Мактабларда, пул йиғиш масаласида кўп муҳокамалар бўлади. Мен ҳам бу муаммога дуч келган йилларимни эсламасам бўлмайди. Бу мавзу катта қизим ўқиган пайтларда айниқса оғриқли эди. Негаки, бола парваришлаб уйда ўтирган кунларим, қўлимда ортиқча пул бўлмасди. 9-синфда ўқийдиган қизим «мажлис» деб келди. Синф раҳбари: «Кимнинг ота-онаси келмаса, шуни етим деймиз…» дебди.
Бордим. Кун тартибидаги асосий масала пул йиғиш… Ўқитувчи узоқдан гап бошлади:
–Мана, болаларингиз мактабни битиряпти, кимга «қизил» керак бўлса ҳаракатингизни қилинглар! Қолаверса, полимизга ленолиум, деразаларимизга жалюзи керак…»
Мен шу куни мактаб директорига қўнғироқ қилдим:
–Хабарингиз борми, ўқитувчиларингиз мажлис чақириб, қизил аттестат керак бўлса ҳаракатингизни қилинг, деяпти. Нима, сизларда бунинг учун ўқувчи эмас, ота-она ҳаракат қиладими?!
Директорнинг овози титраб кетди:
–Бу нима деганингиз?!
Хуллас, эртасига мени мактабга чақиришди. Ўқитувчи тан олмаган, бир нечта ота-оналарни гувоҳликка чақирган… Мен унга: «Исботим бор, диктофонга ёзиб олганман. Олдинда ўтиргандим, столда турган телефонни кўрмадингизми?» дедим. Бу гапни эшитиб, ўқитувчи фойдасига гувоҳлик беришга келган хожатбарор ота-оналар кетиб қолишди. Яхшиям журналистларнинг ҳалоскор диктофони бор. Бўлмаса туҳматчига чиқаришлари ҳеч гап эмас.
Шу йили қизимнинг «уччи», «иккичи» дугоналари мактабни «қизилга» битиришди.
Кейин у коллежни тамомлаётганда ҳам шу муаммога дуч келдик. Учинчи курсни тугатаётган қизим: «Ким қизил хоҳлавотган бўлса, ота-онаси директорнинг олдига келсин, дейишяпди, деди. Мен бордим, аммо ҳеч нима бермадим. Директорга: Жуда ғалати гаплар, сизларда «бешчилар» қолиб, «иккичилар» «қизил» олар экан. Фалончихон ва Фалончибек «қизилга» битираётган эмиш. Аммо уларнинг ўрнига курс ишларини кечалари ухламай чизган менинг қизим «кўкка» диплом олармиш… Бундан у жуда хафа бўлади, дедим.
–Мен ҳеч кимга ваъда бермаганман, – деди директор. Аммо сўзининг охирида – хафа бўлмасин, кўк бўлса ҳам ҳаммасини беш қилиб берамиз, – деди.
Қисқаси «қизилга» битирганлар қолиб, «кўкка» битирган менинг қизим бюджетга ўқишга кириб кетди. Ҳеч кимга пора бермасдан битирди.
Иккинчи қизим мактабда пул дейишса, бизга ҳам айтиб ўтирмай, овқатланишга берган пулларимизни томоғидан тежаб, фондга бериб келар экан… Буни кейин ўзи айтиб берди.
Кейин у ҳам мактабни битираётганда: «Қизил» аттестат учун кўкидан икки юз бериш керак экан, деб келди…
Оббо… Бу коррупция деган аждарнинг бир бошини узсанг, ўрнига иккиси ўсиб чиқаверади… Шунда қандай қилиб унга қарши курашиш мумкин?! Қизимга:
–Бизнинг уруғимизда ҳеч ким пора билан бирор нарсага эришган эмас. Биз ўз кучимиз билан ҳаммасига эришганмиз, – дедим. – Мен ахир журналистман, бундай гап-сўзларни эшитсам, «тутаб» кетаман. Беришса шундай беришсин, бўлмаса керак эмас, – дедим.
Мактаблар устидан қарайдиган юқори ташкилотда танишим бор эди. Уларнинг бу қилиғини айтсам:
–Эҳ, опа, улар икки юз дейишаётган бўлса, бизникиларга «юз» берсангиз шу ишни тўғрилаб беришади, – дейди.
–Воҳ, пешонам…» – деб манглайимга бир урдим. Мен дардимни айтиб, сал назоратга олишар десам, балиқ бошидан сасиган экан…
Учинчи қизим ихтисослашган мактабда ўқийди. У ҳам казо-казоларнинг болалари ва неваралари ўқийдиган синфга тушиб қолган. Ҳар байрам олдидан атай мажлис қилишади денг. Энг долзарб мавзулар: мактаб фонди, ремонт, ўқитувчига совға…
Бир сафар ота-оналар комиссияси аъзоси синфга телевизор олиб бериш ташаббуси билан чиқди. Ўқитувчи туриб, бир ўқувчининг дадаси телевизор совға қилганини айтди:
–Барака топсин, ҳақиқий жонкуяр ота-она мана шундай бўлади!
–Вой, унда биз ноутбук олиб берамиз, ҳар биримизга 70 мингдан тушаркан, – дея гап бошлашди бир-икки бойвачча аёллар. Биттаси ҳуқуқ-тартибот органи раҳбарларидан бирининг келини, баттаси қайсидир тадбиркорнинг хотини… Шунда аста ўшаларнинг олдига бориб, кимки ўзидан, оиласидан орттирса олиб бераверсин. Нега ҳамма бир хилда пул йиғиб бериши шарт деяпсиз? Бу гапингиз нотўғри, ҳамманинг ҳам имконияти кўтармайди, дедим. Мен бошлаб бердим, кейин бошқалар ҳам пул йиғишга қарши чиқишди. Режа битмай қолди. Чиқиб кетдим, машваратчилар хўмрайиб қолишди.
Шундан сўнг қизим бир неча марта уйга йиғлаб келди. Шеърларни бурро-бурро ёдлаб, уй ишларини бекаму кўст қилиб бажарса ҳам ўқитувчиси паст баҳо қўяди денг… Математика дафтарини кўрсатди, битта ҳам хатоси йўқ… «3» баҳо қўйилган…
Сўнг чидаб туролмадим, булар ҳақда манзилсиз қилиб (қизим яна йиғлаб келмасин дедим) газетага танқидий мақола ёздим. Ўқишибди.
Қисқаси, ҳозир қизимиз ҳаққоний баҳосини оляпти аммо мени мажлисга чақирмай қўйишди. Тўғри-да, пул йиғишларга қарши ота-оналарни қайраб, муҳим «иқтисодий» режани барбод қиладиган одам кимга керак?!
Лекин баъзида чақириб ҳам туришади. Аммо пул ҳақида гапирилмайди. Бўларкану дейман. Афсус, шунча олишувлар билан фақат бизнинг оила ва мактаб ўртасидаги коррупцияга чек қўйилди. Аммо бошқа ҳожатбарор ва жим бўлишни маъқул кўрувчи ота-оналар ўртасида бу «йиға-йиғлар» ҳамон давом этмоқда. Агар «биримиз ушлаб, биримиз бошини узиб ташламасак», коррупция деган аждар болалайверади. Акс ҳолда уни енгиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бирлашайлик, яккама-якка олишувлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Манзура БЕКЖОНОВА, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли