Таниқли журналист ва ёзувчи Рўзимбой Ҳасан матбуотда эълон қилинган фельетон ва ҳажвияларидан ташкил топган янги китобини нашр қилдирди.
Катта ва ўрта авлод вакиллари, шу жумладан журналистлар ҳам “Муштум” журналининг ҳар сонида босиладиган фельетонларни ўқиб, ундан завқ олиб, атрофга фельетончи нигоҳи билан қараб ўсган авлодмиз.
Сўнгги юз йилликда миллий матбуотимизда бу жанрнинг ҳақиқий “қирол”лари етишиб чиққан. Янги миллий адабиётимизнинг асосчиси, буюк адиб Абдулла Қодирий ўзбек матбуотида фельетон жанрини энг юқори поғонага олиб чиққан зотдир.
Фельетон аниқ бир манзилли бўлиши мумкин. Бунда муаллиф аниқ фактлар, рақамлар орқали ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қарайдиган, давлат ва халқ мулкига кўз олайтирадиган ёки маиший бузуқ кимсаларни қалами нишонига айлантиради.
Фельтоннинг “аниқ манзилсиз” тури ҳам борки, бунда муаллиф маълум бир тизим, соҳадаги иллат, камчиликларни киноя, қочиримлар орқали боплаб ёритади.
Аниқ манзилли фельетон фақат бир шахсга ёки корхонага ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Умумлашган, манзилсиз фельетон эса тизим ва соҳадаги муаммоларни нишонга олади.
Манзилсиз фельетоннинг кучи шундаки, уни ўқиган айрим кишилар: «Бу мен ҳақимда эмасми?» деб, ич-ичидан зил кетади.
Шу маънода манзилсиз, аниқ қаҳрамонсиз фельетоннинг таъсир кучи ва доираси кенгроқ бўлади.
Негадир сўнгги ўн йилликларда матбуотимиз саҳифаларида фельетон жанри унутилиб бормоқда. Нимага? Ёзадиган камчилик, иллатлар йўқми?!
Шу маънода ОАВда фельетон жанри қайта тиклангани эътиборга молиқ ҳолат. Айни пайтда журналистиканинг энг мураккаб ва таъирчанлиги юқори бўлган ушбу жанрида қалам тебрата оладиган ижодкорларни топиш ва уларни куннинг долзарб мавзуларига йўналтира олиш ҳам муҳимдир.
Устоз журналист Рўзимбой аканинг “Даракчи” газетасида илк фельетони чоп қилинганига икки йилча бўлди. Дастлаб муаллиф аниқ манзилли фелъетонлари билан қатнашди, бу орқали жамиятдаги қайсидир муаммоларга ечим топилди.
Ўтган даврда муаллифнинг ўттизга яқин фельетонлари газетамиз юзини кўрди ва муштарийлар эътиборини қозонди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, ҳозирда журналистика йўналишидаги ОТМларда таҳсил олаётган талабалар ҳам фельетон жанри қандай ёзилиши борасида айнан мана шу фельетонлар мисолида ўз билим ва маҳоратини оширишяпти. Олийгоҳ муаллимлари бўлмиш устозларимизнинг бу ҳақдаги фикр-мулоҳазалари бунинг исботи.
Рўзимбой ака газетамизда чоп қилинган ҳажвия ва фельетонларидан саралаб, «Нотайин нусхалар» номли тўплам тузибдилар. Бу аввало ҳажвга, сатирага қизиқувчи ўқувчилар учун муносиб туфҳа бўлади.
Манзура БЕКЖОНОВА