«Агародимни тортиб олишмоқчи…»

Кеча биттаси менга қўнғироқ қилиб: «Афсус, сизни бошқача аёлсиз деб ўйлардим. Ўша харомхўр балогирлардан бири экансиз. Пул бермаганимиз учун охиригача бормадингиз! Асл юзингизни кўрдик! Интернетда эса ўзингиздан фаришта ясаб олгансиз…» – деб қалаштириб ташлади.

Гаплариданку хафа бўлмадим. Демократик давлатда яшаяпмиз. Ҳамманинг гапиришга хаққи бор! Қолаверса ростдан ҳам фаришта эмасман! Бошқалар кўрмаган бўлсада ёнимдаги яқинларим, дўстларим «ит феълим» борлигини яхши билишади. Чўрткесар, тишлаган жойини узадиган, гап келса «отасини аямайдиган» хилиданман. Аммо гапниям, гапиришга ҳақли эгаси бўладида!
Хуллас ижтимоий тармоқдан бўлган бир мурожаат, тўгрироғи илтимос сабаб, узоқ вилоятлик хақиқатталаб онахон билан анча пайт бирга югуриб юрдим.
Каттагина оиласини боқиб турган ерини ҳокимиямиятга олдириб қўяётган соддагина аёлга рахмим келиб, хуқуқий ва амалий ёрдам бериш учун қўлимдан келганини қилдим. Уй, бола-чақам , ишларимдан ортиб, бирга югурдим. Қўли узун ҳокимиятнинг босими, дўқ пўписалари, тахдидларига парво қилмай олишдим.
Лекин, гапнинг лўндасини айтсам мурожаатчи аёлнинг ўғил -қизларига тан бермадим. Бирортаси онаси билан бирга келмасди. Бечора иссиғу, совуққа қарамай пойтахтнинг турли Вазирлик ва идораларида изиллаб, йиғлаб-сиқтаб югуриб юрганида, ёнида яқин елкадошини кўрмадим. Бирорта дилбанди ақалли телефон қилишга ярамасди. Бояқиш яна уларни ўзича оқлаб ҳам қўяди:
-Ишлари кўпда… Тўнғичим Россияларда ишлаб келган. Мандақа қишлақи эмас, «грамотний». Ўзи… мана шунақа идораларга ярашадиган келбати бор. Ану олипталар қилаётган ишларни эпламайди дейсизми, қойиллатади! Эҳ… билимли болаларимизнинг умри «агародда» ўтяётгани алам қиладида…
Иккинчи ўғлим ва қизим ҳам мактабда яхши ўқишган. Иккаласиям Қуръонни ўттиз порасини ёдлашган. Кенжам Кореяга «дакумент» тайёрладию, пул бермагани учун кета олмади. «Карис» элчихонаси «тилни яхшироқ ўрган» деб қайтарибди. Шунча билим билан уям «агародда». Агар шу еримиздан айрилсак бир нечта рўзғор оч қолади, болам!
Юринг… маҳалла Вазирлигига ҳам кирайлик.
Илк танишганимизда Тошкентни «Т» сини билмаган онам тенги, онамдай хокисор она ҳозир қайси идора қаердалигини кўзини «чирт» юмиб айта олади. Қўлида бир даста ҳужжатлари билан ундан бунга, бундан унга югуриб метро, автобус бекатлари ёд бўлиб кетган.
Тўғри, савоб учун кўпроқ ўз машинамда олиб юраман, бироқ онахоннинг менсиз қоқадиган эшиклари ҳам бор.
Шунча югур-югурлардан сўнг иш олдинга силжигандай бўлиб, ҳокимият озгина юмшаганида бошқа, янада юқорироқ ташкилот Давлат аҳамиятига молик қурилиш баҳона ўша ерни талаша бошлади ва оилага бошқа жойдан ер таклиф қилди. Очиғини айтсам, салкам ярим йиллик аризавозликлардан қаттиқ чарчагандим. Оламан деса, давлат барибир шу жойни олади.
— Ер меники! Уни ўзим одам қилганман. Ҳеч кимга бермайман!
Фалончи вазирликнинг ювошгина кўринган юристига ташланишга чоғланган онахонни аранг тўхтатиб, босиқлик билан тушунтиришга харакат қилдим:
-Ахир ҳеч нарсасиз қолгандан кўра таклифга рози бўлганингиз маъқулку!
У баралла йиғлаб юбориб қўлларимга ёпишди:
-Нима деяпсиз? Бу ер уйимнинг рўпарасида. Улар айтаётган жой эса уч бекат нарида. Россияда ишлаб келган ўғлим айтди: Фалончи Вазирга ҳам кирар эканмиз. Кейин писмадончига ҳали ўтмадик. Чекинмайлик! Бор умидим сиздан!
Ҳужжатларидаги ҳар бир ҳарф ёд бўлиб кетди. Икки томоннинг ҳам ўз хақиқати бор. Аммо онахонга қанчалик ачинмай Қонун барча иддаолардан устун эди!
-Холажон ерингиз сизга фойдаланиш хуқуқи асосида берилган экан. Оилангизни ўттиз беш йил боқипти. Энди уйингиз рўпарасидаги магистрал йўл кенгайиши боис уни эгасига қайтаришингиз шарт!
-Эгаси менку!
-Холажоним, бизда ернинг ягона эгаси – давлат! Қаранг, ҳокимият юмшагани билан бошқа идора рухсат бермаяптику! Сизларга таклиф қилаётган жойлари ҳам ёмон эмас. Майдони, суви, комуникацияси бир хил. Рози бўлақолинг!
Хола тушунишга ҳаракат қилиб бош ирғаса ҳам, бир дақиқа ўтмай миясида «ялт» этган навбатдаги фикрни айтади:
-Ану Кореяга кетолмай қолган ўғлим борку, халиги ҳоким уйимга келганида расмга олиб ташлаган. Ўша «Тошкентдан бир қадам силжиманг! Керак бўлса Президент қароргоҳига бориб ётиб олинглар» деяпти.
-Бизми?
-Ха-да!
-Мен ҳамми?
-Сиз бормасангиз бўлмайдида қизим. Ҳамма танийди! Блогерсиз! Мен қишлоқига биров аҳамият бермаса ҳам сиздан қўрқишади…
Унинг соддалигидан кулиш ноўрин, жилмайиб маслаҳат бердим:
-Ўғлингиз ўзи келиб ётиб олса бўлмайдими?
Холанинг тарам-тарам ажинлари баттар қуюқлашиб, юзи челакка ирғитилган керакмас қоғоздек ғижимланиб кетди ва чуқур хўрсинди:
— У келолмайдида. «Агародга» ким қарайди?
Холанинг ҳолатидан қанча эзилмай, иссиққина уйида ўтириб, фақатгина кечаси маслаҳатлар берадиган алпкелбат «герой» ўғилларидан нафратланиб кетдим.
-Холажон, уччала ўғлингиз, қизингизни отасиз катта қилибсиз. Емай-едирибсиз. Ўзингиз айтганингиздай ташландиқ, тошли ерларни тирнаб, таталаб, оёққа қўйибсиз. Наҳотки энди ҳам болаларингиз сизни югуртириб қўяверишса! Қаранг, олти ойдан бери Тошкентга бўзчининг мокисидай қатнайсиз. Бирор марта, бирорта болангиз бирга келганини кўрмадим. Тўнғичим хорижда ишлаб келган дедингиз. Наҳот Россияга етган қадами Тошкентга етмаса?
Холанинг елкаси баттар букчайиб, кўзида яна ёш халқаланди. Унга раҳмим келиб қоқсуяк елкаларидан қучиб бағримга босдим:
— Тушунинг, фарзандларингизга тош отмоқчи эмасман, аммо, ерни барибир қайтарасизлар. Кейин, бу машмашалар билан сиздан кўра дилбандларингиз шуғулланишсин! Қаранг, роса чарчагангиз. Сумкангиз тўла дори. Ҳар қадамда биттасини ютасиз. Бунақада… охири яхши бўлмайди.
Айтаётганларимнинг бари ҳақиқат бўлсада онахон фарзандларидан ёзғирмай, қулоқ солиб, елкалари силкитганча пиққиллаб йиғлаб турарди. Яна озгина гапирсам силкиниб турган вужуд бутунлай тўкилиб кетишидан қўрқиб, сал юмшадим:
-Майли хола… Юринг, ўша ўғлингиз айтгандек Президент девонига ётволмасак ҳам яна битта ариза ташлайлик. Ҳозир ўтириб ноутбукимда ёзаман, бирорта жойда чиқариб олсак бўлди.
Унинг кўзларида яна умид, юзида яна табассум пайдо бўлди.
Аммо минг афсус, навбатдаги аризага ҳам аввалгиларидек жавоб келди. Қўшимчасига мўлжалланган қурилиш барибир бўлиши, агар аризавозлик давом этаверса таклиф этилаётган ердан ҳам қуруқ қолишлари мумкин эканлигини ҳам қистириб ўтишган.
Яна Тошкентга бир ўзи мунғайиб келган хола билан кўришиб аввалгидан ҳам хароб жуссасини қучоқладим. Назаримда ҳар ташрифида бир сантиметр емирилиб, яна уч-тўрт марта келса бутунлай тўкилиб, йўқ бўлиб кетадигандай эди. Ахийри чидамадим ва ўғилларидан бирортасининг телефон рақамини сўрадим. Мақсадимни авзойимдан илғаган она турли баҳоналар қилдию, бирорта рақамни кўрсатмади ва кўзи тўла мунг билан ялинди:
— Президент қайси йўлдан юради қизим? Ҳеч бўлмаса ўшани кўрсатворинг! Майли, сиз борманг! Ўзим бориб, неча кун бўлса ҳам пойлайман. Ётиб олиб пойлайман. Мани кўриб раҳми келар… Ахир уни ҳам мандака она туққанку! Қолаверса пенсионер, иккинчи группа ногирониман…
Холага гап тушунтириш бефойдалиги, тушунган тақдирда ҳам уйида қолган тўртта «грамотний» га гапи ўтмаслигини билдим, Аммо яна қандай, қайси тилда юпатишни билмасдим.
У кетма-кет дори ичаётганини кўриб чидамадим ва мажбурлаб машинага ўтқаздим. Ҳай-ҳайлашига, эътирозларига эътибор бермай мутахасислар кўригидан ўтказяпману тили тийилмайди. Мен ҳам бўш келмай ёлғондан далда беравераман:
-Хўп… хўп холажон. Албатта борамиз. Фақат озгина соғлиғингизни тиклаб олинг.
У хижолатланиб бир шифокорга, бир менга қараб мўлтирайди:
-Гапларингиз тўғрику-я болам, лекин сизга жабр бўляптида. Пул тўлаётганингизни кўрдим. Текширтирмай, шу дориларни ўзингиз ҳам ёзиб берсангиз бўларди. Ахир дўхтирсизку! Пенсия ўлгурни ҳам ҳали олмагандим. Кейин, ёнингизда бола бор! Вақтингиз кетяпти…
«Тавба» дейман, мийиғимда илжайиб. Олти ойдан бери деярли кун ора биргамизу вақтим кетаётгани, болам борлигини энди сездиларми?
-Кейин, отинг ўчгур вирус ҳам кетмаган. Бу ерда юқтириб олмайлик…
Касалхонага кирмасимиздан аввал унга ўзим тақиб қўйган ниқобни тўғирлар эканман кулиб юбордим:
-Қўрқманг хола. Бу ерда юқмайди. Сизни энг покиза хусусий шифохоналардан бирига олиб келдим. Улар тозаликка жуда талабчан.
Турли баҳоналар билан бу ердан тезроқ қочишни мўлжаллаётган беморим мўлтираб навбатдаги ҳужумга ўтади:
— Қизим кетдик… Болангиз ҳам чарчади. Қаранг, уйқуси келяпти. Кейин ҳар дақиқангиз олтингга тенг…
Онахонни кейинги текширувга деярли судрар эканман, инжиқланаётган ўғлимни бир қўлимга олиб гапларини эшитмаганга оламан.
-Темур ўрганиб кетган, эътибор берманг. Қолаверса, менинг вақтимнинг қийматига урғу беряпсизу, бебаҳо соғлиғингизни йўқотиб қўйганингизга ачинмаяпсиз. Юринг…
Онаизорнинг дардлари гулдаста бўлди. Агар тиббиёт тилида ёзсам битта ҳикояга сиғмайди. Жайдаричасига эса: Юқори қон босими. Сурункали юрак етишмовчилиги. Мия қон томирлари торайиши. Сахар… – булар асосийлари. Қўшимча, майда- чуйдалари, йиллар давомида маҳкам ўрнашиб, аста-секин еяётганлари ҳам бор: Буқоқ. Сурункали гепатит. Сурункали холецестит. Сурункали нефрит. Сурункали панкреатит. Полиартрит…
Хуллас… сабр косам тўлди. Дунё кўрган, ўттиз пора «Қуръон» ўқиган, қўли тош орасида қолмаган фарзандларнинг кўзи қаёқда?! Наҳотки ўша лаънати ердан бошқа нарсани кўришмаса! Шамдай шиддат билан эриётган ва шу холатида ҳам болаларининг манфаати учун елиб юрган онанинг бир пуфлашга дош бермай ўчадиган ҳоли борку!
Онахонни қўлимдан келганича даволатиб, кўнглига қараб, бир-икки марта Президент ўтадиган йўлга олиб чиқиб, шув этиб ўтиб кетадиган кортеж тўхтамаслиги, унинг йўлига ётган тақдирда ҳам чалпаги чиқишини аранг тушунтириб, уйга қайтариб юбордим.
Улар таклиф этилган ерни олиб, экин-тикинни бошлаб юборишган деган ўйда эдим. Бироқ адашибман.
Кеча холанинг рақамидан қўнғироқ бўлди. «Лаббай» деганимни биламан ҳикоямнинг бошида ёзган таъналар ёғилиб кетди. Аввал индамай жим эшитдим. Сўнг онасининг телефонидан ёзғираётган ўша машҳур, мақталган катта ўғилга бор заҳримни сочдим. У фаришта эмас, пулга ўч блогерлардан бири, янаям қўпол қилиб айтганда шайтон эканлигимни яна бир карра таъкидлагач кулиб юбордим:
— Тўғри айтасиз! Мен фаришта эмасман! Бироқ ўз онасини эшикма-эшик сарғайтирган, қўлида бир даста ҳужжат билан ҳаммага мўлтиратиб қўйган фарзандни ким деса бўлади? Шунча дунё кезиб, онангиз айтгандай Россияни бошидан кириб оёғидан чиқибсизу ҳеч бўлмаса ўша ўриснинг болаларидай ҳақиқат талаб қилиш усулларини ўрганмабсизда. Бирорта россиялик онасига Путиннинг йўлига ётволинг, деб ўзи иссиқ уйида ўтирмаса керак!
-Мен Россияга ҳалол пул топгани бордим, ўша «алкаш»лардан одоб ўргангани эмас! Ақл, фаросат ўзимдаям етарли!
-Етарли бўлса, нега ўзингиз югурмаяпсиз? Онахон қаттиқ совуқларда ҳам пойтаҳтда эдилар…
-Уффф, жонга тегдингизку, синглим! Бормаганимнинг сабаби бор! Уйимиз ҳам сиз айтганчалик иссиқ эмас. Терлаб ўтирганимиз йўқ! Ҳамманг қишлоқдагиларни ерга урасанлар! Мансабдорларнинг пенсионерга ичи ачийди деб, онамни Тошкентга юборгандик. Такси пулини тўлаб, сиздақаларга оғири тушмасин деб, етадиганини қўлига тутқазиб қўйганмиз синглим! Сизнинг ҳаққингизни ҳам берардик, агар ер ўзимизга қолса!
-Мен қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Лекин Қонун…
— Э… ўргилдим ўша қонунларингдан! Сандақа блогер зотидан ҳам! Қўлингдан иши келмайдию яна кариллашинг ортиқча… Россиямиш? Сан аввал Ўзбекистонда ўрисникидай ҳақиқатни ўрнатиб қўй! Кейин гапир! Сандақа «агародимизга» тош отадиганларнинг кўпини кўрганмиз.
Унинг сафсаталарига тоқатим қолмаганди. Ортиқча олишмай телефонни ўчирдим. Зеро унга гапириш  – балчиққа тош отиш билан тенг. Тушунтирган сарим ботқоқнинг балчиғи ўзимга сачраётганди.
Биламан, ҳозир ўша онахон мен телефонда кесиб қўйган «маъруза»нинг давомини эшитяпти. Тўрт «грамотний» фарзанди тўрт томондан еяётгани ҳам аниқ!
Лекин унга қанчалик ичим ачимасин барибир қўлимдан ҳеч нарса келмайди! Чунки ўзи тарбияни нотўғри берган ва энди бунинг заҳрини тортяпти.
Муаззам ИБРОҲИМОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: