Ўзбек YouTube оламида сўнгги олти ой ичида Жалолиддин Аҳмадалиевнинг исми энг кўп қидирилган хонанда бўлди. Унинг 2021 йил 22 сентябрда премьера қилинган биринчи «Ёр биздан кетди» деб номланган видеоклипи 3 ой ичида 19 минг мартадан ортиқ томоша қилинди. Хонанданинг иккинчи «Менда қолмади дил» видеоклипи эса бир ойдан ошиқроқ вақт давомида 9, 5 минг маротаба томоша қилинган.
Деярли ҳар ҳафта янги қўшиғини премьера қилаётган, олти ой ичида катта машҳурликка эришган Жалолиддин Аҳмадалиев Фарғона вилояти Данғара тумани Қирқлар қишлоғида яшайди. «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад Жалолиддин Аҳмадалиевнинг хонадонида меҳмон бўлиб, хонанда билан суҳбатлашди.
«18 ёшимда Россияга кетиб, 21 ёшимда қайтганман»
Маҳалламиздаги 18-мактабда ўқиганман. Тўққизинчи синфни тугатиб, коллежга кирганман. Аммо коллежда ўқимасдан, Россияга ишлашга кетдим. Шароит сабаб кетишга мажбур бўлганмиз. Россияда 3 йил ишлаганман, яъни 18 ёшимда кетиб, 21 ёшимда қайтиб келганман. У ерда акамлар билан «мойка»да, қурилишларда ишлаганмиз.
Бизнинг юртдаги қийинчилик қийинчилик эмас, ҳамма қийинчилик мусофир юртларда бўлади. Россияда акамлар билан совуқ кунларда қийналиб қолган кунларимиз кўп бўлган. Москвада ишлаганмиз. Россияга кетишимизнинг асосий сабаби бу ерда қўлимизда ҳунаримиз бўлмагани учун кетганмиз.
Ғиждувонда косиб, Фарғонада сантехник…
Ўзбекистонга келиб, Қўқонда яна «мойка»да ишлаганмиз. Кейин косиб ўртоғимга шогирд тушиб, косибчилик қилганмиз. Бухорода, Ғиждувонда хусусий тадбиркорнинг уйида оёқ кийим чиқарардик. Ғиждувоннинг Бобур кўчасида кўп вақт ишлаганмиз. Косибчиликда елим билан ишлардик: ҳиди жуда ёмон эди, жуда-жуда ёмон. Елим ҳиди ошқозонимни қийнаб қўйган. Тушликка чиққанимда ошқозонимга овқат кирсин, йиқилиб қолмай, деб мажбуран овқатланардим. Чунки елим ҳиди иштаҳани йўқотар экан. Ошқозоним оғрийверганидан сўнг сантехник бўлишга қарор қилдим. Маҳалламизда бир акамизга шогирд тушиб, бу касбни ҳам ўрганганман. Тошкентда Чорбоғда ҳам сантехник бўлиб ишладим. Яқин олти ойгача шу касб билан шуғулланганман. Қаерда ишлашимдан қатъи назар, қўшиқ куйлашни, шеърни куйга солиш хаёли билан юрганман.
«Ёшлигимдан фойдаланишган»
Биринчи студияда ёзган қўшиғимни анча аввал 50 долларга сотиб олганман. Қўшиқ номи «Хумор кўзларинг» деб номланган. Қўшиқни сотиб олганимдан сўнг, унинг ҳақиқий эгасини топиб олганман. Ўзи у қўшиқ муаллифи бошқа одам экан, ёшлигимдан фойдаланиб, бу қўшиқни менга ҳам сотишган экан. У қўшиғимни чиқармаганман.
«Қўшиқларимни сотиб олмоқчи бўлишган»
«Ёр биздан кетди» қўшиғи машҳур бўлгандан сўнг Туркия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон ва Қозоғистондан ушбу қўшиққа харидорлар чиқди. «Эҳ жўралар» деган қўшиғимизни ҳам сотиб олишмоқчи бўлишди. У вақтда ҳали бу қўшиқларга видеоклип суратга олмагандик, «клипдан сўнг куйлашингизга рухсат берамиз», дедик. Агар ўша вақтда қўшиқларимизни уларга сотиб юборганимизда, ҳамма мени улардан ўғирлаган, деб ўйларди.
Биринчи гонорари ҳақида
Биринчи тўйимиз ўзимизда, Қўқонда бўлган. Унда овоз кучайтиргичга уланадиган гитарам бўлмаган, оддий гитара эди. У гитарага қўлбола қилиб, микрофон уланадиган қилганман. Аммо тўйга олиб борганимда гитарани овоз кучайтиргичга улаб бўлмаган. Ўшанда биринчи маротаба электрогитарада, ноталарда адашиб, бир амаллаб қўшиқ айтганман. Биринчи олган пулим 300 минг сўм бўлган. У ҳам қистир-қистирдан тушган. Тўйдан яхши пул топса бўларкан-ку, дегандим. Кейинги тўйимиз Марғилонда бўлган. Унда ҳам ўзим гитара чалиб, қўшиқ айтганман. Ундан сўнг тўйларимиз кўпайиб кетди. Бир кунда еттита бирровга кирган вақтларимиз ҳам бўлади.
«Ўша сантехниклик вақтларимга қайтгим келади…»
Ҳозирдан баъзи бир тўсиқларга кучим етмай қоляпти. Энди чиқиб келаётган санъаткорман. Нимаки бўлса, Аллоҳ куч-қувват берди, шу билан ҳаракат қиляпман. Оёққа болта урадиганлар кўп бўлар экан. Бундай ҳолатларни ҳаётимда энди кўряпман. Шу вақтгача бундай одамларни кўрмаган эдим. Шундай вақтлар бўлдики, ўша сантехник вақтимга қайтиб қолгим келади. Мендан фойдаланаётган одамлар кўп. Буни ўзим биляпман, лекин ўзимни билмаганга олиб, кўз юмяпман. Камтарлигим, соддалигим ўзимга қарши ишлаётган вақтлар бўлмоқда.
Сантехник бўлиб ишлаганимда бўйимиздан баланд чуқурларни ковлашга ҳам мажбур бўлганмиз. Ўша вақтларда санъаткорларга ҳавас қилиб, хонандалар тоза, озода юради, уларга маза деб ўйлардим. Ношукрлик қилмоқчимасман, аммо хонандаликнинг масъулияти оғир экан. Ўша қийналиб сантехниклик қилиб юрган вақтимда автобусда юрсам ҳам оиламга вақт топа олардим. Ҳозир ўзимнинг шахсий машинам бор, аммо оиламга, ота-онамга вақт топа олмаяпман.
«Уй, машина ваъда қилган ҳомийларга рад жавобини бердим»
Ўндан ортиқ инсонлар ҳомий бўлиш нияти билан чиқишди. Бошидан ҳомий билан ишлаш ниятим бўлмаган. Кейин дадам ҳам «Ўғлим, қўявер, шарт эмас, хоҳлаган вақтингда хоҳлаган жойингга бора олмайсан. Қариндошингни тўйига ҳам улар рухсат берсагина боришингга тўғри келади», деганлар. Бир ҳомий бўламан деган инсон акам билан гаплашган. Акам уларга «Сиз билан ишласак, бизга нима қилиб бера оласиз», деб савол берганлар. «Қўшиқларини студияда ёздираман», деган, акам «Бу ишни ўзимиз ҳам қиляпмиз», деганлар. «Клипларини суратга олдираман», деган, «Буни ҳам ўзимиз қиляпмиз», дейишган, «Уй олиб бераман», дейишган, «Уйимиз ҳам бор», деганлар акам. Хуллас, ҳомий билан ишлашни рад қилганмиз, хафа бўлишмасин, ўзимиз қийналиб чиқишни маъқул кўрганмиз.
«Фонограммада айтсам, дадам уришадилар»
Баъзи бир жойларда келиб, оғиз қимирлатиб, кўриниб кетсангиз ҳам бўлади, дейишади. Энди тўйда бирров кўриниб кетганимизга пул оламизми? Меҳнат қилиб, пулимизни ҳалоллаб олишимиз керак, деб ўйлайман. Фонограмма билан айтадиганларни пули ҳаром демоқчи эмасман, улар ҳам меҳнат қилади, қўшиқ ёзади, уни реклама қилади. Лекин мен жонли айтиш йўлини танлаганман. Кейин фонограммада айтсам, дадам ҳам уришадилар. «Томоғинг йўқ бўлиб қолса ҳам жонли айт», дейишади.