Янгиланаётган Конституция: ўзгаришлар бизга маъқулми?

Албатта, ҳар бир давлатда қонунлар мукаммаллаштирилиб, уларга ўзгартиришлар киритиб борилади. Бу табиий жараён.

Шу ўринда тараққиёт илдамлар экан, жамият ва ҳаёт ўзгариб, конституцияни ҳам такомиллаштиришга эҳтиёж ва талаб ортиб боради. Унинг ижодкори халқ, таъмирчиси ҳам халқ. Агар халқ бу жараёнга бефарқ бўлса ва ўзига қулайлик яратувчи нюансларга хайрихоҳ бўлмаса, унинг манфаатларига мос ўзгартиришлар эътиборсиз қолади.
Ҳар биримиз халқ деб аталмиш занжирнинг бир бўғинимиз. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Қомусига киритиладиган ўзгартиришлар бўйича таклифларни кузатиб бордик. Ўзимиз ҳам муайян таклифлар бердик. Куни кеча Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига старт берилди. Фуқароларимиз асосий қонуннинг барча жиҳатларига фаол фуқаролик позицияларини билдиришмоқда.
Мен ҳам ушбу ўзгартиришлардан ўзимга маъқул бўлганлари ҳақида фикрларимни келтириб ўтмоқчиман.
Масалан, Конституциянинг 41-моддасига келиб тушган 1 минг 658 та таклифларнинг аксарияти “ўқитувчи ва педагогларнинг юксак мақомини белгилаш, унинг ишларига аралашув чекланиши”га доир нормани киритишга оид экан. Ушбу таклифни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Айниқса ҳозирги вақтда ўқитувчиларнинг бемалол ўз вазифасини бажаришига, ўзини ривожлантиришига, иқтидорли ва тарбияси оғир болаларга алоҳида эътибор қаратишига шароит йўқ. Улар доим тепадагиларга ҳисобот беришга, болалар учун эмас, раҳбарлар учун хўжакўрсинга ишлашга мажбур бўлмоқда.
Тадбирларни тизимли чиройли ўтказиш ўрнига ўзи фотограф, ўзи оператор бўлиб, келолмай қолган раҳбарларга ҳисобот тайёрлаш билан овора бўлишади.
Бундан ташқари ўқитувчиларга олдингидай эркинлик, мустақиллик берилмаяпти. Улар қайсидир ота-она ва ҳатто ўқувчидан дакки еб қолмайлик деб болаларга ўта молойим бўлишга ҳаракат қилишяпти ёки уларнинг аҳлоқ доирасидан чиқувчи номаъқул ҳаракатларига ҳам кўз юмишяпти. Натижада эртамиз эгаси бўлган келажак авлоднинг таълим-тарбияси оқсаб қоляпти. Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик таълим самарадорлигини таъминлаш учун жуда ҳам муҳим. Улар қаттиққўл бўлишлари ва шу билан бирга кенг салоҳиятли бўлишлари керак. Фақат шунда уларни ўқувчилари ҳурмат қилади ва келажакда яхши инсон бўлиб етишиб чиқади. Акс ҳолда на устозни, на ота-онани, на Ватанни сийламайдиган ҳиёнатга мойил, худбин манқуртлар етишиб чиқади.
«1-modda.
Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади». Амалдаги Конституцияда бу модда “Ўзбекистон — суверен демократик республика. Давлатнинг «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» деган номлари бир маънони англатади”. Деб ёзилган. Албатта республикамизнинг ҳуқуқий, дунёвий давлат эканлигини таъкидлаб ёзишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Негаки орамиздаги айрим тушунчаси саёз одамлар дунёвий давлатда яшаётганини эсдан чиқариб қўйишмоқда. Улар мактабларда дин дарси ўтилишини талаб қилишмоқда, мурғак қизалоқларни ҳижобга тиқиб қўйишмоқда. Бу билан таълим жараёнларининг сифатига, ўқувчиларнинг тенг ҳуқуқлилигига, ўзи мустақил танлов қилишига ҳалал беришмоқда. Дунёвий давлатда эътиқод эркинлиги устувор, болалар вояга етгандан кейин ўзи қарор қабул қилиши керак. Улар ота-оналарининг орзулари учун келажагини қурбон қилмаслиги, уларни жаннатга киргизиш учун ўз болалалигидан, орзуларидан воз кечмаслиги зарур.
Яна битта менга маъқул бўлган жиҳати ўлим жазоси ҳақидаги таклиф рад этилгани бўлди. Бу борада мана шундай ўзгартириш киритилмоқда:
«24-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.
Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.
Амалдаги Конституциянинг 24-моддасида бу борада “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, деб ёзилган.
Ҳаёт ҳар бир кишига Яратган томонидан берилади. Инсонни инсон томонидан ёки қонунлар асосида яшашдан маҳрум қилиниши инсонийлик тамойилларига тўғри келмайди. Бу фақат ҳайвонларга хос хислатдир.

Ҳозир Қомусимизга олиб кирилаётган ўзгаришларни ўқиб, таҳлил қиляпман, ҳазм қилиш учун вақт керак. Конституцияни ўзгартириш бўйича амалиётлар ҳали декабрь ойигача давом этади. Мулоҳазаларимни ҳали яна ёзаман.
Бу тўлдиришларни кўриб чиқиб, бир нарсани англадимки, ҳақиқатан ҳам Конституциянинг айрим бўлимларига ўзгартириш киритмаса, изоҳламаса ёки тўлдирмаса бўлмас экан. Балки бу ўзгартиришларда баъзиларга унчалик маъқул келмайдиган жиҳатлар ҳам бордир. Шунинг учун халқ муҳокамасига қўйилган. Уларни таҳлил қилишда ҳар биримиз фаол бўлишимиз керак.

Манзура БЕКЖОНОВА, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: