Чегирма (Фельетон)

Қодир чўтир мактабимизда ғазначи. Ўсиқ қошлари ва сийрак сочлари оппоқ. Ким билан гаплашмасин «Шум бола» кинофильмидаги бой отадек битта сўзни такрорлайвергани учун унга «Иннанкейин» лақабини ҳам беришган.

Тунов куни ҳам худди шундай бўлди. Хонасига кириб саломлашдим. “Хўш, иннанкейин?» деди менга қараб.

— Иннанкейин, маошимни олгани келдим, — дедим.

У тўлов варағини олдимга сурди. Олмоқчи бўлган пулимга имзо чекдим.

— Хўш, иннанкейин, «чегирма» қоғози қаерда эди? Ҳмм. Ия, мана, манави ерда экан. Биринчи навбатда, газга ушлаймиз.

— Қарзим йўқ эди-ю?!

— Ука, мен қаердан билай? Қоғоздаги “чегирма”ларни мен ёзмаганман. Нима, газ ёқмай, тезак ёқяпсизми?

— Йўқ, газ ёқаяпмиз. Тезак анқони уруғи-ку.

— Тезакнинг ҳиди қурсин ука. Газга нима етсин!

— Ҳа, майли, ушлай қолинг.

— Яшанг, ука, иннанкейин электрга…

— Бунча кўп ушлаяпсизлар?

— Ука, нолиманг, тунов куни қўшним Тўйчи қийшиқни касалхонага олиб кетишди. Чироқ ўчиб қолиб, шамни ёқаман, деб пешонасини эшикка уриб олибди. Пешонаси тухумдай бўртиб чиқибди. Мана шулардан Худо асрасин. Электрчиларни қарздор қилиб қўйганида, бундай ҳалокат бўлмасди. Сиз ҳам шу аҳволга тушманг, деяпман-да. Хўш, иннанкейин, комиссия вакиллари билан расмга тушибсиз…

— Қайси комиссия? — дедим асабийлашиб.

— Бўғилманг, ука! Асаб тикланмайдиган нарса. Қайси комиссиячилар бўларди, мактабимизни текширгани келганлар-да.

— Мен расм олмадим-ку? Емаган сомсага…

— Ука, сиз менга мақол айтманг. Нима бўлибди, шу расмга озгина ҳиссангизни қўшсангиз? Мактабимизни ҳозир ҳам тилдан қўймай мақтаб юришибди.

— Ушлаб бўлдингизми? — дедим жаҳл билан.

— Йўқ, йўқ, иннанкейин ёшуллимизнинг китобларидан битта оласиз.

— Қанча?

— Атиги беш минг.

— Қанақа китоб экан?

— «Овқат тайёрлашда ишлатиладиган асбоблар». Бунда, ука, овқат еганда санчқи билан қошиқни қандай ушлаш кераклиги ҳам ёзилган.

— Бунинг нимаси янгилик? Шуям китобми?

— Ҳай-ҳай, эшитган қулоққа уят бўлади-я… Олмасангиз, маошингизни бера олмайман. Директорга учранг. Хўш, иннанкейин, домла Ҳунарийнинг юбилейларига.

— Ия, бизга нима дахли бор Ҳунарийнинг?

— Ундай деманг, сизу бизни шу кишининг руҳи қўллаб турибди. Яна ухлаганингизда, жин босмасин. Ўзи озгина, маошингизнинг уч фоизи, холос.

— Чегирмангиз тамом бўлдими? Ўзи қанча қолди менга тегишлиси? — дедим тутоқиб.

— Зарда қилманг. Мен ихтиро қилаётганим йўқ буни. Хўш, иннанкейин, «Жоним садаға» гуруҳи концертига мана бу чипталар. Пулни ўқувчиларингиздан оласиз. Мен эса сиздан…

— Бу чипталарнинг вақти ўтган-ку.

— Мен нима қилай, бу йил кечиккан бўлсангиз, келгуси йил…

— Кечирасиз, шу чегирмаларни ярмини келгуси ойда ушлаб қолсангиз.

— Келгуси ойдаги чегирмалар ҳам тайёр турибди, мана. Қарзни нариги ойга ўтказиб нима қиласиз? Иннанкейин…

Кўзим олди қоронғулашиб, бошим ғувиллаб кетди. Қодир чўтирнинг ора-сира овози эшитилиб турарди.

— Қайданам келгуси ойдаги чегирмани кўрсатдим-а. Ахир, унга яна бир ой бор-ку. Ҳой ким бор, ёрдам беринглар! Сув олиб чиқинглар, сув…

Барди ЖУМАНИЁЗОВ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: