Коррупцияга қарши курашда асосий куч ҳисобланган муайян тизим ходимларининг ҳам билиб-билмай бу ўпқонга тушиб қолаётгани ўта ачинарлидир.
Афсуски, порахўрлик ва коррупциядан миллий журналистикамизни ҳам ҳоли деб бўлмайди. Бунга кўпчилигимиз гувоҳмиз, лекин шифокорлар орасида бўлгани каби салбий маънодаги “касбдошлик бирдамлиги” (профессиональная солидарность) ёки кўра-била туриб “кўз юмиш” соҳамизнинг таназзулини яқинлаштиряпти, унинг обрўсига путур етказяпти. Ўзингиз ҳам фаҳмлагандирсиз, сўз «тўртинчи ҳокимият»ни жиловлаш учун журналистларга берилаётган совға-саломлар ҳақида кетяпти. Биз покланишни аввал ўзимиздан бошлашимиз керак.
Илтимос, аввал битта саволга жавоб беринг: биз ўзимиз турли вазирликлардан, халқ мурожаатига жавоб бериши, ечим топиши керак бўлган ташкилотдан совға-саломларини олиб, уларни фақат мақтовларга кўмиб ташлаётган бўлсак, тайёрлаган материалимизни аввал уларнинг чиғириғидан ўтказиб, келишилган талқинда ОАВда ёритаётган бўлсак, бошқаларни коррупция ва порахўрликда айблаб, танқид қилишга ҳаққимиз борми?!
Кейинги пайтда матбуот хизматлари журналистларни “поралаб туриши” оқибатида соҳада буюртма материаллар, танқид ва таҳлил ўрнига мақтовлар жуда кўпайиб кетди. Уларнинг мақсад-муддаоси ҳам шу асли. Ўзи хизмат қиладиган вазирлик ва ташкилотнинг фойдаси учун тарғибот қилиш, имкон қадар танқидларнинг олдини олиш, бунинг учун ўзларига садоқатли журналист ва блогерлар гуруҳини шакллантириш.
Айрим вазирлик ва ташкилотларнинг матбуот хизмати ходимлари хатти-ҳаракатидан улар ОАВга маълумот бериш хизматими ёки маълумотларни яшириш хизматими деб ўйлаб қоласиз… Айримлари танқид ёритган журналист ва ОАВ билан алоқани узиб қўйишади, ўзига яқин бошқа бир журналистни ёки нашрни танлаб, совғалар ваъда қилиб, фақат шулар билан ишлашади. Яқинда бир ҳамкасбимга маълум вазирликнинг матбуот котиби «Келгусида мен фақат сиз билан ишлайман» дебди. Ўзи матбуот хизматларига танлов имконияти берилганми? Улар барча журналист ва блогерларга, ҳатто оддий жамоатчилик вакилларига сўраган маълумотини очиқ етказиб беришга масъул эмасми?
Уларнинг шарофати билан ҳозир таҳририятларда монополистик кайфият ҳукм сурмоқда. Доимий совға бериб турадиган ташкилот ёки вазирлик билан ҳамкор журналист бу мавзуга ҳеч кимни яқинлаштирмайди. «Бу менинг огородим» деб, тиш-тирноғи билан ёпишади, тадбирларига бошқаларни йўлатмайди. Шунинг учун таҳлилий-танқидий журналистика оқсамоқда, таҳририятларда бир йўналишга ихтисослашган мухбир матбуот котиби ёки ўша органнинг медиа-маркази тайёрлаб берган хабарни “копи-пасте” қилиш билан овора. Унга ҳатто мулоҳаза ва иқтибослар қўшишга, ҳулоса қилишга ҳам ҳадди сиғмайди ёки берилганни чоп этавериб, баъзи мухбирларнинг ҳам мантиқий интеллекти чегараланиб қолган.
Биласизми, ҳатто яқинда ўқишни тамомлаб келган ёш журналистлар ҳам катта совғалар бериб, ҳамкор журналистларни эркалатадиган ташкилот билан ишлашга орзуманд бўлиб қолган. Байрамларда совғаларни уйига ташмалаб кетаётган “устозлари”га ҳавас қилишмоқда, ҳақиқий журналистика шу экан деб ўйлашмоқда…
Адлия, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Нефтегаз, Ўзбектуризм, ҳокимликлар, банклар… шунга ўхшаш ташкилотларнинг матбуот котиблари билан ҳамкорликда ишлаш учун редакцияларда мухбирлар ўртасида кураш давом этяпти. Баъзида ҳатто “совғани менга эмас, муҳарриримизга бериб кетди ёки йил бўйи мавзуни мен ёритгандим, совғани бошқа журналист олди” деган эътирозлар ҳам бўлиб туради.
Айрим муҳаррирлар 27 июн – оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида олиб келинган 2-3 та телевизор, ноутбук, 2-3 талаб планшетларни, термос, электр чойнак, қимматбаҳо ширинлик, мева, ичимликлар тўлдирилган саватларни ёшларга кўз-кўзлаб, бемалол уйига олиб кетишдан ор қилишмаяпти. Улар бирини яширин олса, бирини жамоадошлари кўзи олдида олишяпти, шу тариқа бошқаларга «ибрат» бўлишяпти, ўз мавқеини ерга уриб, журналист деган номга доғ туширишяпти.
Ўзи журналист совға олиши керакми? Ташкилотлар қимматбаҳо туҳфаларни бериб, уларни сотиб олишга ҳақлими? Ахир журналист иллатларга ўт очиб, жамият тараққиётини орқага тортаётган одатларга қарши туриши керак эмасми? Бу «олди-берди»лар коррупция эмасми? Биз севиб танлаган касб қачон бу қадар пастга қулашга улгурди?!
Мен ҳам совға олганман, аммо афсус қилганман. Байрамда қайсидир ташкилот берган планшет ҳалиям ишлатилмай турибди. Чунки унга эҳтиёжим йўқ эди, ўзимда ноутбук бор. Қолаверса, турли танловларда қатнашиб, адолатли тарзда бундай нарсаларни қўлга киритиш мумкин. Фарқи шуки танловда ютиб олганингиз ҳалол ҳисобланади. Агар бунга юқоридаги таниш-билишларни аралаштирмаган бўлсангиз, албатта.
Мабодо танловларда ҳам “пора” бериб ёки юқоридаги яқинларингиз кўмагида ғолибликка эришган бўлсангиз, сиз бу мукофотга лойиқ эмассиз!
Умуман олдинги йилларда ташкилотлар асосан мақсадли танловлар воситасида мавзуни яхши ёритган журналистларни рағбатлантиришарди. Бунда коррупцияга ва монополияга йўл қўйилмасди. Бу танловга таҳририятдаги ҳар бир журналист ўз мақоласи билан қатнашиши мумкин эди. Ҳозир эса ҳамкорликда ишлаётган мухбирга “совға” бериб, осонгина қўлга олиш мумкин. Кўпгина ташкилот ва вазирликларнинг “тадбиркор” матбуот котиблари бунда ташаббусни ўз қўлларига олишган.
Қайси соҳада танқид бўлса шу соҳа юксалади, акс ҳолда ўз қобиғида ўралашиб “қарсаклар” остида турган жойида топтаб тураверади.
Афсуски, ОАВдаги ҳамкорларнинг “оғзини мойлаш” тактикаси орқали ўзбек журналистикаси жар ёқасига келиб қолмоқда. Хусусан, айримлар бу масалада рақобатлашиб, интернет тармоғида бутун дунёга изза бўлишмоқда. Бу нафақат миллий журналистикамиз, балки Ўзбекистон имижи учун ҳам жуда уятли ҳолатдир.
Мақолани ўқиб, қани бу айбловларга исбот, дейишингиз табиий. Ҳамма биладиган нарсага исбот керак эмас, деган бўлардим. Айтингчи, сизнинг таҳририятингизда шундайлар йўқми? Лекин агар исботи керак бўлса, шундоқ Фейсбукка кириб, баъзи ёзарманларнинг саҳифасига назар ташласангиз, аниқ далилларни ўзингиз кўрасиз. Менда скриншотлар ҳам етарли. Аммо эътиборингизга ижтимоий тармоқда миллий журналистикамиз имижини туширганлар ёзишмаларини эмас, биз тилга олган иллатга танқидий кўз билан қарайдиган касбдошларимизнинг постларини ҳавола этмоқчиман.
Айрим ёш журналистлар ташкилотлар берган қимматбаҳо совғаларини ижтимоий тармоқда эълон қилиб, бу ҳақда мақтанишгача боришяпти. Афсус, жорий йилги байрамда ушбу иллат пуфакдек шишиб, мантиқсизлик ўзининг юқори чўққисига чиқди. Ҳатто Олий орган Сенат ҳам бу уятли машмашаларга аралашгани ғоят ачинарлидир.
Афсуски, интернет тармоғидаги ёзишмаларни фақатгина ўзбекистонликлар ўқимайди. Уларни ҳатто ўзбек тилига тушунмайдиган Ер шарининг турли чеккасидаги фикри бузуқ кимсалар ҳам онлайн таржимон орқали ўз тилига ўгириб ўқиши ва бундан ўзига манфаатли сиёсий ҳулоса чиқариб олиши мумкин. Бу ҳолатлардан ўзбек журналистикаси «сотилади ва сотиб олинади», деган фикрлар пайдо бўлмайди деб ким айта олади? Бегоналарда соҳамиз ходимларини “совға” билан қўлга олиш ва бемалол манипуляция қилиш мумкин, деган тасаввур пайдо бўлиши мумкин.
Ёзарманларни байрам баҳона “поралаш” нуфузли органлар, вазирлик ва ташкилотлар даражасида қўллаб-қувватланаётгани жуда ҳам мантиқсиз ва ачинарли ҳолдир.
Соҳадаги 20 йилдан ошиқ меҳнат фаолиятим давомида гувоҳи бўлдимки, орамизда ҳамкор ташкилотга байрамлар арафасида “сим қоқиб”, ўзи учун “фалон” совға ҳозирлашни талаб қиладиганлар ҳам бор…
Умуман матбуот анжуманида журналистларга блокнот, ручка беришнинг ва агар бу тадбир тушлик ёки кечки овқат пайтига тўғри келиб қолса, дастурхон ёзишнинг ёмон томони йўқ. Пресс-турларга борганда ҳам чекка туманда ўша ташкилот фаолиятини ёритиши керак бўлган журналистга поездга чипта олиб берилиши, ташкилот тамғаси туширилган футболка ва кепка совға қилиниши, уч маҳал овқат, меҳмонхона билан таъминланиши ҳам иш билан боғлиқ масала. Чунки журналист тадбир доирасидаги саёҳатга ўз ҳисобидан харажат қилиб боролмайди. Бундай пресс-турларнинг сарфини у ишлайдиган таҳририят ёки таклиф қилган ташкилот тўлаб бериши керак бўлади.
Лекин баъзида пресс-турлардаги меҳмоннавозлик ҳам “ҳаддан ташқари” бўлиб бораётгани сир эмас. Масалан, қайси вилоятга борилса, ўша ҳудуд ҳокимлигига журналист ва блогерларни меҳмон қилиш юклатилиши, кечки пайтдаги шоҳона зиёфатлар, тўн кийдиришлар, айрим пайтда ичимликлар… танланганларга совға-салом беришлар… Кейин эса “танқид ёзилмасин” деган талаблар, материал сайтда чиққандан сўнг «фалон жойини олиб ташланг ёки фалон жойига фалончининг исмини қўшиб қўйинг» деган талаблар… Булар халқимизнинг фойдаси учун эмас, фақатгина айрим манфаатли мансабдорларнинг фойдасини кўзлаб уюштирилган хушомад ва тавозелардир.
Шу ўринда ҳар бир ишнинг меъёри ва ҳадди бўлганидек журналистикада ҳам мутахассисларнинг кичрайиб, маишийлашиб кетишига, шарафли касб обрўси тушишга олиб келадиган “олди-берди”ларни бироз рамкага солиш вақти келмадимикан?
Албатта, ташкил этиладиган пресс-тур давомида ОАВ вакилига транспорт, оддийгина сифатли овқатланиш, дам олиш учун қулайлик, тезкор материал тайёрлаш учун интернет, вай-фай бўлган турар-жой шароитлари яратилиши керак, лекин мажбурий эмас, деб ўйлайман. Шу билан бирга, ташкилот томонидан яратиладиган шароит ва айрим совғалар журналистни қарздор қилиб қўймаслиги керак. Бундай шароит бўлмаганда ҳам у доим “солдатдай” жанговар ҳолатда бўлиши, ҳамма иш қуролини ўзи билан олиб юриши, вазиятни тушуниб, эътироз қилмай, ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажариши лозим.
Агар бу ноқулайликлар шароитида ёзилган мақола халқимизнинг турмуш фаровонлиги ва юрт тараққиётига озгина ҳисса қўша олса, бунга арзийди. Ҳар ҳолда бизга Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренингларида устозларимиз шундай ўргатишган.
Қайсидир ташкилот томонидан журналистга ёки ўша таҳририят бош муҳарририга совға-саломлар бериб турилишининг ёмон томони нима, биласизми?
Буни мулоҳаза қилиб қўрадиган бўлсак, бирон мухлисдан келган муаммоли вазиятга оид мурожаатни шу ташкилотга юборсангиз, умуман у инсонга фойдаси тегмайдиган жавоб қайтаришади. Ёки берган саволингизга умуман жавоб беришмайди. Сиз эса ўша ишониб хат йўллаган мурожаатчи номидан қатъий фаолият кўрсатишга, қонун доирасида масаланинг ижобий ечими учун улар билан баҳслашишга ёхуд танқидий мақола ёзиб, ўша ташкилотнинг “пўстагини қоқишга” журъат этолмайсиз. “Еб қўйганингиздан кейин” бунга иложсиз ва имконсиз бўласиз. Касбингизга, бурчингизга, мажбуриятингиз ва масъулиятларингизга “тупурасиз”. Бу эса жамият виждони бўлган касб вакили учун яхши эмас!
Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодексида шундай дейилган:
«Журналист бетараф бўлиб, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритади, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилади. У ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан фойдаланмайди, шунингдек ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмайди».
Шу ўринда ўзи ихтисослашган соҳага оид мурожаатлар билан ишлайдиган журналист ташкилот ёки ҳокимлик матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилганда уларнинг совға-саломларини олиб юрган бўлса, ҳеч қачон холис ва бетараф бўлолмайди.
Журналист этикасига оид ҳужжатда яна қуйидагилар ҳам ёзилган: «Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилиши керак. Журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар. Журналист профессионал обрў-эътиборига путур етказадиган ва ижтимоий бурчига зид бўлган ишларга қўл урмайди, оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда ва ҳамкасблари ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқариш йўлида фойдаланмайди».
Лекин юқоридаги ҳолатлардан хулоса қиладиган бўлсак, буларга амал қилиш талаблари мунтазам бузиб келинмоқда. Айрим «тажрибали» журналистлар учун байрамларда ҳамкорлардан совға ундириш оддий ҳол бўлиб қолган.
Таниқли журналист Карим Бахриев шундай ёзади:
«Немис амалдорларини пора эвазига оғдириб олиш деярли имконсиз, чунки улар бир лаҳзада барча нарсадан – мансабидан, имтиёзлардан, жумладан, кафолатланган пенсиядан қуруқ қолишдан қўрқади.
1998 йилда Олмонияга борганимизда Бош прокуратура, Олий Суд. Бундестаг (парламент) каби турли идораларда бўлдик. Ўзбекчилик – чопон, дўппи, Чуст пичоғи каби совғалар олиб олганмиз. Қайси идорага кириб раҳбариятига совға қилсак, аввал рад этади, жуда қўймасак, ходимини чақириб, қанча туришини сўраб, кирим қилиб, ҳужжатлаштириб қўяди. Чунки 5-7 доллардан қиммат нарса совғага олиш мумкин эмас экан».
