Хабар қилинганидек, 12 август куни АҚШнинг Нью-Йорк штатида Салмон Рушдийга ҳужум уюштирилди. Ёзувчи зудлик билан шифохонага етказилди, унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Аммо…
Салмон Рушдийни биласизми?
Салмон Рушдий 1947 йилда Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрида, мусулмон оилада туғилган. Унинг бобоси урду тилида ғазаллар ёзар, отаси Анис Рушдий Кембрижда бизнес йўналишида таҳсил олиб қайтган эди. Ёзувчи ўз хотираларида ёзишича, отаси буюк ислом файласуфи ибн Рушд фалсафасига меҳр қўйгани сабабли ана шу тахаллусни танлаган эди.
У 14 ёшида Англияга жўнайди. Кембриж университетининг Қироллик коллежига ўқишга киради. 1964 йилда Буюк Британия фуқаролигини олади. Дастлаб реклама агентликларида ишлайди, қўшиқчилар билан ҳамкорликк қилиб, уларга шеърлар ёзиб юради.
Унинг илк романи – “Гримус” 1975 йилда босилиб чиққан. Навбатдаги роман “Ярим тун болалари” 1981 йилда нашр этилгач, у ёзувчи сифатида ҳам шуҳрат топа бошлайди. Аммо, унинг ҳаёти ва тақдирини бевосита унинг 1988 йилда чоп этилган “Шайтон суралари” китоби ўзгартириб юборди.
Китоб нима ҳақда?
“Шайтон суралари” китоби инглиз тилида, магик реализм йўналишида ёзилган. Унда воқеалар параллел равишда VIII ва XX асрларда бўлиб ўтади. Воқеалар икки актёр Фаришта ва Чамча террорчилар томонидан портлатилган самолётдан тушиб қолишидан бошланади. Шундан сўнг уларнинг ўтмиши, хаёлий саргузаштлари тасвирланади.
Ҳалокатдан сўнг қаҳрамонлар хаёлан 13 аср ортга қайтишади ва Арабистон ярим оролида янги дин нозил қилинган даврга тушиб қолишади. Роман воқеалари Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаётларига боғлиқ айрим ҳодисаларга боғлаб, танқидий нуқтаи назардан талқин қилинади. Хусусан Қуръони каримдаги айрим оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, Макка мушриклари билан музокаралар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг оилавий ҳаётлари ноўрин танқид ва аччиқ киноя остига олинади. Бу эса, роман босилиб чиқиши билан мусулмонларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлади.
Оммавий намойишлар тўлқини
Китоб Англияда 1988 йил 26 сентябрда босилиб чиққанидан сўнг, 10 кун ўтиб, уни Ҳиндистонга олиб киришни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилинади. 21 ноябрь куни Мисрдаги ал-Азҳар университети шайхи Британия мусулмонлар кенгашига мурожаат қилиб, Салмон Рушдийни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилади. Бир неча ой ичида китоб дунёнинг ўнлаб мамлакатларида расман тақиқланади. Лондонда мусулмонлар оммавий намойишларга чиқиб, ушбу китобни оммавий тарзда ёқишади.
Ислом Хавфсизлик кенгаши ёзувчи ва китобни нашр қилган «Penguin Books» нашриётидан расман узр сўрашни талаб қилади. Бу билан роман ортидаги можаролар тўхтамайди. Бир қатор мамлакатларда ушбу китоб боис намойишлар, оммавий тартибсизликлар бошланади. Бу ҳаракатлар ҳатто инсонлар ўлимига ҳам сабаб бўлади.
1989 йил 12 февраль куни Покистоннинг Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар чоғида 6 киши ҳалок бўлади, 100 дан ортиқ инсон яралади. Эртаси куни Ҳиндистоннинг Сринагар шаҳридаги тартибсизликларда ҳам бир киши қурбон бўлиб, олтмишга яқин инсон жароҳаот олади.
Ёзувчининг боши учун миллионлар
1989 йил 17 февраль куни Эроннинг диний раҳбари Оятуллоҳ Ҳумайний ёзувчи ва ушбу асарнинг ноширларини қатл қилиш бўйича фатво чиқаради. Шундан сўнг, ёзувчи расман узр сўрайди, Эрон раҳбарияти узрни қабул қилади ва фатво бекор қилинади.
Аммо, диний туйғулари таҳқирланган минглаб мусулмонларни тўхтатишнинг имкони йўқ эди. 1990 йилда эронлик бир тадбиркор Салмон Рушдийнинг боши учун 3 миллион доллар мукофот ваъда қилади. 1991 йилда асарни япон тилига таржима қилган 44 ёшли таржимон Итоси Хитагаси Токиода ўз иш жойида ўлдириб кетилади.
2006 йилда Эрон ҳукумати ёзувчининг ўлими тўғрисидаги фатво қайта тикланганини маълум қилади. Айни пайтга қадар ушбу китобни чоп этиш ва тарқатиш кўплаб мамлакатларда тақиқланган ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Суиқасд
2016 йилдан Салмон Рушдий Америка фуқаролигини олган, узоқ йиллдардан бери шу ерда яшаб келарди. Жорий йилнинг 12 август куни ёзувчи Нью-Йорк штатидаги Шатокуа институтида маъруза ўқишга чақирилган эди. Ёзувчини институтда таништриш пайтида соат 10.47 да унга 24 ёшли ўспирин ҳужум қилади. Қўлидаги пичоқ билан унинг бўйни ва қорин қисмига 10 дан ортиқ жароҳат етказади.
Жиноятчи тез орада қўлга олинади ва зарарсизлантирилади. У келиб чиқиши ливанлик бўлган АҚШ фуқароси Ҳоди Матар экани аниқланади. Суриштирув чоғида унинг шиа йўналишидаги диний ташкилотлар, хусусан “Хезболлоҳ” билан алоқадорлиги аниқланган. Воқеадан бир кун ўтиб, Эрон раҳбарияти бу ҳужумга ҳеч қандай алоқадор эмаслиги ҳақида расмий баёнот берди.
Айни пайтда суриштирув ишлари давом этмоқда. Дастлаб сўроқ пайтида Ҳодий Матар ўзини айбдор деб билмаслигини, қилган ишидан пушаймон эмаслигини билдирган. Шифокорлар гарчи Рушдийнинг аҳволи бирмунча яхши бўлса ҳам, жигаридан жиддий жароҳат олгани, бир кўзидан ажралиши мумкинлигини айтишган.
Ўйлаб ёзсанг ҳам…
Албатта, ҳар бир инсон виждон ва эътиқод эркинилигидан фойдаланишга ҳақли. Аммо миллионлаб инсонларнинг ҳам моддий, ҳам маънавий-руҳий ҳаёт тарзига айланган туйғуларни ҳақоратлаш яхши оқибатларга олиб келмаслиги бир неча бор ўз исботини топган.
Хусусан, 2006 йилда Дания матбуотида, 2008 йилда Франциянинг “Шарли Эбдо” журналида пайғамбаримиз (с.а.в.) карикатураларини чоп этилиши ортидан жуда катта тартибсизликлар келиб чиқди. 2015 йилда Париж шаҳридаги таҳририятга ҳужум уюштирилди ва ўндан ортиқ ходимлар теракт қурбонига айланди.
Ислом дини зўравонликни, зулм ва хунрезликни қатъий қоралайди. Шу билан бирга мусулмонлар муқаддас зот устидан кулишларига, ўринсиз танқид қилишларига чидаб тура олмаслигини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.
Албатта, Салмон Рушдийга уюштирилган ҳужумни оқлаш фикридан йироқмиз. Жиноятчиларга қилмишга яраша жазо берилиши керак. Аммо, сўз эркинлигининг ҳам ўзига яраша чегаралари борлиги, бирор-бир эътиқод устидан кулиш, таҳқирлаш адабиёт мезонларига ҳам тўғри келмаслигини қалам аҳли яхши англамоғи лозим.
Рустам ЖАББОРОВ.