Ўтган йили кўргандим.
Кимни дейсизми? Чолни. Кўзойнакли қарияни. Айни шу ерда. Санаторияда.
Бу гал бир ўзи юрибди; ўша, жуда ёш ва гўзал, дуркун жувон йўқ ёнида.
..Чол ўнг қўлини учбурчак қилиб белига қадарди. Аёл эса сўл билагини арғамчи қилиб “боғлаб” ўтказарди. Уларнинг бундай чирмашиб юрганини кўрган одамнинг хаёлига бу гўзал жувон қариянинг нимасига учдийкин, нега унга чиппа ёпишиб олдийкин, деган ўй келарди.
Ким билсин, бойлигигадир… Севги дейсизми, эй, қўйсангиз-чи, оғайни.
Майли, қисқа қилайлик.
Чол рўпарамда тўхтади. Юзимга афтини яқин олиб келди. Сўл қўлининг озғин, бигиздай кўрсаткич бармоғи билан кўзойнагини қимирлатиб қўйди. Унинг балиқникидай дум-думалоқ, ҳиссиз ва совуқ кўзларига дош беролмай, сесканиб кетдим. Ҳа, одамни тешиб юборадиган таниш кўзлар…
– Сенмисан?
– Ҳа, менман.
– Кепсанда-а?
– Келдим. Сиз-чи? – дедим довдираб.
– Кўраяпсан-ку! Мен ҳам келдим!
– Яхши дам олаяпсиз… ларми? – каловландим.
– Кўриб турганингдай. У кетди. Ҳа, кетди. Анови, ярамас «контуж» ошнангни деб даф бўлди. Ярамаслар!
Ортга тисарилдим. Овози бунча гумбурламаса. Артеллерия қисмига командир бўлганми, нима бало?.. Бутун бошли санаторияни зир титратиб юборади-я…
…Ўтган йили емак столимиз бир эди. Чол, унинг қоқиндиғи гўзал Лена, дўстим Саша ва камина. (Саша билан афғонда, битта ротада хизмат қилганмиз). Феъли жуда тез, бўлди-бўлди, қолди-қолди, чарс-чурс. Гўрми, урушнинг асоратидир-да…
Бу ерда овқатланиш таомили антиқа эди: рақамланган емак столи. Унинг устида эрталабки, тушки ва кечки овқатлар рўйхати тузилган қоғоз туради. Таомларни хоҳишингизга қараб белгилайсиз.
– Хўўўшш, – дерди чол таомнома битилган қоғозни қўлига олиб. – Демак, бугун чоршанба экан-да, а.? Ҳа, майли, хў-ў-ш-ш, мана, белгилаймиз. Леничка ва менга биринчи овқатга балиқ шўрва, хў-ў-ўш-ш, иккинчига балиқ.
Деярли ҳар куни шу аҳвол. Эрталаб ҳам, тушлик ва кечга ҳам чол балиқ ё балиқли таом истайди. “Леничка” эса қимтиниб, бош ирғабгина қўяди. Ҳафта шундай ўтди!
– Хў-ў-ў-ш-ш-ш, бугун жума эканда- а? Демак, Леничка иккимизга балиқ…
– Леничка иккимизга балиқли шўрва.
– Леничка иккимиз учун буғда пишган балиқ…
– Леничка балиқ… ба…
Бизнинг энсамиз қота бошлади.
Иккинчи ҳафтада ҳам шу аҳвол такрор; балиқ, балиқ, балиқ…
Саша иккимиз ўзимизни энди ноқулай сеза бошладик. Бир-биримизга маънодор қараймиз. Қовурилган жўжа, кабоб, яхна гўшт, манти, лағмон, бошқа хил-хил таомлар танлаб тановул қилиш ҳам эриш туюлиб қолди. Чунки, шўрлик “Леничка” биз томонга, аниқроғи, емагимизга мўлтираб қараб қўйишини пайқаб қолдим. Саша ҳам буни сезибди.
– Хў-ў-ш-ш, Леничка билан бизга қайнатилган балиқ, иккинчиси эса манови балиқни…
“Леничка” қимтинибгина қўяди. Кўз ости билан бизга қарайди. Аччиғим чиқди. “Леничка”га ачиниб кетдим. “Нега бу тасқаранинг чизган чизиғидан чиқмайди, тобеъ қулдек бўлиб ўтиради?..”
– Хў-ў-ш-ш, Леничка билан иккимизга…
– Балиқ! Балиқ!! Балиқ!!!, – дедим унинг гапини чўрт бўлиб.
У менга ялт этиб қаради. “Леничка” дув қизарди.
– Балиқ бўлса балиқда-а, Леничка?, – деди қария иршайиб.
Якшанба куни эди. Тушликка барвақт кирибмиз. Саша стол устидаги таомрўйхат битилган қоғозни шарт олди-да, ғойиб бўлди. Зумда қайтиб келди. Стол устига тантанавор ҳолда таомрўйхатни қўйди:
– Тамом. Ўчирдим. Балиқнинг “б” ҳарфини тополмайсан. Инжиқ чол бу ердаги официанткаларнинг ҳам жонига тегиб кетган шекилли, рози бўлишди, жанжал қилса, ўзим балогардон, чин бўлмаса, ўчиб кетибди, деб қўя қоласизлар дедим.
Ўзимни тўхтатолмай қаҳ-қаҳ урдим. Худо кечирсин-у, чолни кўрарга тоқатим қолмаганди.
Улар келишди. Қотма, қирчанғи қариянинг ўнг қўли ясаган биқинидаги “учбурчакка” “билакарқон” илинган. Ошиқ-маъшуқалар… Ўргилдим.
– Хў-ў-ў-ш-ш, Леничка билан бизга… Э-е-ей, нега ахир? – Қариянинг дум-думалоқ ёвуз кўзлари кўзойнак ортида чириллаб айлана бошлади.
Ё, тавбангдан, қаршимда кўзойнакли илон тургандай бўлди. “Леничка” қоғозни олиб термулди-да, кўзларини пирпиратди. Айни тобда унинг юзига ранг ва табассум югургандай бўлди.
– Қовурилган жўжа, – деди эшитилар-эшитилмас.
Чол емакаравачасини ғилдиратиб келган официант қизга ўқрайиб қаради. Овози гумбурлади:
– Бу қандай бемаънилик?
– Нима бўлди?
– Қани балиқ? Балиқ…
Ошхонадагиларнинг ярми бизга қаради. “Леничка” ердан кўз узмайди. Худди айбдордай. Қимтинади.
– Балиқ йўқ! Йўқ! – деди официант қатъий.
– Бош ошпазни чақир, – ўдағайлади чол.
– Бугун якшанба. Бош ошпаз дам олади. Хўш, нима берай?
Сашанинг ҳам қони қайнаб, асаби ўйнаб турган экан чоғимда, ўзини тутолмади. Заҳрини сочди:
–Леничкага қовурилган жўжа, бизга эса кабоб. Манови қария ўзи билади. Агар ҳеч нарса емаса, ўзидан кўрсин.
Чол бир сапчиб тушди. Сашага еб қўйгудек бўлиб ўқрайди. Нафасим ичимга тушиб кетди. Хаёлимдан ўтгани шу бўлди: “Ишқилиб, Сашанинг ажинаси отланмасин. Жини қўзиса, қутуриб кетади…”
Бу орада официант Леничкага қовурилган жўжа солинган ликопчани ва бизга кабоб узатди. Хайрият, Саша ўзини босиб олди ва “Леничка”га юзланди:
– Олинг, тортинманг. Еяверинг. Ўзингиз хоҳлаган нарсани есангиз-чи. Нима қиласиз, ўзингизни қийнаб, – деди меҳрибонлик билан.
– Сенинг нима ишинг бор? Сен аралашма, – тағин ўдағайлади чол.
Энди Саша батамом тутақди, тишларини ғижирлатди, беихтиёр қўллари мушт бўлиб тугилди. Мен унинг сонидан қаттиқ чимчилаб, ўйиб олдим. Камига биқинига туртдим. Саша чуқур нафас олди, елкаси кўтарилиб тушди, бир нуқтага тикилиб қолди. Иҳради.
– Жонга тегдинг, қария! Балиғинг билан қўшмозор бўлгур, золим! Ҳеч бўлмаса, ёнингдаги аёлга раҳминг келмайдими, лаънати?! Менга бундай қарама! Кўзингни ўйиб оламан. Оғиз очма, оғзингни йиртиб ташлайман, кет бу ердан!
Чол эсанкираб, ўрнидан турди. “Леничка”га юзланди. Юзи чўғдай қизарган жувон бош эгиб, карахт ҳолда ердан кўз узолмасди. Ниҳоят, у ҳам ўрнидан турмоққа чоғландими ё беихтиёр қўзғолиб қўйдими, Саша ўшқирди:
– Сен ўтир. Мановининг ўзи йўқолсин! Сен бунинг қули эмассан-ку! Қара, қандай чиройлисан. Ахир, Сен рус аёлисан-ку!
Тик турган кўйи ҳангу манг, эс-ҳушини йўқотиб, дами чиқиб, диму-дирс бўлиб қолган қария эсдан оғган каби “Леничка”га термилди.
– Леничка, – деди иҳраб.
– Менга қара, ҳой қотма балиқ. Кимсанки, бу сенинг ортингдан эмаклаши керак? Кимсан? Жигарханянмисан? Табаковмисан? Ё Киркоровмисан? Тупурдим, сенинг зару ҳашаматингга, бойлигингга ҳам… Бор, йўқол!
Шу қисқа сония ичида Саша афғондаги автоматдай “тариллаб, отилди”… Мен энди уни тўхтатолмайман, деб қўрқувдим, хайрият, қўлидаги санчқини юлқиб олиб, оёғига тепдим, бирдан жим бўлди. Чол жаҳл билан қўл силтаб, «туёғини шиқиллатди». «Леничка» унинг ортидан эргашди. Тушлик заҳар бўлди.
Ўша кеча туш кўрдим. Азим дарё бўйидамиз. Ёнимда ҳалиги чол ва “Леничка”. Чолнинг қўлида катта балиқ, оғзини очиб турибди. Бир маҳал чол балиқни ерга ташлади. У улкан оғзини очиб, мен ва “Леничка” томон биланглаб, судралиб кела бошлади. “Леничка” чинқириб ўзини сувга отди. Ерда “сузган” балиқнинг оғзи каттариб, қозиқдай тишлари янада важоҳатли кўринди…
Уйғониб кетдим. Танам жиққа тер. Ботиним куйиб, оғзим қуриб-қақшаган. Бир шиша маъданли сувни бир кўтаришда ичдим.
Тонг ёришиб қолганди.
Нонушта пайти чол ҳам, “Леничка” ҳам кўринмади. Тушлик ва кечки овқатга ҳам келишмади. Ғойиб бўлишди.
…Бугун чолга рўбарў келгач, ўтган йилги ўша воқеаларни эсладим. Энди нима бўлади? Ахир… ахир…
Қўл телефонимга қарайман. Хабар келган. Бугун вокзалга чиқишим керак. Саша ва “Леничка”ни кутиб олгани. Соат ўн икки-ю ўттизда келишади. Улар айнан мана шу санаториянинг нуфузли хонасига, икки кишилик “люкс”га буюртма беришган.
Қўчқор НОРҚОБИЛ,
Кисловодск, 22 июл, 2022 йил.