Рўзимбой ҲАСАН
1957 йилда Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган.
1984 йилда Ўзбекистон миллий университети (аввалги ТошДУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1986 йилда Боғот туман газетасида мухбирликдан бошлаган.
Ўз журналистик фаолияти давомида «Туркистон», «Оила ва жамият», «Ўзбекистон овози»,» Янги Ўзбекистон» газеталарида ҳамда ЎзАнинг Хоразмдаги мухбири сифатида ишлаб, жамият тараққиётига, юртдошларимиз маънавиятини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшган. 6 мингдан ортиқ мақолалари ОАВда чоп этилган.
Рўзимбой Ҳасаннинг юртимиз тарихи, замондошлар ҳаёти ҳақидаги 40 дан ортиқ китоблари мавжуд. Бир қатор сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ҳам суратга олинган.
***
Иссиқ ҳовуридан юзларига маржон тер тошган Қурбонбой юришини секинлатиб, атрофга олазарак қаради. Сўнг йўл чеккасидаги кичкина уйча олдида ўтирган Отажон этикчига кўзи тушди-ю, салом беришни ҳам унутиб, қўлидаги бир парча қоғозни кўрсатди:
— Дори керак эди… Келинни туғруқхонага келтирувдик.
Этикчи игна ушлаган қўли билан чап томонни имлади:
— Дорихона кейингиси! Тепасига “Холис хизмат” деб ёзиб қўйибди.
Отажон этикчи эсини танибдики, туман марказидаги туғруқхона олдидаги этикдўзлик устахонасида ишлайди. Бир қўлида игна, яна бирида бигиз билан аёлларнинг пошнаси тушган туфлисию, эркакларнинг таги тешилган “потинкаси” орқасидан рўзғорини судраб келади. Яқинда “якка тадбиркор” деган бир варақ қоғоз беришди. Бир курси сиғадиган шу “будка”ни номига хатлашди.
Бу ерда мижозлардан тиним йўқ. Қўли тикиб тинмайди, қулоғи тинглаб, оғзи гапириб… Яъни унинг олдига кўпинча эркаклар тўлғоқ зўридан бақирган хотини товушидан қочиб келади. Аксарияти бир нарсадан нолийди: “Достондай қилиб “рецепт” ёзиб беришди…”
Қурбонбойга ўхшаганлар қўлида бир парча қоғозни ушлаб, у ёқдан бу ёққа югургани-югурган. Шу бечораларнинг тош йўл едириб юборган оёқ кийимларидан тирикчилик ўтказса бўлади, бемалол.
— Ҳа, Қурбонбой, топилдими?
— Топилди, топилди!
Қурбонбой елим халтача тўла дориларни олиб туғруқхона томонга югуриб кетади. Кейин у ҳам дориларни бергач “потинка”сининг михи чиқиб қолганини баҳона қилиб, устахона курсисида бирпас ўтириб кетади…
Доим аҳвол шу… бу ердаги доя ва энагалар туғаётган аёллардан ҳам кўпроқ мўмай суюнчи илинжида уларнинг изидан келганлар атрофида гирдикапалак. Янги меҳмон туғилишидан олдин ҳам, кейин ҳам бирров кўриниш беришади. Атаганини биров олдин беради, биров кейин… Уларга ҳар бирига ўзгача ёндашув керак. “Келин ёки қизингизнинг аҳволи оғир, қон босими юқори, ҳомиласи катта ёки нотўғри жойлашган дейилса кўпчилик “тила, тилагингни”, деб юборади. Ёки шуни олиб қўйинг, хамир учидан патир дея “кўки”дан қистиришади. Элчи вакилларгаям қийин, ҳа бировнинг чўнтагидаги пулни олиш осонмас!
Келганлар икки қаватли туғруқхонанинг тепа қаватидаги “родзал”га қулоқ тутиб, неча соат офтоб тагида туришади. Энди… бош ролдаги қистирувчиларга чоғроқ кутиш зали қуриб беришса ҳам ёмон бўлмасди”. Этикдўзнинг хаёлига келган бу фикр бошқанинг хаёлига келмаслиги аниқ. Парча қоғоз кўтариб, дорихонага чопган эркакларнинг аҳволини ҳеч ким билмаса ҳам уста билади. Ачинади, айримларининг қўли калта…
“Суюнчи” олишга чиққан элчилар ўзини гоҳ тўйдаги раққосадек, гоҳ бозордаги тиланчидек тутишади.
Борлари чўнтагидагини намойишкорона сиқимлаб тарқатади, йўқлари “элчи” қай ролга кирса ҳам довдираб тураверади. Ана шундайларнинг қўлига, албатта “бир парча қоғоз” келиб тегади.
Аслида Қурбонбой хотинининг “дод-вой”ини эшитмаслик учун қайнонасига “мен бир шамоллаб келай” деб этикдўзнинг “будка”сига келганди.
— Ҳа, Қурбонбой, нима бўлди? Бирпас тўхта!
— Шу келин сал… Яна дори ёзиб беришди.
Отажон этикчи қўлидаги бигизни олдидаги тахта тўнкага санчди, овози қаттиқроқ чиқди:
— Қани қўлингдаги қоғозни бу ёққа олчи! Ў-ў! Шунча дори ёзишдими?
Қурбонбой иягини силади:
— Келинни “патолог” дейишди. Бу нима дегани? Ишқилиб, худо икки жонини бир берсин!
Отажон этикчи узундан-узоқ дорилар рўйхатини кўздан кечирган бўлди, кейин Қурбондурдини ҳайратда қолдириб, қоғозни ғижимлаб, чеккага улоқтирди.
— Э-э, нима қиляпсиз? У ёқда хотинимни патология дейишди…
Этикчи унга ёнидаги бўш курсини кўрсатди:
— Э, ваҳима қилаверма! Ҳаммаси яхши бўлади!
— Шу қоғозни нега йиртдингиз? Яна доктор олдига борайми?
Этикчи унга чойнакдаги совиб қолган чойдан бир пиёла қуйиб берди:
— Ўзингни бос! Йигирма беш йилки, шу ердаман. Бу докторларнинг одатларини яхши биламан. Сенга ўхшаган соддаларнинг қўлига қоғоз тутқазиб, дорихонага югуртиришгани-югуртиришган.
Этикчи шошганча ўтаётган семиз аёл сал узоқлашишини кутиб турди. Унинг қўлида ҳам бир парча қоғоз бор эди.
— Иним, сен бундай югуриб юрма! Ўша қоғоз берган элчининг чўнтагига бир нима солиб қўймадингми?!
— Йўғ-е пул сўрамади, яна анов…нимайди, ҳа, “патолог” деди.
Этикчи кулди:
Патолог дегани шу… бу сўз “пароль”. Бу давлат муассасаси, хусусий “роддом”мас, “ўзингиз чорасини топинг” де, олам гулистон бўлади. Улар соддаларни шундай шилишади. Ҳозир бу қоғоздаги дориларни олсанг, икки ҳисса қўпроққа тушасан. Ҳали бу охири эмас. Бор, айтганимни қил!
Қурбонбой ишонқирамай ўрнидан зўрға қўзғалди.
Шу вақт ёшроқ йигит ҳовлиққанча келиб, қўлидаги қоғозни этикчига узатди:
— Шу дорини қаердан топсам бўлади?
Этикчи қоғозни синчиклаб ўқиди ва униям ғижимлаб бир чеккага улоқтирди. Йигит ҳайратда тили айланмай қолди:
— Сиз…сиз… Нима қилдингиз?
Этикчи уни ҳам тинчлантирди:
— Тинчлан, ука! Тишимиз шу ерда чиққан, шу ерда тўкиляпти. Қоғозни ким берди сенга?
Йигит дудуқланди:
— Фаррош чиқариб берди…
— Ана, айтмадимми? Бу ерда тушум яхши… Ё очиқча сўраб олишади, ё қоғоз ёзиб беришади. Улар бу ёқда турган соддадил инсонларни қўрқитишади. Айримлар чиппа-чин ишониб, бор-будини шу ерга ташлаб кетади. Ҳозир аёллар туғдирувчи “креслода” ҳам сотка ушлаб ётади. Хушхабарни ўзи айтади, суюнчини хотинингга бер!
Йигит ишонмай бош эгганча туғруқхона томон кетди.
Қурбонбой билан бир чойнак чой бўшагунча этикчи суҳбат бериб, бир туфлини бинойидек ямаб ҳам қўйди.
Қурбондурди келинидан хабар олиш учун қўзғалган пайт бояги йигит яна пайдо бўлди. Оғзи қулоғида эди:
— Раҳмат сизга ака! Хотиним “қўзилади!” Умуман “қистирмадим!” Менда пул йўқ дедим. Керакли дорини ўзлари топишди.
Кечга яқин Қурбонбой яна келди. «Қизчалик бўлдим» деб қувонди. Этикчи:
— “Кўзинг ойдин! Умри билан берган бўлсин”. Нима бўлди? Сендан ҳам “доля” олишдими?
— Нимасини айтасиз… қайнонам ҳам берди.
Сўнг қўшиб қўйди:
— Ака, шу бирор икки-уч юз минг бериб туролмайсизми? Эртага қайтараман. Боя хотиним қўнғироқ қилди. “Элчи” ҳаммасини киритиб бермабди. Энди неонатолог деган духтурга болани қараши, ҳамшираларга укол қилиши, энагаларга чой дамлаб бериши, бош врачга «туғилди» деган справка бериши, қоровулга эшикни очиб туриши учун беришим керак экан, сўрашаяпти…
Отажон этикчи ашқол-дашқолларини йиғиштираётган пайтда туғруқхона қоровули Ботирбой каттагина қопни орқалаганча ўтиб қолди.
— Ҳа, Ботирвой! Ҳорма! Ўроққами?
— Устака, бизники хизмат! Ўроққа боряпман, ўроққа!
У дориларни эгасига қайтариб, пулини олишга кетаётганди…
Шу пайт ямоғи сўкилган осмон кутилмаганда шаррос қуйиб юборди.