Кеча “Turon” ахборот-кутубхонасида ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган адиба Наргиза Асадованинг янги китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ижодкорнинг икки тилда чоп этилган “Ҳолва” (“Helva”) ҳикоялар китоби кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги адабий алоқалар йилдан-йилга ривож топиб бораётгани қувонарли ҳол. Яқинда ушбу китобнинг турк тилидаги нашри Туркиянинг Анқара шаҳрида тақдимот қилинган эди. Китоб таржимон Эмина Бакар томонидан турк тилига ўгирилган.
Бу адабий ҳамкорлик икки эл қардошлиги йўлида ташланган навбатдаги қадам бўлди. “Turon” ахборот-кутубхонасида ўтказилган мазкур китоб тақдимотида шу фикрлар айтилди.
Аввалроқ Наргиза Асадованинг “Mujde” (“Хушхабар”) номли шеърлар тўплами Истанбул шаҳрида чоп этилган, «Холва» китоби эса унинг иккинчи тўпламидир.
Кутубхонада кечган тақдимотда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданият ва туризм бўлими бошлиғи Алпарслан Акинжи, элчихона Матбуот хизмати бошлиғи Ҳамди Туршужу, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид сўзга чиқиб, ижодкорни янги китоб билан қизғин муборакбод этди.
“Ўзбекистон бизнинг бобо юртимиз, азиз маконимиздир. Биз қардошлигимизни мана шундай китоблар, байрам тадбирлари, ўзаро ҳамкорлик борди-келдилари билан мустаҳкамлашимиз зарур. Зеро, давлат раҳбарларимизнинг эзгу нияти ҳам шу”, – деди жаноб Алпарслан Акинжи ўз сўзида.
Адабиётшунос олим, доцент Адҳамбек Алимбеков, ёзувчи Луқмон Бўрихон, профессор Маъруфжон Йўлдошев асарнинг моҳияти, ўзбек характерини очиб берган ҳикоя қаҳрамонлари, икки тилда чоп этилган китобнинг ўзбек ва турк тилларини ўрганаётганлар учун ўзига хос қўлланма ҳам бўлишини, асар тили ва унинг миллий руҳ билан суғорилганини алоҳида қайд этишди.
Тақдимотда Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг Турк филологияси кафедраси, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон санъат ва маданият институти ҳамда Республика мусиқа ва санъат коллежи талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.