Мактабда ўқиб юрган пайтларимда негадир «О» ҳарфини ёзишга қийналганман. Биринчи ўқитувчимиp шунча тайинласалар ҳам, хуснихатда чиройли ёзиш сўралса ҳам айнан шу ҳарфимни тик ёзиш менга қийин бўлган.
Бир куни ўқитувчим доскага чиқариб, «Она» деб ёз, деганлар. Табиийки, сўзни «О» ҳарфидан бошлашим керак. Иккиланиб турганимни кўриб, устозим, «Нима, сен онангни ёмон кўрасанми?» деганлар жиддий. Шу икки оғиз гап юрагимга шу қадар қадалганки, бармоқларим беихтиёр «Она» деган сўзни бирдан равон ёзиб кетган. Чунки барча фарзандлар қатори онамни жуда яхши кўрардим. Ўйлаб қарасам, бугун мен учун «Она» сўзи мен учун дунёда энг чиройли эшитиладиган ва ёзиладиган каломдир. У билан муқаддас сўзлар «Она Ватан», «она табиат», «она тупроқ» каломлари ўта жарангли ва салобатли эшитилади.
Аслида кишида «Она», «Ватан» деган илк тушунчалар гўдаклигидан бошланади. Боғчадан, мактабдаги парталардан, ариқлардаги ялпизлардан, ўртоқларинг билан баҳорда осмонга учирган варраклардан. Ўша қадрдон манзаралар соғинчи ўзига тортаверди. Шунинг учун одам қаерда бўлмасин, қандай натижага эришмасин ўз илдизидан узилиб кетолмайди. Туғилиб ўсган жойи, ўзи билан улғайган туйғуларидан нари боролмайди.
Ота-она бағрида ўтган болалик, шўх-шаън кечган ёшлик, улкан орзулар қилишинг, юқори марраларни кўзлашинг, оила аталмиш қўрғонингдаги фарзандларингни жажжи ниятларига тилакдош бўлишингда тинчлик қанчалик катта аҳамият касб этишини ҳамма вақт ҳам англамайди киши. Бугунгидек нотинч замонда, қайлардадир уруш оловлари қутқу солиб турган бир пайтда она Ватанингдаги осудаликка, халқнинг кундалик ташвишлари билан бандлигига, тўйлар ташвиши билан юрганига, бир сўз билан айтганда фаравонлигига шукрона келтирасан.
Айниқса, охирги йилларда илм-фан, адабиётга қаратилаётган эътибор сезиларли даражада ортди. Ижодкорларга қилинаётган ғамхўрлик кўпчиликнинг, ҳатто хорижликларнинг ҳам ҳавасини келтирди. Чунончи, пойтахтимиз марказида адабиётимиз намоёндалари сиймосига эҳтиром сифатида Адиблар хиёбонининг барпо этилганлиги, у ерда сиймоси қад ростлаган 24 нафар устоз адибнинг ижодини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этиш мақсадида юртимиздаги олий ўқув юртлари ҳам жалб этилганлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига имтиёзли кредитлар асосида уй-жойлар берилаётганлиги, ёшларнинг китоблари ўн минглаб нусхада бепул чоп этилаётганлиги… буларнинг бари адабиётга берилаётган эътиборнинг яққол намунасидир.
Яқинда мамлакатимиз ана шу тинч кунлар кафолатини берадиган катта ва масъулиятли жараённи бошидан ўтказди. Дарҳақиқат Ўзбекистон Республикаси сиёсий ҳаётидаги Президентликка сайлов халқимиз ҳаётидаги жиддий синовдир. Юртнинг келажагини, халқнинг фаровонлигини таъминлашга дебоча бўлган бу давр ҳар биримиз учун ўта муҳим ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 29 октябрдаги 1154-сонли қарорига асосан юқори 80,12 фоиз овоз билан беш йил муддатга Шавкат Мирзиёев Республикамиз Президенти этиб сайланди. Бу фуқароларимизнинг холис танлови, адолат тантанаси бўлди, десак янглишмаймиз. Республикамизнинг барча ҳудудлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича 14 та сайлов округида ўтказилган сайловнинг адолатли ўтганлигининг исботи шундаки, вилоятларимиз, шаҳарларимиз бўйлаб ташкил этилган барча сайлов участкаларидаги ишларнинг ўта тартиб билан йўлга қўйилганлиги, одамлар ҳар бири ўз номзодини кўрсатганлигида кўринди.
Қишлоқда саксондан ошган бувим билан гаплашсам:
–Мен ҳам овоз бердим болам. Шу пошшомизга бердимда. Ўзи яхши олиб боряптику. Шунга ўхшаб, элу-юртини ўйлайдиганлар кўпайсин илоҳим! –дедилар дуога қўл очиб.
Мазкур жараёнларнинг якунига бағишланган тадбир пойтахтимиздаги Хумо аренасида ўтказилди. Унга кўпчилик юртдошларимиз қатори мен ҳам бордим. Соат 16:00 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари эълон қилинди. Бу фурсатни ҳамма интиқ бўлиб кутди, ўша лаҳзадаги қарсаклардан, олқишлардан халқимизнинг самимий хурсандчилигини, фахр туйғусини сезиш мумкин эди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқин истиқболдаги режалар, мақсадли вазифалар ҳақидаги фикрларини ҳамма ҳаяжон билан тинглади. Бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас, мамлакат тақдирига дахлдор, фаровонлик, тинчлик ва тараққиётимиз билан боғлиқ долзарб вазифалар муҳокамаси эди. Бу сўзлар шарафли йўлда барча якдил бўлиб Ватан равнақи учун курашишимизга даъват бўлди. Бу даъват эса бизни «ўзбек» деган улуғ ном остида бирлаштиради.
Дарвоқе, мен ҳам президентимизга овоз бердим. Чунки Ватаним тақдирига даҳлдорман, ўзимнинг, оиламнинг, айниқса халқимнинг келажаги ёруғ бўлишини истайман!
Наргиза АСАДОВА, журналист