, деган умиддамиз.