Бизда эса «пора» билан «совға» атамаси бир-бири билан шу қадар синонимлашиб кетганки, нима пораю, нима совғалигини билмай қоласиз…
Яширин рекламанинг йўли топилди…
Ҳозирги вақтда айрим банк ва компаниялар ҳам янгича ёндашувга ўтиб олишган. Улар ҳамкор журналист ва блогерлардан ўз рекламасини тарғиб қилишда унумли фойдаланишмоқда. Тўғрида, таҳририятга реклама учун катта маблағ ўтказиб ўтиришадими, журналистни арзимаган совға билан қўлга олишадию, яширин рекламали матнларни ёритишда ундан фойдаланишади ёки қилмаган ишларини қилдик деб, сарфламаган харажатларини сарфладик деб, фалон танловни адолатли ўтказдик деб ОАВ орқали манфаатли ҳисоботларни ёритишади. Улар ҳам хурсанд, ёзарман ҳам… Кўзбўямачилик, ўзибўларчилик, халққа “Сусамбил эртагини” айтиб бериш давом этаверади. Айниқса баъзи банклар, айрим компаниялар, лотерея номи остидаги ғирром қимор ўтказаётган ташкилотлар шундай усулни қўлламоқда.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, биз журналистлар эса касб байрамимизда ёки янги йилда совға олиб, зиёфатларда қорин тўйдириб хурсанд бўлиб юраверамиз. Гуллар ва совғалар билан расмларга тушиб, уларни ижтимоий тармоқларга жойлаймиз. Аммо бу нарсалар мантиқан олиб қаралганда кераксиз нарса. Улар журналистларнинг тарбиясини бузади, ҳақ йўлидан, ҳақиқат йўлидан адаштиради, обрўсини туширади.
Хўп, дейлик, сизга бирон ташкилот телевизор берди. Нима, уйингизда телевизорингиз йўқми? Тўғрисини айтадиган бўлсак, ҳар бир оилада камида иккитадан катта телевизор бор ҳозир. Уйнинг бир бурчагида кераксиз матоҳдек ётади. На сота оласиз, на бировга бера оласиз. Айтайлик планшет ёки ноутбук беришди, шу нарса сизда йўқ бўлса фойдаси тегиб қолар. Аммо улардан бир умрга қарздор бўлиб, бир неча йил давомида айтган нарсасини чиқариб бериб юришингиз керак бўлади.
Умуман ҳозир соҳа ходимларининг ўзида ҳамма нарса бор, таҳририятларда ҳам ишлаш учун барча шарт-шароит етарли, иш қуролингизни кимдир олиб бериб, “бурнингиздан ип ўтказиб” олишига эҳтиёж йўқ.
Ҳатто матбуот анжуманларида ҳам блокнот ва ручка беришлари шарт эмас, ҳозирда журналистларнинг телефон ва диктофонлари бор. Замонавий ахборот-технологиялари блокнот ва ручкаларни сиқиб чиқарганига анча бўлган. Айрим ташкилотлар эса сизга блокнот-ручка бергани учун қоғозга имзо қўйдириб, катта миқдордаги пулларни “откат” қилишдан ҳам тоймайди. Бунда ҳам балога қолган – журналист.
Шунинг учун қадрли ҳамкасблар, покланишни аввал ўзимиздан бошлайлик. Шунда қиладиган ишимиз самарали бўлади. Фақатгина хўжакўрсинга ёки танловда иштирок этиш учун мақола ёзмаган бўламиз.
Ёшларга эса айтадиган маслаҳатим, сизлар оз ишлаб кўп совға оладиганларга, ўз севган касбига эмас, “оғзини мойлаган”ларга хизмат қиладиганларга ҳавас қилманг!
Ҳар доим ҳақиқат йўлидан боринг, ўз фамилиянгизга ва обрўйингизга доғ туширадиган иш қилманг, сиз ўсадиган журналистсиз.
Манзура БЕКЖОНОВА, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли